2023 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши 5,5 фоизни ташкил қилди

Сақлаш
09:01 / 10.01.2024 474 0

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг 2023 йилги иқтисодий ўсишини 5,5 фоизга баҳолади. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми бўйича яқин икки йил учун ҳам шундай прогноз берилди. Бу ҳақда ҳар чоракда чоп этиладиган «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботининг сўнгги сонида маълумотлар тақдим этилди.

 

2023 йил бошида Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини 4,9 фоиз даражасида прогноз қилган бўлса, июнь ойида кўрсаткични 5,1 фоизга, октабр ойида эса 5,5 фоизга яхшилаган эди.

 

Европа ва Марказий Осиёдаги иқтисодий вазиятга баҳо

 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Европа ва Марказий Осиёда (ЕМО) иқтисодий ўсиш 2022 йилдаги 1,2 фоиздан 2023 йилда 2,7 фоизгача ошган. Ўсишнинг бундай тезлашишига ички талабнинг кенгайиши (бюджетни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чоралари туфайли), меҳнат бозоридаги барқарор вазият ҳамда Россия ва Украинадаги янгиланган ўсиш сабаб бўлди.

 

Бироқ, агар ушбу давлатлар ва Туркия ҳисобга олинмаса, 2023 йилда ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 1,8 фоизга сезиларли секинлашган. Секинлашиш минтақанинг барча ҳудудларини қамраб олган ва умумий иқтисодиётнинг 78 фоизига таъсир кўрсатган.

 

Евроҳудуддаги заиф ташқи талабнинг таъсири, айниқса, Марказий Европа (субминтақалар орасида энг заиф ўсиш — 0,7 фоиз) ва Ғарбий Болқонда сезиларли бўлган.

 

Иқтисодий ўсиш Жанубий Кавказда ҳам секинлашган, лекин Марказий Осиёда тезлашган. Пул ўтказмалари оқими Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистонда талабни сақлаб қолишда муҳим роль ўйнаган.

 

Шарқий Европада иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ижобий сальдога қайтган. Масалан, Украинада ўсиш суръати 4,8 фоизни ташкил этган. Ушбу ижобий тенденцияга қарамай, Украинанинг 2023 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажми Россиянинг мамлакатга бостириб киришидан олдинги даражадан 30 фоиз пастроқ кўрсаткичда қолди.

 

Прогноз

 

ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 2024 йилда 2,4 фоизгача пасайиши, 2025 йилда эса 2,7 фоизгача ўсиши кутилмоқда. Ушбу ўсишнинг асосий омиллари инфляция босимини юмшатиш билан қўллаб-қувватланадиган хусусий истеъмол, шунингдек, евро ҳудуди иқтисодиётининг босқичма-босқич тикланиши билан рағбатлантирилган экспорт ҳисобланади.

 

«Бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ ноаниқлик минтақа истиқболларини белгилашда муҳим роль ўйнайди. Бу икки давлатни ҳисобга олмаса, минтақадаги ўсиш суръатлари жорий йилда 3,1 фоизга, 2025 йилда эса 3,7 фоизгача тезлашиши кутилмоқда», — дея таъкидланади Жаҳон банки прогнозида.

 

Аксарият ЕМО мамлакатлари инфляциянинг прогноз қилинаётган пасайиши шароитида пул-кредит сиёсатини юмшатишда давом этиши мумкин. Бироқ, банк таҳлилчиларининг таъкидлашича, кутилаётган буджет консолидацияси бу истиқболларни ёпиб кетади.

 

Пандемиянинг давом этаётган оқибатлари ва Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли минтақадаги ўсиш пандемиядан олдинги тенденциялардан паст бўлиши кутилмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, ЕМО минтақасида аҳоли жон бошига даромад даражасининг яқинлашув суръати секин даражада қолиши кутиляпти, шу сабабли аҳоли жон бошига ўртача даромад даражаси 2025 йилда Европа Иттифоқи кўрсаткичининг атиги 24 фоизини ташкил этади.

 

Энергия ва озиқ-овқат нархлари босими пасайгани сабабли минтақадаги инфляция секинлашди, лекин ҳали ҳам аксарият мамлакатларда мақсадли кўрсаткичдан юқорилигича қолмоқда.

 

«Суст иқтисодий фаоллик ва инфляциянинг секинлашуви фонида кўплаб мамлакатларда асосий ставкалар максимал даражага етди, бу эса айрим марказий банкларнинг ставкаларни пасайтиришни бошлашига туртки бўлди», — дея қайд этган Жаҳон банки.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси