Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет бешинчи ой камайди

Сақлаш
14:09 / 13.09.2023 1024 0

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади.

 

Унга кўра, 1 сентябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 32,7 млрд долларни ташкил қилди. Бу – жорий йил бошидан буён қайд этилган минимум кўрсаткич.

 

Захиралар ўтган ойга нисбатан деярли 958 млн долларга, йил бошидан бери эса 3 млрд долларга камайди.

 

Ҳисобот даврида олтиннинг физик ҳажми 11,8 млн троя унциядан 12,1 млн троя унцияга, қиймати эса 23 млрд доллардан 23,4 млрд долларга кўпайган.

 

Захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 9,5 млрд доллардан 8,7 млрд долларга камайган. Ўзбекистоннинг валютадаги активлари миқдори статистик маълумотлар эълон қилина бошлаган 2018 йилдан кейинги даврда ҳеч қачон ҳозиргичалик паст бўлмаган.

 

Олтин-валюта захиралари нима учун қисқармоқда?

 

Ташқи савдо дефицити. 2023 йил январ-июль ойларидаги ташқи савдо айланмаси 35 млрд долларга(экспорт ҳажми 14,9 млрд доллар, импорт ҳажми эса 20 млрд доллар), ташқи савдо салбий салдоси эса 5 млрд долларга етган. Импортнинг экспортдан юқорилиги қўшимча хорижий валютани талаб қилади ва миллий валюта курсига босим ўтказади. Хусусан, 1-ярим йилликда табиий газ импортининг 7,2 баробарга ошиши ҳам захира активлари миқдорига таъсир қилган бўлиши мумкин.

 

Пул ўтказмаларининг қисқариши. Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга амалга оширилган трансчегаравий ўтказмалар миқдори 5,2 миллиард долларни ташкил қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 6,5 млрд доллар бўлган. Яъни пул ўтказмаларида 20 фоизлик камайиш кузатилган.

 

Миллий валюта курсининг қадрсизланиши. Асосий савдо ҳамкор-давлатлар миллий валута курсидаги тебранишлар фонида жорий йилнинг бошидан буён ўзбек сўми АҚШ доларига нисбатан 8,3 фоизга(11 146 сўмдан 12 180 сўмга) қадрсизланди. Курснинг кескин ўзгариб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк ички бозорга валюта интервенцияларини амалга оширган бўлиши мумкин.

 

Йил бошидан бери Ўзбекистоннинг захира активлари 3,08 млрд долларга, жумладан, валюта захиралари 2,94 миллиард долларга камайган.

 

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

 

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

 

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

 

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

 

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

 

2012-2013 йиллар давомида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираларининг ўзгариш динамикаси:

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси