240 нафар қатағон қурбонлари оқланди

Сақлаш
16:08 / 25.08.2023 1402 0

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.

 

Маълумки, Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи тузилган.

 

Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли кейинги йилларда совет даврида қатағон қилинган 616 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.

 

Куни-кеча Олий судга Учлик Кенгашининг махсус йиғилиш қарорларига кўра 1929-1931-йилларда ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузишиб, совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид 5 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.

 

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилди.

 

2023 йил 24 август куни очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 5 та жиноят иши бўйича 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.

 

Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси