ЎзФА Шарқшунослик институтида сақланаётган Мавлоно куллиёти ЮНЕСКО рўйхатига киритилди

Сақлаш
20:08 / 17.08.2023 792 0

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган Мавлоно куллиёти ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилди. Бу ҳақида институт телеграм каналида маълум қилинди.


Қайд этилишича, Миллий архивда сақланаётган Бухоро амирлиги қушбеги ҳужжатлари ҳам ушбу рўйхатдан жой олган.

 

Мавлоно куллиёти  – XIII асрда яшаган буюк сўфийлардан бири ҳисобланган шоир, файласуф, олим ва илоҳиётчи Мавлоно Жалолиддин Румий асарларининг тўлиқ тўплами. Ўзбекистон ва Болгария, Германия, Эрон, Тожикистон ва Туркия томонидан тақдим этилган. Куллиёт файласуфнинг тўлиқ асарларини ўз ичига олади. Мавлононинг барча асарлари форс тилида ёзилган, бироқ уларнинг баъзиларида араб, турк ва юнон иборалари ҳам мавжуд. Улар дунё бўйлаб минглаб қўлёзма нусхалари билан кўплаб тилларга таржима қилинган. Бу асарлар Шарқ мамлакатлари халқлари тарихи ва маданиятини ўрганиш нуқтаи назаридан жуда катта илмий аҳамиятга эга.

 

Бухоро амирлигининг қушбеги маъмурияти архивлари тўплами Марказий Осиё ҳукмдорларининг Бухородаги энг йирик архивлари йиғиндисидир. Унда ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, қисман Афғонистон ҳудудида 200 йилдан ортиқ вақт давомида содир бўлган тарихий воқеалар акс этган ҳужжатлар ўрин олган. Архивда Бухоро амирлигининг Россия, Буюк Британия, Туркия, Эрон, Афғонистон, Япония, АҚШ, ҳамда Хива ва Қўқон хонликлари билан дипломатия алоқалари ҳақида ҳам муҳим маълумотлар бор. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган тўплам араб, форс, ўзбек чиғатойи, рус ва бошқа тилларда ёзилган 9,5 мингга яқин жилддан (200 мингга яқин алоҳида ҳужжат) иборат.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси