Қирғизистонлик талаба Америкада “Манас” видео ўйинини яратди

Сақлаш
18:05 / 12.05.2023 2003 0

Лос-Анжелеснинг Жанубий Калифорния университетида (USC) қирғизистонлик битирувчи Умар Ураимов “Манас” видео ўйинини тақдим этди. Бу ҳақда USC Games Expo 2023 Advanced Games Projects Spotlight Show (илғор ўйин лойиҳалари шарҳи) тадбирида маълум бўлган.

 

“Манас” Advanced Games Programʼда танлаб олинган энг яхши ўнта диплом лойиҳасидан бири эканлиги айтилмоқда. Эндиликда ушбу лойиҳа USC кампусида профессорлар ва соҳа мутахассислари назорати остида ишлаб чиқилади.

 

Университет сайтида Умар Ураимовнинг Бишкекда туғилганлиги, у беш ёшдалигида ота-онаси билан Америкага кўчиб келганлиги айтилади.

 

“Видео ўйин қирғиз халқининг “Манас” достонига асосланган бўлиб, мамлакатнинг энг қимматбаҳо маданий ёдгорлиги ҳисобланади”, — дейилади Умар Ураимовга бағишланган мақолада.

 

 

“Менга бу қирғиз меросини ўрганиш ва Қирғизистон ҳақида умуман эшитмаган кўплаб одамларга уни тақдим этиш учун ажойиб имконият бўлиб туюлди”, — дейди компьютер ўйинлари йўналиши бўйича бакалавр дипломини олган Умар Ураимов.

 

 

Таъкидланишича, Умар Ураимов “Манас” достонига ўрта мактабда ўқиёт вақтлари қизиқиб қолган. Унда қирғиз халқини бирлаштирган ва уни озодлик сари етаклаган афсонавий қаҳрамон Манас ҳақида ҳикоя қилинади.

 

“Болалигимдан қирғиз маданиятининг медиада мавжуд эмаслиги билан курашиб келганман. Худди биз йўқдекмиз”, — дейди Умар Ураимов.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси