8 миллиардлик трансформер Тошкентга етиб келди. Унинг қандай имкониятлари мавжуд?

Сақлаш
16:04 / 17.04.2023 911 0

Ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган 15,5 млрд сўмлик 2 та махсус автотранспорт (трансфомерлар) Тошкентга етиб келди. Унинг тақдимотида Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков иштирок этиб, ушбу транспортдан барча вилоятларга 1 тадан бўлиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида гапирди.

 

 

“Муҳокамаларга сабаб бўлган махсус транспортимизнинг имкониятларини кўряпмиз. Буни харид қилишимиздан асосий мақсадимиз концерт дастури ташкил этиш ёки кино қўйиш имконияти мавжуд бўлмаган чекка овуллар аҳолисига “Mobile саҳна” сифатида сотиб олдик. У электр ҳам талаб қилмайди.

 

Энг муҳими у билан исталган ҳудудда концерт дастурларини ташкил этиш мумкин. Яъни бизга қўшимча ёрдам талаб этилмайди. Бу транспортларимиз йил 12 ой Республикамизнинг энг чекка ҳудудларида халқимизга хизмат қилади.

 

Бу транспортни бошқа давлатларда борлиги ҳақида биз эшитмадик. Биз илк бора 2 дона олиб келдик. Мақсадимизга эришдик. Умуман олганда биз ўйлаган нарсамизни кўриб турибмиз.

 

Агар бундан ҳар бир вилоятга олиб олсак, ўйлайманки, вилоятларда катта муаммоларимиз қолмайди. Халққа маданий хизмат кўрсатиш имкониятимиз янада кенгаяди”, деди вазир.

 

Қайд этилишича, мазкур “Маданият карвони” учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус автотранспорт (трансформер) воситасининг техник параметрлари (кўриниши, сони, чизилмаси ва бошқа) мутахассислар томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилди ва мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус энг замонавий автотранспорт воситаси бўйича хориж давлатлари, жумладан, Франция, Германия, Буюк Британия, АҚШ ва Хитойдан келтирилган махсус ускуналар ёрдамида тайёрланган.

 

 

“Авваллари концерт дастурларини ташкил этиш учун бир қанча қийинчиликларга дуч келинган ва маълум вақт талаб этилган. Бу конструкцияда эса саҳнани тайёрлаш учун 2-2 ярим соат талаб этилади.

 

Саҳна ва барча овоз мосламалари 10 минг нафар одамгача қамраб олиши мумкин. Қуввати 40 киловатт ҳисобланади. Ушбу комплекс Марказий Осиёда ягона. Бу комплексдан 2 та ясалди.

 

Ҳар битта комплексга 8 млрд сўм атрофида маблағ сарфланди. Биз томонимиз берилган смета энг арзон таклиф сифатида танланди. Бу каби комплекслар асосан Европа мамлакатларида оммабоп. Уларда худди шу каби комплекснинг нархи ўзимизнинг пулда ҳисоблаганда 25-30 млрд.га айланади”, деди Турин политехника университети Технопарки муҳандиси Жасур Мустафоев.

 

Трансформер “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонасида маҳаллий корхоналар (Турин Политехника Университети) билан биргаликда ишлаб чиқилган.

 

Автотранспорт (трансформер) ни ўрнатишда қарийб 10 киши иш олиб боради. Транспорт воситаси дизель ёқилғисида ҳаракатланади, шунингдек, траснпортда генератор ўрнатилган бўлиб транспортни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси