Ўзбекистон тарихини қамраб олган 100 қисмли «Буюк тарих» номли фильм суратга олинмоқда

Сақлаш
18:04 / 02.04.2023 1098 0

Ушбу кўп сериали фильм «Ўзбекистон тарихи» телеканали ижодкорлари томонидан тасвирга олишга киришилди. Унда юртимиз тарихи, халқимиз ўтмиши, Турон заминида ташкил топган давлатларнинг босиб ўтган йўли, халқлари, миллат ва элатлари тарихи, уларнинг маданияти, санъати ва адабиёти каби муҳим омилларга кенг эътибор қаратилади.

 

100 қисмга мўлжалланган фильмнинг мавзу ва сценарийлари, унда кўтариладиган жиҳатлар соҳа мутахассислари томонидан кенг муҳокама қилиниб, илмий экспертизадан ўтказилган ва уларнинг илмий маслаҳати асосида мавзу ва концепциялари ишлаб чиқилган. Айни пайтда ҳужжатли хроникал сериалнинг дастлабки қисмларини тасвирга олишга киришилган. Бунинг учун тарихчи олимлар, журналист-муҳаррирлар, киношунос мутахассислар, кинорежиссёр, оператор ва актёрлардан иборат малакали ижодий жамоалар шакллантирилган.

 

Ҳужжатли фильмларни тасвирга олишда нафақат юртимизда тадқиқот олиб бораётган олимлар, балки хорижий илмий муассасалар ва уларнинг тадқиқотчи ва профессорларидан энг сўнгги илмий маълумотлар асосида интервьюлар олиниб, ҳамкорликда ишланмоқда. Шунингдек, фильмларнинг тасвирга олиш ва монтаж жараёнлари учун ҳам маҳаллий ва хорижий тажриба кенг ўрганилиб, зарур ўринларда ўзаро маълумот алмашинувлар йўлга қўйилган.

 

Катта шов-шувларга сабаб бўлиши кутилаётган мазкур лойиҳанинг дастлабки тизер намойиши Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

 

Мазкур катта лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, шонли тарихимизнинг деярли барча даврларини қамраб олган серияли фильмлар тайёр бўлгач, «Ўзбекистон тарихи» ва бошқа телеканалларда кенг намойиши йўлга қўйилиши ва таълим муассасаларига медиа ўқув дарслик сифатида тарқатилиши мўлжалланмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси