«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Бухородаги мактабларда ичимлик суви ҳолати билан танишди

Сақлаш
16:09 / 29.09.2022 661 0

«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Бухоронинг Ромитан ва Шофиркон туманларидаги мактабларга, шунингдек, 123-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ташриф буюрди.

 

Фото: «Замин» фонди

 

Фонд матбуот хизматининг маълум қилишича, биринчи хоним Ромитан ва Шофиркон туманларидаги мактабларда «Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида сув таъминоти, санитария ва гигиена» лойиҳасининг натижалари билан танишди ҳамда ўқувчилар билан сувдан оқилона фойдаланиш, санитария ва гигиенанинг соғлом турмуш учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

 

Бугунги кунда вилоятнинг 16 та мактабида қудуқлардан сув билан таъминлаш, сувни фильтрлаш ва хавфсиз ичимлик суви даражасигача чучуклаштириш тизимлари ўрнатилган. Сув таъминоти ва канализациянинг ички ва ташқи муҳандислик тармоқлари, ҳожатхона ва душ хоналари қурилган. Шунингдек, оқова сувларни суғорма сув даражасигача биологик тозалаш тизимлари ўрнатилган.

 

Фото: «Замин» фонди

 

Фото: «Замин» фонди

 

Мактаблар жойлашган ҳудудлар аҳолиси ҳам тоза ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

 

Лойиҳанинг навбатдаги босқичи учун Бухоро вилоятидаги яна 15 та мактаб танлаб олинган. Ушбу лойиҳа БМТ Болалар фонди (UNICEF), «Ўзсувтаъминот» АЖ, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

 

Бухородаги 123-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатда эса Зироат Мирзиёева ўқувчилар билан самимий суҳбатлашди. Болалар ўз ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.

 

Фото: «Замин» фонди

 

Уларни экология мавзусига қизиқтириш учун меҳмонлар Замин Эcо эдуcатион ўқувчилари билан биргаликда дарахт экиш акциясини ўтказди. Тадбир давомида «ақлли суғориш» тизими намойиш этилди.

 

Фото: «Замин» фонди

Фото: «Замин» фонди

 

Ҳаво ҳарорати ва намлик даражасини ўлчайдиган датчиклар туфайли суғориш учун керакли сув ҳажми ҳисоблаб чиқилади. Ушбу тизим билан танишув орқали мактаб ўқувчиларига сувни тежаш нақадар муҳимлиги тушунтирилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси