Маданиятни тарғиб қилувчи телеканалдаги рекламалар ахлоқ чегараларидан чиқиб кетмоқда


Сақлаш
12:01 / 21.01.2022 1198 4

Айни кунларда ўзбек медиа оламида ҳусусий телеканаллар орқали намойиш этилаётган “тарбиявий” мазмундаги сериал номи остида одамнинг онг остига ҳаёсизлик, енгилтакликни сингдираётган сериаллар асосий тренд мавзуларга айланган. Мазкур масалаларга давлат ва жамоат ташкилотлари, журналист ва блогерларнинг қолаверса, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ҳалқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

 

Бу бўйича айрим мутасаддиларга тегишли чоралар ҳам кўрилмоқда. Мен кўтараётган яна битта масала бор-ки, бу ҳам кўпчиликка тушунарсиз кўринаётганига аминман. Анчадан буён телеканалларда бир соатларча давом этадиган кўрсатувда сифат рекламалари намойиш этилмоқда.

 

Бу рекламалар телеканалнинг ўз молиявий иши эканлигини тушунамиз. Лекин бу рекламалар ахлоқ чегараларидан чиқиб кетмоқда. Бизнинг одатдаги ўзбек оиласида уч авлод (ота-она, ўғил-қиз, неваралар) вакиллари яшайди. Улар овқатланиш вақтида оилавий дастурхон атрофида ўтирганида қўрқибгина бемаза сериаллар ва клипларга дуч келиб қолмасин деб давлат телеканалига оласиз.

 

У ердаги маза-матрасиз сериални кўриб “Маданият ва маърифат” каналига ўтасиз. Маданиятни тарғиб қилувчи бу канални қўйсак “Эркаклик кучингизни қайтаринг!”, “Турмуш ўртоғингизга ёқимли эртак совға қилинг!” деб бир эркак ва аёлнинг тинимсиз вайсашига гувоҳ бўламиз. Бу ҳам етмагандай эркак реклама қилаётган дорисини ўзи ичиб юборади. Аёл эса эркаклар баданидаги ўсимликлар (жун) ўстириш усулини ўргатяпти. 

 

Буни кўрган бобо билан буви бир-бирига қарайди, келин тезлик билан “чой дамлаб келай” деб янги дамланган чойнакни кўтариб ошхонага шошилади, “Канго қани, канго?”ни ўрганган, бир неча эртакларни бувисидан эшитган невара эса дадасидан “Дада, ёқимли эртак қандай совға?” деб сўрайди. Дада эса “соқов” бўлиб телевизорни ўчириб қўя қолади.

 

Савол туғилади. Нима? Бугун ўзбек эркакларининг кучи” йўқолиб қолибдими? Аёлларга соқол ўстирмайдиган, баданида ўсимликлари йўқ эркаклар ёқмай қолибдими? “Маданият ва маърифат” телеканали шу рекламани қўймаса ёпилиб кетадими? Телеканалларнинг Бадиий кенгашлари қачон ишлайди? Ёки кенгаш аъзоларининг савияси етмайдими?

 

Биз маънавият, маърифат деб мактабда, маҳаллада тадбир ўтказсак, аҳолидан биринчи бўлиб “Нимага телеканаллардаги сериаллар ва клипларга қарамайсиз?” деган савол берилади. Телеканаллардаги бу каби “маърифат” тарғиботига чек қўйилмаса, бизнинг тарғиботимиз қай даражада фойда беради? Бу матнда дарак гапдап кўра, сўроқ гап кўпроқ бўлди. Айбга буюрмайсиз. 

 

Бекзод Абдиримов,

Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат маркази

Хоразм вилояти бўлими раҳбари

4 Изоҳлар

Shoxrux Sobirov

06:01 / 01.01.1970

Assalomu aleykum ustoz fikringiz 100% to'g'ri, jamiyatimizdagi eng dolzarb masalani ko'tardingiz.

Yoʻldoshboy

06:01 / 01.01.1970

Toʻgʻri masala koʻtarilgan.Men ham qoʻshilaman.Boʻlar boʻlmas bemaza reklamalar juda koʻp.Oila davrasida umuman koʻrib boʻlmaydi.Boshqa kanallarniku aytmasayam boʻladi.Qayoqqa qarab ketyapmiz afsus.

ҚамбаровАкмалжон

06:01 / 01.01.1970

Юқоридаги фикрга 100% қўшиламан. Айниқса эркак ўруғини мустаҳкамлаш, фарзанд кўришни тезлаштириш маъзмундаги рекламалар ҳам намоиш этилмоқда. Бу эса оилавий телевизор кўриш имкон бермайди. Қолаверса, миллий менталитетимизга ҳам тўғри келмайди. Олиб ташлаш керак бундай рекламаларни. Керак бўлса тақиқ қўйиб жазолаш керак таклифим телевиденига чиқаришдан олдин кенгаш назоратидан ўтказиш керак.

G‘ayratjon

06:01 / 01.01.1970

Androgard kabi jinsiy hayot bilan bog‘liq reklamarni aytmaysizmi? Rasvo. Sevimli, milliy da ham shu axvol

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси