Аёлларини қутқаришнинг ягона йўли – уларга замонавий таълим бериш. Жадидларни қийнаган бугуннинг оғриқлари


Сақлаш
10:05 / 22.05.2024 249 0

Жадид маърифатпарварлари асарларида хотин-қизлар саводхонлиги, оила билан боғлиқ масалалар муҳим ўрин тутади. Уларни таҳлил қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш инсон маънавий баркамоллигини таъминлашда зарур аҳамиятга эга. 

 

Муҳаммадшариф Сўфизоданинг “Ўқунглар, оналар”, Таваллонинг “Ҳамширалар тилиндин” шеърларида Туркистон аёллари “мутеь жориялар”га айланиб қолгани, уларнинг маърифатли бўлишига қаршилик кўрсатаётган жоҳиллар танқид қилинади, маърифатни кенг ёйиш тарғиб этилади.

 

Абдулла Авлоний хотин-қизларни илм олишга, касб-ҳунар ўрганишга ундаб бундай ёзади: “Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур?” деган савол келадур. Бу саволга “Биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчиси – мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур” деб жавоб берсак, бир киши деюрки, “Қайси оналарни айтурсиз, билимсиз боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар” дер (Авлоний А. Танланган асарлар. 2 жилдлик. II жилд. Тошкент, “Маънавият”, 1998. 37-бет). Чунки, дейди у, “оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушиб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар”. У бу ҳолга тушишимизга “илмсизлигимиз, дунёдин хабарсизлигимиз”ни сабаб қилиб кўрсатади ва қизларга турли зийнатлар эмас, аксинча илм, ҳунар лозимлигини уқтиради: “Жуда ақчангиз ташлабилмай турғон бўлсангиз, маҳаллангиздан бирор қизлар мактаби очиб дурустроқ бир муаллима келтирунгиз”. У ўғил болаларга нисбатан қиз болаларга илм, ҳунар кўпроқ зарурдир, деб ҳисоблайди.

 

Рауф Музаффарзода миллий матбуот қандай бўлиши, қайси йўналишда ривожланиши ҳақида фикр билдирар экан, “Эрларимиз ҳам, хотин-қизларимиз ҳам маишат, тарбия ва дунё ила таништурсун ва онларнинг фикрларини очуб аҳволи оламдин хабар берсун” (Музаффарзода Р. Янги йилдан эски тилаклар // Садои Туркистон. 1914 йил 2 январь) деб ёзади. Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу мурожаатга жавобан аёл муаллифларнинг Туркистон хотин-қизлари ҳаёти, кундалик турмуши билан боғлиқ воқеликни кенгроқ ёритган мақолалари вужудга келди. Масалан, Сора Музаффария ўлка хотин-қизларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида бундай ёзади: “Бизда истеъдод ҳам бор, қобилият ҳам бор. Онг ва фикр ҳам бор. Бир уй ичигина эмас, баъзи эрлар ҳам ўрнига келтира олмайдиган, мамлакатлар идора қиладурғон қувват ҳам бор” (Музаффария С. Айб ўзимизда // Садои Туркистон. 1914 йил 23 август). У чор девор асирасига айланган, муте, кундош азобидан эзилган Туркистон аёлларини бирлашишга, эскича ҳаёт тарзини бузиб, янгича ҳаёт кечиришга чақиради. “Аммо хотин-қизларимиз кўп қўзғолмайдурлар, қўзғолсалар ҳам матлуб даражада эмас. Эй ислом хотунлари! Ўн уч асрлик тажриба бизга бундай яшашнинг натижаси нима ва қандай бўлишини эмди кўрсатди”.

 

Исҳоқхон Ибрат “Тарихи маданият” асарида қизларни ўқитиш борасида қуйидагиларни ёзган: “Аммоки қизлар мактабиға келсак, бу қийинроқ кўринадур. Халқни ваҳшиёт ва ота-оналар қизларини эҳтиёт қилиши, одамға, бир ерга юбормаслиги, халқни илм қудратини билмагани, хусус, хотунларда таассуфга ғарқ бўлуб, булар бу таассуфни йўқотишга эллик йиллар керак бўлиши кўрунадур. Мунга ҳам йўллар тофса бўлурки, отунбибиларни эрлари тарғиб қилсалар, муаллималарда бир-икки ойлар ёзув ва ҳисобларни билиб олуб, андин сўнг ўзларини маҳалласига отунбибилардан муаллима қилиб, онча-мунча ойлик бериб турсалар. Буларга вақти-вақти ила катта муаллима тефасидан қараб турса, беш-ўн йиллар ичинда ҳар қишлоқда беш-ўн муаллима тайёр бўлишини умид қилса бўлур” (Исҳоқхон Ибрат. Тарихи маданият // ЎзФА ШИ қўлёзмалар фонди. Инв. №10117. Тўрақўрғон, 1925. 137-бет).

 

Жадидлар оила ва жамиятда ўқимишли аёлнинг ўрни ҳамда мавқеи ўзгача эканини тушунтиришга ҳаракат қилганлар. Бу ҳақда манбалардан қуйидагиларни билиш мумкин: “...хотунларни ўқитмоқ ва аларнинг ақлларига жило бермоқ ва эрлари бирла яхши муомала қилмоқ ва болаларини тарбият қилмоқ ва зиндакорчиликни яхши билмаклари хусусида таълим албатта зарурдир” (Бир мусулмон // “Туркистон вилояти” газетаси, 1912 йил 20 сентябрь).

 

Жадид мактабларида таълим олган аёллар ўзбек хотин-қизларининг аҳволи ҳақида қайғурганлар. 1906 йилда қўқонлик Тожияхон биринчи турк тили аёллар журналига ўзбек аёллари номидан хат ёзиб, туркистонлик муслималарнинг аҳволидан шикоят қилган: “Ҳаммага аён бўлса керак: бугунда Россияда эркинлик, ҳуқуқлар, ўсиш ва ислоҳотларга катта аҳамият бериляпти. Мусулмон аёллари ҳам ўзига хос ҳафталик нашрга эга ва улар ўз фикр-мулоҳазалари, саволлари ва таклифларини ёзиб юборишга қодирлиги маълум. Бунга фақат баракалло деймиз! Аммо биз Россия марказида фаолият кўрсатаётган мусулмон аёлларига миннатдор ҳолда бу ерда ўз вазифаларимизни айни даражада бажара олишга имконимиз йўқлигидан афсусдамиз. Бошқалар астойдил ҳаракат қиларкан, биз Сартия мусулмон аёллари кўп нарсадан бехабар, ҳамон уйқудамиз. Рўзноманинг фақат бир неча сатрларида биз Сартия мусулмон аёлларининг Қирим ва Қозон аёлларига нисбатан ўз ҳуқуқларимиз ҳақида билимга эга эмаслигимиз ҳақида ёзилсайди! Агар бизнинг аҳволимиз ҳақида баён қилинса, келажагимиз ислоҳотлар орқали яхшиланиши мумкин ва биз ўз ҳуқуқларимизга эга бўлардик... Биз ҳаммамиз илм ва таълимга муҳтожмиз! Ҳозир билим олмасак, келажакда ҳам бунинг иложи бўлмайди. Фақат юздан бир мусулмон аёли ёзиш ва ўқишни билишини таъкидлаш лозим... Биз ўз фарзандларимизни ўзимиз каби илмсиз қилиб тарбиялашни истамаймиз. Биз фарзандларимиз учун қизлар мактаби очишга уринаётган нўғай ўқитувчиларига ёрдам қила олмаяпмиз. Бизнинг илм олишга бўлган уринишларимиз бизга йўл очиб бермай, қийинчилик туғдириб, донг қотиб қолганимиз тан олиниши зарур. Агар шу йўлда давом этадиган бўлсак, бир кун биз мусулмон аёлларининг номи тарих саҳифаларида нафрат билан тилга олиниши тайин”.

 

Муҳаррирга йўлланган мактубда жадидлар томонидан ўша кезлар муҳокама қилинаётган муаммолар кўтарилган, аммо улар Тожияхон томонидан аёллар муаммоси сифатида таъкид этилгани ноёб ҳолатдир. Тожияхон Сартия (яъни ўтроқ туркистонлик ёки ўзбек) аёлларининг ўз ҳуқуқларини билмаслиги ва уларни қутқаришнинг ягона йўли – уларга замонавий таълим бериш эканига алоҳида урғу беради. Унинг мурожаати исломий таълимни замонавий Ғарб таълимига муносиб тарзда ўзгартиришга ундайди. У ўз мурожаатида Россиядаги мусулмон аёллари, яъни татар миллатига мансуб аёлларни назарда тутган.

 

Тожияхон муҳожирлар оқимини кўрган Қўқон шаҳрида яшаган. Шаҳар Русия империяси темир йўл хизматига боғлангандан сўнг кўплаб рус ва татар мусулмонларини қабул қилган эди. Қўқонда пахта ва дон экспортига сармоя киритилган, банк тизими ривожланган. 1900 йилда Қўқонда тўртта нашриёт уйи, бир неча китоб дўкони мавжуд бўлиб, янги услубдаги жадид мактаблари мактаб ва мадрасалар қаторига қўшилган эди.

 

Жадидларнинг аёлларни янги, замонавий таълимга тарғиб қилиш ҳаракатлари баъзилар томонидан маъқулланмаган. Айримлар уларни аёлларнинг паранжи-чачвонини ечиб ташлаш, саводхон бўлиб, диндан узоқлашишда айблаган. Бу ҳаракатлар диний консерватив гуруҳларнинг норозилигига учраган. 1907 йили яна бир туркистонлик аёл Ножияхон Дума мусулмон аъзоларига мактуб ёзади. У мусулмон аёлларининг эркаклар томонидан тўрт девор орасида қамаб қўйилганидан шикоят қилади. Истанбул ва Мисрда хотин-қизлар тижорат билан шуғулланиш, ҳажга бориш ҳуқуқига эга экани ҳақида ёзиб, Думанинг мусулмон аъзоларидан туркистонлик аёлларга ҳам бу ҳуқуқлар берилиши лозимлигини талаб қилади.

 

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

                 фалсафа фанлари доктори, профессор

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.

“Аёл саводхон бўлса” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//