Ўзбекистонда ноширлар ўз ишини бажармайди – ўзбек асарларини инглизчага ўгираётган таржимон билан суҳбат


Сақлаш
11:04 / 23.04.2024 114 0

Шелли, сизни Марказий Осиё адабиётини тарғиб қилишда катта ҳисса қўшаётган тажрибали таржимон сифатида таниймиз. Нега айнан Марказий Осиёни танлагансиз? Ҳаммаси қандай бошланган эди?

 

Университетда рус тили ҳамда совуқ уруш даври тарихи ва сиёсати бўйича ўқидим. Кейинчалик таҳсил дастуримга Марказий Осиёга боғлиқ курсларни қўшиб бордим. Айниқса, минтақанинг пост-совет тарихига боғлиқ курслар мени қизиқтириб қўйганди. Афсуски, бундай дарслар кўп эмасди. Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида, умуман унинг тарихи, адабиёти, кинематография ёки жамияти тўғрисида инглиз тилида битилган илмий адабиётларда катта бир бўшлиқ борлигини кўриб ҳайратланганман. Ва шу бўшлиқ мени қизиқтириб қўйган. Бакалаврдан кейинги таҳсилимда ўзбек тилини ўргандим. Аста-секин ўзбек ва рус тилидан таржималар қила бошладим. Ўзбекча бир эссени инглизчага ўгирганимдан сўнг, ёзувчи Ҳамид Исмоилов ҳикояларидан бирини таржима қилиб кўришни таклиф қилди. Ҳикоянинг инглизчада чоп этилиши ўзбекистонлик ҳамда қозоғистонлик бошқа ёзувчиларда янада қизиқиш уйғотди. Шундан буён ҳозирга қадар Марказий Осиё адабиёти билан мунтазам шуғулланиб келяпман.

 

Марказий Осиё маданияти ва анъаналари чуқур илдиз отган асарларни таржима қилишда қандай қийинчиликларга дуч келасиз?

 

Аслида, ҳар қандай асарда ўз халқининг маданияти ва анъаналари ифодаланган бўлади. Бироқ гап Марказий Осиё ҳақида кетаркан, инглиз тилли китобхон илгари дуч келмаган ҳикоялар, урф-одатлар бўлиши эҳтимоли туфайли таржима жараёни, албатта, қийинчилик туғдиради. Китобхонга таниш бўлган кўп нарса, эҳтимол, Марказий Осиё маданияти ва тарихи ўзгача – мустамлакачилик, шарқшунослик нуқтаи назаридан талқин қилган рус ёки совет манбалари орқали етказилган. Бу эса ишни янада оғирлаштиради. Мен рус тилидан илҳомланиб, бир халқнинг маданияти ҳақида тушунтиришлар бериш, ҳатто сўзларнинг имлосини ҳам рус тили нуқтаи назаридан ифода этиш инглиз тилли таржимон учун жиддий хато деб биламан. Биз бу янги номларни, урф-одатлар ва ҳоказоларни тақдим қилишнинг янги йўлини, рус тили таъсири кўп аралашмаган усулини топиш устида ишлашимиз керак. Акс ҳолда, Марказий Осиё адабиёти билан ишлаётган таржимонлар ҳам бошқа ҳамкасбларининг ортидан давом этишлари мумкин. Масалан, қисқача тушунтиришлар, матн ости изоҳлари, таржимон сўзбошиси, сўнгсўзи ва шу кабиларни мураккаблаштирмаслик керак. Энг яхши усул – изоҳларни ҳаддан зиёд ошириб юборманг, шунда ютасиз. Китобхонга, мисол учун, «Чингизхон» ёки «Иккинчи жаҳон уруши»ни тушунтириб берувчи изоҳлар керак эмас. Ўқувчи ҳар доим ҳам бирор таомнинг ҳар битта масаллиғини ёки кийимнинг ҳар бир қисмини билиши шарт эмас. Ҳаддан ташқари кўп тафсилот бериш нотаниш маданиятни тушунишни қийинлаштириши, ниҳоятда экзотик ва мураккаб кўришига олиб келиши муқаррар. Бу ҳикоя ёки шеърни ҳис қилишга халал беради, холос.

 

Ҳақсиз, изоҳларнинг кўплиги ўқувчининг диққатини чалғитиши ҳам мумкин. Шелли, таржимага асар танлашда қоидаларингиз борми?

 

Китоб таржима қилиш учун жуда кўп вақт керак бўлади, ҳатто кичикроқ бир шеърни ўгириш учун ҳам анчагина ҳиссиёт сарфлайсиз. Шунинг учун, таржимага асар танлаш борасида ҳозир анчагина талабчанман. Жараёнда муаллиф ва ноширнинг мақсадлари меники билан мос келиши ниҳоятда муҳимлигини англаб етдим. Бордию ижодкор китобини Нью-Йорк бестселлери қилмоқчи бўлса, китоби уни миллионерга айлантиради деб ўйласаю, аммо мен аксинча фикрда бўлсам, бу китобни таржима қилишни унчалик ҳам истамайман. Ҳолбуки, камтарроқ ёзувчининг исталган яхши бир асарини бажонидил инглизчалаштираман. Албатта, «яхши асар» таърифи ўта шахсий фикрга таянади. Мен китобга аввал ўқувчи кўзи билан қарашга ҳаракат қиламан. Китобхон бу асарни севиб ўқийдими? Агар шундай деб ўйласам, мен ҳам уни севиб таржима қила бошлайман.

 

Инглиз тилли нашр бозорида ўзбек асарини чоп эттиришда қандай қийинчиликларга дуч келасиз? Бир ҳовуч чиқиб-чиқмайдиган сиз каби таржимонлар инглиз тилида чоп этилаётган китобларнинг улкан дунёсида ўзбек адабиёти ҳам кўзга ташланишига қай даража таъсир қила олиши мумкин?

 

Жуда қийин бу! Чунки, бутун кунини таржимага бағишлайдиган мутаржим ҳам йилига бир ёки иккита китобни ўгиролади, холос. Шундаям жараён силлиқ кетсагина, албатта. Айтайлик, бирор ношир тўсатдан ўзбек романларининг бутун бир туркумини чоп этгиси келиб қолганда ҳам, ўзбекчадан инглизчага ўгирадиган таржимонларнинг ҳозирги жамоаси бирлашиб, кичик токчани тўлдиришлари учун йиллар керак бўлади. Гарчи биз жуда озчилик бўлсакда, кўпинча таржимонлар эмас, балки иш етарли эмасдек туюлади. Ўзбек китоблари туркумини нашр этиш истагида бўлган ноширнинг сценарийси, афсуски, шунчаки бир хаёл, холос. Бу ҳол халқаро нашр саноатида Ўзбекистоннинг улуши билан боғлиқ. Аксарият тилдаги асарлар бу тарзда нашр этилади:

 

Америкалик ношир яхши бир асар ҳақида эшитиб қолади ва муаллифлик ҳуқуқини сотиб олади, сўнг инглиз тилига ўгириш учун таржимон ёллайди. Ўзбекистонда эса бундай жараён мен билан бир мартагина содир бўлган. «Yale University Press» нашриёти Ҳамид Исмоиловнинг ўзбек тилида ёзилган янги асарини таржима қилишни сўраган эди. Қолган барча ҳолларда, асарларни ўзим таржима қилганман, муаллиф ҳамкорлигида албатта. Сўнг биргалашиб нашриёт излаганмиз. Ўзбекистонда сизникидан бошқа адабий агентлик йўқ. Нашриётлар эса ўзбек ижодкорларини дунёга кенг тарғиб қилиш учун каталог чиқармайди, китоб фестивалларида қатнашмайди, бошқа мамлакат ноширлари билан деярли ҳамкорликда ишламайди. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам вазият шундай. Натижада, АҚШ ноширчилик саноатидагилар Марказий Осиё адабиёти ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмай қолаверадилар. Бугун ўзбек ноширларининг бу вазифаларини, афсуски, биз таржимонлар бажаряпмиз.

Шунга қарамай, Марказий Осиё адабиётига эътибор тортишнинг бир қанча йўлларини синаб кўряпман. Энг севимли усулим – ҳар ерда ҳамиша бу адабиётни тилга олиш. Мустамлакачилик давридан кейинги адабиётни таржима қилиш танловлари ёки Осиё ҳикояларини тарғиб этиш чақириқларини кўрганимда, кўпчилик кўра оладиган жойда туриб «Марказий Осиё адабиётини ҳам қабул қиласизларми?», деб сўрайман. Кўпинча, ташкилотчилар буни аввал ўйлаб кўрмаган бўлсалар ҳам, «ҳа» деб жавоб беришади…

 

Сизнингча, инглиз тилли китобхон ўзбек асарларини қандай қабул қилади?

 

Таржима қилган асар ва ҳикояларимнинг ҳаммаси ҳақида инглиз тилли китобхонлар жуда яхши фикрлар билдирган, чуқур таҳлил қилинган тақризлар ёзишган. Асар сюжети, муаллифларнинг услуби борасида илиқ фикрлар айтилган. Тўғри танланган асарнинг яхши таржимаси янада кўпроқ китобхонни жалб қилишига ишонаман. Аммо асарларни шунчаки Ўзбекистонники бўлгани учунгина қизиқарли асар, деб эълон қилиш билан иш битмайди. Ўзбекистон сеҳрли бир диёр, ўзгача мафтункор бўлгани учун ўзбекча асарни қизиқ дея олмаймиз, чунки бу таърифга ҳар бир ўлка мос келади, шундай эмасми? Шунингдек, асарни ўзбек адабий тарихида муҳим роль ўйнашига таянибгина тарғиб қила олмаймиз. Чунки Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳеч ким бу тарих ҳақида ҳеч нарса билмайди. Ўзбек асарларини исталган бошқа халқ адабиётиникидек тарғиб қилавериш керак. Масалан, мароқли сюжет, ажойиб ёзув услуби, эсда қоларли қаҳрамонлар, ўзига хос дунёқарашга эга муаллиф – мана нималарни таништириш керак биринчи?! Ана шундагина одамларга сотиб олишни, ўқишни истаган китобини топиб берган бўласиз. 

 

Ҳали у қадар танилиб улгурмаган тиллар адабиётини, хусусан, Марказий Осиёникини таржима қилишга қизиққан ёш ҳамкасбларингизга қандай маслаҳатлар бера оласиз?

 

Кўп ўқинг! Ҳали кашф этилмаган маданиятларни тарғиб қилмоқчи бўлсангиз, номини ҳам эшитмаган, дўстларингиз, ҳамкасбларингиз ҳеч ҳам ўқимаган ижодкорларнинг асарларини тадқиқ қилишга ҳозир бўлинг. Сиз кашф этилмаган манзилларни жасурлик билан ўрганишингиз, шунингдек, нафақат таржимон, балки бу дунё билан кўпам таниш бўлмаган китобхонга йўлбошчилик ҳам қилишга тайёр бўлишингиз керак. Марказий Осиё адабиётини таржима қилаётганда, бошқача ўйин қоидаларига дуч келасиз, бошқа ҳудудлар устида ишлаётган таржимонларга берилган кўплаб маслаҳатлар бу ерда иш бермаслигига гувоҳ бўласиз. Булар юқорида тилга олиб ўтганим тизимли омиллар билан боғлиқ. Мисол учун, Марказий Осиё муаллифларининг шахсий агентлари йўқ ҳисоби. Ўзлари яшаб турган мамлакатларида уларнинг муаллифлик ҳуқуқларини сотишга қизиққан, улар учун тарғиб кампанияларни уюштирадиган ноширлари ҳам деярли йўқ. Бадиий таржимонларни бирор бир асар таржимаси устида ишлашга рағбатлантирувчи инфраструктура мавжуд эмас. Шунга қарамай, мен керакли лингвистик ва адабий тажрибага эга бўлган ҳар бир таржимонни Марказий Осиёда бизга қўшилишини ўйлаб кўришга ундаган бўлардим – бу иш ниҳоятда фойдали, бизнинг кичик таржимонлар жамоамиз бир-бирини ва сизни қўллаб-қувватлашга астойдил ҳаракат қиламиз. 

 

Суҳбат учун, шу билан бирга, Марказий Осиё адабиётини тарғиб қилишдаги баҳосиз меҳнатларингиз учун раҳмат, Шелли.

 

Фикрларимни ўқувчилар билан бўлишишга имкон берганингиз учун сизга раҳмат! Келинг, янги муваффаққиятларга бирга эришайлик! Чунки Ўзбекистонда дунё китобхонига тақдим қилинишини кутиб ётган бебаҳо асарлар кўплигига ишончим комил.

 

Мунира НОРОВА суҳбатлашди.

 

Маълумот учун: Шелли Фейрвезер-Вега – рус ва ўзбек тилларидан инглиз тилига бадиий асарларни таржима қилувчи АҚШлик таржимон. Ёзувчи Ҳамид Исмоıловнинг икки романини ҳамда қозоқ муаллифларининг бир нечта асарини, шу билан бирга қатор ўзбек, қозоқ, рус ҳикояларини инглизчага таржима қилган. Айни вақтда Шимолий-ғарбий таржимонлар жамияти президенти.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси