Тарозибон Юнус Хожизода қандай қилиб миллий армия асосчиларидан бирига айланганди?


Сақлаш
14:04 / 22.04.2024 232 0

Юнус Наримонов 1898 йил 25 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг отаси Мусо ҳожи Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасидаги таниқли тикувчи-ҳунармандлардан бўлиб, ўғлининг яхши таълим олишига алоҳида эътибор қаратган. Юнус Мусо ўғли аввал янги усулдаги жадид мактабида ўқиб савод чиқарди. Рус-тузем мактабини 1913 йил битириб, меҳнат фаолиятини бошлайди. 1913-1914 йилларда Тошкент темирйўл станциясида тарозибон, 1914–1917 йилларда эса тошкентлик Абдумаликбой исмли савдогар қўлида ишчи бўлиб ишлаган. 

 

Тошкент жадид тараққийпарварлари таъсирида Юнус Мусо ўғлининг дунёқараши шаклланди. У 1917 йил августдан 1918 йил февраль ойигача Тошкент шаҳридаги Ишчи ва хизматчилар касаба уюшмасида котиб вазифасида фаолият юритди. Туркистон мухторияти қонга ботирилгач, большевиклар Туркистонда ўз ҳокимиятларини сақлаб қолиш мақсадида маҳаллий ёшларни ҳам қизил қўшинга жалб этишга киришадилар. Шундай бир шароитда Юнус Мусо ўғли Тошкент жадид тараққийпарварларининг етакчиларидан Низомиддин Хўжаевнинг тавсияси билан компартияга киради. Кейин эса, Ҳожизода Юнус Мусаевич номи балан Туркистон фронтига хизматга отланади.

 

 

Юнус Ҳожизода 1918 йилнинг февраль-август ойларида Туркистон фронти партия дружинасида взвод командири бўлди. У 1918 йилнинг августидан 1919 йил сентябрига қадар Тошкент шаҳридаги Туркистон фронти ҳарбий инструкторлар курсида таҳсил олгач, 1919 йилнинг сентябридан 1920 йилнинг декабригача Туркистон фронти ҳудудий полкининг рота командири вазифасида фаолият юритади. 1920 йилнинг декабридан Туркистон фронтига қарашли 29-Мусулмон пиёда қўмондонлик курси комиссари, 1921 йил сентябридан 1923 йилгача эса Ўрта Осиёда совет ҳокимиятига қарши бошланган Қуролли қаршилик ҳаракатига қарши курашувчи Туркистон фронти кўнгилли отрядининг сиёсий қўмондони вазифасида иш олиб борди. Юнус Ҳожизода 1923–1925 йилларда 2-отлиқ бригадаси сиёсий бўлим бошлиғи ва мактаб инструктори, 1925 йил апрелидан 1927 йил мартигача алоҳида бирлашган ўзбек бригадаси ва Туркистон фронти алоҳида ўзбек ўқчи батальонининг ҳарбий комиссари каби масъул лавозимларда хизмат қилади.

 

Юнус Ҳожизода 1927 йил мартидан 1929 йилнинг июнь ойигача алоҳида бирлашган ўзбек бригадаси бош котиби, 1929-1930 йилларда ўзбек бирлашган миллий бригадаси ҳарбий прокурори, 1930 йилдан эса ушбу бригадада сиёсий бўлим бошлиғи каби лавозимларда ишлаган. Умуман, Юнус Ҳожизодани ўзбек миллий армиясининг асосчиларидан дейиш мумкин. У масъул лавозимларда ишлар экан муттасил замонавий армия асослари ҳақида ўйлар ва бир вақтлар жадид тараққийпарварлари орзу қилган миллий ҳуррият ва миллий қўшин орзусида ёнар эди. Унинг мақсадидан хабардор Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки ва жанговар намунаси учун 1928 йил “Меҳнат Қизил байроқ” ордени билан мукофотлайди.

 

 

Юнус Ҳожизода ҳарбий илмларини янада ошириш мақсадида 1931–1934 йилларда Ленинграддаги Н.Г.Толмачев номли Ишчи-деҳқон қизил қўшини ҳарбий-сиёсий академиясининг қуруқликдаги қўшинлар факультетида таълим олади. Ўқишни тамомлагач, Юнус Мусаевич Наримонов номи билан 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси сиёсий бўлим раҳбари ёрдамчиси ҳамда кейинроқ шу бўлим раҳбари вазифасида иш олиб боради.

 

Юнус Мусаевич Наримонов 1937 йил 9 сентябрда 1935 йилдан 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси Миршараповнинг аксилинқилобий гуруҳида бўлган, деган айблов билан ЎзССР ЖКнинг 66-, 67-моддаларини қўллаб қамоққа олишга қарор чиқарилади. 1937 йил 12 сентябрь куни 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси сиёсий бўлими раҳбари Ҳожизода Юнус Мусаевич – Наримонов Юрий Михайлович Ўрта Осиё Ҳарбий округи махсус бўлими томонидан Самарқанд шаҳри, Совет кўчаси 22-уйдан ҳибсга олинади. Тинтув вақтида уйидан топилган Юнус Мусаевич Наримоновга тегишли барча ҳужжатлар, орденлар мусодара қилинади. Бу вақтда оила аъзолари турмуш ўртоғи – Республика кўз касалликлари шифохонаси шифокори Мария Викторовна, 15 ёшли Раиса ҳамда 13 ёшли Кларалардан иборат эди.

 

 

Юнус Мусаевич Наримонов 1937 йил 17 сентябрь куни илк сўроқда ўзига қўйилган барча айбловларни рад этади. 1937 йил 22 сентябрь кунги сўроқда 1921 йил ўзининг чап қўлига калимаи шаҳодатни ёздиргани ва қамоққа олинишидан 5 кун аввал операция йўли билан ўчиртирганини тан олади. Миркомил Миршараповни ўзининг 19 йиллик дўсти эканини айтади.

 

Мунтазам жисмоний ва руҳий таҳқирлар остида кечган тергов 1937 йилнинг 29 декабрига қадар давом этди. Юнус Наримонов ўзининг айбсизлигини исботлашга интилди. Бироқ ҳаммаси бекор кетди. У аксилинқилобчилик, Турғунпўлот Қирғизов билан бирга Япония фойдасига жосуслик, диндорлик ва совет ҳокимиятига қарши истиқлолчилик ҳаракатига хайрихоҳликда айбланиб, ЎзССР ЖКнинг 56-2, 64- ва 67-моддалари қўлланди. Юнус Наримонов иши 1938 йил 10 октябрь куни соат 11:45 дан 12:10 гача кўриб чиқилди. Машъум “учлик” йиғини уни “халқ душмани” сифатида олий жазога ҳукм қилди ва шу куннинг ўзида отиб ташланди.

 

 

Тоталитар тузумнинг манфур диктатори Сталин вафотидан сўнг бошланган “илиқлик” даврида қатағонга учраган ўзбек замонавий армиясининг кўплаб жабрдийдалари қаторида Юнус Наримоновнинг иши ҳам қайта кўриб чиқишга топширилди. Гувоҳ сифатида сўроққа тортилган собиқ 19-Ўзбек дивизияси 41-полк эскадрон командири Нурмурод Бекмуродов (1900) 1956 йил 24 февраль куни: “Наримонов Кимяни деган бир яҳудий билан тортишиб қолган эди, ҳамма бало шундан сўнг бошланди”, дейди. 1956 йил 25 февраль куни бошқа гувоҳ Маҳмуджон Яҳёбоев (1898): “Наримонов 1929 йилгача Ҳожизода эди, кейин Наримонов бўлиб Ленинград ҳарбий-сиёсий академиясини ўқиб келган”, дейди.

 

 

1956 йил 3 март куни бошқа гувоҳ, собиқ қуролдош дўсти Ибрагим Бекжонов Паскаевич сўроққа чақирилди: “Юнус Наримонов 1929–1931 йиллар алоҳида ўзбек бригадасида парткомиссия котиби, 1930-1931 йиллар алоҳида ўзбек бригадаси прокурори эди. 1931–1934 йиллар Ленинград ҳарбий-сиёсий академиясида ўқиб, 1935–1937 йиллар 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясида сиёсий бўлим бошлиғи бўлди. Юнус Наримонов жуда интизомли ходим, ўта талабчан раҳбар эди. Айни пайтда ниҳоятда меҳнаткаш ва доимо ўз устида ишловчи фаол ходим, аскарларга ғамхўр раҳбар эди. Мен Наримонов билан бир ҳовлида яшаганман. Оиласи, фарзандлари жуда тарбияли, ҳамма ҳавас қилар эди. Юнус оддий одамлар орасида ҳам камтарлиги ва дилкашлиги билан катта обрў қозонган эди”, дейди. Юнус Мусаевич Наримонов 1956 йил 13 октябрда оқланди. Хушхабар бу вақтда Сочи шаҳри, “Правда” санаторияси кўчасида яшаётган турмуш ўртоғи ва фарзандларига етказилади.

 

Орадан қанча замон, қанча йиллар ўтди. Замонавий ўзбек армиясининг илк зобитларидан бўлган Юнус Наримонов хотираси ҳар бир ватандошимиз учун азиздир.

 

Баҳром ИРЗОЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси