Ғоявий таҳдид: адоқсиз курашлар


Сақлаш
10:10 / 13.10.2021 1003 0

Жамият учун унинг аъзоларини муайян мақсад-манфаатлар йўлида уюштирувчи, сафарбар этувчи ғоя ва таълимотлар муҳим аҳамият касб этади. Одамлар, ижтимоий гуруҳлар, xалқ, миллат ва элатларнинг бошини бошига қовуштириб, бирлаштириб турадиган мафкуравий таъсир бўлмаса, парокандалик авж олади. Миллий мафкура халқни эзгу мақсадлар йўлида сафарбар қилади, мамлакат шу хил дастурсиз ўз олдига қўйган вазифаларни бажара олмайди.

Бугунги кунда аксарият ривожланган давлатларнинг мафкураси умуминсоний қадриятлар ва демократик тамойилларга асосланади. Уларда тинчлик ва тараққиёт, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинлиги, миллий ва диний тотувлик ғоялари устувордир. Бундай эзгу тамойилларга асосланган маънавий дастур орзудаги ёруғ келажакка етаклаши шубҳасиз. Лекин, афсуски, ҳозирги вақтда дунёнинг мафкуравий манзарасида турли воситалар орқали таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган тажовузкор руҳдаги миллатчилик, шовинизм, неофашизм, ирқчилик, диний экстремизм каби сиёсий кучлар ва оқимлар ҳам бор. Бундай ғайриинсоний бузғунчи ғоялар сўнгсиз кулфатлар келтириб, инсониятнинг тинчлиги, осойишталигини бузиб, одамлар бошига турли балолар ёғдирмоқда.

“Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”, деб таъкидлайди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида.

Ўзбекистонимиз ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари қатори, сиёсий ва маънавий ҳаётда жамият барқарорлигини таъминлаш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Ижтимоий-сиёсий соҳадаги жамият барқарорлигини таъминлашнинг эса ўз мезонлари мавжуд. Бу борада xалқнинг турмуш тажрибаси, аҳолининг миллий ва маданий анъаналари, барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларига мос келадиган ҳақиқий демократик тамойилларини қарор топтирмоқ даркор. Xалқ ҳам, бевосита, ўз вакиллари орқали давлат ҳокимиятини бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлиши лозим;

Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ваколатларини ажратиш асосида миллий давлатчиликни барпо этиш орқали жамиятнинг сиёсий тизими, давлат идораларининг тузилмасини тубдан яxшилаш, республика ҳокимияти билан маҳаллий ҳокимиятнинг ваколатлари ва вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш, адолатли ва инсонпарвар қонунчиликни вужудга келтириш – давр талаби. Кучли ижроия ҳокимияти бўлмаса, ҳатто энг демократик йўл билан қабул қилинган қарорлар ҳам бажарилмай қолиб кетиши мумкин. Бунда эса қонуний қарорларнинг рўёбга чиқарилишини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар турмушга изчил татбиқ этилишини таъминлайдиган президентлик ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш лозим бўлади.

Барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва қонуннинг устунлигини, жамият манфаатлари ҳимоя қилиниши ва аҳолининг xавфсизлигини кафолатлайдиган ҳуқуқий давлатни барпо этиш зарур. Чунки қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот тантана қилмаса, шаxснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, қаттиқ интизом, ички уюшқоқлик ва масъулият устувор бўлмаса, қонунлар ва анъаналар ҳурмат қилинмаса, ҳуқуқий давлатни тасаввур этиб бўлмайди. Бир мафкура, бир дунёқарашнинг якка ҳокимлигидан қатъиян воз кечиш, сиёсий ташкилотлар, мафкуралар ва фикрлар xилма-xиллигини тан олиш ҳам муҳим демократик талаб ҳисобланади.

Демократиянинг муҳим тамойили сифатида кўппартиявийликни шакллантириш зарур. Айни вақтда, ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўйган, республиканинг давлат мустақиллиги, ҳудудий яxлитлиги ва xавфсизлигига қарши чиқадиган, миллий ва диний адоватни авж олдирадиган, конституциявий тузум, xалқнинг демократик эркинликлари ва маънавий негизларига тажовуз қиладиган партиялар ва жамоат ҳаракатлари қонун билан тақиқланади.

Сир эмас, одамлар орасида нифоқ, халқлар ўртасида низо соладиган, жамиятда адоват қўзғайдиган фикрлар бузғунчи ғоялар ҳисобланади. Бу борадаги ғоявий таҳдидларни аниқлашда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган материаллар мониторинги муҳим аҳамият касб этади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази “Илмий экспертиза” бўлими мутахассислари томонидан профиллар ва ижтимоий саҳифалардаги постлар, изоҳлар таркиби ўрганилганда қуйидаги ҳолатлар аниқланди: ижобий мазмундагилар – 35; салбий мазмундагилар – 57; бетараф – 8 фоиз.

Сўкиниш ва ҳақорат мазмунидаги, иғво, низо тарқатувчи шарҳлар салмоғи каттагина экани кишида хавотир уйғотмай қўймайди.

Инстаграм каналидаги ёш блогернинг даъвосига қараганда, ўзбек қизлари Шимолий Кореяга фалон минг долларга сотилмоқда экан. Аммо, у аниқ статистика келтирмайди. Ижтимоий тармоқда бундай асоссиз маълумотларни тарқатишдан мақсад нима?! Одамларни чалғитишми? Ёки аҳоли ўртасида ишончсизлик уйғотишми?!

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқларда ёшларга илму ҳунар ўргатадиган, янги билимлар берадиган саҳифалар билан бир қаторда давлатни обрўсизлантириш, аҳоли ўртасида ақидапарастлик, миллатчилик, сепаратизм ва оломон кайфиятини шакллантириш; тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатиш; ахборот хаосини юзага келтиришни мақсад қилган гуруҳлар ҳам учрамоқда. Бундан ташқари, порнографик мазмундаги адабиёт ва фото-видео маҳсулотларни тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Инсоният пайдо бўлганидан буён жамиятнинг келажаги маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбияланган, мустақил фикрловчи шахсларга боғлиқ бўлган. Шунга кўра, маънавиятга, ахлоққа қарши қаратилган ҳамлаларни ўз вақтида аниқлаш ва улардан ҳимояланиш муҳим. Миллий-маънавий қадриятларга таянмаган жамият оммавий маданиятлар таъсирига тушиб қолади, бу эса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Эътибор СУЛТОНОВА,

сиёсий фанлар доктори, ЖИДУ профессори

Фозил СУЛТОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

масъул ходими

 

"Тафаккур" журнали, 2021 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

14:05 / 21.05.2024 0 148
Лайк гадолари ёхуд хатарли инкубатор





Кўп ўқилган

Барчаси