“Ота-онамни яхши кўраман деганлар лайк босинг”, “Stories`имни кўрманг, уяламан”, “Мазангни қочираман” – Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларнинг Ойинадаги акси


Сақлаш
16:06 / 16.06.2023 567 0

Интернет худди виртуал дурбинга ўхшайди. У орқали дунёнинг бошқа бурчагини бемалол кўрамиз. Дейлик, ҳозирнинг ўзидаёқ қайсидир нуқтадаги қандайдир кичик миллатнинг ҳаёт тарзи ва маданияти билан танишиш мумкин.  Худди шундай биз ҳам бошқа халқларнинг “тасвир обекти” бўла оламиз. Ўйлаб кўринг, халқимизнинг маънавияти ва савияси борасида ўзгаларда қандай таассурот қолдира оламиз?!

Умуман, маънавиятимиз ва савиямиз ҳақида узоқ гапириш мумкин. Масалага қайси томондан келиш ҳақида узоқ ўйладик ва таҳлил обекти сифатида ижтимоий тармоқларни яъни, YouTube платформаси ва Инстаграм тармоғини танладик. Айни дамда бу платформалардаги ноодатий ва савиясиз изоҳларни таснифлашга ҳаракат қиламиз.

 

Мен биринчиман… Мен эса иккинчи…

 

Саҳифага видео ёки пост юкланиши билан биринчилардан изоҳ ёзишга қизиқадиганлар бор. Етмаганига улар қойилмақом ишни бажаргандек мен биринчиман, мен иккинчиман деб мақтанишни ҳам ўзларига эп кўришади.

Табиийки, бу изоҳлар муаллифга ҳеч қандай манфаат келтирмайди, фақатгина айрим юртдошларимиз олдида кулгига қолади.

 

Ҳаммаси лайк учун…

 

Ижтимоий тармоқлардаги йирик тенденциялардан бири “лайк”лар ортидан қувишдир. Айнан “лайк”ни мақсад қилган интернет фойдаланувчилари турли мазмундаги изоҳлардан фойдаланишади:

– Илтимос, менг лайк босинг;

– Ота-онасини ҳажга олиб бораман деганлар лайк боссин;

– Ота-онамни яхши кўраман деганлар лайк босинг, қани, неча киши эканмиз;

– Лайк босган одамнинг пули кўпайиб кецин…

 

Изоҳ учун босилган “лайк” саҳифа эгасига деярли манфаат келтирмайди. Бу одат шунчаки бемақсадлик ва юзаки фикрлаш орқали пайдо бўлган.

 

Менинг саҳифамни кўрманг: 18+

 

Изоҳ қолдирувчилар орасида ахлоқсиз интригалар билан одамларни ўзига қаратадиган, томоша қилиш сонини сунъий равишда оширадиган тоифа ҳам учрайди. Бу реклама соҳасидаги энг сурбет йўналишлардан бири. Лекин бугун асосан ёшлар орасида бу йўналишни оммалаштираётганлар кўп. Шунингдек, шу мазмундаги “сториесимни кўрманг, уяламан”, “сториесимда яланғоч суратларим бор” изоҳларини ҳам кўриб кўзларимиз “қонаяпти”. Бундай муаллифларнинг дунёқарашига фақат ачиниш мумкин.

 

Мусулмонмисиз?

 

Динимиз доим эзгуликни тарғиб этади. Динимизни қадрлаган, тадқиқ қилган, тарғиб қилган мусулмонларни ҳурмат қиламиз. Лекин изоҳларда одамларни диний сўроққа тутадиган тоифа ҳам мавжуд:

– Нега рўмол ўрамагансиз?

– Намоз ўқийсизми ўзи?

– Аллоҳдан қўрқмайсизми?

– Охирги маротаба қачон эҳсон қилдингиз?

– Ундан кўра муҳтожларга ёрдам бермайсизми?

 Ҳар бир инсонда эътиқод эркинлиги мавжуд ва умуман олганда, диний қарашлар босим билан сингдирилмайди. Ахлоқ ва инсонийликка зид бўлган хатти-ҳаракат эгаларини одобга чақириш мумкин, лекин ҳар бир ҳолатга диний тус бериш ўринсиздир.

 

Танишсак майлими?

 

Турли видео ёки пост остига ўринли изоҳ қолдирувчиларга “гап отадиганлар” ҳам топилади. Масалан, қандайдир изоҳ ёзган қиз ёки аёлга жавобан баъзи шоввозлар танишиш таклифини билдиришади ва кетма-кет бир қанча саволларга тутишади:

 

Профильдаги расм ўзингизникими?

–  Мен билан гаплашасизми?

–  Чиройли экансиз-а?

 

Бугунги кунда изоҳдаги изоҳлар рукнида бир-бири билан сўкишиб, бир-бири билан жанжаллашиб кетадиган виртуал жангчилар ҳам талайгина. Кўз кўзга тушмагандан кейин андиша ҳам йўқолади, шекилли, баъзилар ҳаётда ўзлари ишлатмайдиган вульгарларни ўзаро баҳам кўришади.

 

Оҳ, севиб қолдим…

 

Ижтимоий тармоқларда ўз ҳиссиётларини имло хатолари ғиж-ғиж матнга жойловчи романтиклар ҳам кўп топилади. Дейлик, биронта ижодкорнинг ижодий иши бир четда қолиб, унинг қош-кўзи муҳокама мавзусига айланади. Айримлар ҳаётда юзма-юз учратиш қийин бўлган юлдузларга тўғридан тўғри севги изҳор қилиб ўтирадилар.

Бугунги кунда ташқи кўриниши кўркамроқ ёки ўзи машҳур бўлган йигитларнинг изоҳларида баъзи қизлар ва аёллар ҳам ахлоқсиз ва маънавияциз гапларни ёзиб қолдиришмоқда.

Ижтимоий тармоқ дарвозасиз уйга ўхшайди. Хоҳлаган одам кириб келади ёки уйдаги ҳамма вазият омма учун томошадек гап. Шундай экан, йигитлар ҳам, қизлар ҳам юрагига сиғмайотган ҳиссий репликаларини оммага ҳавола этмаса мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Сенга бўлсин ҳақоратларим…

 

Дидимиз ва қарашларимизга мос келмайдиган материални тайёрлаган ёки ғазабимизни қўзғайдиган ҳаракатларни содир этган саҳифа эгалари изоҳлари ҳам одатда, “лолазор” бўлиб кетади. Бу ўринда айримлар ғубори тарқалгунча муаллифларни сўкади, ҳақоратлайди, камситади:

– Эркакка ўхшагин;

– Палағда тухум, мазангни қочираман;

– Бу кунингдан ўлганинг яхши эди, тўнғиз…

 

Ҳолат хавфли сигнал, аслида. Вақтида тийилмаган эмоция маълум жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин. Бир муддат олдин бу мавзуда мақола ҳам эълон қилган эдик.

 

 

Маҳаллий изоҳлардаги яна бир муҳим камчилик – сон-саноқсиз имло хатоларидир. Тобора ўз она тилида бехато ёза оладиган юртдошларимизнинг камайиб бораётгани жуда ачинарли ҳолат. Бу хатоларнинг ягона “плюс” тарафи – қайсидир хорижлик кузатувчи уларни жамлаб, автотаржимага жойлаштирса, дастур таржима қила олмай чалкашиб кетади.

Материал тайёрлаш давомида айрим дунё мамлакатларининг YouTube платформасидаги изоҳларини кўздан кечирдик. Афсуски, изоҳлар орасида савиясиз ва негативлари жуда кам. Масалан, бельгиялик хонанда Жаде де Рижcке томонидан ижро этилган “Homesick” қўшиғининг изоҳларида савия ва маданият билан ёзилган 12 000 га яқин фикр ва муносабатларни кўришингиз мумкин. Айниқса, имло хатоларнинг камлигини кўриб одам ҳижолат тортади.

Аслини олганда, ижтимоий тармоқда изоҳ ёзиш мутлақо ихтиёрий, лекин юқорида айтганимиздек, ўзгалар назарида халқимиз маънавиятини ва савиясини ерга уришдан эҳтиёт бўлиш керак. Маданияти юксак ва маънан теран фикрлай оладиган инсонларгина жамият нуфузини юқорига кўтара олади. Шундай экан, изоҳлар ёзаётганда бирозгина кенгроқ фикрласак, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

 

Сирожиддин РУСТАМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси