
Политика
Францияга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Париж шаҳри мери Анн Идальго билан учрашди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари пойтахт мерини ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлади, шунингдек, Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилгани учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Анн Идальго Ўзбекистон раҳбарига олимпиада тадбирлари даврида жамоат хавфсизлигини таъминлашда кўрсатилган ёрдам учун ташаккур билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг ушбу ташрифи тарихий натижалар билан якунлангани – икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Тошкент ва Париж ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва алмашинувларни имзоланган битим асосида фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шаҳарсозликни режалаштириш, «яшил« ҳудудлар барпо этиш, жамоат транспортини ривожлантириш, рақамлаштириш, шунингдек, шаҳар коммуникацияларини модернизация қилиш ва улардан барқарор фойдаланиш борасида тажриба алмашиш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, ўзаро кўргазмалар, маданият ва санъат кунлари, сайёҳлик ва гастрономик фестиваллар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари ва Париж мери Ўзбекистон Президенти фахрий меҳмон сифатида Париж шаҳрида бўлгани тўғрисида қўшма ҳужжатни имзолади. Ушбу эсдалик ёрлиғи мерия музейида намойиш этилади.
Политика
Политика
Культура
Культура
Наука
Политика
Общество
Наука
Культура
//
Нет комментариев