Иброҳим Ғафуров


12:04 / 25.04.2024 93 0

1937 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган.

1961 йилда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетини битирган.

1961–1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриёти муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, 1982–1995 йилларда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган.

1995–2006 йилларда – «Миллий тикланиш» газетаси бош муҳаррири ва Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси марказий кенгаши раиси.

1997–2005 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси ўринбосари.

1995 йилда «Дўстлик», 2007 йилда «Меҳнат шуҳрати» орденлари,

2017 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони берилган.

2021 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвонига сазовор бўлди.

 

Иброҳим Ғафуров кўп йиллардан буён адабиётшунослик, бадиий ижод ва адабий таржима йўналишларида самарали фаолият кўрсатиб, замонавий ўзбек адабиёти равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган йирик олим, маҳоратли ижодкордир.

 

Дастлаб ўзининг ҳикоя ва мақолалари билан танилган адиб мумтоз адабиётимиз намуналарида умуминсоний қадриятларнинг акс эттирилиши, замонавий адабиётимизда юз бераётган ижодий жараёнлар юзасидан жиддий тадқиқотларга ҳам қўл урди. 1963 йилда унинг адабий танқидга бағишланган «Гўзалликнинг олмос қирралари» номли илк китоби нашр этилди.

 

Тўпламга замондош ижодкорлар асарларига бағишланган илмий-бадиий тақризлар киритилган бўлиб, муаллиф уларни теран таҳлил этади, жаҳон бадииятининг юксак мезонлари ҳамда универсал умуминсоний тамойиллардан келиб чиқиб баҳолайди ва ўз муносабатини билдиради. Мулоҳазалар ўша пайтда асосий мезон бўлган соцреализм қолипларидан холи, соф адабий-эстетик қадриятларга асосланганлиги билан ҳам аҳамиятли эди. Адабий танқидшуносиликдаги бундай ёндашув ўзига хос янгилик сифатида эътироф этилди.

 

Олимнинг кейинчалик олиб борган изланишлари натижасида «Жозиба», «Ёнар сўз». «Ям-яшил дарахт». «Шеърият изланиш демак» сингари китоблари нашр этилди. Иброҳим Ғафуровнинг адабиётшуносликдаги бундай дадил қадамлари муносиб тақдирланди у Ўзбекистон ёшлар мукофотига сазовор бўлди.

 

Филология фанлари номзоди Иброҳим Ғафуровнинг фаолияти билан яқиндан таниш бўлган киши унинг нафақат адабиётшунос, балки ёзувчи, шоир, тарихнавис, публицист ва таржимон сифатида салмоқли асарлар яратганига гувоҳ бўлади. Шу боис ҳам уни замондошлари меҳнаткаш, заҳматкаш, сермаҳсул зиёли сифатида қадрлайди.

 

Бир пайтнинг ўзида кетма-кет чоп этилган «Дил эркинлиги». «Ҳаё халоскор», «Мангу латофат» деб номланган китобларидан жой олган мансуралар борлиққа ўткир шоир назари билан боққан қалб соҳибининг кўнгил эврилишларини акс эттиради. Эсселар эса қуруқ адабий далилларнинг юзаки талқини ёки шарҳидан фарқ қилиб, жанрни бадиий унсурлар билан бойитган равон ва латиф гўзалликка йўғрилган. Рисола ва бадиаларда жаҳон адабиёти намуналарини миллий маънавий қадриятларимиз билан муқояса қилиб, ютуқ ва камчиликлари ҳақида жонкуярлик билан фикр билдирилган.

 

Олимнинг ХХ аср ҳамда замонавий ўзбек адабиётининг Усмон Носир, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари йирик дарғалари асарларини чуқур тадқиқ қилиб яратган адабий портретлари ўзбек миллий адабиётини ўрганишда муҳим манба вазифасини ўтамоқда.

 

Китобхонлар Иброҳим Ғафуровни энг сермаҳсул ва моҳир таржимон сифатида ҳам яхши танийди. Хусусан, жаҳон адабиётининг йирик намояндалари Э.Хеменгуэйнинг «Чол ва денгиз», «Алвидо, қурол», Мопассаннинг «Азизим», Ф.Достоевскийнинг «Телба», «Жиноят ва жазо», «Қиморбоз», «Иблислар», «Ака-ука Карамазовлар», Ч.Айтматовнинг «Қиёмат», «Чингизхоннинг оқ булути», Г.Маркеснинг «Бузрукнинг кузи», Ж.Жойснинг «Улисс» сингари асарларини ўзбек тилига ўгириб, кенг жамоатчиликни дунё адабиётининг нодир дурдоналари билан танитишга, улардан баҳра олишга катта ҳисса қўшди. Шунингдек, олим яратган таржимашуносликка доир «Таржимонлик мутахассислигига кириш», «Таржима назарияси» (ҳаммуаллифликда) дарсликлари ушбу йўналишдаги таянч манбалар ҳисобланади. Иброҳим Ғафуров бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг наср, адабий танқид, бадиий таржима ижодий кенгашлари ишида фаол қатнашиб, истеъдодли ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Адиб ҳамон жўшқин ижодий жараён оғушида. «Шарқ» нашриёт-матбаа уйи йирик ёзувчилар туркумида унинг ҳам «Сайланма»сини чоп этди. Яқинда унинг «Айюб нидоси», «Олтин қозиқ» китоблари босмадан чиқди.

 

Иброҳим Ғафуров ўзбек адабиёти ва адабиётшунослиги, миллий таржима санъатини ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари ҳамда серқирра ижтимоий фаолияти учун Ватанимизнинг энг юксак мукофоти «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш