Нафсингизни жиловланг


Сақлаш
09:08 / 03.08.2022 1224 0

Нафсингизни жиловланг.  Акс ҳолда

нафс ўз қулларини бахтсизлик, хорлик,

 шармандалик жарига қулатмагунча қўймайди.

 

Эшикка келди бир гадо,

Ҳассага суяниб “оҳ!” деди.

Жавоб бўлди оҳиста,

“Уйимда отам йўқ”, деди... –

 

сатрлари билан бошланадиган халқ қўшиғининг пайдо бўлиш тарихини Ўзбекистон халқ артисти Раҳима Мазоҳидова гапириб берганди. Яъни, ўтган асрнинг бошларида Қўқон кўчаларидан кетаётган йигитнинг кўзи олдинда бораётган қизнинг узун енгларидан чиқиб турган нозик бармоқларига тушиб қолибди. Оппоқ, нозик бармоқларга қараб туриб беихтиёр йигитнинг дилидан: “Бу қизнинг қўли шунчалар чиройли, юзи қандай экан?” деган хаёл ўтибди ва қадамларини тезлатибди. Лекин қарангки, айни ўша дамда қиз рўпарадаги дарвозани очиб ичкарига кириб кетибди...

 

         “Бу қизнинг овози, юзи, сўзи қандай экан?” деган савол йигитга тинчлик бермай қўйибди. Ўша кўчадан у ёқ-бу ёққа ўтибди, лекин ҳар гал эшик ёпиқ... Шунда ошиқ бола худди гадойларга ўхшаб жулдур кийиниб, елкасига хуржун осиб келибдию ҳалиги дарвозани тақиллатибди. У, ҳеч бўлмаганда, қизнинг овозини эшитишдан умидвор экан. Қўшиқ мана шу воқеанинг баёни: “Эшикка келди бир гадо...” ва диалог тарзида давом этади:

 

“Уйида отаси бўлмаса,

Бир бурда нониям йўқмикан?” –

 

жудаям чиройли манзара десамми, мулоқот, муҳаббат сари юксак маданият, эҳтиром билан қўйилаётган қадам десамми?..

 

Бу қўшиқни ҳар гал эслаганимда, шоир Чўлпоннинг:

Сочилган сочингдек сочилса сиринг,

Анор юзларингни кимга тутасан? –

 

сатрлари худди ўша вақеага эгизак каби ёдимга тушаверади. Ва яна мен учун унутилмас гап: 1970 йиллар, талабалик даврим. Ўшанда ёш қизлар, аёллар ўртасида мини (тиззадан юқори ва тор) юбкалар кийиш урф бўлганди. Тошкентда талабаларнинг республика илмий конференциясида московлик бир рус олим маъруза қилди. У: “Азиз аёллар, хафа бўлманг-у,  ўзимнинг бир хулосамни айтаман: мини юбкалар аёлларнинг қадду қоматидаги нуқсонларни ошкор қилиб қўяркан”, деганди.

 

Энди замонавий руҳиятшуносларнинг фикр-хулосаларига қулоқ солсак, улар ХХI асрда дунёнинг тараққий этган давлатларидаги энг аччиқ муаммо – оилавий ажримлар, оилавий қадриятларнинг емирилиши, эру хотинларнинг бир-бирига бевафолиги ўша жойдаги хотин-қизларнинг ташқи қиёфасидан тортиб ички дунёсигача бепарда, очиқ-сочиқ бўлиб қолгани билан боғлиқлигини илмий изланишларининг хулосалари сифатида айтмоқдалар. Аксинча, ташқи қиёфасидан тортиб муоамала-муносабатларигача андишали, мулойим бўлган кўпроқ эътибор, муҳаббат қозонар экан. Аждодларимизнинг аёллар либосию таълим-тарбиясида айни шу жиҳатларга қаттиқ эътибор қаратишлари шунчаки шарқона урф-одат эмас, балки қисматига ҳаёт давомчиси, келажак авлод мураббийси бўлиш масъулияти, шарафи юкланган қизларнинг оилада, жамиятда она, инсон сифатида чин бахту саодатга эришиб яшашлари учун замин яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларидандир.

 

Яна сўзимнинг аввалига қайтаман. Назаримда, юқорида тарихи келтирилган оддий лапар-қўшиқдаям халқимизнинг доно ҳикмати мужассам: аёл киши тўкис либослар, андиша, ибо-ҳаё, камсуқумлик пардалари ичра яна ва яна жозибали, сирли, дилтортар, севимли, эъзозли, меҳру маҳаббатга муносиб бўлиб бораверади. Бу – ҳаётнинг ўзи каби кўҳна ва ҳаётга ҳамиша эш бўлиб қоладиган одоб-ахлоқ, маънавий юксаклик мезони. Афсуски, кейинги ярим аср мобайнида бу ҳикмат ва унинг амалидан узоқлашиб боряпмиз.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, ажойиб шоир Абдулла Орифнинг ўтган аср охирларида “Биз аёллар юзидан чимматни олдик, аммо уларнинг қалб пардалари кўтарилмасин” маъносидаги фикрида қанчалар дониш ва ҳадик бор...

 

Беибо, баҳаё, яланғоч суратларни омма эътиборига ҳавола этаётган айрим хусусий нашрлар, ижтимоий тармоқлар мутасаддиларига яна битта гапимиз бор: сиз ҳам қай бир онанинг фарзанди, қай бир аёлнинг турмуш ўртоғи, опа-сингилларнинг акаси ё укаси, жондек азиз қизларнинг отаси бўлишингиз табиий. Уларнинг шаъни, ор-номуси, обрўси, тарбияси, бахту камоли сизга шунчалар қадрсиз, аҳамиятсизми? Йўқса, уларнинг тимсоли бўлган аёлларнинг беҳаё қиёфадаги суратларини томоша қилмасдингиз, хонадонлардан фаришталарни қувадиган бундай сарқит матоҳларни кўпчиликка намойиш этмасдингиз.

 

Шов-шувни кўзлаб, моддий ёки яна қандайдир манфаатларни кўзлаб нафсингизга эрк берманг. Ҳар қандай меҳнат, изланиш эзгу мақсадга хизмат қилгандагина, элу юртга нафи теккандагина юзингизни ёруғ қилади.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси