Ижтимоий сафарбарлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бунинг учун нималар талаб этилади?


Сақлаш
15:07 / 22.07.2022 795 0

Халқлар ва давлатлар тарихидан шу нарса маълумки, тараққиётни орзу қилган ҳар қандай миллат ва мамлакат ўз олдига улкан мақсадларни қўяди, муаммоларини ҳал этишнинг турфа йўлларини излаб топади.

 

Яхшиси, бу масалани мамлакатимизнинг сўнгги беш-олти йилдаги ўзгаришлари мисолида кўриб чиқайлик. Хўш, мазкур қисқа тарихий даврда эришган ютуқларимизнинг сабаблари нималарда намоён бўлади?

 

Биринчидан, энди биз яқин тарихдан сабоқ чиқариб, ривожланиш ниқобидаги ҳавойи, мавҳум, одамларни чалғитувчи ғоя ва чақириқлардан воз кечдик. Олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимиз ўзининг реаллиги, илмий жиҳатдан тўғри ҳисоб-китоб қилингани билан ажралиб туради.

 

Иккинчидан, биз қайси ишни бошламайлик, ҳеч иккиланмасдан халқимиз ва мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жиддий эътибор қаратдик.

 

Учинчидан, мамлакат раҳбарининг оқилона сиёсати; Ўзбекистоннинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатида халқимиз тинчлиги, осойишталиги, фаровонлигининг бош мақсадга айланиши, янгиланишлар сари дадил ва мардона қадам ташлаш муҳим аҳамият касб этди.

 

Тўртинчидан, биз янги Ўзбекистонни қуришга бел боғлаган эканмиз, асосий диққатни халқимизнинг юксак маънавияти, буюк иродаси, битмас-туганмас қудратига қаратдик. Ана шу омиллар туфайли бугун дунёда ўзимизнинг мустаҳкам ўрнимизга, ўзимизга муносиб халқаро нуфузга эга бўлиб бормоқдамиз.

 

Бу фикрлар мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яқинда нашр этилиб, мамлакатимиз ва кўплаб хорижий давлатларда тақдимоти ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Китоб муаллифнинг қуйидаги сўзлари билан бошланади: “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир” (3-бет).

 

Китобнинг ўқишлилиги ҳисобот тарзида эмас, аксинча, муаммоларни очиқ тан олиш, энг муҳими, ўша муаммоларни ҳал этиш учун энг тўғри, илмий жиҳатдан асосланган йўлларни кўрсатиб бера олганлиги билан боғлиқ.

 

Келинг, яхшиси масалага қай тарзда ёндашилганини китобнинг “Маънавий тараққиёт” деб номланган бешинчи бўлими мисолида кўриб чиқайлик. Китобда маънавият-маърифат масалаларига алоҳида ўрин ажратилганининг муҳим ижтимоий сабаблари бор. Муаллиф олдимизда турган барча вазифа ва муаммоларни жиддий таҳлил қилади. Буларни китобда келтирилган қуйидаги бўлимлар номидан ҳам англаш мумкин: “Халқпарвар давлат”, “Адолат ва қонун устуворлиги – халқпарвар давлат пойдевори”, “Миллий иқтисодиётни ривожлантириш”, “Адолатли ижтимоий сиёсат”, “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар”, “Хавфсизлик ва ташқи сиёсат”. Гап шундаки, бу жабҳалардаги масалаларни маънавият ва маърифат воситасидагина ҳал қилиш мумкинлигига муаллиф алоҳида эътибор қаратган.

 

Бутун инсоният олдидаги мураккаб муаммолар ечимига қаратилган қуйидаги сўзларга эътибор қилишингизни истардим: “Менинг назаримда инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи – маънавият чироғи бор. Бу чироқнинг бошқалардан фарқи шуки, у инсоннинг онги ва тафаккурини ёритади, қалби, виждонини уйғотади, одамийлик ҳиссини кучайтиради” (259-бет). Бу ерда гап энг аввало ҳар биримизнинг онгу тафаккуримиз хусусида бормоқда. Қаерда онг ва тафаккур қай даражада бўлса, жамият ҳаёти ҳам шу даражада бўлади. Ундан ортиқча ё паст бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам юртбошимиз янги Ўзбекистонни барпо этишда билим ва тафаккур асос бўлишини ва бунга бутун халқимизни сафарбар этиш орқали эришишни ният қилган.

 

Сафарбарлик эса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бунинг учун икки муҳим нарса керак. Биринчидан, бутун жамият уйғониши, иккинчидан, жамиятдаги ислоҳотларга ҳамманинг дахлдор бўлиши талаб этилади. Шунинг учун “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя бугун ҳаётимизни ҳаракатга келтириб туриши шарт.  

 

Мамлакат раҳбари жамиятнинг уйғонишини, барчанинг ислоҳот иштирокчисигина эмас, унинг ташаббускори ҳам бўлишини истайди. Ҳар қандай ташаббус ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг учун юксак ақл, фаросат, уйғоқ қалб зарур бўлади. Бошқача айтганда, инсон маънан уйғониши лозим. Хўш, жамият қачон уйғонади? Жамият инсонлар уйғонгандагина уйғонади. Ана шундагина маърифатли одамлар жамиятдаги ислоҳотларнинг ташаббускори бўлиб майдонга чиқиши мумкин.

 

Китоб муаллифи янги маънавий макон ва маърифатли жамият тўғрисида муҳим фикрларни баён этади. Мутолаа жараёнида мен ушбу икки атаманинг бир-бири билан узвий боғлиқлигига амин бўлдим. Таъкидланишича, маънавий макон – биз орзу қилаётган янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси яққол акс этадиган, халқимиз интилаётган ва эл-юртимиз бахтиёр яшайдиган маърифатли жамиятдир (266-бет).

 

Мамлакат раҳбарининг Ўзбекистонда янги маънавий макон яратиш, маърифатли жамият барпо этиш йўлидаги барча эзгу ишлари ва ташаббусларини ёш авлоднинг тафаккур тарзини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ва дадил қадам сифатида баҳолаш керак. Бугун биз очиқ демократик, фуқаролик жамиятини барпо этишга астойдил киришдик. Бундай жамиятни фикрий, мафкуравий қулликдаги ожиз шахслар билан қуриб бўлмайди. Бошқача айтганда, янги жамиятни янгича тафаккур қиладиган шахслар билангина қуриш мумкин. Агар жамиятнинг тафаккур тарзи такомиллашмаган бўлса, юксак талабларга жавоб берадиган маънавият ва маърифат билан йўғрилган инсонларга катта эҳтиёж сезилмаса, бу вазифани адо этиш мумкин эмас.

 

Китобнинг яна бир аҳамиятини мен бугунги Ўзбекистон том маънодаги сифат ўзгаришларига интилиб яшайдиган шахсларга нечоғли муҳтож эканлигини асослаб беришда ва бу эҳтиёж ечимининг энг мақбул йўлларини белгилаб беришда кўрдим. Ҳақиқий ривожланиш жамиятнинг ва фуқароларнинг янгиланишга нисбатан эҳтиёжлари уйғун келганда бўлиши мумкин.

 

Бу жараёнда маънавият ва маърифат бош ролни ўйнайди. Инсоннинг борлиғи унинг қалбида акс этади. Қалб эса маънавият, маърифат булоғидан қувват олиб туриши керак. Акс ҳолда унинг ўрнини турли ёвуз мафкуралар эгаллайди. Улар эса инсонни ёвузлик, ваҳшийлик томон бошлайди.

 

Мутафаккир алломаларимиз одамларни бирлаштириб турувчи азалий амаллар инсонийлик ва юксак ахлоқ эканлигини бот-бот таъкидлаган. Ҳақиқатан ҳам шундай. Хўш, биз қачон ана шу том маънодаги инсонийлигу юксак ахлоққа эга бўлишимиз мумкин? Китобда ушбу вазифани жамият маънавий қиёфасини шакллантириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги қайд этилади.

 

Янги маънавий макон ва маърифатли жамиятни барпо этишдан ҳам оғирроқ вазифа йўқ. Бунинг учун аввало жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ва бунинг натижасида маънавий ҳаётдаги мудроқлик, худбинлик, фикрсизлик, нодонлик каби иллатларни бартараф этиш керак бўлади.

 

Китоб миллат ва ватан  келажагига  рахна солиши мумкин бўлган ҳар хил маънавий таҳдидлар ва хатарлардан бизни огоҳ этади. Шу боис муаллиф қуйидаги икки масалага алоҳида эътибор қаратади.

 

Биринчидан, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишда ватанпарварлик тарбияси, халқимизнинг эзгу идеаллари ва олийжаноб мақсадларига садоқат ғоялари шиор даражасида қолиб кетиб, миллий ғоянинг жаҳон тажрибасидан ўтган умуминсоний қонуниятлари ва Ўзбекистонга хос замонавий тамойилларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилмаган.

 

Иккинчидан, жамият ҳаётида дунёвий ва диний омиллар ўртасидаги мувозанатни тўлиқ таъминлашга ёрдам берадиган, кучли тарбиявий салоҳиятга эга ва халқимиз маънавиятини асрлар мобайнида мустаҳкамлашга хизмат қилиб келган умуминсоний ва миллий қадриятлар, азалий анъана ва урф-одатларимизнинг қадрсизланишига йўл қўйиш ҳоллари учрамоқда.

 

Албатта, миллат ва мамлакатимиз тақдири ана шу вазифаларни қай даражада бажаришимизга боғлиқ. Мазкур вазифаларни адо этиш механизмлари ҳам китобда ўзининг классик ифодасини топган. Шу маънода Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобини йўлимиз ва тараққиётимизнинг энг устувор йўналишларини белгилаб берган китоб дейишга асосларимиз бор.

 

Абдухалил МАВРУЛОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 2-сон.

“Маърифатли жамият орзуси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси