Миллат устунларини қадрламай, устунларга қўнган қарғаларга маҳлиё авлод – Эшқобил Шукур изтироблари


Сақлаш
21:07 / 19.07.2022 1090 1

Бундан кўп йиллар бурун, 1-синф ўқувчисидан тортиб мактаб директоригача пахта даласида жавлон уриб юрган пайтлари Эркин Воҳидов билан Дўрмонда гурунг қилганимизда, у киши айтган бир гап ҳеч эсимдан чиқмайди: “Дўппини бошдан олиб ўйлаб қарасак, дунё аллақачон иккига бўлинган. Дунёнинг қаеридадир осмонўпар бинонинг 60-қаватида костюм-шим ва галстукдаги одамлар креслода ястаниб, жаҳондаги жараёнларни бошқариб ўтирган бўлса, яна қаеридадир одамлар чангалзорларда уят жойини хас-хашак билан бекитиб, таёқ-найза кўтариб югуриб юришибди. Кийган костюм-шимимиз ва таққан галстугимизга қараса, ўша 60-қаватда дунё тақдирига таъсир кўрсатаётган одамларга ўхшаймиз. Тафаккуримизга қараса, чанглазорларда уят жойини хас-хашак билан ёпиб, югуриб юрган одамларга ўхшаймиз”. Эркин аканинг бу гапларидан қаттиқ таъсирланган эдим.

 

Кейинги пайтларда мени бир нарса қаттиқ ташвишга солмоқда. Бизнинг яқин тарихимизда миллатнинг миллат бўлиши учун курашган, кечаю кундуз тер тўкиб меҳнат қилган, миллий хазиналаримизни мустабид давр суронларидан омон сақлаб қолиш учун машаққат чеккан шундай мўътабар олимларимиз борки, ҳеч бирини танимаймиз. Мен ҳозир уч олимнинг исм-шарифини келтираман: Порсохон Шамсиев, Солиҳ Муталлибов, Қаюм Каримов (шукрки, бундай олимларимиз кўп). Айтинг-чи, уларни халқимизнинг неча фоизи танийди? Ўн фоизи десам, ошириб юборган бўламан, шекилли. Балки беш фоизи билар... Бунга ҳам шубҳам бор. Энди энг алам қиладиганини айтай. Ижтимоий тармоқларда бемаъни гаплари, тутуруқсиз қўшиқлари, бачкана қилиқлари билан от чиқараётган ёки оғзига келганини вайсаб, жилпанглаб юрган баъзи эстрада хонандаларини аҳолимизнинг неча фоизи танийди? Олмиш-етмиш фоизи десам, камайтмаган бўларман. Бу ўринда яхши қўшиқлари билан эл эътиборига тушган истеъдодли санъаткорларни назарда тутаётганим йўқ, айнан бачканалик ва бемаъниликни тарғиб қилаётган савиясиз отарчилар ҳақида гапиряпман.

 

Энди бир ўйлаб кўринг. Ватан ва миллатга буларнинг қай биридан фойда? Элнинг халқ бўлиши учун курашган ўша олимларданми ё элнинг оломон бўлиши учун хизмат қилаётганларданми? Авлодларга маърифат ва илм улашганлар қайда-ю, ёшларни бачканалик ва бемаънилик ботқоғига судраётганлар қайда? Сув келтирган азизми ё кўза синдирган? Бугун 16–25 ёшгача бўлган ўғил-қизлардан Порсохон Шамсиевни биласизми, деб сўровнома ўтказиб кўринг-чи? Кейин эса энг савиясиз эстрада хонандасининг номини айтиб сўров уюштиринг. Жавобларда шармандали ҳолга дуч келишингиз икки карра иккидай аниқ. Бу ҳолни сиз қандай баҳолайсиз, азиз замондош? Нега шундаймиз? Ўзбекча қилиб айтганда, “Қачон одам бўламиз?!” Элга нимадан фойда-ю, нимадан зарарлигини, миллат фахри кимлар-у, миллат қурти кимларлигини қачон ажратамиз?

 

Алишер Навоийнинг 1958 йили нашр этилган “Хамса”сини тез-тез варақлаб тураман. Оч малларанг муқовали кичик бир жомадондай келадиган (30 см х 22 см), 88,9 босма тобоқ, жами 853 (!) саҳифадан иборат китоб. Бу китобни бугун мамлакатда бармоқ билан санарли одам биладиган Порсохон Шамсиев тайёрлаган.

 

“Хамса”нинг айни шу мукаммал нусхаси навоийшуносликнинг барқ уриб ривожланишига хизмат қилди. Мумтоз асарнинг илмий-танқидий матнини яратиш нима эканини, ҳар қалай, тасаввуримга сиғдира оламан. Бу тоғни тешиб сув йўлини очиш билан баробар. Писта чақиш эмас. Ҳомидхон Исломий домла биргина “Насойим ул-муҳаббат”нинг танқидий матни устида 25 йил ишлагани бу юмуш қанчалар машаққатли эканини далиллайди.

 

“Хамса”нинг илмий-танқидий матни шу даражада катта иш эдики, унча-мунча ҳавойи даъвогарларнинг белини синдириб юборарди. Шунинг учун ҳам манаман деган давр маҳмадоналари бу ишни зиммасига ололмаган, яқинига ҳам йўлай олмаган. Порсохон Шамсиев эса 52 000 мисралик, 853 саҳифалик “Хамса”ни танқидий матнлари, тарихий нусхалари асосида мукаммал нашрга тайёрлаган. Бунинг қандай меҳнат эканини дап этса, даъво қиладиган, қуруқ иддаодан нарига ўтолмайдиган чаламуллалар тасаввурига сиғдира олмайди. Баъзи адабиёт олимиман ва шоирман деганлар 853 саҳифадан 100 бетини ўқишга ҳам ўзида куч тополмайди. Ҳолбуки, Порсохон домла бу китобнинг ҳар сўзига кўз нурини, қалб қўрини тўккан.

 

Домланинг бундан ташқари қанча хизматлари ва ишлари бор. Қуйидаги фактларга шунчаки ўткинчи назар билан эмас, виждон билан бир диққат қилинг: Порсохон Шамсиев Алишер Навоийнинг 15 томлиги учун “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Назм ул-жавоҳир”, “Арбаин” каби асарлари ва юқорида таъкидлаб ўтганимиз – “Хамса”нинг ҳамма достонларини нашрга тайёрлаб берган эди. Шунингдек, Қозон давлат университети қўлёзмалар фондида сақланаётган 1568 йили Ҳиротда Маҳмуд котиб томонидан кўчирилган “Илк девон”ни ҳам аниқлаган ва илмий тавсифини берган. 1487–1988 йиллари Ҳиротда Абдулжамил томонидан тузилган “Наводир ун-ниҳоя”нинг қадимги нусхасини топган ва Султон Али Машҳадий кўчирган варианти билан қиёслаб, асосий тафовутларни қайд қилиб чиққан.

 

Ҳайратланарли ишлар, ҳайратланарли меҳнат, муҳими, ҳайратланарли натижа! Лекин биз ҳайратланмаймиз. Ҳа, бўлса бўлгандир-да, иши бўлгандан кейин қилади-да, деб қўямиз-у, яна аллақандай майда-чуйдалар изидан чопишда давом этамиз.

 

Кейинги йилларда мен деярли ҳар куни, ҳеч бўлмаганда, икки куннинг бирида Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” китобини варақлайман. 1960–1963 йиллари нашр этилган бу китоб йўлдошимга, суҳбатдошимга айланган. Мен энг яқин дўстимдан кўра ҳам шу китоб билан кўпроқ гурунглашаман. “Девону луғотит-турк” уч жилдлик, индекси билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт жилдлик китоб. Биринчи жилднинг ўзи 499 бет. Ҳар жилд бошида кичик шрифтда бир ёзув келади: Таржимон ва нашрга тайёрловчи филология фанлари кандидати С.М.МУТАЛЛИБОВ. Қарангки, ҳатто исми ҳам тўлиқ берилмаган.

 

Туркий дунёнинг мислсиз хазинаси “Девону луғотит-турк”ни таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш жуда оғир, жуда мураккаб иш. Бу ниҳоятда катта билим ва тажрибани талаб этарди. Миллатимиз ва тилимизнинг минг йилликларидан хабардор одамгина бу ишга қўл уриши мумкин эди. Бошқаларнинг журъати ҳам, бардоши ҳам етмайди. Солиҳ Муталлибов бу тарихий ишни муваффақият билан бажарган. Олимнинг бундан ташқари ҳам қанча илмий, ижодий ишлари бор.

 

Юсуф Хос Ҳожибнинг 1971 йили “Фан” нашриётида чоп этилган “Қутадғу билиг” китоби 964 бет. Нашрга тайёрловчи филология фанлари кандидати Қаюм Каримов. Оддийгина фан кандидатининг қилган ишлари манаман деган академикнинг ҳиссасидан кам эмас. Профессор Ҳамидулла Дадабоев гурунгларимизнинг бирида: “Мен Қаюм Каримовнинг қадимги туркий сўзлар луғати қўлёзмасини кўрганман. Нақд 60 босма тобоқ эди! Афсуски, шундай катта иш қаерлардадир йўқ бўлиб кетди”, деган эди.

 

Бу одамлар совет отини миниб, чоптириб мазлум миллат хазиналарини топтаб ўтишмаган. Минбарларда оғиз кўпиртириб маддоҳларча шовқин-сурон кўтаришмаган, меҳнат қилишган, халқни халқ сифатида тутиб турган устунларни асраб қолиш учун дард ва матонат билан курашганлар. Булар қаторида Ҳоди Зариф, Ҳамид Сулаймон, Музайяна Алавия, Қутбиддинхон Муҳиддинов, Алибек Рустамов каби улуғ олимларимиз бор эдилар.

 

Бизни кечиринг, азизлар. Сизлар илм ва маърифат заҳматкашлари эдингиз. Мустабид тузум халқлар тарихини гўрга тиқаётган бир даврда “Хамса”ни, “Девону луғотит-турк”ни, “Қутадғу билиг” каби миллат хазиналарини асраб қолиш учун, миллат руҳини сақлаб қолиш учун жонингизни бериб ҳаракат қилдингиз. Игна билан қудуқ қаздингиз, теша билан тоғни тешиб ўтдингиз. Кўпларингиз дилда армон, кўзда ёш билан кетдингиз. Биз эса сизларни эслашга эринамиз. Бизни кечиринг, азизлар. Сизларнинг номингизни ҳар бир ўзбек билишини ва руҳингизга эҳтиром кўрсатишини чин юрагимдан истайман. Сиз шунга муносибсиз. Юқоридаги аччиқ гапларим ҳам шундан.

 

Юртимиздаги ёшларнинг кўпчилиги шу кунларда Африкадами, Австралиядами бирор эстрада қўшиқчиси пайдо бўлиб қолса, дарров таниб, билиб олади, бутун таржимаи ҳолигача ёдлайди, ҳатто суратини телефон ойнасига ўрнатиб қўяди. Аммо ўзбек халқининг минг йиллик тили, адабиёти ва тарихини қўлимизга тутқазган мўътабар олимларимизнинг исмларини билишни-да исташмайди.

 

Инсон 12–25 ёшгача ўта қалтис даврдан ўтади. Бу пайтда кимлардан ибрат олса, шуларга ўхшаб шаклланади. Ёшларнинг хотирасиз авлод сифатида шаклланишдан Худонинг ўзи асрасин.

 

Битта ҳақиқий олимни етиштириш учун миллатнинг қанча қони кетади, қанча тери тўкилади. Қон ва терни литрларда ўлчаб бўлмайди. Бу олимлар ҳазилакам одамлар эмас эди. Баъзан уларнинг суратларига қараб ўйга толаман. Порсохон домла, Қаюм Каримов домла... нақадар хокисор чеҳралар. Шундай улуғ ишларни қилишиб, яна тортиниб, қимтиниб туришади. Шайхзода айтганидай: “Э-э, замон оғир эди”. Эски ёзувни билганлари учун ҳам балога қолганлар бор. Китоб кўргани учун НКВД итларига таланганлар бор. Шунга қарамай, улар ўз вазифаларини сидқидилдан, муҳаббат билан адо этдилар. Бошларида зулм тегирмони айланиб турса-да, улар Навоий ё Кошғарийни қўйиб, мукофот тиланиб, сийловлар сўраб, илмий коммунизму атеизм сари юз бурмадилар.

 

Ҳамид Сулаймон уйида рафиқаси, олима Фозила Сулаймонова билан гурунглашганимда бир гапни айтган эди: “Ҳамид Сулаймон қамалиб кетишидан олдин Ғарб адабиёти билан шуғулланар эди. Қамоқдан бутунлай ўзгариб қайтди ва менга айтдики: “Фозила, умримдан қанча қолган бўлса, бу ёғини фақат Навоийга бағишлайман. Мен у ёқда шунга қарор қилдим!”

 

Мени яна ўша савол қийнайди: Порсохон Шамсиев, Солиҳ Муталлибов, Қаюм Каримов! Айтинг-чи, шу уч олимни ҳозирда миллатимизнинг неча фоизи танийди? Беш фоизи билармикин?.. Шундай ибрат мактаблари бўла туриб, енгил-елпи нарсаларга, бачкана қилиқларга, кўпик ҳою ҳавасларга маҳлиёлик нечун? Миллат устунларининг устунлигини билмай, шу устунга қўниб қағиллаб ўтирган аллақандай қарғаларга маҳлиё бўлиб юриш маърифатдан эмас. Буни ҳаммамиз, айниқса, ёшларимиз тўғри англаши керак. Мени яна ўша савол қийнайди. Жиддий ва аламли савол...

 

Эшқобил ШУКУР,

шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

1 Изоҳ

Ойимгул Мардонова

06:01 / 01.01.1970

Миллатимиз устунлари хақида ёш авлоднинг билмаслиги бу жуда катта маънавий йўқотиш дегани. Енгил елпи санъати билан агар уни санъат деб бўлса, машхурликка даъвогар бўлиб хар икки кунда мукофотлар билан сийланаетганларни хам юқорида ўтирган масъуллар қўллаб турса бошқалар нима дея олади. Уларнинг хомийлари ким? Миллатнинг буюкларини вафот топишини кутиб ўтирмай уларни хает пайтларида халққа, ёш авлодга ибрат этиб кўрсатиш керак. Амалга оширган ишларини қадрлаш ва эътироф этиш зарур. Биздачи эндигина инсон қадри сўралаяпти. Бугун хам фидойи, миллат учун, унинг асрлар давомида яшаб қолиши учун мехнат қилаетган азиз инсонлар бор. Фақат уларни СИЗ айтганингиздек вақтида илгашимиз, кўришимиз ва эътироф этишимиз жудаям зарур ва шарт

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси