Маънавий-маърифий ишларда масъулиятсизликка йўл қўйиб бўлмайди


Сақлаш
20:07 / 19.07.2022 1680 1

“Биз ўз олдимизга жамиятимизнинг янги қиёфасини яратиш, янги Ўзбекистонни барпо этиш масаласини стратегик вазифа сифатида қўйдик”. Президентимизнинг мана шу аниқ мақсадли, халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлида эзгу ҳаракатлар билан йўғрилган гапларини эслаганда, ҳар бир давлат хизматчиси ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши шартлиги англашилади.

 

Шу аснода, ҳар бир мақсадни амалга оширишда стратегик ёндашув аҳамиятини тушунгимиз келади. Бу, албатта, аниқ мақсад ва узоқни кўра билиб иш кўриш маҳоратидир. Кейинги йилларда нимаики ютуққа эришган, халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлаган бўлсак, уларнинг замирида давлат раҳбарининг нуктадонлик билан юритаётган халқчил сиёсати турибди. Албатта, қонунларга итоат, белгиланган мақсадларни ўз вақтида, бекаму кўст бажариш, ўз хизмат вазифасига сидқидилдан, фидойилик билан ёндашув принципи бор.

 

Гап шу ҳақда кетганида, мамлакатимиздаги ислоҳотлар ва мислсиз ўзгаришлар халқимиз ҳаётида акс этаётганини кўриб, дилимизда мамнунлик туямиз. Бир даврлар қуламас девор бўлиб кўринган муаммолар ўз ечимини топиб, янгидан-янги орзу-умидлар, мақсадларнинг қад ростлаши учун пойдевор яратилди.

 

Мавжуд жабҳаларнинг барчаси, аввало, халқимизга хизмат қиладиган бутунлай янги босқичга олиб чиқилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган адолатли тамойилга асос солинди.

 

Одамлар ҳаёти тубдан ўзгарди, фаровонлик даражаси ошди, шаҳарлар, қишлоқлар қиёфаси ўзгача фусун касб этди. Халқ ва давлат орасида мулоқот йўлга қўйилди. Давлат идоралари, давлат хизматчиларининг аҳоли олдида масъулияти ортди.

 

Мазкур ютуқ ва юксак марраларнинг ҳар бири, аввало, бурчга садоқат, ижро интизомига принципиал ёндашувлар асосида бўй кўрсатди.

 

Бу улуғвор жараёнда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам улкан қадамлар ташланди. Жамиятда қарашлар ўзгарди: эркин фикр, эркин сўз, эркин ахборот макони юзага келди.

 

Юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этиш, янги маънавий макон қуришда “Янги Ўзбекистон орзуси”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш” мақсади барчамизга янгича руҳ бағишламоқда.

 

Аммо маънавий-маърифий ишлар муайян бир даврда машғул бўлиб, кейин ўз ҳолига ташлаб қўйиладиган соҳа эмас. Юрт тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш борасида улкан мақсад ва вазифалар белгиланар экан, албатта, маънавий-маърифий соҳаларни юксалтириш биринчи галдаги вазифага айланади.

 

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”.

 

Мустаҳкам пойдевор устида мустаҳкам иморат барпо бўлади. Шундай экан, аждодларимиздан бизга қолдирилган бой маънавий мерос халқимиз тафаккури ва маънавияти илдизларини озиқлантириб туради, унга руҳий мадад ва яратувчи куч бахш этади.

 

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида мазкур йўналишда олдимизда турган муҳим вазифалар белгилаб берилган.

 

Хусусан, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбия узвийлигини таъминлаш маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

 

Шунингдек, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам юқоридаги вазифалар сирасига киради.

 

Ахборот технологияларининг бемисл тараққиёти инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Бутун оламни равшан кўрсатиб турган “ойнаи жаҳон” ҳаёт ва фаолиятимизнинг муҳим бўлагига айланди. Ундан оқиб келаётган ахборотлар таъсирида умргузаронлик қилмоқдамиз.

 

Шу боис, мазкур қарорда аҳолининг интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш борасидаги вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

 

Маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш билан четдан рахна солаётган ёт, бузғунчи ғоялар таъсиридан сақланамиз.

 

Маънавий-маърифий ишлар жараёнида геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамиша долзарб бўлиб қолади.

 

Мазкур улкан вазифаларни амалга ошириш учун ҳар бир масалага ватанпарварлик билан, виждон амри ила ёндашиш, самарали қатъий ижрони таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, интизомнинг ўзи ҳам маънавиятдир. Хўш, ўтган давр мобайнида белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича нималарга эришдик?

 

Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш мақсадида барча вазирлик ва идораларда Маънавият ва маърифат кенгашлари тузилди. Шунингдек, 102 та вазирлик, идора, уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари, жами 5 мингдан зиёд корхона ва ташкилот билан икки томонлама “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Ана шу асосда мамлакатда илк бор маънавий-маърифий ишларнинг янги тизими йўлга қўйилди. Бугун техник тараққиёт имкониятлари ишнинг натижадорлигини ҳам рўй-рост аниқлаб беради. Шу боис, Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини баҳолаш индикаторини ишлаб чиқди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги мажлиси баёни билан “Энг намунали туман”, “Энг намунали вазирлик ва идора” танловлари низомлари тасдиқланди. Шу асосда 2021 йилнинг июнь-август ойларида танлов иштирокчиларининг маънавий-маърифий йўналишдаги фаолияти ўрганилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Танлов ғолиблари “Дамас” автомобили ҳамда китоблар тўплами билан тақдирланди.

 

Президентимиз қарори асосида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Соҳада илмий тадқиқот ишларини кучайтириш мақсадида 2022 йилдан Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳузурида илмий даража берувчи илмий кенгаш иш бошлади.

 

Марказнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида киритилган жами 303 (шундан ҳудудий бўлимларга 28 та, туман/шаҳар бўлинмаларига 275 та) қўшимча штат бирлиги тегишли мутахассислар билан тўлдирилди.

 

Қурилиш вазирлиги томонидан “Маънавият ва маърифат маскани”нинг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2021 йилда 29 та туман/шаҳарда Маънавият ва маърифат масканлари қурилди. 2022 йил якунига қадар яна 100 та шундай маскан фойдаланишга топширилади.

 

Мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва профессионал таълим соҳасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу борада бошқа ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари киритилди ҳамда магистратура таълим босқичида “PR менежмент ва PR таҳлил” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда 2021 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кесимида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар учун семинар-тренинг ташкил қилди. Унда тарғиботчилар фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилиниб, услубий қўлланма, йиллик иш режа, ўқув материаллари намуналари яратилди.

 

Марказ томонидан Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликда ҳар ойда бир маротаба бу таълим муассасалари ўқувчилари ва таниқли ёзувчи-шоирлар, фан ва маданият арбоблари иштирокида учрашувлар ўтказиш, шунингдек, ижод мактабларида элга танилган актёр, адиб, режиссёр каби санъат вакилларини жалб қилиб, маҳорат дарсларини ўтказиш ҳамда “устоз-шогирд” анъанаси асосида таълим-тарбия сифатини ошириш, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси танловларини ташкил этишда ҳурматга сазовор бўлган ёзувчи ва шоирларни кенг жалб этиш тизими йўлга қўйилди.

 

Ёшлар ўртасида ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш бўйича давлат рамзлари қабул қилинган саналарни юртимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек, хориждаги элчихоналаримиз, ватандошларимиз, кенг аҳоли вакиллари, давлат ва жамоат фаоллари, ёшлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида катта байрам сифатида ўтказиш анъанага айланди.

 

Ҳарбий ватанпарварлик тарбияси борасидаги ишлар самараси ва таъсирчанлигини ошириш бўйича Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотлар билан ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

 

Темурбеклар мактаблари билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилди.  Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ўртасида Темурбеклар мактабларида Соҳибқирон Амир Темурнинг мардона руҳи, жасорати, саркардалик маҳорати, Ватанга бўлган буюк садоқати, юксак маънавий фазилатларини ёшлар онги ва қалбига сингдиришга қаратилган туркум тадбирларни ташкил этиш бўйича қўшма дастур тасдиқланди.

 

Жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси Тарих институти, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиянинг қўшма қарорига асосан, Темурбеклар мактаби ва Ёш чегарачилар ҳарбий-академик лицейлари ўртасида “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” шиори остида “Энг намунали таълим муассасаси”, “Энг намунали ўқитувчи”, “Энг намунали ўқувчи” танловларининг республика босқичи ўтказилиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, нодавлат телеканалларда 180 дан зиёд кўрсатув ва интервью эфирга узатилди. Марказда 15 та штат бирлигидан иборат Рақамли тарғибот бўлими ташкил этилиб, “Oyina.uz” электрон портали фаолияти йўлга қўйилди. 2022 йилда жадид маърифатпарварларининг 5 та китоби ва уларнинг аудионусхалари тайёрланиб, “Oyina.uz” электрон порталига жойлаштирилди.

 

Республиканинг барча ҳудудларида анъанавий тарзда “Маънавият фестивали” ўтказиш йўлга қўйилди. Унда 18 та ижтимоий лойиҳа ва тарғибот акцияси ўтказилмоқда.

 

2021 йил 1 апрелдан бошлаб олий таълим муассасаларида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор лавозими жорий этилди.

 

Иқтидорли ёшлар билан бирга, уларнинг ота-оналарига ҳам муносиб ҳурмат кўрсатиш мақсадида “Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри!” шиори остида республика анжумани ўтказиш йўлга қўйилиб, ўтган йили 70 нафар иқтидорли йигит-қиз ва уларнинг ота-оналари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” лойиҳаси доирасида ташкил этилган танловларга жами 10 мингдан зиёд ижодий иш тақдим этилди. Мазкур ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, жами 126 иқтидорли йигит-қизнинг ижодий ишлари сараланиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Илмий, ижодий, адабиёт ва санъат, ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича ўтказилган ушбу танлов доирасида 200 дан зиёд бадиий ва публицистик ижод намунаси, илмий мақолалар, замонавий медиа тарғибот лойиҳалари яратилди.

 

2022 йил июнь ойидан бошлаб ҳудудлар кесимида “Маънавият карвони” маданий-маърифий тарғибот тадбирларини ташкил этиш йўлга қўйилди. Бугунги кунгача Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган мазкур тадбирларда жами 1500 дан зиёд етакчи олим, маърифат тарғиботчиси, адабиёт, санъат соҳаси вакиллари жалб қилинди. Улар иштирокида барча маҳаллаларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, бадиий кечалар ўтказилди.

 

Бу аҳолига, оддий қишлоқ одамларига нима берди, деган савол туғилиши табиий. Аввало, ислоҳотларни, халқчил катта сиёсатни одамларга яқинлаштирди. Олис, чекка ҳудудларда яшаётган одамлар ҳам Президент эътиборида эканини, унга давлатнинг ўзи ғамхўрлик қилаётганини яна бир бор ҳис этди. Шунингдек, маънавий юксалиш эпкинида жамиятдаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси кучайди. Санъат, адабиёт намояндаларининг чиқишлари уларга янгича руҳ ва бунёдкорлик, шукроналик кайфияти бахш этди. Албатта, бу борадаги тадбирлар тизимли давом этади.

 

2021 йилнинг 19 январь куни ўтказилган йиғилишда Президентимиз: “Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Албатта, бу юксак ғоялар осмондан тушмаган. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, деган эди.

 

Бу ниҳоятда сермазмун ва ҳаётий қудратга эга мушоҳада замирида ҳам буюк келажакка асосни кўриш мумкин. Зеро, халқимиз тафаккурини озиқлантириб, ғурурлантириб турадиган тарихда халқимиз иродасини намоён этган улуғ бобокалонларимиз бор. Албатта, бугунги маънавий-маърифий ишларни жадаллаштиришда уларнинг ҳаёти, илм йўли, ижоди, яратган асарлари, қолдирган улкан ва бой меросига таянамиз.

 

2021 йил 2830 сентябрь кунлари Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб “Амир Темур дунё олимлари ва адиблари нигоҳида” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Франция, Германия, Россия, Туркия, Миср, Эрон, Покистон, Озарбайжон каби дунёнинг 14 давлатидан 17 хорижлик ва 60 дан зиёд маҳаллий олим қатнашди.

 

Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди жасорати, юрт озодлиги йўлидаги курашлари тарихини кенг тадқиқ этиш мақсадида “Жалолиддин Мангуберди изидан” илмий экспедицияси ташкил этилди. Ўрганишлар асосида ZOOM платформаси орқали Туркия, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон тарихчи олимлари иштирокида дастлабки илмий-амалий анжуман ўтказилди.

 

Қилинаётган ишларга қарамай, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотлар самарадорлигига тўсиқ бўлаётган қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Шундай экан, маънавий-маърифий ишларни амалга оширишда масъулиятсизликка йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, эзгулик, одамийлик, гуманизм ғоялари билан суғорилган янги маънавий макон яратишни мақсад қилган янги Ўзбекистонда ҳамма ҳаракатларимизнинг асоси фақат ва фақат халқимизни рози қилишга қаратилган.

 

Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида “Янги Ўзбекистон орзуси, бугунги кунларимизга нисбатан айтганда, ҳозирги даврнинг тақозоси, унинг асл қиёфасини, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавий асос, халқимизга хос яратувчанлик шижоати ва кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яққол ифодасидир”, деган эди. Мана шу гап ҳеч қачон ёдимиздан чиқмаслиги, ҳар бир бажараётган ишимизда дастуриламал бўлмоғи шарт. Шундагина биз кўзлаган мақсадларимизга, албатта, етамиз.

 

Минҳожиддин ҲОЖИМАТОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

 

Собир ШУКУРОВ,

Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири

 

Янги Ўзбекистон газетаси, 2022 йил 19 июль, 144-сон.

1 Изоҳ

Ойимгул Мардонова

06:01 / 01.01.1970

Хақиқий инсоннинг кўрки ва файзи унинг маънавиятидадир. Бозорчига маънавият керакми? деган бахс мунозараларга қараб хайрон қоласан киши. Ахир бозорлар хаетимизнинг бир бўлагику ахир. Инсонни барча мавжудоту махлуқотлардан ажратиб тургувчи _ бу унинг маънавияти экан , демак уни ривожлантириш, ёш авлодда шакллантириш устувор бўлиб қолиши керак. Юртимизда ОЛИБ борилаётган маънавий ислоҳотлар мазмун мақсади ёшларга чуқурроқ етказилиши зарур

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси