Дунёни яхшилик безайди – Қурбон ҳайити билан боғлиқ гўзал хотиралар


Сақлаш
03:07 / 10.07.2022 1131 0

Ҳар байрамнинг ўзгача шукуҳи бор. Ҳайит айёмлари меҳр-оқибат кўпроқ улашилиши билан кўнгилга яқин. Айниқса, тонгда таралган азон товуши, кўчалардаги саришталик, қўни-қўшниларнинг бир-бирига тансиқ неъматлар илиниши, пинҳона қилинган яхшиликлар файз беради. Болаларнинг-ку севинчи ичига сиғмайди. Oyina.uz юртдошларимиздан Ҳайит байрамлари билан боғлиқ гўзал хотираларини ёдга олишни сўради.

 

***

 

1993 йил май ойи бошлари эди. Эртага Қурбон ҳайити деган куни Чорсуга, мардикор бозорга чиқдим. Бир маҳал келиб тўхтаган автобусга одамлар “гурра” ўзини урди. Ҳеч ким “Нима иш, қанча берасиз?” деб қизиққани ҳам йўқ. Суришиб, талашиб чиқиб оляпти. Ўзини автобус ичида кўрганлар мамнун жилмаяди...

 

Не бахтки, мен ҳам бир бало қилиб автобусга илиндим. Ортимдан ҳайдовчи эшикларни ёпди. Ўттиз чоғли одам олган автобус қоп-қора “Мерседес”ни қора тортиб йўлга чиқдик. “Яланғоч” қабристонига бориб тушдик. Мен кичкина қишлоғимизнинг кичкина мозористонини кўрган 19 ёшли ўсмир, “Яланғоч” қабристонининг катталигидан ҳайратланганим кечагидек эсимда.

 

Бизни тўрт бригадага бўлишди. Менга 10 сотихдан зиёдроқ жойнинг ўтларини ўриб, супуриб, тозалаб қўйиш топширилди. Ишлаб чарчамайдиган, еб тўймайдиган ёшда эдим. Завқ билан ишладим. Орада одамлар келишар, яқинларининг қабри ёнида тиловат, дуо қилиб кетишарди.

 

Яхшигина пул олиб уйга қайтганмиз. Кейин билишимча, янги бойлардан бири савоб умидида ҳар йили ҳайит арафасида мардикор олиб келиб, қабристонни тозалатар экан. Бу айём ҳамма яхшилик қилишга, савоб амаллар бажаришга интилиши билан ҳам қадрли мен учун.

Ҳусан Карвонли

 

***

 

Ҳар йили ҳайит арафасида хўжайинимиз хонасига чақиради. Байрам билан табриклаб, қўлимизга конверт тутқазади. Биринчи гал негалигини сўраганимизда, “Эртага байрамингиз-ку, уйингизга бозорлик қилиб кирарсиз”, деганди. Кейинги ҳайитларда ҳам шундай бўлди. Фақат унинг бу ишини ҳеч кимга айтмаслигимизни сўрайди. Ўзи бошқа динга эътиқод қилса-да, ўзгаларнинг диний байрамини ҳурматлашидан ҳайратланаман. Квартирага келиб, хонадошлар билан ош дамлаймиз. Сўнг қўшни Аля холага чиқарамиз. У косани тўлдириб ширинлик қайтаради. Ватанда эмаслигимиз бирозга бўлса-да унутилади шундай лаҳзаларда.

Самадбек Муродов

 

***

 

Ҳар йили ҳайит яқинлашиши билан, болаликдаги ёқимли ва оғриқли хотиралар ёдимга келади. Бугун ҳам Тошкентдан Қашқадарёга қараб отландик. Йўл олис, хаёллар эса энг яхши йўлдош.

 

Болалигимда ҳамма байрамларни интизор кутардим. Бутун оиламиз жамулжам бўларди. Дадам, акаларим арафа куни тунда уйга қайтишарди. Тонгда уйғонишимиз билан остонада янги оёқ кийими пайдо бўлибдими, йўқми деб қарардик. Эрталаб аввал дадам бизга ҳайитлик деб пул берарди. Кейин акаларим. Йўлдами, кўчадами дуч келиб қолган қариндошлар ҳам ул-бул ширинлик олиш учун пул улашарди.

 

Қишлоғимизда бўйи чўзилиб қолган қизларга қараб, ҳайитлик келадиган қиз бўлиб қолибди-ку, дейишади. Боиси, унаштирилган опаларимизга ҳайитдан аввал куёв томон ҳолва юборарди. Бу вазифани ҳам биз болалар бажарардик. Икки кўзи тўлатилган хуржунни эшакка ортиб, устига бизни ўтқазиб қўйишарди. Катталардан бирор ким йўлбошчи бўларди.

 

Ҳайит куни тонг саҳарда қабристонга ўтганлар руҳига дуо ўқиш учун бориларди. Дадам бошчилигида катта отамнинг қабрини зиёрат қилиб чиқишимизда бир нидо қулоғим остида қолиб кетган. “Етмиш икки кун бўлди, бола-ам” – мусофирликдан тобути қайтган ўғлини тупроққа қўйган аммамнинг овози эди бу! Орадан кўп ўтмай, ўзи ҳам жигарбандининг ортидан кетди. Аммамни яхши кўрардим. Уни ҳар гал ёдга олсам, ўша нидо қалбимни тирнаб ўтади. Умримизнинг ҳайитлари кўп бўлсин. Яқинларимизни тириклигида йўқлаш насиб қилсин.

Мадина Норчаева

 

***

 

Талабалик йилларим ҳайит арафасида пулсиз қолиб кетгандим. Аксига олиб, ишдан ҳам бўшаганман. Ота-онамдан пул сўрагим келмасди, ёш болаларча ўжарлик сабабми, ғурурим йўл қўймаган бунга. Шундай пайтда хорижда ўқийдиган бир дўстим ҳайитлик қилиб каттагина маблағ юборган эди. Нима дейишни билмаганман, олмаслигимни айтганимда, “Бу йил тўлиқ рўза тутолмадим, ибодатларим ҳам чала. Кўнглингизга келтирмасангиз, буни эҳсон, ҳадя сифатида қабул қилинг”, деганди. Ҳайит кунлари шу воқеа такрор эсимга тушиб, ичим ёришиб кетади.

Нозима Ғофурий

 

***

 

Ҳайит байрамлари ҳақида эслаганда доимо хурсандчилик ва раҳматли онамнинг ийд намозидан қайтганимизда дарвозада кутиб олиб, “Сизлар ибодатдан келяпсизлар!” дея елкамдан олишлари ёдимга тушади. Бу байрамда энг кўп қувнайдиган, шубҳасиз, болажонлар. Болаликда йиғилган ҳайитликлар ва унинг ортидан келадиган саргузаштлар ҳамон ёдимда.

 

Қишлоқлардаги бир одат менга жуда ёқди. Ҳайит куни болалар қўлларига халта ушлаб, маҳалладаги хонадонларга “Байрам муборак!” деб киришаркан. Хонадон аҳли эса олдиндан тайёрлаб қўйган ширикликларидан улашаркан. Сўнгги уйдан чиқишда халталар тўлиб-тошар, болалар учун ҳақиқий байрамга айланаркан бу кун. Чиндан ҳам, Ҳайит – меҳр, эзгулик, шодлик айёми. Болаларга буни мурғакликдан юқтириш эса жуда чиройли қадрият.

Даврон Тожиалиев

 

***

 

Германияда мусулмон мамлакатларидагидек ҳайит нафаси сезилмайди. Лекин муслимшопларга харид учун борганимизда диндошларимизнинг байрамона кайфиятларини кўриб, кўнглимизга шукуҳ югуради.

 

Ҳайит куни турмуш ўртоғим болаларни масжидга олиб боради, уйга ширинлик ва совғалар билан қайтишади. Яқинлардан, юртдошлардан узоқ бўлганимиз боис болаларимга байрамона кайфият бағишлаш учун ҳайитларда креативроқ бўлишга, уй ва дастурхонни ўзгача безатишга, миллий таомлар пиширишга ҳаракат қиламан.

 

Хонадонимизда нашидалар янграйди, кўп дуолар қиламиз. Ҳар бир оила аъзомизга алоҳида совға ҳозирлайман. Ватандан узоқда бўлсак ҳам, яқинларимиздан келадиган мактублар, табриклар кўнглимизни тоғдек кўтаради.

Маърифат Нур

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси