Ижодий изланишлар бесамар кетмайди – журналист, шоир ва таржимон Зикрилла Неъмат фаолиятига чизгилар


Сақлаш
16:06 / 28.06.2022 915 0

Инсонлар бор, бирор бир соҳани танладими, фақатгина шу иш билан чекланади. У ўзи учун бошқа имконият эшикларини ёки биратўла ёпади ёки хаёлига келтирмайди. Доимо ўзи танлаган  соҳа атрофида бўлиш, ундан четлашмасликни ўзи учун жуда тўғри йўл деб билади. Ва яна шундай инсонлар ҳам борки, улар қайси касбда бўлмасинлар, қалбига яқин бўлган ишларга иккиланмай уннаб кетаверадилар ва яхшигина уддалайдилар ҳам. Айни дамдаги фаолиятлари эса уларга деярли халақит қилмайди, аксинча, уларга илҳом бахш этиб, янада фаол ҳаракатга ундаб, янги қирралари сифатида намоён бўлади. Айнан шунинг учун ҳам бу каби инсонларнинг муваффақиятга эришиш имкониятлари кўпайиб бораверади.

 

Ана шундай қилган меҳнатлари ва ҳаракатлари зое кетмаётган, ўз касби ва ижодкорлиги орқасидан ҳурмат ва қадр топаётган инсонлардан бири, узоқ йиллар қатъий тартибли соҳада фаолият олиб боришига қарамасдан, қалби адабиётга яқин бўлган шоир ва таржимон, маънавият тарғиботчиси Зикрилла Неъматдир.

 

Зикрилла Неъмат (Неъматов Зикрилла Хайриевич) 1961 йилда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Миробод туманидаги 154 мактабда ижодий-маданий масалалар бўйича  тарғиботчи сифатида самарали фаолият юритиб, қисқа вақтда катта тажриба тўплаб, амалда буларни исботлай олди ва натижада “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” Республика танловида фахрли 2-ўринга лойиқ топилди.

 

1983 йилда ТошДУ (ҳозирги Ўз МУ)нинг журналистика факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирган Зикрилла Неъматов 1985 йил ноябрь ойида Бухоро вилоят ИИБ Ғиждувон тумани ички ишлар бўлимига милиционер бўлиб ишга қабул қилинади. 1989 йилда университетни тамомлаб,  1990 йилдан эътиборан  2001 йилгача  Бухоро вилояти ИИБ сиёсий бўлим инспектори, ўта муҳим ишлар бўйича катта инспектор ва бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

 

1996 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси сиртқи бўлимига ўқишга кириб, 2001 йилда уни муваффақиятли тугатган. 2001-2007 йиллар давомида у Ўзбекистон Республикаси  ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби илмий-тадқиқот ва таҳрир-нашриёти бўлимида бош муҳаррир каби лавозимларда ҳам жонбозлик кўрсатган. Аслида, бу соҳага журналистика орқали кириб келган қаҳрамонимиз 2009-2013 йиллларда Республика ИИВ “Постда”-“На посту” газеталари, “Қалқон”-“Щить” журналлари бирлашган таҳририятининг бош муҳаррири бўлиб ҳам фаолият юритган.

 

 

Зикрилла Неъматов болалик чоғидан бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб келади. 1976-1977 йилларда, яъни 7-8-синфда ўқиб юрган пайтларида шеър ва мақолалари билан туман, вилоят ва республика болалар газеталарида қатнашиб турган.

 

2006 йилда  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. 2013 йилдан 2017 йилга қадар Республика ИИВ матбуот бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. 2017 йил июль ойида ёши бўйича нафақага чиққан. Унвони полковник.  2019 йилдан Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси. Ўша йили “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” Республика танлови ғолиби бўлган.

 

2021 йилдан эътиборан эса Тошкент шаҳар Миробод туман 154 мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, 2022 йилдан бошлаб Республика ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори сифатида ҳам хизмат кўрсатиб келмоқда.  Аслини олганда, фаолиятининг кўп қисмини ички ишларда ўтказган бўлишига қарамасдан, қалби адабиётга, шеъриятга яқин бўлган ижодкор Зикрилла Неъматнинг 25 дан ортиқ шеърий китоблари, 20 дан ортиқ мақолалари чоп этилган. “Юртим навоси”, “Ватан ва муҳаббат”, “Қайтар дунё”, “Муҳаббатсиз яшаб бўлмас”, “Остонадан бошланар Ватан”, “Онам экан райҳонлар” (сайланма), “Мухаммас гулшани”, “Навоийдан наво истаб”, “Бухорони соғинмай бўлмас” каби тўпламлари шулар жумласидандир. Жорий йилда эса шоирнинг “Бобомдан мерос боғлар” номли китоби нашр этилди.

 

Зикрилла Неъмат таржимон сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатиб, Сергей Есенин, Михаил Лермонтов, Александр Блок, Велимир Хлебников, Якуб Колас, Иван Франко, Анастация Дмитрук, Владислава Ильинская, Расул Ҳамзатов, Абай, Ўлжас Сулаймон  каби машҳур шоир ва ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган. Яқинда рус классикларининг “Рус адабиёти дурдоналари” рукни остида чоп этилган С. Есенин, А.Блок, В. Хлебников китобларида Зикрилла Неъмат таржимасидаги кўплаб шеърлар ҳам жой олгани қувонарли ҳолдир ва 2022 йилдан бу таржима китоблар барча умумтаълим мактаблари кутубхоналаридан жой олди.

     

 

Шунингдек, шоиримизнинг шеърлари, таржималари ва мақолалари Республиканинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ватанпарвар”, “Туркистон”,  “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”  каби номдор газета ва журналларда чоп этилиб келинмоқда.

 

Жорий йилнинг 15-16 май кунлари ўтказилган “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” Республика танловида фахрли 2-ўринни қўлга киритган Зикрилла Неъмат бундан авввал ҳам Республика миёсида ўтказилган танловлар ғолиби бўлган.  Жумладан, 2012 йилда “Ватан ҳақида қўшиқлар” китоби учун “Энг улуғ ва энг азиз” Республика танловида 2-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йилда “Марди майдонлар юрти” китоби учун “Посбонингман, муқаддас Ватан” Республика танловида 3-ўринга сазовор бўлган. Шоирнинг шеърлари ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги “Ўзбекистон – Ватаним маним!”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” ҳамда “Мардлар қўриқлайди Ватанни” каби кўрик-танловларда 1-ўринларни эгаллаган. Бундан ташқари, Зикрилла Неъмат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг мардлиги ва жасоратини очиб берувчи “Ғалаба-75” бадиий-публицистик асарлар танловининг “Энг яхши шеърий асар” номинацияси бўйича 1-даражали диплом, “Аёлга эҳтиром” Республика ижодий танловида эса 3-даражали диплом, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” Республика танловида 1-ўрин соҳиби бўлган.  

 

Ижодкорнинг юздан ортиқ  шеъру ғазаллари асосида куйланган қўшиқлар халқимизнинг таниқли ҳофиз ва санъаткорлари  – Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Исмоил Жалилов, Тошпўлат Маткаримов, Ойбек Ҳамроқулов, Ўлмас Оллоберганов, Юлдуз Турдиева, Роҳила Розумова, Дилноза Исмияминова, Лола Аҳмедова, Дилшод Бойхонов, Камолиддин Раҳматов, Зокиржон Тўйчиев, Фарҳод Қамбаров, Суҳроб Ҳамдамов,  Алишер Ҳамроев, Озода Аҳмедовалар  томонидан куйланиб, телевидение ва радио орқали тез-тез эфирга узатилади. Мана унинг Ортиқ Отажонов ижросидаги Дунё шеъридан бир тўртлик:

 

Яхшидир, ортингдан яхши от қолса,

Ҳикматларинг мангу барҳаёт қолса,

Инсоний номингдан бир исбот қолса,

Сени мангуликка элтар дунё бу!

 

Тажриба тариқасида қайд этиш ўринлики,  ИИВ фахрийси, истеъфодаги полковник Зикрилла Неъмат Миробод туманидаги 154 мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси лавозимидаги фаолияти давомида бир қатор ибратли ишларни амалга оширди. Жумладан, мактаб ўқувчилари учун “Ёш ижодкорлар” , “Ёш китобхонлар ва нотиқлар”, “Ёш мусаввирлар” тўгараги ва машғулотларини ташкил этди. Ёш ижодкорларнинг шеърлари “Тонг юлдузи”, “Гулхан” каби болалар газета ва журналларида чоп этилишида ташаббус кўрсатиб келмоқда. Унинг кўмаги натижасида бир қанча ўқувчи ёшларнинг биринчи китоблари нашр этилган. Энг таҳсинга сазовори Зикрилла Неъмат мактабнинг кам таъминланган 8 нафар ижодкор ўқувчиларини “Тонг юлдузи” газетаси, “Ғунча” ва “Гулхан” журналларига беминнат обуна қилиб берган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан мактаб кутубхонасига ҳам ушбу болалар нашрлари мунтазам равишда келиб турибди ва болажонлар бу газета-журналларни жон деб қизиқиб ўқишмоқда. Ўзлари ҳам шеър ва ҳикоялар ёзиб, расмлар чизиб, болалар нашрлари таҳририятларига юборишмоқда. Ҳозирга қадар мазкур мактабнинг ўн беш нафар ўқувчиларининг ижод намуналари Республика болалар нашрларида чоп этилди. Бу эса адабиётга меҳр қўйган бу ёш юракларни янада руҳлантирмоқда.

 

 

Республика Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам фаолият юритаётган ижодкоримизнинг фақат биргина иш билан чекланиб қолмаётгани, ўзи севган ижодкорликни ҳам тенг олиб бораётганлиги ва ёшларга буни тарғиб қилиб, уларни илм олишга, курашишга ўргатиб келаётганлиги таҳсинга сазовордир.

 

Дарҳақиқат, юқоридаги қаҳрамонимиз тимсолида айтишимиз мумкинки, Яратган томонидан юқтирилган ҳар қандай истеъдод бор экан, албатта, қайси соҳада бўлмасин, бу истеъдодини амалга оширишга вақт ва имкон топа олади. Ва уни ёшларга тарғиб ҳам қилиб, яхши натижаларга эришиши мумкин. Фақатгина унда курашувчан фидойилик туйғулари сўнмаса бўлгани. Унутманг, “Агар альпинист чўққини забт эта олмаса, айб чўққида эмас”.

 

Беҳруз ХУРРАМ,

ЎзДЖТУ талабаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси