Илм, тафаккур билан янги уйғониш сари


Сақлаш
12:09 / 01.09.2021 767 0

Дунё одамзот учун яратилган. Шундай экан, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, авлоддан авлодга мукаммал етказиш,  одам зотининг зиммасидаги  масъулият. Бунда Яратган Эгамнинг бизга берган буюк инояти – илм-заковат, фаҳм-фаросат, одамийлик бурчи муҳим аҳамият касб этади. Тарих шоҳидки, илм йўлини тутган давлатлар гуллаб-яшнаган, муаммолар ақл-идрок билан ҳал этилган. Инсон тафаккури  олис юлдузларгача етиб борган.

Исломий манбаларда Касир ибн Қайсдан қилинган қуйидаги ривоят келтирилади: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан қуйидагиларни эшитдим: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Олимга осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар ўзларидан динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдиришмаган. Улар илмни мерос қолдиришган. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”.

Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?”, деб сўрашди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?”, дедилар”.

Илм хосияти ҳақида кўп улуғ фикрлар айтилган. Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаётган юртимиз маънавий-маърифий ҳаётида юз бераётган салмоқли ўзгаришлар хусусида гап кетганда, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг илмий тафаккур оламига қайтаётгани биринчи  галда  тилга олинади. Чунки, илм шундай улуғ кучки, бартараф этишда унинг қурби етмайдиган бирор муаммо йўқ. Илмнинг ал-заковат чироғи билан ёритилган  йўл инсониятни ҳидоятга, тинчлик-тотувликка йўналтиради. Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбарининг БМТ минбарида туриб, “Маърифат ва диний бағрикенглик”  деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи, 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилиши,  “Миллий тикланишдан – миллий тараққиёт сари”, деган  қутлуғ мақсад ҳаётимизга, онг-шууримизга янгича шукуҳ бахш этди. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти олдидаги  маънавий нуфузи  ошди: биз илм-фан тараққиётига, янги замонавий технологиялардан  унумли фойдаланишга, рақамли иқтисодиётни йўлга қўйишга, янгича дунёқарашга эга янги кадрларни тайёрлашга, бир сўз билан айтганда, илм-маърифат йўлини тутиб, одамларнинг турфа хил талаб ва эҳтиёжларини  қондириш, жамиятнинг барча аъзолари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига эришишни ўзимиз учун бош мақсад қилиб белгиладик.

Тўрт йил тарихан  қисқа муддат. Аммо унинг ҳар куни, ҳар бир соати бой мазмун-моҳиятга, амалий натижага эгалигига шоҳидмиз. Ички ва ташқи сиёсатда инсон манфаати билан боғлиқ янги саҳифалар очилди, етакчи хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қондош ва жондош қўшни мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ўзбекистон раҳбарининг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат-эҳтиромга асосланган сиёсати минтақа ижтимоий-маънавий ҳаётига ҳам таъсир кўрсатди. Давлат-жамият-шахс муносабатлари очиқланди. Ҳар бир кишида, айниқса, ёшларда  ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси пайдо бўлди,  ташаббускорлик, етакчилик кайфияти юзага келди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими муттасил равишда такомиллашаётгани, ёш оилалар ҳар жиҳатдан қўллаб қувватланаётгани, муҳтож ва ногиронларга уй-жой берилаётгани дунё миқёсида олганда ҳам янгиликдир.

Ўзбекистон бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлидан бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, миллий тараққиётга эришишнинг бошқа самарали йўли йўқ. Замон шиддат билан ривожланиб борар экан, бундай шароитда  жамиятга янги фикр, янги ғоя, янги инновацион сиёсат, янги етук кадрлар зарур бўлади. Бусиз кўзланган марраларга етиб бўлмайди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония ва бошқа давлатлар айни шу йўлга ўтиб, қисқа вақт ичида мамлакат иқтисодиётини қайта йўлга қўя олганлар.

Йиллар бир-биридан  фарқ қилади. Худди шундай, бугунги дунё ҳам кечаги эмас. Ҳар бир давлат ўз манфаати учун курашади, бу курашда  табиий бойликлар тасарруфини қўлга киритиш, ўзга халқларнинг турмуш тарзини “замонавийлаштириш”, оломон маданиятини тарғиб қилиш орқали  ёшларни бефарқлик ва бундан келиб чиқадиган худбинлик касалига мубтало қилиш мақсади ётади. Мафкуравий хуруж кўринмас офат янглиғ халқ, миллат ҳаётига кириб келади, ёшлар онгида  илдиз отади, одоб-ахлоқ қоидаларини емиради, онг-шуурда хиёнат ва сотқинликка  майл уйғотади. Бу хуружларга  илмий тафаккур, мустаҳкам имон-эътиқод билангина қарши туриш мумкин.

Бугун жамиятимизда тафаккур уйғоқлиги мавжуд, илм эшиклари очиқ, десак муболаға бўлмайди. Уйғоқлик  давлат ва жамиятни ҳаракатда, демакки, ривожланишда ушлаб туради, тараққиёт йўлларини очади. Фикр мудрай бошласа, жамият мудроқлик, эътиборсизлик касалига мубтало бўлади.  Абу Ҳомид Ғаззолийнинг қуйидаги фикрига эътибор беринг: “Суннатда бир соат фикр қилиш бир йиллик нафл ибодатидан яхшидир. Фикр – нур калити, фаҳмлаш ибтидоси. У илмларни овлайдиган тўрдир...”.

Илмларни эгаллашдаги сусткашлик, бепарволик хусусида кўп ва хўб ёзилган. Абдулла Қодирийнинг “Аҳволимиз” шеърида ўқиймиз:

Кўр бизнинг аҳволимиз – ғафлатда қандай ётамиз,

Жойи келган чоғида виждонни пулга сотамиз.

Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак,

На Худони буйруғи бўлган улум ўрготамиз.

Қорнимиз шундан иборат бўлди ушбу чоғида,

Ўнтадан бедона боқиб, ёзу қиш сайротамиз...

Келингиз, ёшлар, зиёлилар, бу кун ғайрат қилинг,

Ухлаганлари агар, Қодир эса, уйғотамиз.

Таниқли мутафаккир  Исмоил Гаспринский “Таржимон” газетининг 1883 йил 15-сонида эълон қилинган “Меҳнат ва тараққиёт” номли мақоласида қуйидаги сатрларни куйиниб ёзган эди: “Муаллимлик (бизда) қадрсиз, шарафсиз. Мактаблар ночор. Мадрасалар ночор. Лондонга боринг-да, дуч келган биринчи мактабга киринг: 10–12 ёшлик болаларнинг фикр-қарашлари қанақа? – Биздаги қирқ ёшлик кишилардек фикрлайдилар. Бир неча тил ўрганадилар, етти-саккиз фан ўқийдилар... Мактабда илм ўргатилади. Кўчага чиқсангиз, оддий одамлар ҳуқуқ ва фалсафа, ижтимоиёт ва сиёсат ҳақида шундай фикрлайдиларки, ҳайрон қоласиз. Кутубхоналарда хилма-хил тилларда миллионлаб китоблар... Фабрика-заводларга киргудек бўлсак, унда кўрганларимиз биз учун охирзамоннинг нақд ўзи: беш юз йиллик эман қалинлигидаги маъданни ёғдай кесадилар, минг пудлик темир чўкич уни  дазмоллаб, инжа (нафис) тунукага айлантиради. Инглизлар бунга меҳнат ва билим туфайли эришдилар...”.

Ачинарлиси шундаки, Ғарб олами бундай даражага “Шарқдан шовлаб оққан шон” (Чўлпон) туфайли, яъни улуғ аждодларимизнинг илмий мероси туфайли эришди. Шундай бўлдики, ҳаётимизда, турмуш тарзимизда ва, айниқса, тарбия ишида  мавжуд бўлган ноқисликлар, феъл-атворимиздаги нуқсонлар, бепарволик, танбаллик, маҳаллийчилик кайфиятлари  хусусида гап очилса, кўплар буларнинг ҳаммасига бугунги “алғов-далғов замон айбдор” деб келдик. Аслида-чи? Бу саволга шоир Тавалло ўз вақтида ғоят ўринли жавоб берган:

Тескари деманг, замон, бизнинг юришлар тескари,

Элдин ибрат олмайин, бизда туришлар тескари.

Йўқ деманг, бизда муҳаррир, шоир, эй, аҳбоблар,

“Ой юзунгдан, вой кўзунгдан” деб ёзишлар тескари.

Ўзгалар тонг отмайин мактабга юзланганида,

Тушгача уйғонмайин бизда ётушлар тескари...

Мискин домла ХХ аср бошларидаёқ “Илмсизлик миллатни охир-оқибат хароб қилади, эл-юрт бошига неки азоб, неки хароблик келса, билингки, бу – илмсизлик оқибатидир. Бошқалар илм булоғидан баҳраманд бўлиб, тўйиб турганларида, биз оч-яланғоч ўтирибмиз. Бас, биз ҳам илм олишга жаҳду жадал қилайлик, илм боғида булбулдек сайрайлик. Умр беҳуда ўтиб кетади, чойхонаю майхонани макон айлаб, ёнбошлаб ётавермайлик. Олиму фозиллар  боис дину миллат обод бўлғай”, дея ўз ватандошларини илм зиёсига даъват этган эди. Бу огоҳлик сатрлари ҳамиша ёдимизда бўлиши керак.

Тарихнинг бу сабоқларини унутиш мумкин эмас. Бугунги мураккаб шароитда ҳар бир давлат ўзи кўзлаган  мақсад сари интилар экан, илм-фан ютуқларидан  самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бугунги кунларимизнинг  ёрқин воқеаларидан бири давлатимиз раҳбарининг илм-фан ривожига ғоят кенг маҳсулий эътибори десак, чин ҳақиқатни айтган бўламиз. Фалаж аҳволга тушиб қолган Фанлар Академияси томирларига қайта жон киргани кўз ўнгимизда содир бўлди, академия таркибида янги илмий-тадқиқот  марказлари ташкил этилди.  Мамлакатимиз олий ўқув юртларининг сони бир юз ўттиздан ошди, нуфузли хорижий ўқув юртларининг филиаллари Ўзбекистонда фаолият бошлади, кечки ва сиртқи бўлимлар тикланди. Малакали шогирдлар етиштирган олимларга эътибор кучайди, “Устоз-шогирд” анъаналари қайта йўлга қўйилди. Олий ўқув юртлари раҳбарларига маълум  мустақиллик берилди. Энг муҳими, “квота” деган тўсиқ бекор қилинди. Фақат футболда эмас, илмий йўналишда ҳам ўзига хос “селекция” билан шуғулланиш, иқтидорли ёшларни имтиёз асосида, тегишли йўналишларда катта натижаларга эришганларни имтиҳонсиз  ўқишга қабул қилиш тажрибаси синовдан муваффақиятли ўтди. Таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, янги профессионал таълим тизимига ўтиш жараёни бошланди. Бу жараён ушбу соҳада ишлайдиган ходимларнинг малакасини ошириш, илғор дунёвий тажрибалар билан қуроллантиришни, бир сўз билан айтганда, таълимга янги стратегия нуқтаи назаридан ёндашишни  талаб этади. Шу боис мамлакатимизда ишга туширилган инновацион ишлаб чиқариш қувватларига янгича фикрлайдиган, кенг қамровли билим ва амалий тажрибага эга мутахассислар жалб этилмоқда. Мисрлик таниқли олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг фикрича, Самарқандда имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказининг очилиши соғлом ақл ва тўғри нақлни ўзида мужассам этган ҳақиқий салафи солиҳларнинг ақидасини ўрганиш ва тарғиб қилиш бугун дунёда ўта хавфли тус олган экстремизм ва терроризмга қарши самарали курашиш имкониятини беради. Кўплаб кузатувчилар Ўзбекистон раҳбарининг таълим соҳасидаги ислоҳотлари  мамлакат илмий ҳаётида  катта сифат ўзгаришлари юз бериши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Инсон ҳамиша яхши кунларга умид қилиб яшайди. Ҳаёти, турмуш тарзи  ўзгаргани сари кўнглида янги-янги орзу-умидлар пайдо бўлади. Бундан минг, икки минг йил аввал ҳам шундай бўлган. Бугун ҳаётнинг барча соҳалари мислсиз даражада ривожланган, инсон оёғи Ойгача, тафаккури бошқа галактикаларгача етиб борган шароитда ҳам янада яхшироқ яшаш умиди   сўнгани йўқ ва сўнмайди ҳам. Олимларнинг фикрича,  илму маърифат, ақлу идрокда донишмандлик даражасига етган ва бу ёруғ оламда камида юз йил яшаган киши ўз имкониятларнинг атиги бир неча фоизидан фойдаланган бўлар экан, холос. Шундай экан, “Ҳаракатда баракат”, деган нақл ёдимиздан чиқмаслиги керак.

Тўрт йил ҳар жиҳатдан олганда ҳам бир зумлик вақт. Аммо унинг ҳар куни, ҳар бир соатида ўзига хос мазмун-моҳият мавжуд. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон янги ижтимоий-маънавий қиёфага эга бўлди. Ҳеч қачон ортга қайтмайдиган  йўли, мақсад-муддаоси, яқин келажакка мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси шаклланди. Мамлакатимиз мадҳиясида эътироф этилганидек, халқимизнинг улуғ қудрати жўш урди, ташаббускорлик, ишбилармонлик умумхалқ ҳаракатига айланди. Янада фаровон, мазмунли кунларга ишонч мустаҳкамланди.  2019 йили қабул қилинган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонун илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишлари – илмий фаолият соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш; ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш,  интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлашнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.  Мамлакатимизда Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши эса бу борадаги кўламли ишларни талаб даражасида олиб боришга имконият яратди. Буларнинг барчаси мамлакатимиз ўзининг илм-фан соҳасидаги дунёвий шон-шуҳратли йилларига дадил қайтаётганидан далолат беради. Бу қайтиш, чиндан ҳам, янги Уйғониш бўлади.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси