Маънавият ва маърифат масканлари Ақл марказларига айланажак


Сақлаш
19:02 / 17.02.2022 2231 0

Янгиланаётган Ўзбекистонда аҳоли маънавий дунёқарашини янада бойитиш, ёшлар онгида миллий қадриятларга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш борасида кейинги йилларда амалий чоралар кўрилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари 2021 йил 26 мартда имзолаган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республика бўйича жами 195 та Маънавият ва маърифат маскани қуриш белгиланган. Шундан 48 таси 2021 йил, 74 таси 2022 йил, 73 таси 2023 йилларда қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

 

Президент бу бинолар келажакда ақл марказларига айланиши лозимлигини таъкидлагани бежиз эмас. Маънавият ва маърифат масканларида ёшларнинг ўз устида ишлаши учун барча имкониятлар яратилган: замонавий техник жиҳозлар, электрон ва босма кутубхона, тўгараклар хонаси, IT марказ, тадбирлар зали ва бошқалар.

 

Ўтган йил давомида Маънавият ва маърифат масканларининг очилиш маросимлари тантанали ўтказилиб, бирма-бир фойдаланишга топширилди. 2022 йил 5 январь ҳолатига кўра, Республикамизнинг Андижон шаҳри, Бўстон, Марҳамат туманлари (Андижон вилояти), Когон, Қоровулбозор, Жондор туманлари (Бухоро вилояти), Бахмал ва Фориш туманлари (Жиззах вилояти), Навоий шаҳри, Конимех тумани (Навоий вилояти), Самарқанд шаҳри, Пахтачи, Нарпай, Пастдарғом туманлари (Самарқанд вилояти), Боёвут ва Янгиер шаҳри (Сирдарё вилояти), Музработ ва Ангор тумани (Сурхондарё вилояти), Бувайда, Бешариқ, Бағдод, Ўзбекистон, Учкўприк, Сўх туманлари (Фарғона вилояти), Қарши шаҳри ва Шаҳрисабз тумани (Қашқарё вилояти), Хива шаҳри ва Янгибозор тумани (Хоразм вилояти)да жами 28 та Маънавият ва маърифат маскани фойдаланишга топширилди.

 

 

Маънавият ва маърифат масканлари орасида биринчилардан бўлиб аҳолига эшикларини очган Қарши шаҳридаги замонавий ва барча қулайликларга эга икки қаватли муҳташам бинонинг биринчи қаватида нуронийлар ҳордиқ чиқариши учун дам олиш хонаси, тренажёр заллари, кутубхона, ошхона, ювиниш хоналари, шунингдек, анжуманлар зали жойлашган. Юқори қаватда эса Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимлари фаолият кўрсатади. Раҳбар ва мутахассислар хоналари, мажлислар зали, кутубхона замонавий жиҳозлар, компьютерлар, китоблар жамланмалари билан таъминланган.

 

Бухоро вилояти Жондор туманидаги Маҳмуд Торобий номидаги ҳарбий-ватанпарварлик боғи ҳудудида қўр тўкиб турган масканда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, мажлислар зали ҳамда кутубхонаси жойлашган. Эътиборга молик жиҳати шуки, бино бўйлаб мумтоз мусиқалар, ўзбек адабиёти намуналари эшиттириб турилади.

 

Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Янгиер шаҳрида қурилган Маънавият ва маърифат масканларида ўлкашунослик музейи, расмлар кўргазмалари фаолият кўрсатади. Тўгараклар ташкил этиш, китобхонлик байрамлари, турли кўрик-танлов ва концерт дастурлари, театр ва кино намойиши учун ҳам қулай шароитлар яратилган.

 

– Маънавият маскани тадбир ўтказиб, одамларга совға тарқатадиган жой эмас, – дейди Республика Маънавият ва маърифат марказининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов. – Бугунги кунда одамларнинг қалбига йўл топиш, уларнинг ҳаётда рози яшаши, мамлакатда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳис этиши, ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш, қадимий қадриятларимиз, урф-одатларимизга ҳурмат ҳиссини юксалтиришдек муҳим вазифаларимиз борлигини биз, маънавиятчилар қалбдан ҳис этмоғимиз лозим.

 

 

Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги Маънавият ва маърифат масканида «IT markaz» ва ахборот-кутубхона маркази замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Кутубхона 150 мингдан зиёд китоблар, замонавий ўқув зали, катта ҳажмдаги лед монитор ва бепул интернетга эга. 

 

2021 йил давомида Фарғона вилоятида олтита, яъни Бувайда, Бағдод, Учкўприк, Ўзбекистон, Бешариқ ва Сўх туманларида Маънавият ва маърифат масканлари фойдаланишга топширилди. Жумладан, Бешариқ туманидаги маскандан анжуманлар зали, ёш билимдонлар ва китобхонлик тўгараги, таълим тўгараклари хонаси, кутубхона, ижодкорлар, тарғиботчилар, ҳунармандлар хонаси, тарих музейи ўрин эгаллаган. Бино атрофи мевали дарахтлар ва гулзордан иборат. Учкўприк туманидаги масканда IT-парк ташкил этилган. Бағдод туманидаги масканда 2000 дона китоб фондига эга кутубхона, таълим тўгараклари ва ўқув семинари ўтказишга мўлжалланган хоналар мавжуд. Ўзбекистон туманидаги маскан хоналарига ибратли сўзлар акс этган стендлар ўрнатилди ҳамда миллий ва замонавий бинокорлик анъаналари уйғунлигида жиҳозланди. Сўх туманида ҳам очилган масканда ҳам ижодкорлар, китобхонлар, тарғиботчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

 

Жиззах вилояти Фориш туманидаги Маънавият ва маърифат маскани ҳам барча керакли жиҳозлар билан таъминланди, ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан 200 дона турли адабиётлар тақдим қилинди.

 

 

2022 йил давомида ҳам бу эзгу ташаббус давом этади. Жумладан, Нукус, Андижон, Жиззах, Чирчиқ, Нурафшон, Урганч шаҳарлари; Мўйноқ, Навбаҳор, Тўрақўрғон, Қибрай, Чилонзор каби туманларда Маънавият ва маърифат масканлари фойдаланишга топширилади.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси