Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезони


Сақлаш
17:02 / 17.02.2022 817 0

Жаҳон тамаддунининг муаззам бешиги бўлган табаррук заминимиздан кўплаб буюк даҳолар етишиб чиққан. Барча замонларнинг мутафаккир шоири Ҳазрат Мир Алишер Навоий она тили, адабиёт, санъат, маданият ва тарих фанлари қаторида фалсафа ва тафаккур тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ донишманд ва аллома бўлган. Унинг буюк давлат арбоби сифатида амалга оширган инсонпарварлик ва бунёдкорлик ишлари ҳамон башариятни ҳайратга солади. Улуғ шоирнинг комил инсон ҳақидаги қарашлари доимо асосли, халқчил ва ниҳоятда теран бўлган.

 

Президентимиз айтганидек, “Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” деган сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни, бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз”.

 

Тарих сабоқлари инсоннинг иродасини синайди ва чиниқтиради. Алишер Навоий умрини халқни маърифатли қилишга бағишлаган улуғ донишманд сифатида адолат, диёнат ва иймон-эътиқоднинг кучига ишонади, энг оғир, энг мураккаб шароитда ҳам ҳукмдорларни адолатли бўлишга чақиради. Ўсиб келаётган ёш авлод улуғ шоирнинг комиллик тарбияси ҳақидаги қарашларини қанчалик чуқур ва пухта билса, жамиятда ўзининг мустақил ўрнини топиши шунчалик осон кечади. Унинг барча асарларида таълим-тарбия масалаларига алоҳида ўрин берилган. У умр бўйи бутун дунёда тенглик, адолат, иймон, меҳр-оқибат, тафаккур ва маърифат ҳукм суришини орзу қилди. Фарзандни оилага бахт ва саодат келтирувчи зиё, “ҳаёт чироғи” деб таърифлайди, бола тарбияси ва уни шахс сифатида шакллантириш масаласини жамиятнинг муҳим муаммоси, деб билади.

 

Профессор И.Ҳаққулнинг фикрича, “Алишер Навоийнинг буюклигини билмаслик ўзбек миллатининг маданияти тарихи, миллий-маънавий куч-қуввати ва жаҳон бадиий тафаккурига қўшган буюк ҳиссасини англамаслик билан баробар. Алишер Навоийнинг улуғ сиймоси ул зотнинг руҳонияти, беназир шахсияти ва сўзни санъат даражасига кўтарган ижодкор эканлиги билан белгиланади. Унинг шу замонда –  янги асрда ҳам замонавий шоир сифатида ёдга олинаётгани беҳикмат бўлмаса керак”.

 

Дарҳақиқат, Навоий асарларидаги ҳалоллик ва покдомонлик моҳияти, миллий ўзлик туйғуси ва фалсафий тушунчалар янги асрда ҳам мудом инсониятни огоҳликка чорламоқда:

 

Демонким кўнгли поку ҳам кўзи пок,

Тили поку, сўзи поку, ўзи пок.

Деди: Ҳар ишки қилмиш одамизод,

Тафаккур бирла билмиш одамизод.

 

Алломанинг инсон ҳақидаги диний-илоҳий қарашлари исломий тамойиллар таъсирида шаклланган. У инсониятни комиллик саодати сари чорлар экан, унинг маънавияти, тафаккури, одоби ва ахлоқий гўзаллигига алоҳида эътибор беради. Ҳазрат Навоий иймонли бўлишни инсонийликнинг энг биринчи ва энг асосий белгиси деб билади:

 

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Балки нишони анга иймон эрур.

 

Иймон – фақат инсоннинг вужудини эмас, балки руҳини, кўнглини ҳам поклайди. Инсон ўзини ва ўзлигини иймон орқали англайди, иймон орқали етук маърифатга эришади. Комиллик – иймонга садоқатда, иймон-эътиқод мустаҳкамлигида юзага чиқади.

 

Шоирнинг фикрича, инсоннинг ота-онасига, атрофидаги одамларга муносабатида унинг иймон-эътиқоди, жамиятга муносабати, ўзлиги, ахлоқий гўзаллиги намоён бўлади:

 

Бошни фидо айла, ато қошиға,

Жисмни қил садқа, ано бошига.

Бўлсун адаб бирла бори хизматинг,

Ҳам қил адаб “дол”и киби қоматинг.

 

“Ҳайрат ул-аброр” достонидан олинган мазкур парчада ота-она хизматини  муҳаббат билан  адо этиш инсоннинг бурчи эканлиги  таъкидланмоқда. Шоир ота-онадан кейин ака-ука ва опа-сингилларга оқибатли бўлиш борасида ҳам тўхталиб ўтган. Унинг наздида ўз яқинларига раҳмдил бўлмаган одам бошқаларга ҳам меҳр-шафқат кўрсата олмайди. Улуғларга хизмат, кичикларга шафқатли бўлиш юксак маънавият белгиси эканлигини таъкидлайди:

 

Сўнгра раҳминг оиласин қарз бил,

Раҳм ўшул тоифага фарз бил.

Кимки улуғроқ анга хизмат керак,

Улки кичикроқ анга шафқат керак.

 

Атоқли навоийшунос олим Н.Маллаев тўғри таъкидлаган, “Навоий ижодиёти у яшаган муҳитнинг бадиий қомуси, мураккаб халқ тарихининг равшан кўзгусидир. Унда инсон ҳаёти ва фаолиятининг ранг-баранг соҳалари ўз ифодасини топган. Бинобарин, Навоий мероси турли илм соҳалари учун бой ва қимматли манбадир”.

 

Улуғ шоирнинг фалсафий фикр қамрови жуда кенг – у иймон билан бир қаторда илмга интилишни, илмли бўлишни комилликнинг муҳим шартларидан бири деб ҳисоблайди. Жаҳолат ва нодонликдан ўзини асраган инсон илм орқали дунёни ва ўзлигини танийди, касбу кор ва ҳунар ўрганади, оқу қорани ажратади.  Илм олишга даъват, ақл ва заковатни улуғлаш фазилати унинг барча асарларида ранг-баранг кўринишда намоён бўлади. Кўнгилни поклаб, уни яхши амалларга макон айлаган илм ҳаёт чироғи, инсонни бошқа махлуқотлардан ажратадиган асосий сифат. Илм инсонни ғафлатдан уйғотади, дунёқарашини бойитади, тафаккурини чархлайди. Давлатманд бўлиш ёки амалдорлик илинжида илм ўрганиш гумроҳликдир. Фақат комилликка, эзгуликка интилганларга илм саодати ёр бўлади. “Садди Искандарий” достонида айтилганидек:

 

Бори илм аро, ўйла, соҳиб камол,

Ки комил анингдек топилмоқ маҳол.

Билик касбини қилди то жони бор.

Ҳунар билди ончаки имкони бор.

 

Улуғ шоир “Ҳайрат ул-аброр” достонида инсон умрнинг ўткинчи эканлигини тушунишини, тушунибгина қолмай, уни бесамар ўтказмаслиги, фойдали ишларга сарфлаши кераклигини уқтиради. Яхшилик ва эзгуликни, садоқатни, меҳру мурувватни умрининг мазмуни деб билган инсонларга ҳамманинг ҳаваси келади. Улар феълининг олижаноблиги ҳаётининг фаровон бўлишини таъминлайди. Ўтган ишларга ачиниш бефойда, инсоннинг саломатлиги, тафаккурининг кенглиги, кўнгли хотиржамлигининг ўзи олий саодатдир:

 

Умрки хориж дурур ўтган иши,

Ҳар неки ўтти анга етмас киши

Келмаганидин доғи оқил демас,

Не десун ул ишники, маълум эмас.

 

Ҳазрат Навоийнинг достонлари, ғазаллари ва насрий асарларида дўст тутиш, дўст олдидаги масъулият, дўст садоқати инсоннинг энг олий қадр-қиммати сифатида улуғланади. Зеро, “Жонажон Ватанимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Машҳур “Хазойин ул-маоний”да улуғ шоир шундай дейди:

 

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

 

Яъни, инсон дунёга келган экан, бир-бири билан дўсту биродар бўлгани, дўстлик ришталарини боғлагани ва асрагани маъқул. Душманлик эса ҳеч кимга ҳеч қачон яхшилик, барака олиб келмаган. Дўстлик шафоати ва садоқати жуда улуғ туйғу. Хусусан, “Ҳайрат ул-аброр”да дўстлик ва унинг шартлари, дўстликнинг инсон тақдиридаги ўрни ва қадри борасида алоҳида мақолат ва ҳикоят берилган. Унда шундай сатрлар бор:

 

Бас, кишига умр хуши ёр эмиш,

Умр деган ёри вафодор эмиш.

 

Ёрки, ойини вафо йўқ анга,

Шамъ кибидурки, зиё йўқ анга.

 

Шамки йўқ анда зиё тўшаси,

Ўтсиз эрур ўйлаки муз шўшаси.

 

Ёрки, бор анда вафо – ёр бил,

Умр деган ёри вафодор бил.

 

Қадим Шарқда азал-азалдан ҳақиқий дўстлик энг бебаҳо неъмат, умрнинг мазмуни сифатида улуғланган. Улуғ шоирнинг фикрича, дўст меҳри ва садоқати инсон қалбини ёруғ, умр йўлларини мунаввар қилади. Дўстлик шартларига амал қилмайдиган киши ўзидан ёруғлик таратмайдиган шам каби қадрсиздир. Дўстликни ихтиёр этган қалб, унга вафодор бўлиши, бу олий туйғуни асраши шарт. Маънавий жиҳатдан энг бой одам – дўсти кўп, дўстлик қоидаларини англаган инсонлардир. Уларга ҳамма ҳавас қилади.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклида  ўтган саммитида илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантиришга қаратилган яна бир муҳим ташаббусимиз қабул қилиниб, Туркий кенгашнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди. Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган ҳазрат Алишер Навоий бобомизга, шундай улуғ зотларни тарбиялаб вояга етказган халқимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси, деб биламиз”, дея алоҳида таъкидлади.

 

Ҳазрат Навоийнинг пурмаъно асарлари туркий тилли давлатлар билан бир қаторда бутун дунё аҳлини буюк инсонпарварлик ғоялари остида бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Унинг донишмандлиги замирида адолат тушунчаси, дўстлик ва биродарлик туйғуси мужассам. Улуғ шоир наздида чин дўстлик ҳам комиллик белгисидир. Шоир, “Айласалар икки тарафдин вафо, етгай алар жониға онча сафо”, дейди. Ҳабиблик, биродарлик одобини улуғлайди, дўст зиммасидаги бурчларни ва ҳақларни сидқидилдан адо этмоққа даъват этади. Бу борада мамлакатимизда улуғвор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Алишер Навоий даҳоси не-не бўшлиқларни маданий-маънавий хазиналар, афоризмлар, инсонпарварлик ғоялари билан тўлдирмоқда. Ёш авлод онгу шуурида миллий ўзлик, ватанпарварлик туйғуларини сингдиришда, замон зиддиятларини бартараф этишда, турмуш машаққатларини енгишда ҳазрат Навоийнинг инсонпарварлик, миллатпарварлик ғоялари маънавий-руҳий қувват вазифасини ўтамоқда.

 

Марҳабо ПАРДАЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Бухоро вилояти бўлими раҳбари,

фалсафа фанлари номзоди, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси