Тараққиётга эришишга маблағ ва уни оқилона сарфлай оладиган ақл керак


Сақлаш
11:02 / 11.02.2022 730 0

Ухлаб ётган одам уйғонса ҳам, гоҳида ўрнидан дарров туриб кетолмайди. Дардга чалиниб ётиб қолган беморнинг оёққа қалқиши бундан ҳам қийин. Ана энди қарийб бир ярим аср мустамлака зулмини чеккан халқнинг уйғониб, миллий тикланишга эришувини тасаввур қилиб кўринг. Бир халқнинг мустамлакадан қутулиб, ўз мустақил давлатини қуриши ва тақдирини ўзи белгилаш қудратига эга бўлиши тарихан оламшумул аҳамиятга эга.

 

Хўш, халқнинг мустақил бўлиб яшашдан кўзлаган бош мақсади нима ўзи? Миллий юксалишга эришиш! Миллий юксалиш нима унда? Ҳар мамлакатнинг ўз ҳудуди, муайян имконият ва шароитлари, ерости ва ерусти бойликлари, тарихий қадриятлари бўлади. Халқ ана шуларни ишга солиб, ўз тақдирини ўзи белгилайди, миллий тараққиётнинг турли йўлларини излайди, жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллашга интилади. Бунда у бир сўмини бировга бекорга бермайди ҳам, бировнинг бир чақасига зориқмайди ҳам. Берса, эвазига ниманидир олади. Олса, уни албатта қайтаради. Шу маънода биз мустақилликнинг дастлабки чорак асри мобайнида, шак-шубҳасиз, миллий тикланиш босқичини босиб ўтдик.

 

“Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. “Миллий юксалиш” деганда биз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз”, деди Президент Шавкат Мирзиёев мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида. Дарҳақиқат, эндиги вазифамиз миллий юксалишга эришиш бўлиб қолмоқда.

 

Ер юзида ривожланган ва жадал ривожланаётган 19 та давлат бор. Мазкур давлатлар Европа Иттифоқи билан биргаликда “катта йигирматалик”ни ҳосил қилади. “Катта йигирматалик” ҳудудида сайёрамиз аҳолисининг 65 фоизи истиқомат қилади ва улар жаҳон ялпи маҳсулотининг 90 фоизини ишлаб чиқаради. Қолган 210 тача давлатда дунё аҳолисининг 35 фоизи яшайди ва бу аҳоли жаҳоннинг бор-йўғи 10 фоизгина маҳсулотини ишлаб чиқаради. Бу – 210 тача давлатда бир киши учун керакли ўртача маҳсулотни 3,5 киши истеъмол қилишига тўғри келяпти, дегани! Айнан шунинг учун ҳам, истаймизми-йўқми, дунё иккига – бойлар ва камбағалларга ажралади. Афсуски, биз ҳозирча бойлар гуруҳига қўшила олмадик.

 

Ўтган йили мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг киши бошига тақсимоти 1,5 минг долларни ташкил этди. Туркияда бу кўрсаткич – 9,5 минг; Жанубий Кореяда эса 35 минг доллар. АҚШда дунё аҳолисининг бор-йўғи 5 фоизи истиқомат қилади. Бироқ бу мамлакат халқи жаҳон умумий маҳсулотининг 21 фоизини ишлаб чиқаради. Ёки биз 1 гектар ерда 300 долларлик маҳсулот етиштирамиз. Туркияда бу кўрсаткич 2 минг, Мисрда 8 минг, Исроилда эса 12 минг долларни ташкил этади. Сираси, ишлаб чиқаришни ривожлантирмай, яъни мамлакат ялпи ички маҳсулоти миқдорини оширмай туриб миллий юксалишга эришиб бўлмайди.

 

Қолоқлигимиз, тараққиётдан ортда қолганимиз – техника-технологиямиз, илм-маърифатимиз, салоҳиятимиз, маънавиятимизни ўстирмаганимиздан. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Тараққиётга эришиш учун икки нарса – маблағ ва уни оқилона сарфлай оладиган ақл керак. Агар ана шу ақлни кенг маънода “маънавият” деб атасак, миллий юксалишимиз даражаси бевосита ҳам, билвосита ҳам миллий маънавиятимизга боғлиқ экани аёнлашади.

 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг маънавият, маърифат ҳамда миллий ғояни ривожлантиришга доир фармон ва қарорлари, жами 9 қонуности ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, 2017 йил 28 июлда Президентнинг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”, 2019 йил 3 майда “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.

 

Мамлакатимизда 20172021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш ҳар қачонгидан кўра ҳам муҳим бир вазифага айланди. Миллий юксалишимиз кадрлар салоҳиятига чамбарчас боғлиқлигини ўйласак, бу фармон моҳияти ва аҳамиятини чуқурроқ англаб етамиз.

 

Ҳозирги вақтда пойтахтимизнинг ҳар ерида йигит-қизларни ишга даъват этаётган эълонларга кўп дуч келамиз. Билинар-билинмас кўринган бу янгилик замирида ҳаётимизда жиддий ўзгариш юз бераётганини ҳис қилиш қийин эмас. Демак, янги-янги иш ўринлари пайдо бўляпти. Бундан хурсанд бўлишимиз керак. Лекин ана шу эълонларнинг бир нозиккина жойи бор. Эълонларда фалон-фалон касблар бўйича малакали йигит ва қизлар кераклиги қайд этилади. Ёшларимиз кўп, лекин улар орасида ана шу малакали касб эгасини топиш осон эмас-да. Малакали мутахассислар тайёрлашни давлат ва халқ биргаликда ҳал этиши керак.

 

Жорий йил 6 сентябрда Президентнинг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. 2020/21 ўқув йилидан таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил қилинадиган бўлди. Очиғини айтиш лозимки, касб-ҳунар коллежлари ўзини оқламади. Бунинг сабабларини санаб ўтиришнинг мавриди эмас. 2020/21 ўқув йилидан бошлаб ана шу коллежлар ўрнига тамоман янги, яъни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими жорий этилади. Бу тизим касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан ташкил топади.

 

Баъзиларимизнинг таълим билан боғлиқ тасаввурларимиз ҳаёт талабларига мос эмас. Яқинда икки ота билан гаплашдим. Бирининг ўғли тўқимачилик бўйича бакалавриатни имтиёзли диплом билан тугатган, иккинчисининг фарзанди эса Тошкент ислом академиясининг бакалавриат бўлимини тамомлаган. Бир-бирига алоқасиз равишда иккала отанинг ҳам дарди – нима қилиб бўлса ҳам, ўғлини иқтисодиёт соҳасида магистратурада ўқитиш. Ахир, дарахт бир жойда кўкармайдими? Бу йигитлар ўша ўзи танлаган, ўқиган соҳада яна билимини ошириши, зўр мутахассис бўлиши керак эмасми? Ҳозир дунёдаги йирик пахтачилик давлатларидан биримиз. Лекин эртага улкан тўқимачилик мамлакатига айланамиз-ку. Ёки бугун маънавий ҳаётимизда исломшуносларга эҳтиёж кучайиб бораётир. Нима, иқтисодиёт соҳасида ўқиган ёшлар ҳаш-паш дегунча катта бойга айланиб қоладими? Биз кўпинча ҳамма нарсага бирданига эришмоқчи бўламиз. Бошқача айтганда, узоқни эмас, яқинни кўрамиз. Бу ҳам аслида маънавият масаласи.

 

Муқаддас динимизда “Ҳамма нарса ниятга боғлиқ” деган қоида мавжуд. Инсонда ҳамма нарсани фикр бошқаради. Халқ тафаккури қанча теранлашса, мақсадларини ана шунга мос равишда белгилаб, ҳаракат қилади. Яъни иқтисодий равнаққа ҳам айнан маънавий юксалиш орқали эришилади.

 

Агар мамлакат тараққий этса, табиийки, янги-янги иш ўринлари юзага келади. Иш ўринлари кўпайса, ўз-ўзидан, ёшлар иш излаб хорижга боришига ҳожат қолмайди, лоақал четга ишлаш учун кетаётганлар сони кескин камаяди.

 

Эл орасида юриб, айрим ҳолатлардан хафа бўлиб кетаман. Каминани баъзи бировларнинг эзгуликка йўғрилган ана шу жараёнларга бефарқлиги, ҳаётдан узилиб қолгани, ўзгаришларни ич-ичдан ҳис қилолмаётгани, ҳаттоки, кўзи билан кўриб турган ишларни инкор этаётгани ташвишга солади.

 

Бугун айнан қандай кишилар мамлакатда кечаётган ижобий ўзгаришлар жараёнига қўшила олмаяпти?

 

Биринчи навбатда – ишсизлар. Шўро давридан фуқаро учун иш жойини давлат яратиб беради деган хато тасаввур ўрнашиб қолган. Ҳолбуки, бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг ишлаб чиқаришдаги улуши камайгандан камайиб боради. Фуқаролар ўзига ўзи иш топиши, янги-янги иш жойлари барпо этиб кетавериши керак. Давлат бунга йўл очиб, қулай шароит яратиб бериши лозим.

 

Яна бир тоифа бор. На газета, на журнал ўқийди, на радио эшитади, на телевизор кўради. Қўлида – телефон. Овқат еяётганда ҳам икки кўзи – ана ўша тумтумагида. Уни титкилагани титкилаган. Интернетга кириб, ижтимоий тармоқлардаги ахборотни саралаб-сараламай “ҳазм” қилаверади. Ижтимоий тармоқда эса нималар ёзилмаяпти дейсиз! Шундай қулай оммавий ахборот воситасидан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган кучлар кам деб ўйлайсизми? Уларнинг аксари айнан сувни лойқалатиб, балиқ тутишдан, яъни одамлар онг-тафаккурини булғаш, уларни асл мақсаддан чалғитиш, давлат билан халқ ўртасига ишончсизлик чўғини ташлаб қўйишдан жуда-жуда манфаатдор.

 

Ғаразли гуруҳларнинг давлатимиз сиёсатига бундай ёндашуви – худди футболда алдаб ўтаётган ўйинчини чалиб йиқитишдек гап. Чалиб йиқитишда эса қоида бузилган ҳисобланади ва йиқитган команда жарима тўпи билан жазоланади. Чунки футболда ҳам, сиёсатда ҳам ғирром ўйинга йўл қўйилмаслиги шарт ва зарур! Агар йўл қўйилса, бунинг номи “иғво” дейилади. Аммо, минг афсуски, кимлардир ана шу иғвога учади-да.

 

Яна бир тоифа бор. Фақат Россия телеканалларини томоша қилади. Унинг ахборий майдонини ана шу мамлакатда кечаётган воқеа-ҳодисаларгина ташкил этади. Албатта, Россия – ҳудуди жиҳатидан энг катта, халқаро жараёнларга таъсири сезиларли бўлган давлат; ерости ва ерусти бойликлари бисёр. Мустамлака бўлмаган, аксинча, ҳозир ҳам, рости, бир империя. Унинг тошу тарозиси тамоман бошқача.

 

Ана шу “русиёна” мезонлар билан Ўзбекистонга ёндашиб бўладими? Ёндашганда нима юз беради? Ички қарамлик туйғуси пайдо бўлади. Бундайларнинг назарида мамлакатимиз ривожланиши учун биттагина йўл бор эмиш – бу ҳам бўлса, яна қайтадан Россияга бош эгиш эмиш. Ҳай-ҳай, ҳай-ҳай! Энди бундай бўлмайди. Ҳеч қачон бундай бўлмаслигини Россия давлатининг ўзи ҳам теран англайди.

 

Очиғи, бир шаҳарда туриб иккинчи бир шаҳар харитаси билан юриб бўлмагани сингари, бир мамлакатда истиқомат қилиб, иккинчи бир мамлакат мафкуравий-ахборий майдони билан яшашнинг асло имкони йўқ. Оқибат нима бўлади? Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинганидан 30 йил ўтиб ҳам кимлардир “Ўзбекистон Республикаси деган мустақил мамлакатда рус тили давлат тили бўлиши керак”, деб хархаша қила бошлайди. Ҳолбуки, бу гапни ёзганлар бутун дунё аҳли олдида уялиши керак.

 

Шўро даврида устозимиз, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ғайбулла ас-Салом “Яҳудийлар ўлик тилини тирилтирди, биз тирик тилимизни ўлдиряпмиз. Ўзбек бўл – яҳудий бўл!” деб ёзган эдилар. Мана, ўша тирик тилини ўлдирганлар авлоди бугунга келиб тап-тайёр ўз тилидан воз кечиб, бошқа бир халқнинг тилига давлат тили мақоми берилишини таклиф қилиб чиқяпти-я, қаранг. Баъзан “Ўзлигимизни ҳали ҳам тўлиқ англаб етмадикмикан” деган ўй кечади кўнгилдан.

 

Яна бир тоифа пайдо бўлган. Бундайлар давлат нима янгиликни амалга оширса, уни тескари талқин қилишга уринади. Шунақа мафкуравий касаллик бор, чамамда. Оқни “қора” деб турсанг, ҳамма сенга қарайди-да. Одамзоднинг феъли шуки, кимдир фикрни чайнаб берса, уни ямламай ютади. Ўша гапни эшитганлар орасидан камдан-ками эътироз билдиради. Оқибатда хато, ҳатто давлатга қарши, иғвогарона, эскича атама билан ифодалаганда, провакацион ғоя эл­улус орасида тарқала бошлайди. Энди ким уйма-уй юриб, шу даврада бу гапни эшитганларга тўғри гапни айтиб чиқади?

 

Бозор иқтисодиёти шароитида меҳнатга лаёқатли ҳар бир фуқаро ўнгланиб ололмаган бўлса, билингки, у ўзини, оиласинигина эмас, бутун мамлакатни орқага тортган бўлади. Чунки миллий юксалиш мамлакатдаги ҳар бир инсон меҳнатининг мисқоллаб йиғилган маҳсули ўлароқ воқеланади. Чунки миллий юксалиш, аввало, ҳар бир фуқаронинг юксалиши асосига қурилади. Демак, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ғоя бугун ҳаммамизнинг мақсадимиз, яъники миллий шиоримиз бўлмоғи даркор.

 

Султонмурод ОЛИМ

 

Tafakkur” журнали, 2019 йил 3-сон.

“Юксалиш юки” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси