Маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги – тараққиётнинг асосий драйвери


Сақлаш
10:02 / 09.02.2022 1080 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 январь куни Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига эришиш масалалари юзасидан мулоҳазали таклифлар ўртага ташланди.

 

Айниқса, маънавият масалалари яна бир марта ўртага ташландики, жамиятимизда маънавият ва моддий ҳаёт уйғун равишда олиб борилиши ва борилаётганлиги ўз тасдиғини топди. “Кимки маънавият масаласи – бу фақат Маънавият ва маърифат маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши деб ўйласа, хато қилади”, – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Зеро, маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам шунчалик кучли бўлади.

 

Стратегиянинг маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналиши бўйича Президентимиз бир қатор вазифаларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Хусусан, мавжуд 12 мингдан зиёд кутубхона имкониятларидан самарали фойдаланиб, китобхонликни оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 33 фоизга етказиш, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш каби вазифаларни таъкидлаб ўтди. Бу вазифалар янги Ўзбекистонда маърифатли жамият қуришдек эзгу мақсадни амалга оширишнинг тагзамини ҳисобланади.

 

Албатта, Президентимиз маънавият масаласига бежиз эътиборни кучайтираётгани ва жон койитаётгани йўқ. Аввало, жаҳонда глобаллашув жараёнлари кучайиб, янги таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай мураккаб ва таҳликали вазият соҳада амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаб, унинг фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

 

Хусусан, оила, маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар тарбияси, жамиятдаги уюшмаган ёшлар билан мақсадли, ғоявий-тарбиявий ҳамда мафкуравий ишларнинг юзаки тарзда олиб борилаётгани, жиноятчилик, радикал руҳдаги ҳаракатларга адашиб қўшилиб қолиш, миллий қадриятларга эътиборсизлик, эрта турмуш қуриш, оилавий ажримлар каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш ҳар доимгидан ҳам муҳим вазифага айланиб бормоқда. Айниқса, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши ғоявий-мафкуравий хавф ва хатарлар тобора ортиб бормоқда. Оқибатда, фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан аҳоли, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдирилмоқда. Ачинарлиси шундаки, бундай ғоявий кураш натижасида айрим ёшларда азалий қадриятларга нисбатан беписандлик ва боқимандалик кайфияти пайдо бўлаётир.

 

Иккинчидан, терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда. Давлатимиз хавфсизлигини таъминлашнинг асоси – мамлакатимиз ёшлари. Ёшлар – бизнинг таянчимиз, эртанги кундан умидимиз, савоб ишларимизнинг давомчилари, деб кўп гапирамиз. Нафақат хавфсизлигимиз, балки давлатимизнинг келажакдаги барқарор тараққиёти ҳам ёшларимиз дунёқараши қандай шаклланишига бевосита боғлиқдир. Иморатнинг пойдевори қанчалик бақувват бўлса, у шунчалик умрбоқий туради. Мамлакатимиз пойдевори, шубҳасиз, аҳолининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этган ёшлардир.

 

Шу сабабдан ҳам бугун дунёда кечаётган мураккаб жараёнларни таҳлил қилишда уларга, аввало, маънавият кўзи билан қараш, ҳаётимизга кириб келаётган, ахлоқимизга, менталитетимизга зид ғояларни аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга мос келмайдиган жиҳатларини очиб бериш ва табиийки, зарур чоралар кўриш муҳим аҳамият касб этади.

 

Хўш, менталитетимизга зид ғоялар, ахборот хуружлари қаердан кириб келяпти? Одамларни ҳокимиятдан норози бўлишга чорлаётган, қилдан қийиқ қидиришга интилаётган кучлар қандай иш кўряпти? Ахир, туппа-тузук барқарор давлатларни беқарорлаштириб, боши берк кўчага киритган, “инсон ҳуқуқлари ва демократия” ниқоби остида хонавайрон қилганлар интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланмадими? Шунинг учун интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Яъни, глобал ахборот маконига теран кўз билан қарасак, унда мавжуд барча маълумотни ҳам фойдали ва безиён деб бўлмайди. Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур. Шу боис лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун мутлақо янгича таъсирчан усул ва ёндашувлар талаб этилаётгани, бунда нуронийлар тажрибаси, ҳаётда ҳалол меҳнати, фидойилиги билан бошқаларга намуна бўла оладиган жонкуяр фуқароларга таянишимиз ҳамда жамоатчилик назоратини сифат босқичига кўтариш жуда ҳам муҳим.

 

Бир ҳақиқатни англашимиз керак, бундан буёғига интернетни чеклаб қўйиш ёки ахборот олишни тақиқлаш билан муаммо ҳал бўлмайди. Шундай экан, бу борадаги бизнинг муҳим стратегик вазифамиз ташқи ва ички ахборотларни таҳлил қила оладиган, барқарор мафкуравий иммунитетга эга ёшлар қатламини шакллантиришдан иборат бўлмоғи лозим.

 

Сиёсатда “Сен ухлаганингда душманинг уйғоқ бўлади” ёки Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ёшларнинг бўш вақти душманнинг иш вақти”. Шунинг учун ҳам маънавий жиҳатдан ғофил бўлишликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лоқайдликни бас қилиш, мудроқ ҳолатдан уйғониш керак. Бунинг учун эса, аввало, илм сари ҳаракат қилиш, оила, боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла, мутасадди ҳамда жамоат ташкилотлари тизимли равишда ҳамкорликда иш олиб бориши зарур. Ана шунда таълим-тарбияда узилиш, маънавиятда бўшлиқ юзага келмайди. Бир сўз билан айтганда, ёшларимизнинг 30 ёшгача маънавиятини тўғри шакллантириб олсак, барқарор тараққиётимизни кафолатлаган бўламиз. Чунки маърифатли жамиятнинг туб негизини маънавиятли ёшлар ташкил этиши лозимлигини унутмаслигимиз керак.

 

Тарбияда танаффус бўлмайди, дейди халқимиз. Шу боис маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ўғил-қизларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим муассасаларига услубий ёрдам кўрсатиш муҳим. Шунингдек, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ишларни кучайтириш давр тақозоси. Яқиндагина Президентимиз ташаббуси билан барча олийгоҳ ҳамда уларнинг филиалларида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор лавозимининг жорий этилиши соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга, сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

 

Агар маънан ва руҳан соғлом, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата биладиган, бу мураккаб ҳаётнинг пасту баланд кўчаларидан тўғри йўлни адашмай топа олишга қодир бўлган маънавий етук авлодни тарбиялаб етиштириш вазифаси уддаланса, фикри тиниқ, эътиқоди соғлом болаларни сохта оқимларга эргаштириш, пана-пастқамларда писиб ётган ҳар хил чаласавод, жоҳил одамларнинг тузоғига илинтиришга уринишлар барҳам топади.

 

Муҳим вазифалардан яна бири, бу эл-юрт тақдирига лоқайд, иш услубида маҳаллийчиликка, уруғ-аймоқчиликка, таниш-билишчиликка йўл қўядиган саёз раҳбарлар билан муросасиз бўлишдир. Бу иллатлар алоҳида бир мамлакатда бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. Улар ҳамма жойда ва ҳамма вақт ижтимоий адолатнинг бузилишига, ҳалоллик ва виждонийлик илдизларининг сустлашишига, ошкоралик қолиб, ими-жимида иш битиришга сабаб бўлади. Шу боис, маънавий кемтиклар тўлдирилса, бундай номақбул ҳолатларга барҳам бериш осон кечади.

 

Албатта, маънавий-маърифий тарбия узвийлигини таъминлашда оила, таълим муассасалари, маҳалланинг ўрни беқиёс. Таълим-тарбия учун фақат мутасаддилар масъул, десак, қаттиқ янглишамиз. Шу Ватан, шу юрт, шу ёшлар бизники, эртага келажагимиз порлоқ бўлишини истасак, бугун ҳаракатни бошлашимиз керак. Юрт тақдирига лоқайдлик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам бериш учун ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз лозим. Давлат тузумини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси бўлган коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши кескин кураш олиб бориш самарадорлиги ҳам маънавий тарбияга боғлиқ. Зеро, олдимизда турган улуғ мақсад – учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ва уни барпо этиш, аввало, халқимизнинг тафаккурини юксалтиришдан ҳамда маърифатли ёшлар қатламини шакллантиришдан бошланади.

 

Бунинг учун таълимнинг барча босқичида миллати, ирқи, дини, жинси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ягона мақсадга, яъни шу азиз Ватан меники, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш менинг юксак фуқаролик бурчимдир, деган тамойилга асосланган маънавиятли ёшларни улғайтиришга эътибор кучайтирилмоғи лозим.

 

Шу ўринда яна бир масалага тўхталмасак бўлмас. У ҳам бўлса, кейинги пайтларда айрим давраларда кишининг кундалик ҳаёти, фаолиятида моддий ва маънавий асослар бир-бирига нисбатан қандай ўрин тутиши, уларнинг қайси бири устуворлик касб этиши ҳақида турли-туман, баъзан эса зиддиятли фикр ва қарашлар айтилмоқда. Афсуски, моддий эҳтиёжларни инсоннинг руҳий оламига қарама-қарши қўйиш, уларнинг бирини устун деб билган ҳолда, тирикликнинг асосий мақсади сифатида қабул қилиш қандайдир бирёқлама қараш ифодаси, десак, хато бўлмайди. Қолаверса, бу масалага бундай кескин ёндашув, хусусан, одамнинг руҳий дунёсини менсимаслик, уни иккиламчи ўринга қўйиш охир-оқибатда жамият ҳаётида инқирозга олиб келиши муқаррар эканини тарих кўп маротаба исботлаган. Қисқача айтганда, инсон ўз тимсолида ҳам моддий, ҳам маънавий хусусият ва аломатларни мужассам этган ноёб хилқат. Шунинг учун ҳам унинг ички дунёси, унга ато этилган фазилат ва хислатларни охиригача англаш, тушунишнинг ўзи ўта мураккаб бир масала. Мана шундай қараш ва фикрларни умумлаштириб, инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий оламни бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёслаш мумкин. Президентимиз таъбири билан айтганда, қачонки ана шу икки муҳим омил ўзаро уйғунлашса, том маънодаги қўш қанотга айланса, шундагина инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўсиш-ўзгариш, юксалиш жараёнлари содир бўлади.

 

Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб халқимизнинг асрлар давомида интилиб келган орзу-мақсадлари ва замон талабларини, дунёвий тараққиёт мезонларини ҳисобга олган ҳолда, жамият ҳаётида ана шу икки омилнинг уйғун тарзда ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини, иқтисодий-ижтимоий янгиланиш жараёнларини айнан шу асосда ташкил этишга устувор аҳамият берилди. Шу ўринда баъзи бир илмий доира вакилларининг жамиятда олдин моддий ҳаётни, кейин маънавий масалаларни ўйлаш керак, деган мазмундаги фикрлари мутлақо хато бўлиб, янги жамият, янги ҳаёт қуриш жараёнида фақат зарар етказиши мумкинлигини бугун ҳаётнинг ўзи ҳар қадамда тасдиқлаб бермоқда.

 

Шу нуқтаи назардан қараганда, бозор муносабатларига ўтиш даврида жамият аъзоларининг ўз салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун уларга, биринчи галда, тенг имкониятлар ва эркинлик муҳитини, ҳам қонуний, ҳам амалий шарт-шароитларни яратиб беришга зўр берилди. Оддий қилиб айтганда, куч-ғайрат билан бирга, билим ва тажрибаси, ақл-идроки, касб малакаси етарли бўлган, қонунларни, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини яхши билган одамгина тадбиркорлик ёки фермерлик билан шуғулланиши, ўз хусусий ишини оқилона ва самарали ташкил этиши мумкин.

 

Кўриниб турибдики, моддий ва маънавий ҳаёт тамойиллари бир-бирини инкор этмайди, аксинча, ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдиради. Юксак тараққиётга эришишни орзу қиладиган ҳар бир инсон ва жамият ўз ҳаётини айнан ана шундай узвий боғлиқлик асосида қурган ва ривожлантирган тақдирдагина ижобий натижаларга эриша олади. Ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, иқтисодий ўнгланиш, иқтисодий тикланиш, иқтисодий ривожланиш жараёнларининг маънавий покланиш, маънавий юксалиш ҳаракатлари билан тамомила уйғун равишда ривожланиб бориши доимо давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида. Айнан моддият ва маънавият уйғунлиги туфайли тадбиркорлар, мулкдорлар ўзини ва оиласини боқишга, шу билан бирга, орттирган даромади ҳисобидан ўз яқинлари ҳамда муҳтож инсонларга беғараз ёрдам кўрсатиш, эл-юрт учун хизмат қиладиган мактаб, шифохона, маданият ва спорт масканлари барпо этиш, керак бўлса, давлат ва жамият зиммасидаги кўпгина вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

 

Бундай инсонлар юртимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни сақлаш ва ҳимоялаш, эртанги истиқболимизни қуриш йўлида астойдил жон куйдириб меҳнат қилади. Буларнинг барчаси маънавий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиздан озиқланган иқтисодий тараққиёт йўли жамиятимиз ҳаётига қандай ижобий таъсир кўрсатаётганининг ёрқин ифодасидир. Энг муҳими, юртимизда моддий ва маънавий жараёнларнинг ўзаро мутаносиб тарзда ривожлантирилаётгани сиёсий-ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам гарови бўлиб хизмат қилади.

 

Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг

биринчи ўринбосари, сиёсий фанлар доктори

 

“Xalq so‘zi” газетаси, 2022 йил 2 февраль, 24-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси