“Мен”нинг “биз”ланиши


Сақлаш
18:08 / 14.08.2021 797 0

Икки Ренессанс узра турган Ўзбекистон гербида Ҳумо қуши боқяпти. Бу тасодиф эмас. Ҳумо – жаҳон цивилизация марказларидан бири, қадимий ва навқирон Ўзбекистон рамзи – Ренессанс рамзи. Маданий код.

Маданий код бу – аждодлардан мерос қолган ноёб маданий хусусиятлар. Улар халқнинг рамзларида, гоҳ англанган, гоҳ англанмаган ҳолда хулқ-автор, одатларида намоён бўлади. Маданий код ўзбекча айтганда “асли қонида бор нарса”га тўғри келади. Шундай экан, Янги Ўзбекистонда қайта тикланиш тажрибасини қаердан излашимиз керак? Бу саволга жавобни ҳазрат Алишер Навоий тайинлаб кетган: “Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил”.

Аждодларимиз жаҳон аҳлига диний ва дунёвий илмларнинг аслини ўргатган. Дунёнинг етук олимлари бизнинг боболаримиз билан бирга чой ичгани, танишлиги, шогирдлиги, китобларини ўқигани билан фахрланишган. Бизга бугун мана шу шон, мана шу шараф дарвозаси қайта очилмоқда. Муборак бўлсин, кўзлари ушбу сатрларда турган ҳурматли ватандошим.

 

Тарбиянинг янги концепцияси?

Ҳа. 2019 йилнинг 31 декабрь куни “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” тасдиқланди. 30 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшларда Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби таянч фазилат ва ижтимоий компетенциялар ривожлантирилади. Бу хислатлар оилавий тарбияга, ижтимоий буюртмага айланади. Шу вақтгача натижаси мавҳум бўлиб келган тарбия мана шу таянч фазилатларда аксини топади. Мукаммал компетенция-фазилатлар билан мустақил ҳаётга кириб борган ўғил-қизларимиз ўзини ҳам, Ватанини ҳам бахтли қиладилар.

 Ҳаммамизнинг фарзандимиз бор. “Узлуксиз маънавий тарбия концепия”сининг инновационлиги нимада? Илгари “Ўзбекистоннинг 1–18 ёшгача бўлган болалари, ўсмирлари ёшига мос қандай маънавий талабларга жавоб бериши керак?”, “Бир йиллик тарбиянинг натижалари қандай бўлди?”, деган аниқ савол қўйилмаган. Қўйилса ҳам, “Ҳамкорликда кўп тадбирлар ўтказдик. Энди, болалар катта бўлса, маълум бўлади-да, тарбияси”, деган фикрлар билдирилган. Ёки 5-6 нафар иқтидорли ёшларни кўрсатиб, тарбиявий ишлар ютуғи, дейилган. Бугунги уюшмаган ёшларимиз ана шу ноилмий тарбиянинг жабридийдалари.

Болалар ғайратли, рақсга тушишар, шеърни кўзлари ёниб, тўтидек ўқишар, бироқ шеър, рақс тугагач, кўзлари бўм-бўш, ҳамма қатори бўлиб қолишар эди. Чунки тарбия оғзаки эди. Амалий эмасди. Фазилатлар тренингларда ўргатилмас, шу сабаб натижа фазилатга айланмасдан, билим даражасида қолиб кетар эди. Шунинг учун бугун 15-20 ёшли болаларимизнинг хулқи бизни ранжитаётган бўлса, бунга улар айбдор эмас. Уларнинг билмаслиги – тушунтирилмаганидан, қилмаслиги – ўргатилмаганидан: ватанпарварлик ҳам, чой сузиш ҳам, уялиш, масъулият, салом бериш ҳам.

 “Ёшларимиз Учинчи Ренессансга хизмат қилишга тайёрми?” деган саволга эндиям “Ҳамкорликда кўп тадбир ўтказганмиз. Натижаси эса болалар катта бўлса билинади-да”, дейиш ўзини алдашдир. “Ҳа энди, тарбия, маънавиятни ўлчаб бўлмайди-да. Бошиям, охириям йўқ-ку”, дейиш тўхтайди. Миллий ғоянинг тарбияга қандай жорий бўлаётгани амалда, ҳамма жойда, болаларимиз фазилатларида ҳар куни ёшига мос кўриниб, эшитилиб туради.

Маънавият ва маърифат, мафкуравий тарбия бизга Ватаннинг ўғил-қизлари сифатида ишлаш ва яшаш бурчини эслатади. Учинчи Ренессанс нима учун, ким учун кераклигини халққа унинг орзулари билан боғлаб уқтиради, кўрсатади. Тушунган халқ – ғоя билан қуролланган халққа айланади. Ўз миллий ғоясини англаган халқни эса тўхтатиб бўлмайди.

 

Гонорар – ҳар сатрга бир олтин танга

 Тарихда бир кишининг инновацион фикрлаши бутун бошли халқни ҳалокатдан сақлаб қолганига мисоллар бор. Дунёдаги энг катта гонорар II асрда Рим императори Марк Аврелий томонидан шоир-методист Оппианга берилган. Оппиан севги, ишқий ўртанишлар ҳақида эмас, балиқчилик ва ов қилиш қоидалари ҳақида 20 000 байтли икки достон ёзган эди. Император ҳар бир сатри учун бир олтин тангадан қалам ҳаққи беради. Чунки одамлар бу достонларни ўқиб, куйлаб, эшитиб, балиқ тутиш, ов қилиш қоидаларини ўрганиб олишди. Мана шу битта артпедагогик инновация халққа балиқ тутиш маҳоратини ўргатиб, очликдан сақлаб қолган.

Хуллас, Учинчи Ренессанс маънавияти ёшларимизни, халқимизни инновацион фикрлашга, ўйлашга, яшашга ўргатишни талаб қилади. Бунинг учун нафақат болалар боғчалари, мактаб, лицей, институтлар, балки оилаларда ҳам болаларимизни инновацион фикрлашга ўргатиш ҳам фарз, ҳам қарзга айланмоғи мақсадга мувофиқдир.

Миллий ғоя – халқ орзуси, ниятининг ифодаси. Миллий ривожланишнинг янги талабларидан келиб чиқиб янгиланиб туради. Ўз чиқишларидан бирида Президентимиз “Миллий ғоя нима учун керак?” деган саволни ўртага ташлади. Жавобини ҳам бир жумлага жо қилиб, “Ватанни севиш учун!” деди. Учинчи Ренессанс биздан ана шу севгини – Ватанни уйимиздек, халқимизни оиламиздек севишни сўраяпти. Чунки фақат севги инсонни янги, яхши келажак яратишга сафарбар қилади, мададкор бўлади.

Учинчи Ренессансни ким амалга оширади? Ўзида Ватанга содиқлик, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибат, масъулият, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварликни мужассам қилган ўзбекистонликлар. Учинчи Ренессанс биздан жон, соғлиқ, маблағ эмас, юқоридаги фазилатларни ҳар куни амалда кўрсатишни сўрайди. Ўз ишимизни ҳалол-пок, сифатли, виждонимиз назоратида бажаришни сўрайди.

 Маънавий Ренессанс қанча кучли бўлса, Учинчи Ренессанс шунча тез, самарали натижа кўрсатади. Ана шунда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар маънавиятдаги, характеримиздаги ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланади. Бунинг учун илгари учраб турган “Маънавиятни ўлчаб бўлармикан?” деган иккиланишлардан воз кечишимиз керак. Зеро, аждодларимиз Биринчи ва Иккинчи Ренессансларни илмдан нажот олиб яратишган. Демак, Учинчи Ренессансда ҳам “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмағай” (Имом Бухорий).

 

“Мен” ва “Биз” уйғунлиги

Президентимиз ўз чиқишларидан бирида “Курашга тайёрланган, курашган одам ютади”, деган эди. Учинчи Ренессанс биздан қийинчиликларга қарши курашга тайёр бўлишимизни тақозо қилади. Бу тайёрлик барча соҳаларни қамраб олиши ва ҳамма жойда, ҳар биримизда намоён бўлиши лозим.

Масалан, халқ ўз ватандош тадбиркорларини, тадбиркорлар ўз халқини қўллаб-қувватлаши керак. Миллионта “Мен”дан аҳил битта “Биз”га кўтарилиш умумхалқ ҳаракатига айланиши керак. Афсуски, бунинг акси ҳам учраб туради. Ўтган йиллар ҳайит байрамларида мамлакатимизнинг айрим шаҳарларида нарх-наво икки карра кўтарилганини кўрдик. Баъзи шаҳарларда эса бир неча бор туширилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу ҳолат пандемия шароитида талабаларга такси хизмати кўрсатилишида, дори савдосида ҳам учради. Кимдир бепул, савоб учун, ватандошим деб хизмат қилса, кимдир нархни икки-уч маротаба оширди. Ҳар бир ўзбекистонликнинг бир-бирида ватандошлик ҳаққи ва бурчи бор-ку.

 Демак, миллий ғоя – мотивациянинг таъсири, рўёби иқтисодиётда, кундалик ҳаётда кўриниб турса, Учинчи Ренессанс йўлида ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар аҳил бўлса, қарс икки қўлдан чиқса, биз янада бирлашамиз.

Миллий ғоя одамларга Учинчи Ренессанс ким учун, нима учунлигини, аҳамиятини тушунтиради. У берган мотивация ётганни – ўтиришга, ўтирганни – туришга, турганни – юришга, юрганни – югуришга ундайди. Рағбат бериб, шавқлантиради. Чунки “нега”лигини билмаган, тушунмаган одамлар бирлашмайди. Қўшилса ҳам, кўр-кўрона, юзаки ишлайди. Бири ишласа, иккиси томошабин бўлади. Миллий ғояда ўз манфаатини кўрганлар бирлашиб, ихтиёрий, завқ билан ишлайди. Натижада ҳаётидан рози бўлади.

Миллий ғоямизнинг ижтимоий мазмун-моҳияти бир сўзда айтилса, бу сўз – розилик. Мазкур тушунча Учинчи Ренессансни тушуниш ва тушунтириш, амалга ошириш учун фундаментал, жипслаштирувчи асос бўлади. Зеро, миллий ғоя рўёби халқнинг муайян вақт ва маконда ўзини бахтли деб ҳис қилишида, бу эса унинг шукроналарида – ҳаётдан розилигида намоён бўлади.

Албатта, барчасига эришиш учун аввало тинчлик, мустақилликни жон қадар мустаҳкам, кафолатли ҳимоялашимиз керак. Мустақиллик ҳарбий, ғоявий ва сиёсий жиҳатлардан ҳимояланади. Бунда ҳам ўтмишдан сабоқ чиқариш керак. Биз ҳар гал мустамлака бўлиб, оёқ-қўлларимизга кишан тақишганида бир нарсадан афсусланганмиз – халқнинг бирлашмаганидан. Халқнинг бирлашмагани сабаби, ҳаммани “Биз” деган байроқ остига бирлаштирадиган ғоя бўлмагани. Натижада “Биз” бўлиб енгадиган куч “мен”ларга парчаланиб, мағлубиятга учраганмиз.

Бугун бизда “мен”ларни “Биз” қиладиган ғоя бор. Бу Учинчи Ренессанс ғояси. Қурилаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини ғоявий ҳимоя қилишимиз керак. Биз уни превентив, ўз вақтида ҳимоя қилмасак, бузишлари мумкин. Чунки бизга узоқлардан аламнок тикилиб, давлат ва халқ орасига пона қоқишга уринаётганлар бор. Бу маънавий, ғоявий ҳужум. Уларга жавоб беришимиз ва жавобимиз илмий асосда бўлиши керак. Нима учун? Чунки илмий асосда бўлмаса, биз қилаётган тадбирлар бир марталик, ўткинчи бўлиб қолади. Шу маънода миллий ғоя тарғиботини илмий асосга қуришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ниҳоятда зарур.

 

Тараққиёт мухолифлари

  Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ибораси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилина бошланди. Кимлардир “Мана бу бошқа гап” деб, ўрнидан туриб, олқишлади. Кимдир мамнун жилмайди. Кимлардир ўйланиб қолди. Кимлардир... саросимага тушди.

Афсуски, ҳамма кўриб турган нарсаларни кўрганда ҳам “кўрдим” демайдиганлар бор. “Facebook”, “YouTube” саҳроларида саргардон, қилмишларидан дили тўла армон, ёмонламаса оч қоладиган кўролмасвойлар бор. Уларни ислоҳотларимиз шиддати довдиратяпти, ҳансиратяпти. Оддий оилаларнинг болалари талаба бўлаётгани уларни ўртаяпти... Ўз давлатидан рози ота-оналарнинг дуолари ёндиряпти уларни. Инчинун, жаннатмисол Ўзбекистонда ҳамма соҳада тўхтовсиз юксалиш, янгиланиш, яхшиланиш ва уйғониш.

Ана шундайларнинг нафасларидан тарқаладиган ғоявий вируслардан келажак авлодни ҳимоя қилишимиз лозим. Бундан ҳам яхшиси – ёшларимизни ёт ғоялардан, ёвуз кучлардан ўзини ҳимоя қилишга ўргатайлик. Чунки билимсиз ёшлар кўп ва тез алданади. Билимсиз йигит-қиз, ёш файласуф олим Отабек Бозоров ёзганидек, дисплейдаги фирибгарнинг сохта самимияти, ширин сўзига учади. Адашади. Алданади. Фирибгарлар чиройли кулиб, табассум билан ёқимли сўзласа, содда ўзбек эриб кетишини яхши билади. Ана шунда танқидий, таҳлил деворидан ошиб ўтса бўлди, ўлжа қўлда.

Бизнинг Учинчи Ренессанс ҳақидаги эзгу ниятимизни эшитган айримлар ўртанмоқда. Уларга ҳам қийин. Фитна-фасод қилмай деса, тирикчилик қилиш керак. Фитнасини факт билан урсанг, “Нега?” деб ёзғиради. Қор ёғса ҳам, ёғмаса ҳам, қуёш чиқса ҳам, шамол эсса ҳам, тинса ҳам, Ватанини ёмонлайди. Маънавиятни ёмонлайди. Уйсизлар уйли бўлаётганини, ночор одамнинг аҳволи ўнгланаётганини мисоллар келтириб, мамнун кайфиятда яратилаётган қулайликларни, халқ ризоликларини гапириб, бугунги ислоҳотларнинг натижаларини келтирсанг, кўролмасвойларнинг фикрича, маддоҳ бўларкансан. Кўриб, кўрмадим деб, жим, ношукур юрсанг, уларга дўст бўларкансан. Қўшилиб ёмонласанг, биродар, жонажонсан. Бугунги фирибгар алдаш илми – нейролингвистик дастурлаштиришнинг ҳадисини олган. Демак, ҳар бир йигит-қиз бу дастур нималигини ҳам олдиндан билиб қўйиши керак. Тренингларда ёшларимизга билимни қалқон этиб ўзини ҳимоялашни машқ қилдириб, ўргатиб борайлик.

“Мен”ларнинг Ватан, миллат келажаги учун “Биз”ланиши таълим-тарбия ва фанга инвестиция Ғарб цивилизациясини кескин иқтисодий гуллаб-яшнатди. Бу – инсон капиталига киритиладиган педагогик инвестиция. Мазкур инвестициянинг афзаллиги шундаки, инсонга бир марта эмас, бир умр фойда келтиради. Ҳар бир йигит-қизга ҳаётда ўз ўрнини топишни ва ўзини ўзи бахтли қилишни ўргатади.

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

раҳбарининг биринчи ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси