Эзгуликнинг шаклу шамойили ҳам чиройли


Сақлаш
09:01 / 31.01.2022 612 0

Кейинги пайтларда қалами ўткир зукко адиб Абдулла Қаҳҳорнинг кўчада йўл қоидасини бузган кишиларни милиционер ҳуштак чалиб тўхтатади ёки огоҳлантиради-ю, нима учун тил қоидасини бузганларга ҳеч ким индамайди, деган фикри кунда неча бора ёдга тушадиган бўлди. Сабаби – аксарият каттаю кичик ё қизиқиш, ё ўрганиб қолганимиздан, ёки бирор бир маълумот излаб ижтимоий тармоқларга кирамиз.

 

Ҳар бир гапни айтишдан олдин унинг нечоғлик тўғри-нотўғрилигига жавобгарликни, жамиятнинг турли табақалари томонидан қандай талқинлар қилиниши мумкинлигини ҳис этиб, яъни инсонийлик ва журналистик маданиятга риоя қилган ҳолда кўпчиликка бирор хабар ёки маълумотни ҳавола этишга ўрганганлар ва уларни ўқиб, тинглаб юрган одамлар, тўғриси, айрим постларга кўз югуртириб ваҳимага тушиб қолиши, қўрқиб кетиши ёхуд уятдан ерга киргудек ҳолатга тушиши янгилик эмас. Узоққа бормайлик: икки кунгина олдин республикамизнинг барча ҳудудларида кутилмаганда чироқлар ўчиб, электр токи билан битадиган ишларимиз таққа тўхтади. Ёш болалар-ку, билим ва тажрибаси етмагани учун бу ҳолатнинг  сабабини тушунмаслиги мумкин. Лекин катталар, ҳатто олий маълумоти бўлмаганлар ҳам электр энергияси ишлаб чиқарилиши техника, техник жиҳозлар билан боғлиқлигини, тизимда юз берган кутилмаган сабаб туфайли шундай оқибат келиб чиққан бўлиши эҳтимолини озми-кўпми биладилар-ку!

 

“Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” дегандек, қўлидан ҳеч иш келмаса-да, айрим блогерлар ваҳимачиликда пойга ўйнашди: “Шошилинч хабар, вазият оғир...”, “Фалон жой портлаб кетди...”, “Энди уч кун чироқ, сув бўлмайди”, “Шамларни ғамлаб олинг”, “Бу ишнинг ташкилотчилари фалончилар экан” ва ҳоказо. Беш соат ўтар-ўтмас хонадонларимиз, дўконларда чироқлар ёна бошлади. Лекин шу фурсат ичида бозору дўконлардан кимлар неча йилга етгулик шамлар харид қилди, баъзилар рўзғорда бир неча кунга етадиган қилиб сув ғамлаб олишди. Айримлар энди “Қатор идишлардаги сувларни қачон ишлатиб тугатамиз-у, уйимиз йўлаги қачон бўшайди”, деб кулиб гапиришяпти. Бунақа ортиқча оворагарчилигу исрофгарчиликнинг юзага келишида салла деса, каллани олиб келишга суяги қотиб бораётган блогерларнинг ҳиссаси катта бўлди, десак ҳечам муболаға эмас.

 

Агар бирор даврада оғзига кучи етмайдиган, гапирганда ҳаддини билмайдиган киши бўлса, атрофдагилар нигоҳлари, сўзлари, имо-ишоралари билан уни огоҳлантириб, “қолипга солиб” турадилар. Аммо айримлар сўз эркинлигини ниқоб қилиб олиб, қайсидир бир бурчакдан, ўзларининг студияларидан туриб ижтимоий тармоқ орқали йўллаётган хабар, маълумотлари минг-минглаб одамларга етиб боришини, бу хабар ёки маълумотлари жамият ҳаётига, ёшлар тарбиясига қандай таъсир қилишини ўйлаб ҳам кўрмайдилар, назаримда. Мен бу гапни блогерлар тайёрлаётган постларнинг мавзуларига чегара қўйиш керак, деган маънода айтмаяпман. Майли, улар ҳаётимизнинг ҳамма соҳасини ёритсинлар, мулоҳаза билдирсинлар, мақтасинлар, танқид қилсинлар – фақат ростни асослаб, оқибатнинг сабабларини холис очиб, яхшиликлар кўпайиши ва камчилигу хатолар тузалишига хизмат қилсинлар.

 

Айтилган сўз – отилган ўқ. Ўз шаъни, обрўсини асраган одам хатосини тан олишдан қўрқмайди ва шу фазилати билан ҳам ҳурмат топади. 25 январь куни шомга ҳам етмай республикамиз ҳудудларини электр қуввати билан таъминлаш бошланди. Бу жараён шахсан Юртбошимизнинг назоратларида экани халққа маълум қилингандаям, ёлғонларига лайк босишни сўраб ётганлар оз эмасди. Теварак-атрофимизда чароғон деразалар сони ортиб боргани сайин атайлаб яна кузатдим – бундан бир неча соатгина “Энди уч кунгача свет, сув бўлмайди”, деб оғиз кўпиртирганлар сувга ном-нишонсиз чўкиб кетгандек эди: нотўғри маълумот, ваҳима тарқатганлари учун на уялдилар, на узр сўрадилар!

 

Постлар матнларидаги имловий хатолар-ку айтсанг-айтмасанг, тилингниям, дилингниям куйдиради. Баъзиларнинг сўкинишлари... айримларнинг жуда тор ҳудудга тааллуқли шевадаги “нутқ”лари энди тили чиқаётган болакайнинг чулдирашини эслатади-ю, лекин боланинг ширин, завқли тилидан фарқли ўлароқ асабингизга ўйнайди. Ўзгалар шаънига ҳақорату бўҳтон ёғдирганларни “Фалончи қўрқмай ҳақиқатни айтди!” деб оммалаштираётганлар ҳақиқат, адолат, эзгуликнинг шаклу шамойили ҳам чиройли бўлиши шартлигини унутмасинлар.

 

Мана шуларни кузатар экансан, беихтиёр Абдулла Қаҳҳорнинг юқорида келтирилган фикрлари нечоғлик ўринли, жонкуяр адибнинг таклифлари бугунги кунда яна ҳам долзарброқ бўлиб қолганини эътироф этасан.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси