Хушим келмайдур


Сақлаш
13:01 / 19.01.2022 710 0

Истайманки, қаламни қўлумға олуб кўрганда, эшитган сўзларимдан “Ойина” мажалласининг ўқувчилариға бир неча ғалатироғини ёзайин. Лекин хушим келмайдур...

 

Истайманки, ёзайин: бу яқин вақтларда катта кишиларимиздан бири катта тўй қилиб, неча шаҳарлардан давлатмандларни тўйиға даъват айлаб, аларға неча минг сўмлар сарф қилганда, фақир одамларни ва бенаво талабаларни ёдиға ҳам солмади. Лекин хушим келмайдур...

 

Истайманки, ёзайин: машҳур тожирларимиздан бир неча нафари ўз ораларида жума кунларини таътил қилуб, дўконларини боғламоқға қарор бериб, сўнгра аҳдларини синдурдилар ва ҳозирда “мусичаи бегуноҳ”дек жума кунлари савдо қиладурлар, хушим келмайдур...

 

Истайманки, ёзайин: бойларимиздан бири талабамиз учун 5 сўм иона тилаганда бермай, ҳар байрамда рус хонимларини зиёфат қилуб, 100 сўм-100 сўм харж қиладур-да, ўзини энг муқаддас ва мутадаййин одам ҳисоб қиладур, оҳ, хушим келмайдур...

 

Истайманки, ёзайин: меросий бойбачаларимиздан бириси мактабға икки сўм бермоқни исроф билуб, фаҳшхоналарға неча минг сўмни нобуд қилуб, охирда синуб, майда-майда бўлди, хушим келмайдур...

 

Истайманки, ёзайин: баъзилар яна дини шиа ва сунний масаласини ўртаға солуб, оғзиға келган хурофотни сўйлаб, авомларни жониға келтуруб юрубдур, хушим келмайдур...

 

Истайманки, ёзайин: ҳақиқий муллаларимиздан бири бир неча хилоф шаръий одатларни, ваҳшиёна расмларни барҳам бераман деганда, бир неча мафтхўрлар ва қодин қули нимчалар они радди маърака ва тард мажлис қилдилар, ай қўй, хушим келмайдур...

 

Хулоса ҳар нима қиламанки, хушим келсун, келмайдур, яна келмайдур!

 

Агар “Ойина” идораси ушбу жафангётимни айнан мажаллаға дарж қилса, шоядки хушим келсун!

 

“Хушёқмас”

 

Идора: Эй, одамларға тош отмоқға хушингиз келадур-ку! Астароқ отинг, “Ойина”ға тегмасун.

 

“Ойина”, 1914. №11. – Б. 262-263

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси