Қанча вақт онлайнсиз?


Сақлаш
11:01 / 18.01.2022 990 1

 

– Аввал яхши эди. Аҳмоқлигингизни фақат яқин атрофингиздаги одамлар билар эди, холос.

 

– Энди-чи?

 

– Энди жиннилигингиз бутун интернет аҳлига аён! Сабаби эса ижтимоий тармоқлар…

 

Бу ярим ҳазил, ярим чин латифани бугун жуда кўпчилик эшитган. Эшитмаган бўлса ҳам, шундайлигини ич-ичидан ҳис этиб турибди.

 

Ҳис этмасинми, ахир? Бугун омма орасида машҳур "Telegram", "Instagram", "Facebook" ва ҳоказоларда одамларнинг қиёфаси бус-бутун, борича намоён бўлмоқда.

 

Албатта, беш қўл баробар эмас. Ижтимоий тармоқларда гоҳида жиддий, гоҳида ҳазил-мутойиба билан теран мазмунли, долзарб масалалар ҳақида мушоҳада юритаётган ватандошларимиз кўп. Аммо…

 

Сўнгги пайтлар нонуштаси, тушлиги, кечки овқатини намойиш этган, "ўўўўўўлар" билан тушган суратини илган, ҳали у, ҳали бу мамлакатда тушган суратларини кўз-кўз қилган, фарзандларию набиралари суратини илова қилиб, эришган ютуқлари билан фахрланган, лайк ва эътироф илинжида ажаб ва ғалат постлар қўйган… лар ҳам урчигандан урчияпти-да, ахир…

 

Хуллас, ижтимоий тармоқларнинг миллий сегментида асъасаю дабдаба, ноқислигу юзакилик авжида.

 

Буни англаш учун катта ақл керак эмас. Биргина мисол, "Ishonch" газетаси саҳифаларидан ўрин олган ҳақиқатда муҳим, долзарб масалаларга бағишланган жиддий мақолалар онда-сонда "лайк" олса, олди-қочди, маза-матрасиз материаллар юзлаб "лайк"ларга эга чиқади.

 

Чиндан ҳам шундай экан. Нима қилсак ҳам, ижтимоий тармоқларда "Ҳамма нарса лайк ва эътибор тортиш учун" тамойили амал қилади. Ижтимоий тармоқлардаги PR, шахсий манфаат, сохта ижтимоий фаоллик… Булар нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёнинг муаммоси. Адекват, жиддий, ижобий маълумотлар тез тарқалмайди, салбий, бир лаҳзалик мавзулар яшин тезлигида тарқалиб, катта резонансга сабаб бўлади!

 

Қизиғи шуки, баъзи виртуал “ошна”лар нега менинг постимга лайк босмадинг, фикр билдирмадинг, деган гина-кудурат қилишдан ҳам тоймайди. Дейлик, "Facebook"да менинг таниш-нотаниш уч мингдан ошиқ "дўст"им бор. Уларнинг "илҳоми жўшиб" қўйган постларини ўқиб, "лайк" босишим учун қанча вақт сарфлашим керак? Бир соатми, икки-уч соатми? Менинг лайк босишдан бошқа ишим йўқми?..

 

Дарҳақиқат, ажиб замонда яшаяпмиз. Уйғонишимиз билан қўлимизга телефон оламиз. Гўёки бирор муҳим янгиликдан қуруқ қолаётгандек, нонушта қилиб бўлиб, то ишга отлангунга қадар телефондан кўз узмаймиз. Машинада бўлсак, тирбандликда туриб қолсак ҳам, қўлимиз беихтиёр телефонни пайпаслай бошлайди. Шаҳар транспортида-ку, айтмаса ҳам бўлаверади. Тушга қадар гоҳ-гоҳида телефонга келган хабарлару мессенжерларга чалғиймиз, тушдан кейин эса ўзимиз "Facebook" ё "Telegram"га бирор бир пост қўямиз.

 

Хуллас, дунё бўйича ўртача ҳисоблаганда, суткасига 5 соат умримизни смартфоннинг экранига қадалиб ўтказар эканмиз. Бани башарнинг 26 фоизи учун эса бу кўрсаткич аллақачон 7 соатдан ошган! Бу кетишда чин ҳаётни виртуал ҳаётга алишган кибер-одамларга айланиб қолмасмиканмиз? Балки туғилишимиз билан чиплаштирилиб, бош компьютерга боғланадиган замонларимиз ҳам яқиндир…

 

Статистик маълумотларга кўра, инсон экран вақтининг ярмини ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ўтказар экан. Ҳатто, бу кунига 2,5 соат бўлса ҳам, бир ой ичида машҳурлар ҳаётини кузатиш, сторизлардаги маънисиз сўровларда қатнашиш, бировнинг таътилда тушган фотосуратларини шарҳлаш, об-ҳаводан нолиш учун ишимизнинг тўлиқ уч кунини “ўлдирар” эканмиз.

 

Бир қарашда зарарсиздек кўринган бу одат вақтимизни ўғирлабгина қолмай, руҳиятимизга ҳам зарар етказар экан. Америкалик руҳшунос Роберт Краут депрессия ва интернетда ўтказган вақт ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини исботлади: қанча вақт онлайн бўлсангиз, шунчалик қайғуга ботасиз!

 

Ижтимоий тармоқлар нафақат мемлар ва янгиликлар, балки стресс, ҳасад, буллинг (оммавий таъқиб, камситиш), йўқотилган фойда синдроми, боғланиб қолиш ва қўрқув манбаи ҳамдир. Дастлаб чексиз мулоқот, мотивация ва маданий алоқалар учун яратилган платформалар барчамизни ихтиёрий ижтимоий изоляцияга ва шахсият бузилишига етакламоқда. Қолаверса, фойдаланувчи қанча ёш бўлса, унинг тармоқда рўйхатдан ўтишдан касалхонада рўйхатдан ўтишгача бўлган йўли шунчалик қисқаряпти.

 

2017 йилда кенг кўламли тадқиқот натижалари эълон қилинди, унинг доирасида беш йил давомида ярим миллион америкалик мактаб ўқувчиларининг хатти-ҳаракатлари ўрганилди. Маълум бўлишича, ушбу даврда ижтимоий тармоқларга боғланиш фонида ўсмирларда руҳий тушкунлик аломатлари 33 фоизга, ўз жонига қасд қилиш тенденциялари эса 56 фоизга ортган.

 

Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларнинг ҳалокатли кучи ҳақидаги ҳикоялар ҳали ҳам афсонадек туюлади. Орамизда Facebook туфайли ақлдан озаётганлар бор эмиш, лекин биз биронта ақлдан озганни кўрмадик, дейдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Шифокорлар эса бошқача фикрда.

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, барча руҳий касалликларни икки гуруҳга ажратиш мумкин: эндоген, яъни ички сабаблардан келиб чиқадиган ва экзоген – ташқи омиллар таъсирида юзага келадиган касалликлар. Биринчиси – шизофрения, биполяр бузуқлик ва клиник депрессия. Бу касалликлар одам аввал касал бўлса, ижтимоий тармоқлар уни кучайтириб юбориши мумкин. Лекин иккинчи гуруҳдаги касалликларни ҳатто дастлаб соғлом фойдаланувчи ҳам “юқтириб” олиши мумкин.

 

Ушбу руҳий касалликларга Facebook, Instagram, VK ва “Одноклассники” каби ижтимоий тармоқларда дуч келиш эҳтимоли жуда катта.

 

Депрессия аломатлари

 

Facebook’даги дўстларингиз билан солиштирганда, ҳаётингиз жуда зерикарлидек туюлади; сиз доим хейтерлар (нафратланувчилар)нинг шарҳларини ўқиб, хафа бўласиз; ғамгин қўшиқлар ва оқ-қора фотосуратларни фалсафий изоҳлар билан жойлайсиз; сизнинг статусингиз Достоевский каби адиб ва файласуфлардан иқтибослар билан тўла бўлади.

 

Бу нима?

 

Бу – тушкун кайфият, иш унумининг пасайиши ва ҳаётдан завқланиш ҳиссининг йўқолиши билан тавсифланадиган касаллик.

 

Ижтимоий тармоқлар қандай таъсир қилади?

 

Катта эҳтимол билан депрессиядан аввал сиз йўқотилган фойда синдромини бошдан ўтказасиз. FoMO номи билан ҳам танилган ушбу синдром аксига олиб, бошқа одамлар ҳаётида рўй бераётган қизиқарли ва муҳим воқеаларда етарлича иштирок этмаётганингизни ҳис қилишга мажбур этади. Бу эса ўзингизни ҳурмат қилмасликка ва депрессия ҳамда ҳадик ҳиссининг кучайишига олиб келади. Кимдир ҳали дунёнинг у бурчагида, ҳали бу бурчагида тушган суратларини намойиш қилиб турса, олган кўкрак нишонини кўз-кўз қилса, казо-казолар билан ачомлашиб тушган суратларини омма ихтиёрига ҳавола этса, ким ҳам қайғуга ботмайди, ахир?

 

Обсессив-компульсив бузилиш (ОКБ) аломатлари

 

Ўз постларингиз ва шарҳларингизни қайта-қайта ўқийсиз, таҳрир қиласиз ва мукаммал ҳолатга келтирасиз; Instagram’даги ранглар гаммасини узоқ танлайсиз, расмларингизни қайта ишлаш ва постингиз макетини яратиш учун соатлаб вақт сарфлайсиз; фотосуратларни альбомларга, дўстларингизни эса гуруҳларга алоҳида завқ билан саралайсиз, контентини тартибсиз, эътиборсиз юклаб, мукаммал тасмангизни ифлослантирадиганларни “дўстлар” сафидан ўчирасиз.

 

Бу нима?

 

Одамда чодирхаёл фикрлар ва маниялар, мукаммалликка интилиш кучаядиган ҳолат ёки невроз. Мазкур бузуқлик такрорланувчи маросимларнинг мавжудлиги билан тавсифланади.

 

Ижтимоий тармоқлар қандай таъсир қилади?

 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ОКБга чалинганлар смартфонлардан кўпроқ фойдаланишади. Улар учун ижтимоий тармоқ тасмасини янгилаш асабийликни камайтирадиган маросимлардан бири, аммо қай бири сабабу қай бири оқибат экани ҳақида аниқ тушунча йўқ.

 

Паранойя аломатлари

 

Сизнингча, ижтимоий тармоқларда сизни, масалан, собиқ, бўлажак ва эҳтимол, потенциал “дўстларингиз” диққат билан кузатиб боришади; сиз атрофингиздагилар баҳо беришидан қўрқасиз; фақат махфий чатларда ёзишасиз; геолокацияни яширасиз; суҳбатни ўчирасиз; лайк босган ҳар бир бегонани қора рўйхатга киритасиз ва ўз постларингиздан шунчалар шубҳаланасизки, баъзан уларни қўйишингиз билан ўчириб ташлайсиз.

 

Бу нима?

 

Паранойя – алоҳида касаллик эмас. Аммо таъқиб билан боғлиқ алжирашлар кўплаб руҳий хасталикларга эш бўлади.

 

Ижтимоий тармоқлар қандай таъсир қилади?

 

Ҳаракатларингизнинг бошқа фойдаланувчилар томонидан баҳоланиши ижтимоий ҳаракатлардан қўрқиш – социофобияга олиб келиши мумкин.

 

Боғлиқлик аломатлари

 

Сиз ҳар беш дақиқада ижтимоий тармоқлардаги тасмаларингизни текширасиз; доимо ким биландир ёзишасиз ва улар сизга одатдагидан узоқроқ жавоб беришса, ғазабланасиз; умрингизни деярли борича сторизда эфирга узатасиз ва уларни бошидан охиригача ким томоша қилганини ва ким алоқани узганини диққат билан кузатасиз.

 

Бу нима?

 

Оғир даражага етган доимий эҳтиёж. Бирон бир истак сиздан кучлироқ бўлиб чиқса, уни бажармасликнинг иложини тополмайсиз.

 

Ижтимоий тармоқлар қандай таъсир қилади?

 

Ҳар қандай боғликликни шакллантириш механизми миянинг рағбатлантириш тизимини бузишга асосланган. Мия қайсидир воқеани муҳим деб билса, нейронлар завқланиш медиаторларини ишлаб чиқаради. Инсон ўз виртуал ҳаётини қанчалик жиддий қабул қилса, унга нейромедиаторларнинг ажралиб чиқишига сабаб бўладиган лайк ёки шарҳ кўринишидаги ҳар бир реакция ва шу билан бирга, ундан келадиган завқланиш ҳисси шунчалик муҳимдир. Ушбу лаззат учун керакли дозанинг миқдори вақт ўтган сари ортиб бораверади ва инсон ижтимоий тармоқда тобора кўпроқ фаолликка интила бошлайди. Ҳар қандай қарамлик каби смартфонга қарамлик ҳам ҳаёт сифатини сезиларли даражада пасайтириши мумкин. Оғир ҳолатларда бу яккамоховликка, эътибор ва уйқунинг бузилишига олиб келади.

 

Тажовузнинг назоратсиз хуружлари аломатлари

 

Сиз, албатта, шарҳларда ҳар қандай баҳсга киришасиз, чунки Интернетда кимдир нотўғри фикрлаяпти, демак, уни тўғри йўлга бошлаш керак ва бу сизнинг асосий вазифангиз; сиз бошқаларнинг постларини танқид қилишни ва улардан хатолар излашни яхши кўрасиз; сиз барчани ҳаётингиздаги ҳар бир салбий тажрибангиз ҳақида хабардор қиласиз; жуда камдан-кам ҳолларда лайк босасиз, чунки бошқаларнинг деярли барча ¬постлари сизнинг ғашингизни келтиради, лекин сиз уларни кузатишда давом этасиз.

 

Бу нима?

 

Тажовуз хуружлари – қасддан бузғунчи хатти-ҳаракатлар бўлиб, бунинг натижасида сиз одамларга маънавий ёки жисмоний зарар етказмоқчи бўласиз: идеал ҳолатда, уларнинг жағига мушт туширишни ёки ҳеч бўлмаганда, изоҳларда уларни камситишни истайсиз.

 

Ижтимоий тармоқлар қандай таъсир қилади?

 

Тажовуз хуружлари шахсият бузилиши ёки психопатияга мойил одамларда пайдо бўлиши мумкин. Бундай касалликлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди – улар болаликдан ирсий ва тарбия таъсирида ривожланади, аммо ижтимоий тармоқлар контенти уларни кучайтириб юбориши, алангалатиши мумкин.

 

Хуллас, азизлар, ана шундай аломатларни ўзингизда сеза бошласангиз, ижтимоий тармоқлардаги фаоллигингизни чекланг. Унутманг, ижтимоий тармоқлар шахсий ҳаётингиз солномаси эмас!

 

Жаҳонгир НАҲАНОВ

1 Изоҳ

Журналист

06:01 / 01.01.1970

Аниқ ва лўнда фактларни ўқидим. Раҳмат

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси