Кўринмас чегаралар хавотири


Сақлаш
22:01 / 02.01.2022 1184 3

“Россия чегарасига етганда мен ва яна икки шеригимни “паспорт запрет” деб ўтказишмади. Пул беришни чўнтак кўтармади. Қозоғистонда “одамсотар”ларнинг қўлига тушиб қолдик. Харидор билан келишиб, нархимизни бичишгач, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасига “ўзимизнинг розилигимиз билан ишга кетяпмиз”, деб шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатга печат бостириш учун олиб келишди. Чегарада миллатдошларимни кўргач, “Мусулмоннинг боласига йўл бер” деб, ҳудудимизга қараб югура бошладим. Гапимни “тушунганлар” йўл очишга ҳаракат қилиб, гавдаси билан одамларни бир-бир суриб ташлайверди. Чегарамиздан ичкари киргандан сўнг ҳам узоқ югурдим. Чегаранинг нима эканлигини шунда ҳис қилдим”, дея йўл давомида ҳаётидан лавҳа айтиб келди бир ака.

 

Чегара ҳақида ўйга толдим. Ҳудудий чегара, иқтисодий чегара, урф-одатлар чегараси, тасаввурий чегара... ва буларнинг барчаси битта ўқ илдизга бориб туташади. Бу халқимизнинг миллий чегараси, миллийлик чегараси.

 

Ривожланиш жадаллашгани сари чегараларни муҳофаза этиш мушкул бўлиб бормоқда. Кўриниб турган чегарани ҳимоялаш муаммо эмас. Кўринмас маънавий чегараларга махфий ҳужумлар натижасида эса бети қотган, кўзи бешафқат, юраги тош, лоқайд юртдошлар сафи кенгайиб бораётгани ҳам дилимизни оғритаётгани бор гап.

 

Интернет тармоқлари, фильмлар, қўшиқлар, китоблар ва ҳоказо йўллар билан кириб келаётган маданиятсизлик тарғиботи ота-боболаримиздан мерос, авлоддан-авлодга ўтаётган миллий туйғуларимизга гоҳ билиниб, гоҳ билинмай “вирус” тарқатаётир.

 

Ҳамроҳим билан суҳбатлашиб, йўлда борар эканман, диққатимни унинг гапларидан кўра кўпроқ, ўзбек тилининг луғатига кирмаган сўзларни, ҳатто, жамоат жойларида ҳам бемалол ишлатадиган йўловчиларнинг хитобини эшитиб қолишдан сақласин, дейишга сарфлайман. Афсуски, бундай сўзларни ишлатиш бугунги лаққиларга писта чақишдай гап. Истироҳат боғлари ёки яёв юриш мумкин бўлган кўчалардан ўтаётганда кўзимни ердан узмай бораман. Биз қачон бу аҳволга тушиб қолдик. Ёшлигимда телевизорда енги йўқ кўйлак кийган қизларни кўрсам, оила аъзоларимдан хижолат бўлиб, ташқарига чиқиб кетардим. Бугун эса енги йўқ кўйлак ҳолва бўлиб қолди.  Ёқасию елкалари очиқ, этаги калта “кўйлак”да бутун бошли халққа экрандан салом бериш одатий ҳолга айланди. Ҳали замон боғлардаги, кўчалардаги ҳаёсизликлар ҳам қалбимизни безовта қилмай қўйса керак.

 

Телеканалларнинг бирида узатилган кўрсатувда юзта қиз иштирокида “Чиройли оиланинг чиройли уй бекаси бўлишни истайсизларми?” деган сўровнома ўтказилгани, 5 фоизидан “ҳа”, 95 фоизидан “йўқ”, деган жавоб олингани ҳақида муҳокама кетди. “Ўқишга кирасизларми?” дейишса, “ўқишга кирсак кирармиз, кирмасак эркин бўлишни хоҳлаймиз” дебди кўпчилиги. Бу “эркинлик” деяётгани, аслида, энг катта қуллик, энг катта хорлик эканини билмайдиган даражада идроклари хира тортишига миллийлик чегарасини унутганлари сабаб эмасмикан?

 

Йигитларнинг энг катта бойлиги – ор, ғурур, мардлик туйғуларининг ўтмаслашиб бораётгани, яна чегарани ёдга солади. Ташқи кўриниши, яъни “имижи”, юриш-туришдан бошланган рўйхат куёв сарпога келиб тўхтаганда, кўпларнинг ғаши келса керак.

 

Қадди букилиб юк кўтариб бораётган йўловчига бошқа йўловчининг ёрдамга шошилиши атрофдагиларга “довдирлик” бўлиб кўрина бошлаганига анча бўлди. Кўчада кўз танишларга салом бериш ҳам замондан орқада қолган одамнинг ёрқин белгиларидан бирига айланган. Одамлар ёки машиналарнинг ҳаракатига халақит берадиган йўл устидаги нарсани олиб ташлаш учун энгашишга кибримиздан кўра атрофдагиларнинг нигоҳи йўл бермайди.

 

Бу гаплардан ёшлар ранжимасин. Улар орасида миллатимизнинг чинакам  фахри дея оладиганларимиз ҳам бисёр. Лекин номуносиблари ҳам  кам эмас.

 

“DVD” дискда эстрада юлдузининг концерт дастурини томоша қилиб ўтирганимизда, жияним “Опа, нега кўйлаги бунча калта” деб сўради. Хонанданинг кўйлагига ғашим келиб турганди, “Материалини харид қилаётганда пули етмай, камроқ олган”, дедим. Бу гаплар эсимдан ҳам чиқиб кетган эди. Жиянимни шаҳарга айланишга олиб келдим. Ёз. Кўчани “тўлдириб” юрган “сўнгги мода” либослиларни кўриб жияним “Опа, камбағаллай сунча кўпми?”, деди. Мен нима деб жавоб қайтаришни билмай қолдим.

 

Қайнона ва келин муносабатлари оғриқли нуқтага айланган. Қайнонанинг келинни томоқдан қисиши ёки келиннинг қайнонага “трюк”лар қўйиши XXI асрда яшаётган одамларнинг гоҳ кулгусини, гоҳ йиғисини қистатади. Инсонлар бутун ер шарини ватан, бутун инсониятни биродар билаётган замонда, бу қусурлари билан яшаётган миллатдошларимиз борлигидан қалбимизда орланиш туйғуси ўтиши табиий. Келиннинг “тахт” талашиш ёки қайнонанинг “золим малика”лиги оилалар муозанатининг издан чиқишига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

 

Миллий қадриятларни эсга оладиган бўлсак, дастурхон тўрида чеҳрасида мамнуният балқиган ота-она ва уларга меҳр, эҳтиром билан тикилиб турган солиҳ фарзандлар, чой узатаётган келин келади кўз ўнгимизга.

 

“Қараб тур, ҳозир сенга сериал қўяман”

 

Ўқувчилигимда устозимиз савол берди: “Хориж телеканалини кўраётганимиз учун ўша давлатга биз пул тўлаймизми ёки улар?”… Теледастурлари орқали уларнинг маданиятини, қарашларини, қайсидир маънода, қабул қилаётганимиз учун улар бизга холис  хизмат қилишар экан.

 

Инсон қарашлари атрофдаги жараёнларга нисбатан доимий реакцияда. Бунга оддийгина мисол, кишиларнинг бир-бири билан мулоқотини кузатинг: гапдаги оҳанг ва маънога қараб суҳбат ўзани, “об-ҳаво”си белгиланиб боради.

 

“Қараб тур, ҳозир сенга сериал қўяман” ибораси кундалик мулоқотларимизга қачон қўшилганини пайқамай қолдик. Бирон вазиятдан жаҳлланган “жабрдийда” кўнглини оғритган “томон”га мантиқсиз томоша билан жавоб қайтариш қасдида шу иборани қўллайди. Ва, афсуски, ўша вазиятга бу гапнинг маъноси “узукка ярашган кўз”дек тушади.

 

Сериаллар ҳаётининг мазмунига айланганлар кўпчиликни ташкил этади, афсуски. Европа, турк, ҳинд, мексика, корейс каби бир қатор миллатларнинг кўп қисмли “кино”лари турмуш тарзимизга сездирмасдан, сезиларли даражада сингиб боряпти. Воқеалар ривожидаги ота-она ва фарзандлик бурчи, оилавий муносабатларга енгил-елпи қараш, инсонийлик мақомига эътиборсизлик  ўзини билган одамни йиғлатиши керак. Андишасизлик, одобсизликнинг турфа вариантларини ўргатувчи текин репетитор.

 

Бугун атрофимиздаги андишасизликлардан хижолат тортмасликка ўргандик. Ёт маданиятларга шундай мослашяпмизки, салом берсак, алик олувчига малол келмасмикан деб ўйланадиган даражада. Савиясиз, олди-қочди, ёлғон-яшиқ воқеалардан иборат сериаллар намойишидан мақсад нима?! Вақтдек бебаҳо неъматни ҳавога совуришми, умрни алдашми? Инсонларга “сув юқмас” бўлишни ўргатишми ёки  замонсиз “замонавий”ликми?

 

Бир гал икки ёш боланинг тортишаётгани устидан чиқиб қолдим. Бири иккинчисига эътирозини билдириш учун “тентакмисан” сўзи ўрнида “сагармисан” деган сўздан фойдаланди. “Сагар”ни суриштирдим. “Ишани” номли ҳинд сериалидаги бош қаҳрамон “образи”даги йигитнинг исми экан. Томошабинда бир оз эзма, оғма, шахсий қарашлари йўқ одам сифатида таассурот қолдирадиган образ. Мактаб ёшига етмаган болаларга бу образ шунчалик сингдирилган.

 

Хусусий телеканалларда узатилаётган деярли барча сериалларни оила даврасида кўриш ўзбек урф-одатлари руҳига зид бўлиб, одамнинг юзини қизартириши турган гап. Юз фоиз қоралаш хато бўлар, аммо бир томчи қора ранг бир челак сувнинг тусини ўзгартириб юборади. Афсуски, бундай сериаллар ўз  томошабинларини ҳаётда ҳам тутуриқсиз  “сериал”лар қўйишга ўргатиб боряпти.

 

Аждодларимиз фожиа санаган хатти-ҳаркатларни замондошларимиз одатий ҳолга айлантириб олаётганлигига ижтимоий тармоқлар орқали кунора гувоҳ бўлаяпмиз.

 

Йиғлаб қараб турдим

 

Кичиклигимизда бир ўйин ўйнардик: кўзни очиб ухлаш. Туш пайтида ухлатиш учун катталар томонидан бир хонага қамалган болалар, кўзимиз ҳадеганда илинавермагач, шу ўйинни ўйнаб, зерикишдан қутилардик. Ҳаммасини кўриб турардиг-у, худди ухлаётгандек, жим, кўрмаганга олардик ўзимизни.

 

Бу гаплар нима учун, дерсиз. Бугун атрофимдаги жараёнларни, одамларни, уларнинг турмуш тарзини – ҳаёт равишини кузатар эканман, ўша “кўзни очиб ухлаш” ўйини бехосдан, бот-бот хаёлимга келаверади. У ўйин кичкиналигимда қанчалик завқ берган бўлса, энди ҳис қилганимда, шунчалик ғамга ботиради.

 

Тошкентдаги марказий шифохоналардан бири ҳовлисида шеригимни кутиб турибман. Навбатга ёзиладиган дарча қаршисида, қабулга кирадиган эшик ёнида аёллар бетартиб туриб олган, орқадан келган мижозга назоратчи билан гаплашишга ҳеч қандай имконият қолдирмаган. Тинимсиз чуғурлашади. Оппоқ соқоли кўксига тушган, ёши саксондан ошган отахон 40 ёшлардаги эркак шериги билан деразадан боришга уринди, эшикдан боришга уриниб кўрди. Аёллар йўл бермади. Ноилож ортга қайтди. Жараённи индамай кузатиб турдим. Хотинлар тинмай валақлашда давом этишарди. Отахон ёнидаги одамга куйинди: “Нима дейсан энди, болам, Худо паноҳ берсин, ҳамма томонни шулар эгаллаб олди”. Отахон “шулар” деб оғзи бедарвоза, фаросатсиз аёлларни назарда тутиб гапираётгани гап оҳангидан билиниб турарди.

 

Тик-ток, инстаграм, телеграм каби ижтимой тармоқларда ўзини намойиш этаётган, кўча-кўйда, қадамимиз етган жойларда гувоҳи бўлганимиз қизларни кўриб, миллатнинг эртасидан ташвишга тушади киши. Қизлар – эртанги оналар. Миллат тарбиячилари. Ётоқжойидан тортиб ҳожатхонадаги расмларигача намойиш этаётган қизлар эртага қандай оилаларнинг мусибати, қандай йигитларнинг фожиаси бўлар экан. Баъзи қизларнинг қилиғи, ҳаракатидан шу хилқат вакили эканимдан уялиб кетаман.

 

Эркак кишининг бахти рафиқасининг яхши ёки ёмон хислатлари билан белгиланган азалдан. Юрт тараққиёти, фаровонлигининг муҳим ўзаги жамиятдаги аёллар эканлигини ҳам тарих исботлаб келади: ҳар бир буюк, комил шахс ортида беназир умр йўлдош – аёл туради. Уй бекалалари оиладаги об-ҳавони филтрлаб турувчи қурилма, гўё. Жамиятнинг муҳим бўғини – оилада аёлнинг роли асосий куч!

 

Бир неча йиллар илгари ахборот сайтлари турк актёри Бурак Ўзчивитнинг Тошкентда 2,5 соат давомида Ўзбекистондаги кибор аёллар ва модел қизлар билан кечки зиёфат устида учрашгани ҳамда бунинг эвазига мўмайгина ҳақ олгани ҳақида ёзган эди. Ўшанда Темурийлар тарихи давлат музейи зиёратига борган актёр ортидан қизларнинг жазавага тушиб югурганини кўриб, курсдош йигитларимиз ёнида қанчалик уялган бўлсам, Темурийлар тарихи давлат музейи биносининг устун, деворларидан ҳам суякларимгача умаланиб хижолат тортган эдим. Атрофида шайтонлаётган қизларга қараб актёр кўнглидан нималар ўтди ўшанда?! У музейга бекорга бормагандир.

 

Қишлоғимизда бўлиб ўтган бир воқеадан қолган гапни одамлар ўрни келганда ҳамон гапириб юришади. Сув бизнинг гўшага охирги қулоқдан келади. Шу сабаб, “сув талашиш” жанжаллари кўп бўларди. Навбати келганида бошланғич синф ўқувчиси бўлган ака-ука ариққа банд бойлаб, томорқасига сув буради. Барзанги қўшниси навбатини кутмай сувни ўзининг томорқасига ҳайдайди. Қаршилик қилган болани эса озроқ туртади... Кечқурун укаси онасига:

 

– Акамни фалончи ака урди, – дейди ўпкаси тўлиб. Онаси:

 

– Акангни урган бўлса, сен индамай қараб турдингми?! – деб сўрайди.

 

– Йўқ, йиғлаб қараб турдим...

 

Қишлоқ аҳли бу иборани кинояларида ўрнига қўйиб, бир-бирига нисбатан қўллаб келади. Ўша видеоларни кўриб, таъбир жоиз бўлса, мен ҳам шунчаки қараб турмадим, балки йиғлаб қараб турдим. Қўлимдан бошқа нима ҳам келарди!

 

Мувозанат оламида бормисиз?

 

Борлиқдаги ҳар бир мавҳум ва зоҳир зарра яна қайсидир зарра билан мувозанатда.

 

Юкхалтаси оғир отахон мендан Термиз шаҳрининг нотаниш бир кичик кўчасини сўради. Ўғли шу йил университетга ўқишга кирган экан. Уч кун аввал телефонда кўча номини айтган-у, телефон рақамини “янгилагач”, огоҳлантиришни ёдидан фаромуш қилган. Ота юк билан бажонидил ўғли айтган кўчани излаб юрибди. Ёрдам беролмаганимдан кўнглим хира бўлиб, йўлимда давом этдим. Фарзандга кўрсатилган эътибор – келажакка тикилган сармоя. Бу жараён минг йиллардан буён ота-боболар ортмоқлаб келаётган мерос. Оталик ва болалик ўртасидаги мувозанат.

 

Тонгда боришим керак бўлган манзилга ўз вақтида улгуриш ва табиатни ҳис этиш мақсадида саҳар мардонлаб пиёда йўлга чиқаман. Келажакнинг соғинчи, завқи тобора ошиқтиради. Сокин кўчада гоҳо итлар ва уйсиз дайдиларга дуч келаман. Иккиси ҳам қорин дардида кезинади. Чиқинди тўкилган нуқталарга бир-биридан олдинроқ бориш ниятида тонгни бесабрлик билан кутиб олишади, гўё. Кўринишидан уларни ҳаёт ва муҳтожлик исканжасига олган. Ичимдан ўй ўтади: икки оёқлилари умрига сармоя тикиш пайтида тонгни энг охирида кутиб олишган бўлса керак. Бугун тонгни ҳаммадан олдин, ҳаловатсиз қаршилаши ўша кунлардаги бефарқликнинг жавоби.

 

Оила ўтмиш, бугун ва келажак туташадиган манзил. Ишхонамиз, маҳалламиз, хуллас фаолиятимиз билан боғланган жамоалар ҳам қандайдир маънода оиламиздир. Ватан эса энг катта оиламиз.

 

Болалигимда уйимизнинг “эрта”си учун пешонам терлаб, арзигулик иш қилмаган бўлсам, ўша куни кечки овқатни ош билиб ея олмас эдим – ота-онам қанчалик қистамасин, ичимда қандайдир ғашлик, ўзимдан хижолатлик бўларди.

 

Бугун бир одам яшаши мумкин бўлган ўртача умрнинг ўртасида турибман. Ҳужайрамдаги Худо, борлиқ, тупроқ, миллат, инсон олдида ҳис қилинадиган туйғуларим навқирон ёшда. Анқовлик, лақмалик ташхисини такрор олсам ҳам одамларга Яратганнинг олдидаги бурчим, қарзим учун ишонаман. Бугун юртимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибор – келажакка тикилаётган сармоя. Интернет кафеларда, телефонда, кўчада умрининг олтин лаҳзаларини ҳавога совураётган баъзи ёшларни кўриб юк халта кўтарган жафокаш отанинг олдидаги қарз ва “мувозанатни бузган”лар ёдимга тушади.

 

Қум соатдаги қум зарралари жуда ҳам кўп. Уларни бир-биридан фарқлаб бўлмайди. Лекин, улар фарқли, албатта: ҳажми, шакли, товланиши... Зарралар тепадан пастга тушар экан, ҳар бирининг ўз ўрни бор. Борган сари тепадаги зарралар тугаб, фақат бўшлиқ қолади. Бу умр билан боғлиқ. Ҳеч бир лаҳзани шунчаки яшаманг! Ўтмиш ва келажакнинг мувозанатини бугунимизга тикилаётган сармоя белгилайди. “Катта оиламиз” эса ҳаётни елкалаган отахон мисол бизнинг ташвишимизда юрибди.

 

Маърузаларининг бирида устозимиз “Инсон ва ҳайвон ўртасидаги чегарани бузганлиги оқибатида инсоният “спид” деб аталган бедаво касаллик орттириб олган. У бугунги кунда инсон ҳаёти учун энг катта хавф туғдираётган омиллардан бири”, деб қолди.

 

Чегара... уни унутиш ва бузиш мени яна ўйга толдиради.

 

Жон ҳолатда ўз юрти чегараси томон югурган одамнинг чегарада ҳис қилганларини биз ҳар биримиз ҳар бир ҳаракатимизда ҳис қилиб турсак, миллийлигимизни бус-бутунлигича келажак авлодга етказган бўлар эдик, назаримда.

 

Наргиза ОДИНАЕВА

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2021 йил 4-сон

3 Изоҳлар

Мирзаев Гулом Ризокулович

06:01 / 01.01.1970

Assalomu alaykum! Katta rahmat, muallifga. Haqiqatan ham mazkur masala kechiktirib boʻlmas muammoga aylandi. Maʼnaviy hayot allaqachon oʻz tizginidan chiqib ketdi. Goʻyoki, axloq va odobdan mosuvo boʻlgan olomon koʻz oʻngimizda "kamol" topayotgandek. Istardimki, ushbu maqola barcha uchun maʼnaviy xavf xatardan ogohlantirish belgisi sifatida qabul qilinadi.

Сулаймонова Нодирахон

06:01 / 01.01.1970

Ассалому алайкум хурматли ижодкор. Сизнинг ёзган мақолангизни ўқиб туриб анчадан буён ўйлаётганларимни тушунадиган одамни топгандай бўлдим. Мен 4 фарзанднинг онасиман. Катта фарзандим 12 ёшда. Қиз. Имкон қадар Болажон, Ақлвой каналларини кўришларини хохлайман. Ўзим умуман хеч қайси каналлардаги сериалларни қайси давлатиники бўлса хам кўрмайман. Ўзимизникини хам. Балки катта-катта бош шахарларимизда майкачан, ярим-яланғоч юриш одат тусига кириб улгургандир. Чет давлатлар тугул ўзимизнинг сериаллардаги фахш одатий холдир. Илгари филмларимизда ётоқхона кўрсатилмас эди. Хозир эса , 70-80% ётоқ кўрсатилади. Қизим-ўғлим билан кино ёки сериал, кулгили бирон концерт кўролмайдиган, кўрсам жаҳлим чиқадиган даражага етиб қоляпти. Шунга қарамай бизники каби чекка қишлоқларда хали бор бўлган уят-андиша, миллий маданият, отани қизлари олдидаги сири онани Ўғил фарзандлар олдидаги хурматини, қайнота келин муносабатларидаги андишани хам шу сериаллар орқали йўқ қилиб юбормасак деб қўрқаман.

G'olibjon

06:01 / 01.01.1970

Hurmatli muallif maqolangizda hozirgi kunda millat ma'naviyati uchun juda dolzarb masalani ko'taribsiz. Ushbu miammolar siz kabi insonlarni o'ylantirayotgani bor gap. Ammo jamiyat bir bolib kurashilmas ekan natijaga erishish qiyin kechishi aniq

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси