Урф-одатлар: танганинг икки томони


Сақлаш
12:12 / 24.12.2021 1436 0

Турфа ҳодисалар, хатти-ҳаракатлар тарихда қайта-қайта такрорланганидан одамлар руҳиятига турғун шаклда сингиб кетади. Халқ хотираси ана шу йўл билан ҳосил қилинган билим-тажрибага шу қадар бойки, зарур ҳолларда у ҳар қандай муаммони яширин мўъжизакор кучга таяниб еча олади.

 

Биз “урф-одат”, “удум” ва “анъана” деб атайдиган (бундан кейин “урф-одат” шаклида қўлланади) бу кўникмалар жамият ҳаётида катта ўрин тутади. Уларнинг кучи, аввало, шундаки, одамларнинг, ким бўлишидан қатъи назар, мутаносиб ҳолатларда ўйлаб ўтирмай бир хил ҳаракат қилишига шароит яратади. Кези келганда, шунга мажбурлайди. Айтайлик, маҳалла аҳли – катта мансабдор, мулкдор ёки оддий ишчи-ҳунарманд бўладими – ҳар бир киши азадор хонадонга кириб, дуои фотиҳа қилади. Шу тариқа жамият аъзолари бир-биридан таниш ҳолатда таниш хатти-ҳаракатни кутади. Башарти, одам кўпчиликка одат бўлиб қолган ҳаракатдан бошқасини қилар экан, қаршилик, норозиликка учрайди.

 

Норозилик ушбу шахснинг биргина ҳаракатини инкор қилишдан бошланиб, унинг ўзини алоҳида гуруҳдан, ҳатто бутун жамиятдан сиқиб чиқаришгача етиб бориши мумкин.

 

Жамиятда урф-одатларнинг ижтимоий хулқни мўътадиллаштирувчилик, яъни регуляторлик ролини инкор қилолмаймиз. Лекин танганинг иккит омони бўлгани сингари, уларнинг таъсири кучли бўлган жамиятда шахс эркинлиги муайян даражада чекланиши ҳам бор гап. Одам баъзан ўзи хоҳламаган, кўнгил амрига зид хатти-ҳаракатни хўжакўрсинга бўлса-да амалга оширади. Дейлик, икки маҳалладош гарчи бир-бирини унчалик ёқтирмаса ҳам, салом-аликни канда қилмай, жамоат кўзича ўзаро яхши муносабатда бўлиб юргандай кўринади.

 

Халқ турмушидаги кундалик тадбирлар кўпчиликнинг тажрибаси ила такомиллашиб, пировардида изчил амалиёт сифатида секин-аста одамлар талаб-эҳтиёжини қондира оладиган меъёрга – урф-одат ўлароқ тан олинган қонунга айланади. Улар такомиллашув жараёнида халқнинг маънавий-маърифий дунёқараши, ахлоқ меъёрларига, ҳатто минтақавий, табиий яшаш шароити каби унсурларга таянади. Масалан, Марказий Осиё мамлакатларида меҳмон аввал бир пиёла чой билан сийланиб, кейин ош-овқат қилинади. Бу удум (меҳмондорчиликни чойдан бошлаш, уни уч маротаба қайтариб, биринчи пиёласини мезбоннинг ўзи олиши, меҳмонга чойнинг пайдар-пай узатилиши) кабилар, эҳтимол, минтақадаги иссиқ иқлим шароитидан келиб чиққандир...

 

Урф-одатлар жамиятда барқарорлик талаб-эҳтиёжи билан пайдо бўлиб, уни ўз вақтида қондиради. Лекин тарихий вазифасини ўтаб бўлгач, шахснинг янги ижтимоий воқеликка мувофиқ ҳаракат қилишига йўл бермай қолиши ҳам мумкин. Бу эса жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маданий ривожига тўсиқ бўлади.

 

Устига-устак, урф-одатлар жамият ҳаётига шу қадар пайвандланиб кетганки, улар ўз ўрнини янгисига осонликча бўшатиб бермайди. Одамлар манфаатига тўла хизмат қиладиган янгиликларни жорий этиш мушкулгина эмас, ҳатто баъзан имконсиз бўлиб қолади. Яқиндагина кўрдик: тўйларни давлат ҳокимияти, парламентар алашуви билан ҳам ихчамлаштириб бўлмади. Демак, янги удумлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан пухта асосланган бўлишига қарамай, барибир, қабул қилинмаслигиҳам мумкин экан.

 

Аслида,асрлар давомида бўлса-да, амалда қўлланибкелаётган урф-одат, удум ва анъаналарнингянгиланишига табиий жараёнсифатида қаралмоғилозим. Тўғри,урф-одат халқнинг маънавий бойлиги бўлиб, улар узоқ йиллар, баъзан асрлар мобайнида шаклланиб, амал қилиб келади. Уларда халқ донолиги мужассамлашади. Аҳамиятли томони шундаки, жамиятдаги илғор ўзгаришлар халқнинг ўша урф-одат, удум ва анъаналарни моҳирона такомиллаштириши асосида рўй беради. Лекин такомиллаштириш ва янги шароитга мослаштириш изчил кечадиган табиий жараён бўлганидан, уни инқилобий тарзда дабдурустдан янгилик киритиш билан аралаштирмаслик керак. Масалан, ўтган асрнинг 70-йилларида урфга кирган “комсомол” тўйларини олайлик. Улар бизга яширин сиёсий-мафкуравий талаблар билан йўқ жойдан тиқиштирилди. Ўша тўйларни бугунги кунда тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки улардаги кўп унсурлар элимизнинг узоқ асрлик удумларига – шарқона руҳиятига ёт эди. “Комсомол” тўйлари – илдизи чуқур маънавий қадриятларни такомиллаштириш эмас, осмондан тушган қўзиқоринга ўхшаган илдизсиз янгилик эди.

 

Урф-одатлар жамият аъзоларининг ижтимоий хулқини бошқаришга хосланган бўлиб, илмий адабиётларда “анъанавий” ва “замонавий” таснифга ажратилади. Мазкур атамалар илгари, асосан, ижтимоий-тарихий ва этнографияга тааллуқли фанларда ишлатилган, кейинги вақтларда эса ижтимоий психологияда ҳам кенг қўлланмоқда.

 

Анъанавий урф-одатларнинг амал қилиши, умуман, мавжудлиги замонавийларининг пайдо бўлишини, аксинча, иккинчиси биринчисининг борлиги, замонага мослашишини инкор этмайди. Улар, истисно ҳолатларни ҳисобга олмаганда, бир-бирига унча кескин қаршилик кўрсатмайди. Бу иккиси ҳамма замонларда ҳам бўлган, ўзаро ижобий таъсир кўрсатиб, замонага мослашишда бир-бирига ёрдам берган. Халқнинг зардуштийлик тарихидан қолган оловга сиғиниш аломатлари, чунончи, келинни оловдан уч маротаба айлантириш, марҳумлар учун қирқ кунгача чироқ ёқиб қўйиш шаҳар шароитида олов ёқишнинг қийинлиги, асосан, исломнинг жорийлашуви билан боғлиқ ҳолда ўз-ўзидан йўқолиб кетган. Аммо бу удумларни чекка қишлоқларда ҳали-ҳамон кўриш мумкин.

 

Қизиғи шундаки, жамиятга янги одатларнинг кириб келиши “анъанавий”ларнинг янги шакл-мазмун билан бойишига сабаб бўлади. Шу тариқа “замонавий”лар жамиятнинг мўътадил тараққиётига хизмат қила бошлайди. Аммо улар ҳам баъзан, ҳўл-қуруғига қарамай, “анъанавий”ларнинг барчасини, хусусий ҳолларда эса, ҳатто халқ тарихий-маънавий бойлиги бўлган қадриятларни ҳам буткул инкор қилишга тушади. Жамиятда янгиликларга қатъий қаршилик кўрсатиш каби нохуш ҳодисанинг кўпинча устуворлиги сабаби шунда. Замонавий “тўй эскортлари” фикримизнинг яққол мисолидир. Яна бир ҳолат: ҳар қандай маросимда аввал ёши катталарга хизмат кўрсатиш удуми тарихан ибтидоий жамоа тузумига бориб тақалса ажаб эмас. Лекин кейинчалик бу қоида ўзгарди – ёшроқ бўлса ҳам, мансабдорга алоҳида мулозамат кўрсатишга ўтилди.

 

Урф-одатлар халқнинг оммавийлашган тарихий тажрибаси бўлиб, ҳаётда кенг қўлланадиган ахлоқ меъёрлари, ёзилмаган қонунлар сифатида шу халқ вакиллари томонидан ҳимоя қилинади, бойитиб борилади. Алоҳида шахс уларни меъёр даражасида ўзи бажарар экан, бошқалардан, бутун жамиятдан ҳам шуни кутади. Агарда уларнинг бажарилмаётганини кўрса, бу ҳолатни ўзига нисбатан ҳурматсизлик санаб, дарҳол удум-анъаналарнинг ҳимоячисига айланади. Баъзан умумэътирофдаги меъёрлардан тойиш, уларни бажармаслик бутун жамият томонидан қораланишгача олиб бориши мумкин.

 

Қизиқки, бундай ҳолларда “бузғунчи”нинг шахси ва жамиятдаги мавқеи ҳам ҳисобга олинади (аслида, шу хил “айирмачилик” ҳам урф-одатга айланиб кетган). Масалан, маҳалладаги фақирроқ, оддий касб-корли одам келмаса ҳам тўй ўтаверади. Лекин маҳалланинг оқсоқоли келмагунча тўй оши очилмайди. Бу – удумларда шахснинг ҳам ўрни борлигини кўрсатади. Бу – яхши албатта. Айни ҳодиса салбий кўринишда воқеланиши ҳам мумкин: ўша фақир умумқоидадан андак чекинса, таъна-маломатлар остига қолиб кетади, лекин шу ҳаракат бой-бадавлатроқ одам ёки мансабдор томонидан содир этилса, нафақат жим турилади, ҳатто хос янгилик деб баҳоланиши ҳам мумкин. “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли гапирсин” қабилида иш тутиш, афсуски, маълум маънода “урф-одатимиз”га айланиб улгурган.

 

Мавзуга турли авлод вакиллари нуқтаи назаридан қарасак, урф-одатлар ўта яшовчанлиги, каттаю кичик уларнинг риоясида бўлишини кўрамиз. Лекин ёшлар урф-одатларга амал қилишда ҳамиша изчил эмас, амал қилганда ҳам, янгиликлар қўшишни ёқтиради.

 

Маълумки, жамиятда авлодлар алмашинуви сезилмасдан кечади. Катта авлод вакиллари тарихий хотира кўприги сифатида урф-одатларни қаттиқ ҳимоя қилади, ёш авлодни азалий меъёрларни бузмасликка чақиради, бузганларни жазолайди. Бу жараён урф-одатларнинг ижобий томонларини тарғиб қилиш орқали кечади. Бироқ катта авлодга ижобий туюлган меъёрлар янгича ижтимоий шароитда ёш авлод томонидан рад этилиши ҳам мумкин. Айни шу ҳол тараққиётнинг абадий ҳамроҳи бўлмиш оталар ва болалар муаммосини келтириб чиқаради. Ёшлар кўпинча катталар олдида урф-одатларни бажарса-да, ўз даврасида янгиликларни қўллаб, янгиланган шу меъёрларни секин-аста жорий эта боради. Ёшларга тажриба етмаса-да, улар ўз билганича яшашга уринади, қадимий урф-одатларга тўлиқ риоя этишни хоҳламайди, ҳур фикрга интилади. Ҳамма вақт бўлмаса-да, бу ҳолга муайян урф-одатнинг салбий томони – замон талабидан ортда қолгани, тараққиёт кушандасига айлангани сабаб бўлади. Лекин, барибир, урф-одатлар – жамоатнинг тўплаган тажрибасини шахсга ўтказувчи, шахсни ижтимоийлаштирувчи умумҳаёт қоидалари сифатида муҳим аҳамиятга эга.

 

Урф-одатларнинг жамиятдаги бошқарув ролини ҳам эътироф этмоқ даркор. Бунда дин билан боғлиқ анъаналар ва жамоатчилик фикри тушунчасини таъкидлаш лозим. Кўпчилик ҳолларда шахс шу иккисига бутунлай тобеликка тушади, ўз шахсий тушунча ва хулосаларига амал қилолмайди. Бу, айниқса, шаҳарлашувдан узоқ қишлоқ шароитида ўта кучли кечади.

 

Ҳар қандай эркин фикр, мустақилликка интилиш жамият томонидан қораланиб, “бидъат”, “ғайрификр” дея талқин қилинади. Маълум ҳолларда “бидъатчи”ларга нисбатан жазо ҳам қўлланади. Бу, биринчидан, эркин фикрни бўғиш, ундан ҳам ёмони, одамни жамиятдан четлаштириш, қувишга айланиб кетиши мумкин. Ҳолбуки, инсон жамоасиз, унинг муносабати, таъсири ва фикрисиз ёлғиз яшаёлмайди. Чунки у – ижтимоий жонзот. Бунда шахснинг жамиятга фаол кириб келиш ҳамда фаол ижтимоий ҳаётдан четлашиш даврлари муҳим. Биринчисида у жамият томонидан рад этилса, жонига қасд қилишгача бориб етади. Фаол ижтимоий фаолиятдан четлашаётган босқичдаги шахс эса буни янада оғир қабул қилади, ижтимоий ҳаётдан кетишни хоҳламайди, ички ҳаяжон, кучли кечинмалар гирдобига тушади. Бинобарин, шахс жамоадан мажбуран четлатилганда, ишдан, айниқса, юқори лавозимдан олинганда ғайрификр гуруҳларига қўшилиб, жамият ва унинг бошқарув тизимини танқид қилувчига, ҳатто мухолифга айланиб қолиши ҳам мумкин. Улар учун кўпчилик аҳмоқ ҳамда “ақлдан озган” бўлиб кўринади. Шахс ички мотив, майллар кураши таъсирида, ҳатто жамият билан, жамоат фикри билан низога боради. Бу кўпинча унинг узоқ йиллик урф-одатларга қарши чиқиши шаклида кечади. У анъанавий, “қотиб қолган” қатъий меъёрга шахсий манфаати, ўзининг янги ижтимоий ҳолатидан туриб муносабат қилади.

 

Урф-одат асрлар давомида изчил тарзда умумжамият томонидан, умумманфаатдан келиб чиқиб ўрнатилган, уни ўзгартиришга фақат умумнинг ўзигина мутасадди ва ҳақли ҳисобланади. Биргина ёки бир неча шахс хоҳиш-истаги бу хил ўзгартиришга асос бўлолмайди.

 

Жамиятдаги урф-одатларнинг руҳий таъсир механизми шу даражада мустаҳкамки, онг-тафаккур каби номоддий борлиқ жуда кам ҳолатлардагина ушбу меъёр чегарасидан ташқарига чиқиши мумкин. Урф-одат таъсирида шахс ўзини доимо жамият назари ҳамда ҳимоясида ҳис этади.

 

Маҳмуд ЙЎЛДОШЕВ

 

Tafakkur журнали, 2019 йил 3-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси