Янги жанрда ёзилган янгича асар – ёзувчи дардларини қора юморга яширган “Дардисар” романи таҳлили


Сақлаш
10:05 / 07.05.2024 586 0

Янги номига унчалик тилим келишмайдиган эски Ғафур Ғулом номидаги болалар боғига болаларимни айлантиришга олиб бориб, китоб ярмаркаси устидан чиқиб қолдим. Бошқаларидан кўра анчайин сифатли китоблар босади, деб ҳисоблайдиганим “Академнашр” павилонини изладим. Янги чиққан роман дея тутқазилган ушбу китобни қўлимга олдиму, роса дардисар бўлди. Уйга келгунча метрода, ундан чиқиб автобусда ўқиб келдим. Жиннинг ҳайратомус саргузаштларидан таъсирланиб, кечки овқат маҳали ҳам китобни қўлимдан қўймасам, денг... Аёлим ҳайрон, яхшиям, боғда роса ўйнаб, чарчаган болалар тезда уйқуга кетди. Бир асабийлашиб, китобни отиб қоламан, бир шарақлаб кулиб юбораман. Хуллас, Хуршиднинг қарийб бир йил давомида ёзганини бир кечада битириб, сўнгги сатрларни ўқиётганимда бомдод азони элас-элас эшитилаётган эди. Мени бунчалик ўзига тортган, уйқудан қолдирган нарса нима эди? Келинг, бирма-бир айтиб берай...

 

Романда бироз мистика, бироз фантастика, бироз саргузашт, кўпроқ реалистика аралашган бўлса-да, жуда катта қора юмор яширинган. Бугунги жамиятдаги муаммолар, одамлар орасидаги муносабат, давлат бошқарувидаги, ижтимоий ҳаётдаги камчиликлар рўй-рост очиб берилган. Ишсизликнинг оғир юки, пул топиш учун ҳар нега тайёр одамлар, турли касбдаги турфа тақдирлар, хуллас, сизу бизнинг орамиздаги одамларнинг типик умумлашма образлари мисолида ўзимизга ойна тутилган.

 

Романдаги тагмаъноларни, кинояю қочиримларни англаш учун китобхон ижтимоий фаол ва бугунги жараёнлардан, ҳазиллардан бохабар бўлиши талаб этилади. Йўқса, коса тагидаги нимкосани минг уринмасин, кўролмайди. Масалан, охирги йилларда интернет тармоғида, оммавий ахборот воситаларида шов-шувларга сабаб бўлган воқеалардан бехабар одам романдаги математика фанидан чемпион бўлган болага қовун-тарвуз совға қилингани, шифокорнинг калтаклангани, ҳофизнинг кайф-сафога берилгани, “Заковат” ўйини бошловчисининг шкаф излаб қолгани, Ихтиёрнинг “Шунчаки кулиб қўйдим”, деган гапларини жўнгина тўқима воқелик деб қабул қилади ва  тагидаги катта фожиаларни англамайди. Демак, бу китоб жамиятимизнинг фаол одамлари учун, зийрак зиёлилар учун ёзилган, деган хулосага келиш мумкин.

 

Асардаги жой, партия ва газета номлари, исмлар тўқима бўлса-да, уларнинг ортида бугунги кун одамлари турганини сезиш қийин эмас. Синчиклаб эътибор қилган ўқувчи реал шахсларни, замондошларини ҳам бемалол таний олади. Ҳатто, қайсидир қаҳрамон сиймосида ўзини кўриб қолиб ҳайратланиши ҳам турган гап. Масалан, шифокор Жўломоновга ўхшаган докторлар бизнинг маҳаллада ҳам бор. Кунда бўлмаса ҳам ойда бир-икки қайсидир ҳудудда шифокорнинг калтаклангани ҳақидаги хабарларга дуч келамиз. Уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича ишлар қилинаётган бўлса-да, бундай хунук ҳолатлар ортса ортяптики, камаймаяпти. Ёки Асад муаллимга ўхшаган ўқитувчилар озми? Ўзбекистонда энг кам маош оладиган соҳа вакиллари орасида энг охирги ўринда ўқитувчи ва шифокорлар тургани ҳеч кимни ҳайратлантирмаяптиди-ку... Бўтақул Ботирга менгзаладиган маҳалла раислари ҳам ҳужжатбозлик ва мажлисбозликдан безиб, бошини қай тошга уришни билмай юргани айни ҳақиқат эмасми? Қўйлибек Қултоев сингари депутатларнинг сайловлар арафасида турли бемаъни таклифлар бериб “қовун тушириши” ҳам ҳаммамизни кўниктириб қўйган. Турсунбой каби талабаларнинг телефондан бош кўтармаслиги, ўқишга қизиқмаслиги-да кундай равшан. Аммо бу қаҳрамонларни ёзувчи шунчалик маҳорат ва бадиий бўёқдорлик билан берадики, кулиб туриб йиғлайсиз, нафратланиб туриб, раҳмингиз келади, “баттар бўл”, дейсиз-у, жонингиз ачийди.

 

“Дардисар”нинг тили жуда енгил, аммо ҳазми оғирлиги билан сизни ўзига тортади. Асарни ўқиркансиз, Хуршид билан суҳбатлашгандек бўласиз. Ихчам ва ортиқча изоҳларсиз таърифлар, ўзига хос портретлар, пейзаж ва метафорик ўхшатмалар, воқеаларнинг равон ва содда ифодаси, қисқа, аммо таъсирли диологлар, мазмунга мос шеърий парчалар ва ҳикматли сўзлар романнинг ҳақиқий безагига айланган. “Бўтақулнинг дарду ҳасрати ғижжакда чалинадиган мотам куйи каби тобора авжига чиқиб борди”. “Мободо қачондир омадинг келмай, ишларинг орқага кетиб қолаверса, бир айланиб ол, шунда ишларинг олдинда бўлади”. “Ҳаётнинг ўзи зарбулмасал бўлиб турганда, бу масалдан не фойда?” “Замондан қолмай деб уятда қолмасак бўлди”. “Агар оғзингиздан чиқаётган сўзларнинг шакарини ажратиб олиб, қайта ишлаб чиқарсак, пулнинг тагида қопкетамиз”. Асарда бундай ўхшатиш ва топилмалар бисёрки, уларда ёзувчининг ҳассослиги ва маҳорати намоён бўлади. Шунингдек, “мотивация”, “имидж” каби янги сўзлар ҳам тез-тез учраб туради.

 

Асар қаҳрамонлари тасвири ярим юмористик, ярим реалистик хусусиятга эга. Турсунбойнинг севгилисини тасвирлар экан, адиб шундай ёзади: “Офатхон деганимиз дунё гўзали Моника Белуччи каби бўлмаса-да, ҳар қалай хушрўйгина қиз эди. Юзидан упа-эликни, қадамидан нозу карашмани, лабидан табассумни аямайдиган қиз эди Офатхон. Ўртабўй, озғиндан келган, оппоқ ва ёқимтой кўринувчи бу санамнинг ошиқлари бисёр эдики, улар Турсунбой қатори Офатхоннинг висоли йўлида жидду жаҳд билан ғайрат камарини белга боғлагандилар”.

 

Ёзувчи бугунги давр муаммоларини қаҳрамонлар тилидан енгил ифодалар орқали берадики, юмор ва яширин кулгу орасида зилдай гапларни ангаб олиш у қадар осон эмас. Ҳар доим халқ учун куюниб юрадиган Бўтақул бир ўринда шундай дейди: “Икки уй наридаги қўшним беш ҳарфли сўзда саккизта хато қилса ҳам, машина миниб юрибди. Имло луғатининг тили бўлса сўзласин”. “Кечагина дунёни янгилайман деб юрган Жуманиёз жипириқ бугун оқ-қора рангли телевизорини янгисига алмаштиролмай ҳалак”. Бу бугунги кун одамларининг бадиий талқини. Бир қарашда содда ва тўпори кўринган Бўтақул файласуф ҳам. “Фақирлик юки майли, бундан қутулиш мумкиндир, аммо миядаги маҳдудликдан халос бўлиш мумкинмикан?”, дея ёзғиради Жинга. Ёки мудом катта раҳбарлар ҳақида китоб ёзиб юрадиган Жобир Собирга қарата “Бирор чойхонада ё тўй-ҳашамда китоб ҳақида баҳсу мунозара кўрмадим. Лекин қаёқдаги бир бетайин сериал учун оиласини ҳам унутиб қўйганларни кўрдим”, дея жон койитади. Асарда бундай ижобий образлар оз эмас. Ҳоким Каттаконов ҳам одамлар наздида қаттиққўл ва порахўр бўлиб кўринса-да, аслан кўнгли тозалиги кўриниб туради. Аммо шу жамият дошқозонида қайнашга мажбурлиги, иложсизлиги важидан шундай ишлашга маҳкум. Ихтиёр 11-01 томонидан ихтиро қилинган порахўрликни аниқлайдиган аппарат унга росмана дардисар бўлади. Балки, асар номи айнан мана шундан олингандир. Чунки бошқа жойда бу номга боғлиқ вазиятларни англай олмадим. Ҳокимнинг якунда ихтирочи йигитга барча қурилмаларни йўқ қилишни буюриб, жаҳл билан айтган қуйидаги гапи коррупциянинг қанчалик хавфли ва кўп тармоқли эканини кўрсатади: “Биз сенинг ихтиронга ҳали тайёр эмасмиз. Ахир, коррупцияга тест топшира туриб натижани сохталаштириш учун бир-бирига пора бериб юрганларнинг дарагини эшитдим. Бунга чидаб бўладими?”

 

Романдаги энг юмористик қаҳрамонлардан бир Чори Чопрадир. У математика ўқитувчиси бўлса-да, адабиётга ихлоси баланд, ажиб ҳазил шеърлар битади. Шу орқали ўз кўнглини кўтариб, дилидаги дардларини тўкади.

 

Тур, Чориқул, ахир иш вақти бўлди,

Ишламай ишлашни дўндириш вақти бўлди.

 

Унинг юмор ва киноя аралашиб шеърлари XIX аср охири XX аср бошларида ижод қилган Завқий ва Махмурларнинг ғазалларини ёдга солиб юборади. Бу шеърларни зукко китобхон олдин ҳам ижтимоий тармоқларда ўқиган бўлиб чиқар.

 

Мен Хуршид Абдурашидни шоир сифатида таниганман. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” рукни остида чиққан “Ўша мен эдим”, “Академнашр” томонидан “Излам” туркумига киритилган “Фақат у қолди” каби шеърий тўпламларидаги битикларини ўқиб, ҳаваскорлик босқичидан ўтган катта бир шоирни кашф этган эдим. Унинг шоирлиги “Дардисар” романида ҳам ўз таъсирини ўтказгани яққол сезилади. Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, уни юз варақли таъриф билан ҳам тасвирлаб бўлмайди, аммо тўрт қатор шеър вазиятни ҳис этишингизга ёрдам беради. Буни чуқур англаган муаллиф шундай йўл тутади. Гоҳ Усмон Азимдан, гоҳ Абдулла Ориповдан, гоҳ Фарҳод Арзиевдан тўрт қатор шеър келтириш орқали қаҳрамонлар ҳолатини ифода этиб қўяди.

 

...Гоҳо савдо-сотиқ растама-раста,

Елкангиз тиришди айланиб келиб.

Молингиз бўлмаса сотишга агар,

Дўстингизни сотинг, масалан, мени...

 

Фарҳод Арзиев қаламига мансуб ўшбу шеър орқали ёзувчи қаҳрамонининг ўша вақтдаги вазиятини ифода этади. Шеърга ҳеч қандай изоҳ ҳам, таъриф ҳам бермайди. Инчунин, ўқувчи ўқиб, тушуниб олаверади.

 

Асарда тишга тегадиган жумлалар, энсангизни қотирадиган тасвирлар бўлмаса-да, айрим сюжетларни янада бойитиш, айрим тасвирларни бироз таҳрир этиш мумкин. Китобнинг кейинги нашрлари олдидан ёзувчи романга танқидий нигоҳ билан яна бир қур кўз ташлаб чиқса ёмон бўлмайди.

 

Романнинг сюжетига, унинг асосий қаҳрамони бўлган жаноб Жинга атай кўп тўхталмадим. Китобни ўқиган ўқувчига энг қизиқ жойлари қолсин, дедим. Бинобарин, туни билан ўқиб чиқиб, эртаси куни дардисар бўлган, бошимни оғритиб юрган нарса ҳам уйқусизлик эмас, балки Жиннинг биз ҳақимизда ўйлаганлари эди, жамиятимизга тутилган кўзгуга қараб, қалбимни тирнаган ҳайратлар эди.

 

Хуршид Абдурашидни янгича бир услуб яратиш йўлидаги изланишлари муваффақиятли чиққани билан бемалол табрикласак бўлади. Ўзбек китобхонига ўқиса бўладиган яна бир асар муборак бўлсин!

 

Бегзод ИБРАГИМОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети

мустақил тадқиқотчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси