«Автоҳалокат» дан кейинги ўйлар


Сақлаш
10:05 / 07.05.2024 201 0

Ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. Ҳаётнинг азалий ва абадий ҳақиқати бу. Суд маҳкамасида ўтириб, қилмишига жавоб бераётган инсонни кўрганда, кўнглингиздан нелар ўтган? Вужудингизда бир титроқ, ачинишу изтироб туйгансиз, тўғрими? Аммо, бугун сизни бошқачароқ судга таклиф қиламиз. Бу ўта бешафқат, ҳеч кимга раҳм қилмайдиган, барча ҳақиқатларни таг-томири ила фош қилиб ташлайдиган суд, ишонинг, шу вақтга қадар бирор мардум бу сўроқдан қочиб-қутулолган эмас. Агар эвини қилганида, ўша Достоевскийнинг Росколникови халос бўларди ундан. Бу – виждон ҳузуридаги суд; ҳаёти давомида ўз-ўзини тергов қилмаган, ўтган умрини тафтиш этмаган, шу қаттол судда бир бора бўлсада, қатнашмаган кимса бормикан?! Йўқ, асло!

 

«Дийдор» театр-студиясида яқинда премьера қилинган «Автоҳалокат» спектаклидан сўнг шу каби мулоҳазалар гирдобида қолдим. Швейцариялик немисзабон драматург Фридрих Дюрренматт қаламига мансуб пьеса асосида саҳналаштирилган спектакль жамиятда илдиз отган жазосизлик балоси, виждон терговидан қочиб юрган қотиллар ҳақида ўзига хос тарзда баҳс юритади. Асарни таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов саҳналаштирди. Ҳа, дастлаб эшитганда, бир оз ҳайрат уйғотади кинорежиссёрнинг театрда асар қўйиши. Чунки, саҳна ва экраннинг йўриғи бошқа: кинода кенг макон ва муҳитга кўниккан ижодкорнинг ўз тасаввурини мўъжазгина саҳнага сиғдириб бериши ҳақиқатан осон эмас. Шу боис ҳатто жаҳонда ҳам театр ва кинода бирдек муваффақият қозонган режиссёрлар бармоқ билан санарлик даражада оз: Ингмар Бергманн, Питер Брук, Марк Захаров, Григорий Козинсев… Хўш, Жаҳонгир аканинг театрдаги дебютини қандай баҳолаш мумкин? Айни саволга спектаклни баҳоли қудрат таҳлил қилиш асносида жавоб топамиз.

 

 

Спектакль кутилмаган воқелик билан бошланади: қоронғи кечада машинаси бузилиб қолган Алфредо Трапс исмли шахс сўраб-суриштириб жаноб Вергенинг хонадонини топиб боради ва эшигини қоқади. Ундан бир кеча тунаб қолиш учун жой сўрайди. Ичкарига киргач гувоҳ бўладики, бу уйда ўзидан бошқа меҳмонлар ҳам бор экан. Верге уларни «эски қадрдонларим, ўзимга ўхшаган сўққабош чоллар», деб таништиради. 

 

Саҳнада узун стол, атрофида қариялар йиғилган, илло ўтирган стуллари суд мажлисида ишлатилувчи курсилар эканини дарров фаҳмлаш мумкин; юқорига Александр Македонский, Николай Коперник, Жанна ДʼAрк сингари буюк шахсларнинг портретлари осилган. Хуллас, аллақандай рутубатли, ғалатироқ хона; маълум бўладики, бу чоллар кечалари шу ерга тўпланиб, суд ўтказишар экан. Афтидан оддий ўйиндек кўринувчи бу мажлисда Исо Масиҳ, Суқрот, Дрейфус, Фридрих сингари улуғ зотларнинг қисмати қайта муҳокама қилинар, мозийдаги машҳур шахслар курсига «ўтқазилар» эди. Энг қизиғи, адвокат ҳам, прокурор ҳам, ҳукмни ижро этувчи жаллод ҳам тайёр – шу кексалар қилади бу вазифаларни. Ўтмишдаги шахсларни тафтиш қилиш ўз йўлига, прокурорнинг таъбири ила айтганда, «тирик жиноятчилар билан ўйнаш қизиқроқ». Шу тариқа жаноб Трапсга мазкур ўйинда жиноятчи ролида қатнашиш таклиф қилинади, Алфредо қизиқиш ила рози бўлади, бироқ айби нимадалигини билолмай, таажжубга тушади. Шунда прокурор совуққонлик ила: «Хотиржам бўлаверинг, азизим. Жиноят ҳамиша топилади», дея жавоб қайтаради. Прокурорнинг шу биргина жавобида катта фалсафа мужассам. Инсон зоти азал-абаддан айбдорлик ҳисси ила яшашни ёқтирмайди, у ўзини гуноҳлардан ҳоли, пок деб ўйлайди. Бироқ виждонини гирибонидан олиб, холис сўроққа тутганида, айблари фош бўлади, яъни, одам боласи борки, жиноят ҳам топилади.

 

Шу тариқа оддий эрмак мисол бошланган суд драматик тус олади, прокурорнинг илмоқли саволлари Трапсни саросимага солиб қўяди, адвокатнинг огоҳлантиришларига қарамай, спиртли ичимликлар таъсирида ўзи ҳақидаги ҳақиқатларни бирин-кетин айта бошлайди. Томошабин бирор лаҳза воқеалар оқимидан узилмайди, диалогларнинг кескинлиги, ижтимоий руҳ билан суғорилгани, характерларнинг ёрқинлиги, сюжетнинг драматик жиҳатдан таранглиги ва интригаларга бойлиги спектаклга бўлган қизиқишни бир сонияга бўлсада, сусайтирмайди.

 

 

Жаҳонгир Қосимов спектаклга маҳоратли актёрлар ансамблини жалб қилган. Жумладан, Алфредо Трапс образини гавдалантирган Карим Мирҳодиев қаҳрамони руҳияти, феълу сажиясини драматик ҳолатлар, вазмин нигоҳлар, истеҳзоли реплика ва психологик бўёқлар ила, кечинма санъати уйғунлигида очиб беради. Актёр образнинг ички олами, характерини мантиқий изчилликда, тадрижий тарзда юзага чиқаради: тергов бошланган илк саҳналарда ўзини мутлақо айбсиз санаган Трапс аста-секин қилмишига иқрор бўлиб, якунда жиноятчи эканини тан олади. Албатта, қаҳрамон онгида бу эволюция бирданига юз бермайди: актёр айбсизликдан қотилликкача бўлган мураккаб руҳий жараённи ғоят аниқлик билан, образ динамикаси ва темпо-ритмини сақлаган ҳолда ифодалаб беради. Натижада, томошабин ҳам беихтиёр Алфредонинг жиноятчи эканига ишона бошлайди. Сунъий газламалар ишлаб чиқарувчи «Гефестон» фирмасининг хўжайини ҳисобланмиш Трапс бу курсига собиқ раҳбари қария Гигакснинг ўрнига ўтиргани, чолни йўқ қилиш учун пухта режа тузгани, яъни, хотини билан дон олишиб, бу воқеани хаста амалдорга етказгани ва бундай шармандаликни кўтаролмаган Гигакснинг юраги хуруж қилиб қазо қилгани маълум бўлади.

Алфредонинг жинояти фош бўлишида прокурор образи муҳим ўрин тутади. Ушбу персонажни таниқли актёр ва режиссёр Абдуҳалил Мигноров ижро этди. Кўпчилик Абдуҳалил акани асосан кино санъати орқали яхши танийди, бироқ у анча йиллар аввал собиқ Аброр Ҳидоятов номидаги театр (ҳозирги Ўзбекистон давлат драма театри) да атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев қўл остида ишлагани ва эсда қоларли роллар яратганини ҳамма ҳам билмаса керак. Айни образ орқали актёр яна театр саҳнасига қайтди десак, хато бўлмас. Прокурор – Мигноров совуққон, бироз ҳазилкаш, ҳақиқатни тагига етиш учун барча чораларни ишга солади, топқирлик ва зукколик ила саволларни ёғдиради, алал-оқибат ўзи айтмоқчи, «жасаднинг товони кўрина бошлайди». Прокурорнинг Трапс билан тўқнашуви спектаклнинг ҳақиқий драматизмини белгилаб беради, кутилмаган саволлар қаршисида талмовсираб қолган меҳмон пировардида, таслим бўлади.

 

Фарҳод Абдуллаев ижросидаги судья характерида ҳам эътиборли хусусиятлар мавжуд. У кўринишидан бетарафдек туюлсада, асли ҳақиқатни изловчи, адолат тантанаси учун курашувчи ҳақгўй инсон сифатида гавдаланади. Судья Вергенинг қизиққонлик ва эҳтирос ила сўзлаши, доимо идрок ва мантиққа таяниши томошабинда алоҳида таассурот қолдиради.

Актёр Эгамберди Раҳимов гавдалантирган адвокат жиноятчиларни оқлашга, уларни ҳаётга қайтаришга интиладиган оқкўнгил инсон. Ногиронлик аравасига михланган бўлсада, келажак ва жамиятга бўлган ишончи, некбин қарашларини йўқотмаган, ҳар нарсадан ёруғлик, нур ахтаради. Мураккаб вазиятда қолган Алфредони қутқаришгада астойдил ҳаракат қилади, бироқ қилмишига иқрор бўлган Трапс учун унинг оқловлари фойда бермайди.

 

 

Шунингдек, Озод Бекмуродов талқинидаги жаллод Пиле, Хуршида Арабшоеванинг Симонаси хусусида ҳам алоҳида тўхталиш лозим. Пиле шунчаки ҳукмни ижро этадиган, жиноятчиларнинг бошини оладиган жаллод эмас, назаримда, бу образни рамзий маънода тушуниш лозим. У нафсни кесадиган адолат қиличи; унинг ўта қўрқинчли темир кундаси қаршисида Алфредони титроқ босади. Спектакль хотимасига яқин Трапс ва Пиленинг суҳбати, жиноятчининг қатл олдидаги ҳолати, ушбу саҳнани анчайин реалистик, қуюқ бўёқларда берилиши томошабинда ростмана қўрқув уйғотади. Наҳот, Алфредо чиндан қатл этилса?!

 

Шу ўринда бир мулоҳазамизни айтиб ўтсак. Жаҳонгир Қосимов – кинорежиссёр ва бу саҳнада ҳам сезилади. Очиғи, камина спектаклни томоша қилиш чоғи яхши бир фильм кўраётгандек таассурот туйдим. Воқелик асосан қаҳрамонлар ўртасидаги диалогларга қурилади; саҳна санъати табиатига эса баёнчилик ёт; ўнлаб сўзларни актёрнинг биргина мимикаси ёки сукути орқали ифодалаш мумкин. Қолаверса, актёрларнинг саҳнадаги жойлашуви (мизансаҳналар) да ҳам турғунлик бордек, театр услубига хос хатти-ҳаракатлар, динамика етишмаётгандек туюлди. Албатта, бу шахсий мулоҳазаларим ва айни камчиликлар спектаклнинг бадиий-ғоявий савияси ва салмоғига таъсир кўрсатмаган.

 

Ўз навбатида режиссёрнинг ютуқларини ҳам эътироф этмасак, адолатдан бўлмас. Аввало, Жаҳонгир аканинг пьеса матнига чуқур киргани, актёрларни ролларга тўғри ва мақсадли танлагани, саҳнавий муҳит ярата олганини айтиш лозим. Яна бир эътиборли жиҳати, режиссёр театр ва томошабин ўртасидаги «тўртинчи девор»дан воз кечади, залдаги мухлислар томошанинг кузатувчиси эмас, бевосита иштирокчисига айланади. Верге судни бошлаган вақти томошабинларга қарата «туринглар!», дея мурожаат қилади ва барча йиғилганлар ўрнидан туради. Гўёки томошабинлар судда гувоҳга айланади. Спектакль сўнгидан хулоса шуки, инсон зоти қилмишига яраша жазосини албатта олади, одамлардан бўлмаса, Яратгандан жазо муҳаққақ экани ушбу саҳна асари орқали яна бир карра ойдинлашади.

 

«Автоҳалокат» спектаклида илгари сурилган фикрлар бугунги жамиятимиз учун ғоят зарур. Томошадан сўнг ўзингизга берадиган саволларингиз кўпайиб кетади. Прокурор айтадики, «Ҳаётда ўзларига ҳисоб бермаган ҳолда тез-тез қотиллик қиладиган одамлар бор». Албатта, қотиллик деганда, фақат одам ўлдириш назарда тутилмайди. Жисмоний эмас, маънавий қотилликлар – турфа уйдирмалар, фисқу фасодлар, ёлғону ғийбатлар ила не-не инсонларни руҳан абгор қилаётганлар қанча? Шундай вақтларда қанчамиз ўз-ўзимизга ҳисоб беряпмиз? Виждонни қийнаб, холис сўроққа тутяпмиз? Таассуфки, бундай инсонлар ниҳоятда кам.

 

Спектакль ана шундай ўткир ҳақиқатлардан сўз очади, томошабинни мушоҳадага, ҳақ сўзга тик қарашга чақиради. Бугун шу каби театр асарларига эҳтиёжимиз катта. Зотан, санъатнинг барча турлари қатори театр ҳам миллатнинг онгу тафаккури, дунёқараши, руҳиятида ўзгаришлар қилиши, уни ўз ортидан эргаштириши, маънавий юксакликка чорлаши зарур. Бу йўлда «Дийдор» театр-студияси амалга ошираётган ишлар таҳсинга лойиқ.

 

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,

санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси