TikTok'ка нисбатан жарима ва чекловлар – дунё мамлакатлари платформадан нега норози?


Сақлаш
17:03 / 16.03.2024 196 0

Ўтиб бораётган ҳафта TikTok компанияси учун оғир кечди: АҚШ Конгресининг Вакиллар палатаси мамлакатда платформани тақиқлаш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди, энди АҚШ ҳудудида TikTok тақиқланиши мумкин. Италия регулятори эса контент назорати йўқлиги учун компанияга 10 миллион евро миқдорида жарима солди. Лекин бу эътирозлар дунё миқёсида биринчи мартаси эмас.

 

Ўзбекистонда

 

Ўзбекистонда кўплаб ижтимоий тармоқлар фаолият юритади.  Лекин 2020 йилда мамлакатга кириб келган TikTok бироз ўтиб, тақиққа учраган. Бунга етарлича сабаблар бор эди: TikTok’да асосан, қисқа ва маъни-мантиқсиз видеолар оммалашиб, аввалига, маҳаллий ёшларини ва бора-бора катталарни ҳам тун-у кун ўзига жалб қила бошлади. Фойдаланувчилар зарарли контентни шунчаки кузатмай, реал ҳаётида ҳам виртуал оламдаги “қаҳрамонларга” тақлид қиладиган бўлди: болалар  нутқида жаргон сўзларни қўллай бошлади, баъзилари эса бошқаларни калака қилиш эвазига жанжаллар келтириб чиқарди ва буларнинг барчасини пранк номи остида тармоққа жойлаб борди. Илованинг ишлаш алгоритмига кўра, видеолар қисқа муддатда оммалашиб, ҳаётда ҳам, тармоқда ҳам кўп учрайдиган бўлди.

 

Аммо платформа блокланишига асосий сабаб бу бўлмаган. Юқоридагиларнинг барчасини TikTok’нинг инсон ҳаётига бевосита таъсири, деб оладиган бўлсак, ундан ташқари платформа  “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддасини бузиш орқали фуқаро ҳуқуқларига ҳам таҳдид солган.

 

Ачинарлиси, ахборот оқимни чеклаш, унинг зараридан ҳимоялаш ҳам мураккаб: фойдаланувчилар турли тақиқларни ҳам четлаб ўтиб, махсус VPN дастурлари ёрдамида “мақсадига ета” олади.

 

 

Платформада фойдали контентлар ҳам анчагина. Аммо асосий видеолар мантиқсизлик, шафқатсизлик ва ахлоқсизликка асосланган. Бундан ташқари, платформанинг хавфсизлик даражаси ва Хитой билан алоқаларидан чўчиб, ўз ҳудудида фойдаланишни чеклаган давлатлар ҳам анчагина. TikTok мамлакатлар кесимида қандай зарар етказгани ва ҳукумат даражасида кўрилган чораларни қуйтида санаб ўтамиз:

 

АҚШда

 

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2020 йилда TikTokни мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолаб, унинг фаолиятини чеклашни таклиф қилган. Ҳукуматнинг бугунги эътирози эса фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ. Унга кўра, Хитой ҳукумати Bytedance’дан АҚШдаги TikTok фойдаланувчиларининг маълумотларини талаб қилиб, ўзлаштириши мумкин. TikTok асосчиси эса бу шубҳани доимий инкор қилиб, АҚШдаги фойдаланувчиларнинг маълумотлари мамлакат ичида қолишини, Пекинга етиб бормаслигини таъкидлаб келади. Парадокс шундаки, TikTok иловаси аввал бошиданоқ Хитойдан ташқари бозорлар учун мўлжалланган бўлиб, Хитой ҳудудида мавжуд эмас. Компания Гонконгдан 2020 йилда чиқиб кетган.

 

Европа иттифоқи

 

17 февраль куни Европа иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни кучга кирган. Қонунга кўра, платформа созламаларида ёшга доир чекловлари бўлиши киритилган. Шундан кейин Европа иттифоқи ушбу тармоқ устидан тергов ишларини бошлаган. Текширув давомида TikTok’ка “Фойдаланувчиларнинг психо-физик хавфсизлиги” ва тарқалаётган контент учун жавобгарлик масъулияти юклатилган. Бироқ TikTok бунга қарши тегишли чораларни кўрмаган ва бунинг оқибатида бир неча миллион евро миқдорида жарималарга дучор бўлган.

 

Италияда

 

Италия регуляторлари вояга етмаганларда тақлид қилишга мойиллик бўлишини инобатга олиб, TikTok’да хавф туғдирувчи контентларни чеклаб ёки назорат қилиб бўлмаслигидан шикоят қилган. Бу ўз ўрнида, платформанинг хавфсизлик тамойилларига жавоб бермаслигини ва фойдаланувчилар, айниқса, ўсмирларнинг психо-жисмоний хавфсизлигига таҳдид солишини билдиради.

 

Италия расмийлари бунга чора сифатида, TikTok асосчиси Bytedance Ltd гуруҳига тегишли 3 та: Ирландиянинг TikTok Technology Limited, Британиянинг TikTok Information Technologies UK Limited ва Италиянинг TikTok Italy Srl компанияларига нисбатан 10 миллион евро миқдорида жарима қўллаган.

 

Ирландияда

Жарима жазоси аслида, компания учун янгилик эмас: TikTok анчадан буён Европа регуляторларининг кузатувида бўлиб, бир неча миллион доллар миқдоридаги жарималарга учраган. Платформанинг Евроиттифоқдаги фаолиятини назорат қилувчи Ирландиянинг маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси TikTok’ни болаларни ҳимоя қилолмагани учун 345 миллион евро миқдорида жаримага тортган. Бунга эса яқинда яратилган болалар аккаунтлари барча учун очиқлиги, унга интернетдаги исталган одам кириши мумкинлигини асос сифатида келтирган.

  

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси