Маданиятсиз йўловчи, асабий ҳайдовчи — ҳуқуқ ва мажбурият чегараси қаерда?


Сақлаш
17:02 / 23.02.2024 352 0

Бутун дунёда жамоат транспортлари аҳолини табақага ажратиш эмас, манзилга тез, қулай ва хавфсиз етказиш воситаси саналади. Яъни, ундан турли қатлам вакиллари шахсий автомобили ёки ҳайдовчиси борлигидан қатъий назар, фаол фойдаланади.

 

Сўнги йилларда Ўзбекистонда ҳам жамоат транспортлари қулайлашиб, самарали ишлаши учун деярли барча имкониятлар йўлга қўйилди: автобуслар сони кўпайтирилди, салонлари юқори стандартлар асосида жиҳозланди, йўлларда алоҳида йўлаклар ажратилди, ҳавога чиқадиган заҳарли газлар миқдорини камайтириш учун бир нечта йўналишдаги одатий автобуслар электробусларга алмаштирилди. Умуман, инсон омилигача бўлган деярли барча босқичлар имкон қадар яхшиланди. Натижада жамоат транспортидан фойдаланиш тенденцияси Ўзбекистонда ҳам сезиларли даражада юқорилади.

 

Аммо тизимда ҳали ҳам баъзи оқсашликлар бор.

 

Ушбу мақолада тартиб ва маданиятсиз йўловчилар борлигини ҳам инкор этмаган ҳолда, автобусларда энг кўп юзага келадиган муаммолар, қўпол равишда бузилаётган истеъмолчилар ҳуқуқлари ва мажбуриятини тўғри бажармаётган ҳайдовчилар ҳақида сўз боради.

 

Қатнов интервалига таъсир қилувчи омиллар

 

Транспортларнинг йўналиши ва интервалини кўрсатиб турувчи онлайн дастурлар йўловчининг ўз вақтида манзилига етиб боришида қулай восита саналади. Аммо иловадаги рақамлар амалиётдаги интервал вақти билан доим ҳам мос келавермайди, кечикишлар кузатилади.

 

Автобуслар кечикишига одатда, йўллардаги тирбандликлардан ташқари ҳайдовчилар билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлади. Масалан, бир бекатда керагидан ортиқ тўхтаб туриш. Бу ҳолат техник узилишлар туфайли юзага келса-ку, бошқа гап. Лекин ҳайдовчи йўловчиларга тушунтириш ҳам бермай, шунчаки тўхтаб туради. Бу эса табиийки, йўловчида норозилик кайфиятини уйғотади.

 

Бекатларда тўхтамасдан ўтиш

 

Автобус ҳайдовчилари ёки кондукторлар “Тушадиганлар борми?” деб сўраб, баъзан сўрамасдан ҳам бекатларда тўхтамай кетади. Сабабини сўрасангиз, “Сўраганда нега индамадингиз?!”, “Тушадиган одам вақтлироқ ҳаракат қилади-да!” ёки “Тўхташ жойини бошқа автобуслар тўсиб қўйганди” каби асоссиз баҳоналар билан гўёки вазиятдан чиқадилар.

 

Аксарият ҳолларда бекатда ёш болалар, қариялар ва ҳатто, чемодан кўтарган мусофирлар ҳам қўл кўтарганча қолиб кетади. Аслида, ҳайдовчи автобусдан тушадиган ёки чиқадиган йўловчилар бор-йўқлигидан қатъи назар, йўналишидаги ҳар бир бекатда тўхташга мажбур.

 

Тўлов бўйича муаммолар

 

Йўловчиларда тўлов бўйича кенг танлов, шу билан бирга, бир қатор тушунмовчиликлар ҳам бор.

 

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига кўра, тўлов терминаллари доим ҳам ишлайвермайди: карта валидаторга теккизилганда “х” белгиси чиқади, ундан кейинги уриниш эса муваффақиятли бўлади. Бироқ картадаги харажатлар тарихи текширилганида, бир вақтда икки марта пул ечиб олинганлигини кўриш мумкин.

 

Худди шу ҳолат карта ҳисобида маблағ бўлмаганида ҳам юзага келади. Яъни, йўловчи пули тугаганидан бехабар терминалга картани теккизади. Пул ечилмаганини кўриб, карта ҳисобини тўлдиради ва қайта тўлов қилади. Ҳисобдан эса биринчи уриниш учун ҳам пул ечиб олинади. Бир сўз билан айтганда, техник муаммолар туфайли, йўловчи бир йўналиш учун икки марта ҳақ тўлашига тўғри келади.

 

Яна бир муаммо: катта сиғимли автобусларнинг ҳар бир эшиги олдида тўлов терминали бор. Йўловчи ўзига яқин терминалдан пул ўтказиши ёки олди эшикка келиб, нақд шаклда тўлов қилиши мумкин. Шунга қарамай, тушиш вақти келганда фақат олди эшиклар очилиб, барча йўловчилар ўша ерга келиши сўралади. Сабаб эса тушунарсиз, буни йўловчиларнинг тўлов қилишига ишончсизлик, деб аташ ҳам нотўғри. Негаки, эшик юқорисидаги кузатув камералари ҳайдовчи олдидаги кичик экранларда тўғридан-тўғри акс этади, унда барча йўловчиларни назорат қилиш мумкин.

 

Терминаллардан ташқари, бир нечта QR-тўлов кодлари ёпиштирилган автобусларда кондуктор ҳам айланиб юришига қанчалик эҳтиёж бор?

 

Автобусда одамлар тиқилинч пайти ҳар бекатдан кейин кондукторнинг туртиниб-суртилиб автобуснинг у бошидан бу бошига бориб келиши энг асабимга тегадиган холат...”, деб ёзади Twitter фойдаланувчиси Сурайё Мажидова. Бундан аён бўлади-ки, нақд тўловчилар учун қулайлик қилиш мақсадида йўлга қўйилган кондукторлик фаолияти кўп томонлама ноқулайликларга сабаб бўлмоқда.

 

Бу қарорга келинишига яна бир нечта асос ҳам бор:

 

Биламизки, тўлов картасини шунчаки терминалга текказиб қўйиш алоҳида билим талаб этмайди, буни ҳатто, кичик ёшдаги болалар ҳам уддалайди. Лекин нима учун шу оддий вазифани ҳам кондукторлар бажариб бериши керак? Ахир тўлов картаси эгасининг шахсий буюми саналади, у эгасидан бошқа ҳеч кимнинг қўлига тушмаслиги зарур.

 

 

Эслатма! Истеъмолчининг шахсий маблағлари сақланадиган ҳар қандай карта (хоҳ банк картаси бўлсин, хоҳ транспорт картаси бўлсин) эгасининг шахсий буюми ҳисобланиб, уни бошқалар қўлига олишга ҳақли эмас. Карталарнинг махфий коди ҳам тўлов кассалари ва терминалларида касса ходимларига ошкор қилинмаслиги, аксинча, эгаси томонидан терилиши зарур.

 

Йўловчининг мустақил тўлов қилишига қўйиб берилмаса, кузатув камераларига қаралмаса, унда автобус салонларини замонавий воситалар билан жиҳозлашга не ҳожат?!

 

Тўловни чиқишда қилиш керакми ё тушишда?

 

Кўплаб давлатларда, хусусан, Туркияда ҳам метробус, метро ва автобуслар учун йўл ҳақи асосан терминаллар орқали, йўловчи транспортга чиқиши билан тўланади. Шундан кейин на кондуктор ва на ҳайдовчи қайта назорат қилади. Ўз ўрнида, аҳоли ҳам шу тартибга мослашган.

 

Польша, Германия ва бошқа Европа мамлакатларида транспорт чипталари махсус илова ёки бекатлардаги чипта автоматларидан харид қилинади. Берлинда нақд пул эвазига ҳам ҳайдовчидан чипта олиш мумкин, лекин бериладиган пул йирик бўлмаслиги керак. Агар ҳайдовчида қайтим учун етарли маблағ бўлмаса, у тўловни шунчаки қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Транспортлардан тўловсиз фойдаланганлар эса жиддий жавобгарликка тортилади.

 

Грузияда эса йўловчилар автобуслардаги билет автомати (валидатор)дан чипта сотиб олади. Кондукторлар ўрнига назоратчилар (контроллер) махсус нимчаларда йўловчи чипталарини назорат қилади. Контроллерлар асосан, бекатларда автобусдан тушувчиларнинг чипталарини текширади ёки автобус ичида ҳам маълум муддат ҳаракатланиши мумкин.

 

Мана шу контроллер тизимини тўғри ишлашига эришилса, кондуктор хизматидан воз кечиш ҳам мумкин. Бу борада транспорт вазирлиги қошидаги лойиҳа офиси директори Мурод Абидов “Лолазор” подкастидаги чиқишида Қозоғистон тажрибасидан мисол келтиради:

 

“Кондукторлардан воз кечиш учун контроллер тизими ишлаши керак. Агар ишламаса, қўшни Қозоғистондаги каби салбий оқибатлар юзага келиши мумкин. У ерда барча кондукторлар фаолияти тўхтатилиб, автобус эшиклари бирданига очиб юборилган. Бунда йўл ҳақини доимий тўлаб юрганларнинг 47 фоизи пул тўламай тушиб кетиши кузатилган ва бюджетга жуда катта зарар етган”.

 

Бундан маълум бўладики, ҳар қандай тизимнинг тўғри ишлашида масъуллардан ташқари, жамоатчиликнинг роли ҳам катта. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, одамлар исталган хизматидан фойдалангани эвазига назорат ёки мажбурият борлиги учунгина эмас, онгли равишда ҳақ тўлаши зарурлигини тушуниши, бажариши керак.

 

 

Бизда қандай?

 

Автоматлаштирилган тўлов тизими Тошкент шаҳрида 2023 йилнинг февралидан бошланган бўлса, электрон тўлов тартиби бўйича ҳали ҳам бир қарорга келинганича йўқ. Бир ҳайдовчи тўлов қилиб, кейин ичкарига ўтиш кераклигини айтса, бошқаси бу учун дакки бериб, тўлов қилинганига шубҳа ҳам қилади.

 

“Картошка олиб кетмаяпсиз-ку, секинроқ ҳайдасангиз-чи!”

 

Автобусдан фойдаланган киши борки, гап нима ҳақида бораётганини дарҳол англайди. Ҳа, ҳа, гап ҳайдовчиларнинг бетартиб ҳайдаши ёки ким ўзарга ўйнаши ҳақида.

 

Автобус салонида ёш ҳам бўлади, қариялар ҳам. Болалар, ногиронлик аравачасидаги йўловчилар ва ҳатто, ҳомиладор аёллар ҳам кам эмас. Лекин “шумахер” шофёрларга бунинг умуман аҳамияти йўқ: маълум ҳудудларда йўналиши бир бўлган ҳайдовчилар билан пойга ўйнайди. Бу вақтда тўсатдан тормоз олиш, кутилмаганда тез қўзғалиш ёки чегарадан юқори тезлик ҳолатлари юзага келиб,  йўловчилар турли даражада травма олиши мумкин. Бундан ташқари, яқиндагина келтирилган электробуслар иштирокида содир бўлган кетма-кет авариялар ҳам юқоридаги фикрга мисол бўла олади.

 

Ҳайдовчиларнинг бундай қувлашмачоғини “оқлаш” учун авваллари сабаб бор эди: уларнинг даромади кун давомида йўловчилардан йиғилган пулга кўра белгиланган, шунинг учун бекатларга бошқалардан аввал етиб олишга уринишарди.

 

Аммо бугун ундай эмас. Энди ҳайдовчилар брутто-шартнома асосида фаолият юритади. Унга кўра, ҳайдовчилар даромади ўз вақтида бекатларга етиб бориш, рейсларни белгиланган марта амалга ошириш ва автобус салонининг озодалиги каби сифат кўрсатгичларига асосан ҳисобланади.

 

 

Йўл ҳаракатининг умумий қоидаларига кўра, транспорт бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш (bluetooth ёки қулоқчинлар орқали, қўлларни ишлатмасдан телефонда гаплашиш бундан мустасно) тақиқланади. Ҳайдовчилар орасида бу қоидани бузадиганлар ҳам, бузмаслик учун телефоннинг овозли режимида, баланд оҳангда гаплашадиганлар ҳам учраб туради.

 

Йўловчилар чиқиб ёки тушиб бўлмасидан, эшиклар очиқ вақтида ҳаракатланиш, тегишли бекатлардан автобус чироғини ўчирган ҳолда “яширинча” ўтиб кетиш, ўз йўналиши бўйлаб эмас, бошқа маршрут бўйича юриш – буларнинг бари амалиётда бир неча бор кузатилган, қонун ҳужжатларида тақиқланган ва инсон ҳаётига бевосита хавф солиши мумкин бўлган ҳаракатлар саналади.

 

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида “Ҳайдовчи автобусни тўхташ жойидан фақат эшикларни ёпган ҳолда, йўловчилар тўлиқ тушириб ва чиқариб бўлингандан сўнг юргизиши, бекатларни аниқ ва тўғри эълон қилиши, қатнов йўналиши ўзгарган тақдирда эса бу тўғрида ҳар қайси бекатда эълон қилиши шарт. Автобус салонини автобуснинг муайян тури учун белгиланган умумий сиғимидан ортиқча тўлдиришга йўл қўйилмайди” деб ёзиб қўйилган.

 

Ўтган йили кўз олдимда бўлган ва йўловчилар ҳаётига жиддий хавф солган ҳаётий мисолни эслаб ўтсам. Автобус ҳайдовчиси йўналиши бўйича тўғрига кетиши керак эди. Лекин у ўша чорраҳадан ортга қайтишини, йўловчилар шу йўлда ёки қайилгач, бекатда тушиб қолишини сўради. Бу “илтимос” машиналар қатнов қисмида, йўлнинг айнан ўртасида айтилди. “Йўловчилар ҳаётига сиз жавобгарсиз, агар бирор кор-ҳол бўлса, масъулиятини ўз бўйнингизга оласизми?” деган саволимга эса “Шундай бўлиб қолди-да бир марта, узр энди” деган асоссиз жавоб олдим.

 

Иккинчи томон ҳам “фаришта” эмас. Тартибсиз, маданиятсиз йўловчилар ҳам бор

 

Вазирлик масъули Мурод Абидовга кўра, автобуслар ҳар куни “мойка”дан чиқади. Унинг ички тозалиги эса мантиқан олиб қараганда, энг аввало, йўловчиларга боғлиқ. Йўловчилар орасида майда чиқиндиларни автобус салонида қолдирадиган, ойнадан улоқтирадиган ёки фарзандининг оёқ кийими билан ўриндиқлар устини ифлослантирадиганлар кунда-кун ора кўзга ташланади. Тақиқланган жойларда тушиб қолишини айтиб, ҳайдовчининг қоидабузарлик қилишига сабаб бўладиган, йўл ҳақини тўламай кетадиган ва  ҳайдовчиларни гапга солиб, йўлдан чалғитадиган йўловчилар ҳам талайгина.

 

Томонлар белгиланган тартибларга риоя қилиши, мажбуриятларини бажариши орқали бутун тизимнинг самарали ишлашига эришиш мумкин. Ана шундагина, ҳар қандай чора-тадбирлар кўзланган натижани бера бошлайди.

 

Мақолада муаллифнинг ўзи ёки яқинлари билан содир бўлган, тармоқ фойдаланувчилари ҳам дуч келган муаммоли вазиятлар санаб ўтилди. Кейинги мақолаларда эса шу муаммолар юзасидан баъзи саволларга жавоб олиш мақсадида соҳа мутахассисларига мурожаат қиламиз.

 

Мақолада келтирилган муаммолар ҳайдовчи ва кондукторларнинг барчасига ҳам тегишли эмас. Гап эгаларини топишига умид қиламиз.

 

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси