Жиноятчига пул берманг. Фирибгарлар бизни қандай овлашлари ҳақида беш ҳикоя


Сақлаш
10:02 / 14.02.2024 245 0

Қишлоқдан ўртоғим келди. Маслаҳатли ва манфаатли иш бор деди ҳовлиқиб. Ишдалигимни айтдим, кечқурун уйда кўришамиз дедим. Кечқурун кўришдик. 

– Ўртоқ биттаси 600.000 доллар юбормоқчи, яқинда ўларкан, пулимни хайрия қилмоқчиман, муҳтожларга тарқат, менга у дунёда енгиллик бўлади, деди.

– Хўп, нима қилмоқчисан, қаердан танишдинг?

– Телеграмимга ёзди, ўша пулни картага тушириб бераркан, бунинг учун 5 000 АҚШ доллар миқдорида банк харажатини тўлаш керак деяпти. 3 000 йиғдим, ўзимдаги ва укамдан олиб. 2 000 бериб тур, пул тушиши билан қайтараман.

– Майли 2 000 бераман, менга пулни ярмини берасан.

– Э йўғ-а, ҳеч йўқ 10 мингини дегин, “ни за что” бир кунда 8000 ёмонмас-у сангаям.

– Кўрдингми, осмондан тушган пулниям ярмини бергинг келмаяпти, у цанга шунча пулни 5 000 га берворармиди...

Хуллас унга фейсбук мессенжери, телеграмдаги хорижлик фирибгарлар ёзган смсларни кўрсатдим. Киберфирибгарлик кучайганини бунақа легендаларни 50 тасини ўчириб ташлаганимни, Жиззахда бир фуқаро 10 мингга тушганини тушунтирдим. Агар ман шунақа пулга ишониб ўша пулларни олганимда чала битган ҳовлида маошдан маошга кредит тўлаб яшаб юрмаслигимни тушунтирдим. Ўртоғимга шунча пул ва Тошкентга келгунча ўша 600.000 доллар пул бўйича қилган ширин орзу хаёлларидан кечиш осон бўлмади. Тўғрида иккита кўчага бир-бирига қаратиб солинадиган уч ўғилга 3 та ҳашаматли ҳовли, “Бивайди” мошиналар, қишлоқ марказида қуриладиган “Ош марказ”дан кечиш осонми? Фейсбукдаги шунақа постларниям топиб кўрсатганимдан кейин ишонди. Ҳаттоки, менга келган бир смс билан унга келган хабар матни бир хил чиқди. Фақат менинг Тошкентда яшашимни ҳурмат қилиб, суммани 1 миллион ёзганакан. Ўшандаям ишонмай, “Демак, 400 ини уже берворгандирда”, дейди. Охири ишонди, тарвузи қўлтиғидан тушди. Меҳмон қилиб, эртасига кузатвордим. Содда одамларимиз кўп, ўшанчунам у фирибгарлар тинмайди.

 

 

Фейсбук фойдаланувчиси Баҳриддин Асроровнинг саҳифасидан олинган ушбу воқеа ҳақиқатан ҳам ҳаётда юз берган. Ва сўнгги вақтларда биз бу каби фирибгарларга деярли ҳар куни, ҳар бир ижтимоий тармоқда дуч келадиган бўлдик. Уларнинг қармоғига тушишга одамларнинг нафақат соддалиги, балки, маълумотларни анализ қилиб кўрмаслиги сабаб бўлади. Ҳолбуки, бу каби хабарларни бироз вақт кетказиб таҳлил қилинса, фирибгарликдан бошқа нарсамаслиги аён бўлиб қолади. Хўш, бу каби хабарлар таҳлил қандай қилинади? 

 

Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади

 

Сизга “хориждаги шу пайтгача номаълум бўлган амакингизнинг холасининг қудасининг бойвачча жиянидан катта миқдордаги мерос қолди” деган смслар келганда, энг аввал хабар юборган шахснинг профиль саҳифасига кириб кўриш, унинг жойлаган постларини кузатиш кифоя қилади. Одатда, бундай фирибгарларнинг саҳифасида уч-тўртта интернетдан олинган расмлар бўлади ёки бўлмайди. Шунингдек, уларнинг исмлари, айтайлик, инглизча бўлса, профиль суратларида корейс, немис, рус миллатли одамлар бўлади. Баъзиларида эса нопрофессионаллик шу даражадаки, ҳуддики ишонч қозониш учун ўзбекча эркаклар исми танланади, аммо суратга аёл расми қўйиб қўйилади. Хуллас, бундай хабарларни олган кишиларга бирозгина синчковлик фирибгарлик қурбонига айланмасликлари учун етарли бўлади. Ҳар эҳтимолга қарши бундай профилларни “қора рўйхат”ингизга киритиб, яқинларингизни ҳам огоҳлантириб қўйинг.

 

 

Эҳтиёт бўлинг: машҳурлар!

 

Иккинчи турдаги фирибгарликда асосан машҳур шахсларнинг суратлари, исмларидан фойдаланилади. Бу тарздаги фишинглар нимаси билан хавфли? Гап шундаки, уларда бирор машҳур шахснинг тезда бойиб кетгани ҳақдаги интервьюси жойлаштирилади ва сиз ҳам буни синаб кўришингиз учун ҳавола берилади. Табиийки, ҳаволага кирган кишидан шахсий маълумотлар, жумладан, банк карта рақами сўралади. Натижада машҳур шахсларнинг номига алданиб, тезда бойиб кетишни ўйлаган қурбон маълумотларни киритаркан, чўнтагидаги бор пулдан ҳам айрилади.

 

 

Бундай алдов рекламаларда, сизга қизил чироқ – банк карта рақами сўралиши бўлиши керак! Шунингдек, ёдда тутинг, машҳурлар шунчаки бойиб кетишмаган ва сизга қаергадир пул тикиб, бой бўлишингиз ҳақида тавсия беришмайди:

 “Фирибгарлар энди дипфейк технологиялари ёрдами билан одамларни алдашга тушишибди. Бундай технологик қармоқларга тушиб юрманг, умуман билингки, агар менинг номимдан тарқалаётган бирор бир хабар менинг ўзи саҳифамда бўлмаса, бу менга тегишли эмас. Ва яна бир жиҳат, мен ҳеч кимга пулни қаерга тикиб, қандай пул ишлашни маслаҳат бермайман”, деб ёзади Korzinka.uz асосчиси Зафар Ҳошимов, унинг номидан тарқалган ана шундай фирибгарлик ҳолати ҳақида.

 

 

Расмий сайтларни кузатинг!

 

Сўнгги вақтларда давлат раҳбари, унинг оила аъзолари номидан ҳам фойдаланиш урфга кирди. Сабаби оддий – одамлар Президентга ишонади. Бундай хабарлар “Тезкор! Президент ажратган пулни олинг!, “Ҳар бир оилага 650 минг сўмдан”, “Президент оилаларга пул ажратиш ҳақидаги қарорни имзолади, сиз ҳам пулингизни олинг! сарлавҳалари билан тармоқларга жойлаштирилади. Берилган ҳавола орқали ўтганингизда, доимги “шаблон” пулни олиш учун банк карта рақамини киритишингиз керак бўлади. Афсуски, орамизда ҳамон бу каби фейк хабарларга алданиб қолаётганлар учрайди.

 

Нима қилиш керак: бундай хабарларда “пул мукофоти ютиб олиш” ёки “маблағ тарқатиляпти” каби сўзлар бўлса, бу ҳақидаги хабарларни расмий сайтлардан қидириб кўринг. Унгача ҳаволага кирманг ва ўзингиз ҳақингиздаги ҳар қандай шахсий маълумотларни киритманг. Шунингдек, сўнгги вақтларда президент номидан турли сохта телеграм каналлар ва инстаграм саҳифалари ҳам юргизилаётганини кўриш мумкин. Бундай каналлар шуниси билан хавфлики, уларда хабарлар орасига турли нотўғри маълумотлар, фирибгарлик ҳаволалари жойлаштирилганда, саҳифа кузатувчиси қармоққа илиниши мумкин. Масалан, Президент қарорига кўра, баъзи фуқароларга пул ажратилди, деган хабарга фойдаланувчи ўйлаб ҳам ўтирмай, автоматик тарзда кириб кетиши мумкин. Чунки у бунгача берилган хабарларда ҳеч қандай муаммога дуч келмаган. Бундай ҳолатга тушмаслик учун давлат раҳбари номи билан очилган турли каналларни эмас, балки унинг расмий саҳифасинигина кузатиш энг тўғри йўл бўлади. 

 

Президент билан боғлиқ хабарлар, имзоланган қарорлар ҳақида расмий саҳифалар https://t.me/shmirziyoyev, www.president.uz ва www.lex.uz сайтларида танишиш мумкин.

 

Фирибгарлар ҳам ривожланяпти

 

Юқори келтирилган усуллар ҳар доим ҳам ўзини оқламагани учун, фирибгарлар янгидан янги усулларни ўйлаб топишдан чарчашмаяпти. “Опен бюджет” ёки турли танловларда қатнашаётган танишларимизнинг телеграмдан ҳавола юбориб, ютишим учун овоз бериб юборинг, деган илтимос қилишларига ўрганиб қолганмиз. Энди фирибгарлар ҳам худди шундай матн билан сизга хабар юборишади. Сиз ҳаволага киришингиз билан телеграм аккаунтингиз уларнинг қўлига ўтади.

 

 

 

Улар профилингизни эгаллаб олишганини узоқ вақт билдирмай, барча чатларни ўқишлари, шахсий маълумотларингизни қидириб, карта рақамингизни топишлари ёки сизни дарҳол аккаунтдан чиқариб юбориб, сизнинг профилингиздан фойдаланишлари мумкин. Бундай ҳолатнинг энг ёмон тарафи жиноятчилар контактингиздаги барчага шундай хабар юборади. Дўстларингиз ҳам катта эҳтимол билан ҳаволага киришлари ва профилларидан айрилишлари, бу вирусли занжир узилмай давом этиши мумкин. Бу ҳолга тушмаслик учун шубҳали ҳаволага кирмаслик, бундай хабар келганда, ҳавола матнига эътибор бериш тавсия этилади.

 

Жиноятчига қарз берманг!

 

Тадбиркор Дилшод Одилов фейсбукдаги саҳифасида янгича фирибгарлик усули ҳақида хабар берди. Унга кўра, фирибгарлар телеграмда тадбиркорнинг исми билан аккаунт очган ва танишларидан қарз сўраб, хабар юборган. Яна бир нечта киши билан боғлик бу каби ҳолатлар кузатилганини ҳисобга олсак, бу ҳолатни ҳам фирибгарликнинг янги усули дейиш мумкин. Бу каби хабарларга алданмаслик учун эса пул сўраган танишингизга телефон қилиб, аниқлаштириб олиш энг тўғри йўл бўлади. Ижтимоий тармоқлар эгалари учун бу турдаги фирибгарликлар янгилик эмас, улар ҳақида махсус саҳифаларда гапирилади. 

 

 

Масалан, Мета ижтимоий тармоғи бир қатор фирибгарликлар ҳақида огоҳлантиради, жумладан:

 

  • романтик фирибгарлик;
  • иш қидириш билан боғлиқ фирибгарлик;
  • лотерея фирибгарлиги;
  • кредит фирибгарлиги;
  • хайрия билан боғлиқ фирибгарлик;
  • мерос билан боғлиқ фирибгарлик;
  • тижорат фирибгарлиги;

 

Буларнинг барчаси Мета платформасида мавжуд бўлиши мумкин ва фойдаланувчилар ҳушёр бўлишлари керак. Машҳур фильм қаҳрамони пулларни ўмараётиб, “Пулларингизни банкада сақланг, албатта, бор бўлса” деганда, балки бир қадар ҳақ эди. Агар банк сиз учун у қадар ҳам қулай бўлмаса, пластик картангиз рақамини ҳеч кимга берманг. Шубҳали туюлган ҳар қандай хабарни текшириб кўришга эринманг. Ҳар ҳолда халқимиз бекорга, “Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма”, демайди.

 

Нодира САЙДУЛЛАЕВА

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси