Икки стулда ўтиришга ҳаракат қилиш кулгили оқибатларга олиб келади – Элдор Асанов


Сақлаш
11:01 / 30.01.2024 233 0

Совет давлати қулабдики, унинг меросхўрлари бўлмиш янги давлатларнинг зиёлилари бир-бирига “сенларни советлар яратган, бўлмаса йўқ эдинглар” деб таъна қилиб келади. Ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз ўртасидаги баҳслар ҳарқалай реал тўқнашувлар даражасига етиб бормади; бир-бирининг ўтмишини тан олмайдиган арманилар ва озарбайжонлар, руслар ва украинлар оқибатда уруш қилишгача борганини кўриб турибмиз.

 

Бир сирни очай. Бугунги барча миллатлар қачондир (узоқ ўтмишда эмас) яратилган. Француз миллати Француз инқилоби мевасидир; немисларни Темир канцлер, итальянларни Камилло Бенцо Кавур ва Жузеппе Гарибальди яратган. Бу маънода русларнинг отаси Пётр I дир. “Табиий”, осмондан тушган, ердан униб чиққан, йўқдан бор бўлган, минг йиллардан буён ўзгаришсиз мавжуд бўлган миллат йўқ. Миллат – ижтимоий муносабатлар жараёнида вужудга келадиган жамият қурилишининг бир кўриниши, шундай экан, миллатни уни ташкил қилувчи одамлар яратади. Қолаверса, миллат – жамият қурилишининг нисбатан янги шакли, тарих биладиган энг эски миллатлар – французлар ва америкаликлар ҳали 250 ёш атрофида.

 

Тарихнинг бу ҳақиқатларини бугун биз конструктивизм назарияси орқали англаяпмиз, бу ҳақда ёзяпмиз, гапиряпмиз. Конструктивизм – замонавий этнология ва ижтимоий антропологияда кенг тарқалган қараш, Ғарб академияларида ҳукмрон мавқега эга деса ҳам бўлади. Европа миллатлари ўз тарихини бу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, ўз хулосаларини қилган ва тарихини қабул қилишни ўрганган. Аммо 30 йилча олдин СССР харобаларида юзага келган янги давлатларнинг зиёлилари, олимлари, сиёсий элитаси ҳалигача тарихга эскирган илмий қарашлар линзалари орқали қарамоқда. Бунинг оқибатида Смолин сингари миллатчилар миллатчилик ҳақидаги эскирган тасаввурларни замонавий конструктивизмга қориштириб, мана шундай палапартиш баёнотларни бериб юрибди.

 

Муаммо шундаки, бугунги миллатлар минг йиллардан буён мавжуд бўлган деб таъкидловчи совет примордиализмининг чириган устунларига такя қилган постсовет олимлари на эски қарашдан тўлиқ воз кеча олади, на конструктивизмни тўла қабул қила олади: уларга кўра, қўшни халқларни кимдир яқинда “яратган” (буни Ғарб олимларининг китоблари тасдиқлаб турибди), аммо унинг халқи уч минг йилдан буён мавжуд (бу ўринда Ғарб олимларига, табиийки, кўз юмилади). Икки стулда ўтиришга ҳаракат ана шундай кулгили оқибатларга олиб келади.

 

Хуллас, Смолиннинг риторикаси менга жуда яхши таниш, зеро у постсовет ўлкаларида жуда кенг тарқалган. Марказий Осиё, Кавказ халқлари, охирги йилларда эса Россия ва Украина зиёлилари бу каби гапларни бир-бирига қарши ишлатиб юрибди. Афсуски, бундай гапларга жавоб бераётган “ҳимоячи” томон ҳам қош қўяман деб, кўз чиқаради: у, бир тарафдан, ўз халқи минг йиллардан буён мавжудлигини исботлашга уринади, бошқа тарафдан, юқоридаги баёнотни берган одамга жавобан “аслида сенинг халқингни советлар яратган” дейди, яъни оппонентининг хатосини такрорлайди.

 

Бундай ўта носоғлом баҳс бир қарашда жамиятнинг гуллари бўлган зиёли ва олимлар орасида кенг тарқалгани яхши ҳол эмас, албатта. Аммо Смолин миллатларни яратиб берди деб мақтаётган Совет Иттифоқи бу миллатларни нотўғри яратгани, жиддий хатоларга йўл қўйиб, бугунги конфликтларга сабабчи бўлиб қолганини билмаса ҳам керак. Этник гуруҳларни миллатга айлантиришга интилиб, ҳар бирига маълум ҳудудни ажратиб, бу ҳудудда бошқа этник миллатлар ҳам яшашига кўз юмган “яратувчи” жудаям уқувсиз яратувчидир.

 

Бундан ташқари, бу баҳслар яна бир муаммони юзага олиб чиқмоқда: ўтган 30 йил ичида ўзбек, озарбайжон ва бошқа постсовет миллатлари ўз тарихчилигини ва ўзлигини замонавий назариялар асосида қайта кўриб чиқмаган, ўтмишини қабул қилмаган. Аксинча, совет даврида яратилган тарихий конструктга ёпишиб, уни ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Аммо бошидан қийшиқ ясалган омонат бинони сақлаб қолиш осон эмас – Смолин кабиларнинг ҳужумларидан доимий ҳимояланиб, “қамал” ҳолатида яшашга тўғри келади. Бунинг ўрнига эски омонат бинони бузиб, чиройли, замонавий, муҳими, тўғри режалаштирилган, обтарозиси текис олинган уй қурган маъқул.

 

Элдор АСАНОВ,

PhD, турколог

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси