Ҳазилкаш, ақлли, психолог ва шунчаки яхши суҳбатдош – Ўзбекистонга расман кириб келган ChatGPT нинг қандай кароматлари бор?


Сақлаш
14:11 / 21.11.2023 358 0

Кундан-кунга хизмат географиясини кенгайтириб бораётган “OpenAI” компанияси Ўзбекистон учун ҳам ChatGPT сунъий интеллектидан эркин фойдаланиш имконини тақдим этди. Илгари ўзбекистонликлар мазкур нейротармоқни “турли айланма йўллар билан” ишлатган бўлишса, эндиликда исталган маҳаллий алоқа операторларининг SIM-карталари воситасида уланишлари мумкин. Хизматдан фойдаланиш учун OpenAI.cом сайтига кириб, телефон рақамингиз билан рўйхатдан ўтишнинг ўзи кифоя. ChatGPT 3-авлодидан фойдаланиш мутлақо текин, 4-авлоди эса пуллик: ойига 20 доллар. Хўш, бутун дунёни ҳайрат ва хавотирга солаётган ушбу дастур қандай ишлайди, унинг қайси жиҳатлари фойдали ва хавфли? Oyina.uz Ўзбекистонга расман кириб келган сунъий интеллектнинг яратилиш тарихи ва имкониятлари ҳақида мақолани тайёрлади.

 

Сунъий суҳбатдош – ChatGPT ўзи нима?

 

ChatGPT (Chat Generative Pre-trained Transformer) – 2022 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган йирик тил моделлари асосида ишловчи чатбот. У фойдаланувчи билан исталган мавзуда, исталган тильда сўзлаша олади. Услуб, ҳажм, батафсиллик даражаси қандай бўлишидан қатъи назар мазкур нейротармоқ саволларингизга жавоб беради. Унинг ёрдамида блогингиз учун контент режа тузишингиз, математик ҳисоб-китобларни бажаришингиз, кун тартибингизни шакллантиришингиз, бирор бир машҳур шахс ҳаёти ҳақида батафсил маълумот олишингиз мумкин. Бироқ ChatGPT ҳали мукаммал дастур эмас, аксинча, бир маромда такомиллашиб бораётган лойиҳа ҳисобланади. Унда 2021 йилдан кейин содир бўлган воқеалар, илмий янгилик ва ҳоказолар ҳақида чекланган маълумотлар бор, холос. Шунга қарамай, нейротармоқ қисқа вақт ичида муваффақиятга эришди. OpenAI компанияси раҳбари Сем Альтманнинг таъкидлашича, ChatGPT атиги 5 кунда дастлабки миллион фойдаланувчига эга бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, айни вақтда нейротармоқ 180.5 миллион фойдаланувчига эга ва улар сайтга сентябрь ойининг ўзида 1.5 миллиард марта ташриф буюришган. Ҳозирги кунда мутахассислар томонидан лойиҳанинг умумий суммаси 29 миллиард долларга баҳоланмоқда.

 

 

Илон Маск тарк этган лойиҳа муваффақияти

 

Ушбу мегалойиҳани ишга туширган OpenAI компанияси сунъий интеллект тадқиқоти билан шуғулланади. 2015 йили Илон Маск, Сем Альтман, Рейд Ҳоффман, Питер Тил, Жессика Ливингстон, Оливер Грабиас каби бир гуруҳ инвестор ва олимлар томонидан асос солинган компаниянинг ChatGPTдан ташқари DALL-E, GPT-3, OpenAI Фиве каби маҳсулотлари мавжуд. 2018 йилда Маск лойиҳа бошқарувини тарк этади. 2019 йилда компанияга Миcрософт томонидан бир миллиард доллар сармоя тикилади. Айтиш керакки, ҳозирги ChatGPT бундан аввал ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг такомиллашган кўринишидир. Қуйида ChatGPT билан турдош лойиҳаларни кўриб чиқсак:

 

GPT-1 – 2018 йилда оммага тақдим этилган, GPT туркумининг биринчи авлоди бўлиб, 117 миллион параметрдан ташкил топган. Айнан мана шу лойиҳа биз бугун тан олаётган ChatGPT қурилишининг пойдевори ҳисобланади.

GPT-2 – бир ярим миллиард параметрдан ташкил топган, 2019 йил февраль ойида ишга туширилган нейротармоқ. Бу лойиҳа матнни фарқлай олиш борасида улкан имкониятларга эга эканини кўрсатди, мантиқий боғланган, узун матнларни ярата олди. Бироқ лойиҳанинг нотўғри ишлатилиши эҳтимоли борлиги сабаб у дарҳол фойдаланувчилар эътиборига ҳавола этилмади. 2019 йилнинг ноябрь ойида, OpenAI эҳтимолий хатарларнинг олдини олиш устида ишлаганидан сўнггина, мазкур модель тақдимоти ўтказилди.

 

 

2020 йил июнида чиқарилган GPT-3 эса соҳада олдинга ташланган энг катта қадам бўлди. Ажабланарлиси, бу модель 175 миллиард параметр устига қурилган эди. Унинг янада ривожлантирилган матн қуриш имкониятлари эмаил қораламаси ва мақола тайёрлашдан тортиб, шеър ёзиш ва ҳатто дастурлаш кодларини яратишгача бўлган турли ва кенг миқёсдаги соҳаларда қўлланила бошланди.

 

Ушбу туркумнинг ҳозирча энг сўнгги авлоди 2023 йил 14 мартда таништирилган GPT-4 ҳисобланади. Ундаги фойдаланувчининг истакларига эргашишнинг ривожланган модели, қўпол ва хатарли матнлар ёзилишининг нисбатан пастроқ кўрсаткичи, оширилган фактик аниқлик каби унсурлар туркумни ҳам муносиб давом эттирганини, ҳам янада мукаммалга яқин ҳолатга келтирганини кўрсатади.

 

ChatGPT нима каромат кўрсатади?

 

Аввало, бу тармоқ чатбот, яъни у сиз билан худди одамга ўхшаб суҳбатлаша олади. Сиз берадиган саволларга билимдон одам каби жавоб беради. Соддароқ айтганда, овқат пишира олмайди, лекин исталган таомнинг рецептини ёзиб бериши мумкин.

 

Аслида ChatGPTнинг қўлидан келадиган ишлар кўп, лекин уларнинг барчаси қидирилган мавзуга доир матнлар уюми бўлади. Мисол учун, мазкур нейротармоқ кўмаги билан қуйидаги вазифаларни дўндира оласиз:

 

1) тез фурсатда резюме ва илова хати ёзиш;

2) оригинал ҳазиллар яратиш;

3) мураккаб мавзуларни тушунтириш;

4) чалғитувчи математик масалаларни қадамба-қадам ечиш;

5) муносабатлар юзасидан маслаҳат олиш;

6) деярли барча жанрда мусиқа басталаш;

7) дастурлаш кодлари ёзиш, таҳрирлаш ва тушунтириш;

8) медиа файллар яратиш, таҳрирлаш ва такомиллаштириш;

9) кейинги гал томоша қилишга фильм танлаш;

10) турли ўйинлар ўйнаш (дейлик, “х” ва “о” ўйини);

11) ошпазлик бўйича ёрдам олиш;

12) соғлиғингизни яхшилаш;

13) бир неча тилларда контент яратиш;

14) иш учун суҳбатга тайёрланиш;

15) деярли барча мавзуда иншо ёзиш;

16) шунчаки ажойиб суҳбатдош бўлиш.

 

Эҳ-ҳе, бирма-бир санайверсак, кароматларининг кети узилмайди, кундан-кунга янги “ҳунари” юзага чиқиб келаверади. Тўғри фойдаланишни ўрганиб олсангиз бас.

 

 

2023 йилнинг декабрида GPT-5 чиқиши режа қилинган. Янги моделда ChatGPT генератив сунъий интеллектдан умумий сунъий интеллект (AGI – Artificial General Intellect) даражасига кўтарилади ва уни инсон онгидан фарқлаш деярли иложсиз бўлади. Кутилган натижага эришилса, янги даражадаги сунъий интеллект худди одам қатори ғояларни ўрганиши ҳамда вазифаларни тушуниши мумкин (Бу ҳам ҳайратланарли, ҳам қўрқинчли мен сизга айтсам).

 

ChatGPTнинг ҳам ожиз томони бор

 

Жаҳонда нейротармоқ қанчалик тез оммалашган бўлса, у ҳақидаги танқидлар ҳам шунчалик тез юзага чиқди. Кўплаб мутахассислар тармоқда генератив контент устидан назорат чеклангани, нотўғри маълумотлар тақдим этилиши, ҳиссий интеллект танқислиги, махфийлик ва хавфсизлик билан боғлиқ эҳтимолий хатарлар мавжудлиги, инсонларда технологияга қарамликни кучайтиришига сабаб бўлиши каби салбий жиҳатларни ёзиб чиқишди. Бу тахминларнинг натижалари ҳам унчалик узоқ куттирмади: “Форбес” нашрига кўра, АҚШда бир қатор таълим муассасалари ўқувчиларда плагиат, кўчирмакашлик ҳолатлари кўп учраётгани сабаб ChatGPT тақиқланган. Ҳаттоки, сунъий интеллект томонидан ёзилган матнларни аниқлаб берувчи GPTZero каби бир қанча дастурлар ишлаб чиқилди.

 

 

Шунингдек, ChatGPT асосан матн кўринишидаги маълумотлар билан ишлагани учун дунёда копирайтер, ссенарист, журналист, муҳаррир, мусаҳҳиҳ, таржимон ва ҳоказо касблар йўқолиб кетиши мумкин, деган хавотир юзага чиқди. Аммо сунъий интеллект бор билимлари билан сизга маълумотнигина бера олади. Унинг энг ожиз томони ҳам шу – ижодкорлик туйғусининг йўқлиги, демак бирор хавотирга ўрин йўқ (ҳозирча).

 

ChatGPT Ўзбекистонда сўроққа тутилди

 

ChatGPTда ўзбек тили билан боғлиқ бир қанча муаммолар кузатилади. Шундай бўлсада, аксар ўзбекистонликлар ундан фаол фойдаланишмоқда. Кимдир унга шеър ёздириб кўрди, кимдир саволга тутди, яна бошқа биров шунчаки самимий, ҳазиломуз суҳбат қурди. Ҳатто, “Орзудаги Ўзбекистон”нинг ҳам суратини чизиб берди бу ақлли.

 

Ижтимоий тармоқдаги саволлар

 

 "Орзудаги Ўзбекистон"

 

Шунингдек, расмий ташкилотлар ҳам ундан фойдаланиш бўйича турли кўрсатмалар ишлаб ҳам чиқишга улгурди. Масалан, Ўзбекистон ChatGPT сервисидан расман фойдаланадиган давлатлар қаторига қўшилгач, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси расмий каналида “аслида бу таълим тизими вакиллари учун яхши хабар” экани таъкидланиб, “Ўқитувчилар ChatGPTдан қандай самарали фойдаланиши мумкин?” мавзусида пост жойланди. Унга кўра, ўқитувчилар сунъий интеллектдан ўтилган мавзу юзасидан тестлар ва куизлар яратишда, ўқувчиларга танқидий фикрлашни ўргатишда самарали фойдаланишлари мумкин. Сирасини айтганда, ChatGPTдан нафақат таълим соҳаси ходимлари, балки деярли барча фаолият жабҳаларида унумли фойдаланиш мумкин. ChatGPT эса борган сари ривожланиши ва одамлар ҳаётини бироз бўлсада осонлаштириши кутилмоқда.

 

Шоҳрух УСМОНОВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси