Ўзбек ким? Ҳожатбарор, санъатсевар, исрофгар, ошхўр ва куйинчак – қардошларнинг миллатимиз ҳақидаги фикрлари


Сақлаш
17:11 / 03.11.2023 364 0


Биз ўзбеклар ўзимизни болажон, меҳнатсевар, оқкўнгил, меҳмондўстмиз деб таърифлашни яхши кўрамиз. Аммо ташқаридан қараганда халқимиз қандай кўринади? Ҳамма фазилату қусурларини босиб кетувчи қайси жиҳатлари бўртиб туради? Ўзбекистонга келган ёки миллатдошларимиз билан мулоқот қилган хорижликлар «Ўзбек ким?» деган сўроққа қандай жавоб беради?
Oyina.uz бугун шу савол билан қардош халқлар вакилларига юзланди. Жавоблар эса дилга ёқувчи ва дилни ёқувчи бўлди...

 

 

Ойгул ҚОРАЕВА,

радиобошловчи (Озарбойжон):

– Яқинда бир дўстим Ўзбекистонга бориб келганимни эшитиб, суҳбат чоғида «Қандай экан бегона жой, бегона одамлар?» дея сўради. Сўзларидан жаҳлим чиқди. Ўдағайлаб: «Ўзбекистон хорижий мамлакат, ўзбеклар бегона эмас, қардош ўлка, қариндошларимиз улар», дедим. У ёвқараш қилди. Шунда ўйлаб қолдим: «Хўш, Ўзбекистонга боришдан, ўзбекларни яқиндан танишдан аввал ўзимнинг фикрим қандай эди?»

 

Ўзбекистондаги тадбирда ҳар қадамимизда куй-қўшиқ янгради. Баъзи сўзларини ҳисобга олмаганда ашулаларимиз бир хил, мусиқамиз, ижро услуби ҳам жуда ўхшаш эди. Ўзбеклар жуда тез гапираркан, устига-устак, доим шошиб юришади. Биз билан таржимон орқали гаплашишди. Тасаввур қилинг, икки туркий халқ бошқа хорижий тильда мулоқот қилдик. Бу ўзбекларнинг ҳам, бизнинг ҳам бедаво қусуримиз, чамамда. Озарбойжондаги бир ёмон одат ўзбекларда ҳам бор экан: гапларига русча ёки инглизча аралаштиради. Балки, улар ҳам худди биздек хорижий тил қўшиб гапиришни «оқсуяклик», «ўзига хос»лик белгиси деб билишар...

 

Биз асосан Самарқандда меҳмон бўлдик, дунёга машҳур Самарқанд нонидан едик, нақ тишни синдиради – қалин, лекин ширин. Таомлари ўзим ўсган қишлоғимни эслатди. Ўзбек ошига эса 10 балл, супер! Ўзбекистонга саёҳат қилмоқчи бўлганларга тавсиям шу: албатта, Самарқандга, Бухорога, Хивага боринглар, ош ейишни ҳам унутманглар!

 

 

Арслан БАЙИР,

«Güncel sanat» журнали бош муҳаррири (Туркия):

– Мана, неча йилки ўзбекистонлик ижодкорлар билан ҳамкорлик қиламан. Энг биринчи таассуротим шуки, ўзбеклар куттиришни яхши кўришади. Бир нарсани илтимос қилгудай бўлсанг, тўсатдан йўқолиб қолишади. Ижтимоий тармоқлардан хабар юбораман, баъзида ойлаб жавоб кутаман. Қизиғи, ўзларининг иши тушса, дарров қаердандир пайдо бўлишади, ишламайдиган телеграмлари, интернетлари ҳам ишлаб қолади. Бундай одамлар бошқа жойда йўқ дейишим нотўғри. Масалан, иш жараёнида қозоқлар, қирғизлар, бошқирдлар, турклар билан ҳам мулоқот қиламан. Уларда ҳам бор бундай «гўзал одат», лекин ўзбекларда кўпроқ, менимча.

 

Ўзбеклар санъатпарвар, ижодсевар халқ. Муҳаббати сабаб атайлаб Туркияга, Жалолиддин Румий қабри зиёратига келган ўзбекларни биламан. Бу хислат ҳақиқатда таҳсинга лойиқ. Асосийси, ўзбеклар эринчоқ эмас, меҳнатдан қочмайди. Айниқса, дўстларини ва дўст деб билганларини, ҳатто душманларини ҳам яхши кўришади. Менга тез-тез «Ўзбекистонга қачон келасиз? Қачон бир «отамлашамиз?» дея ёзишади. Қаранг, отамлашамиз. Гўзал сўз ниҳоятда. Бу сўзнинг тагида «юракдан суҳбатлашамиз, азиз меҳмонимиз бўласиз» деган маъно ётибди. Мен ҳам уларга «Раҳмат! Саломат бўлинг! Отангизга раҳмат!» дея жавоб қайтараман. Қардошларимиз жони соғ бўлсин!

 

 

Ўрозмурод МУРОДОВ,

таржимон (Туркманистон):

– Ўзбеклар деганда кўз олдимда биринчи навбатда Абдулла Қодирий, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Назар Эшонқул, Хосият Рустамова ва яна бир қатор ёш шоирлар жонланади. Чунки адабиёти орқали ўзбек халқига, Ўзбекистонга меҳрим, муҳаббатим ошган. Асарларини туркманчага таржима қилиш жараёнида ўзбекларни қайта кашф этганман. Ўзбекистонга борганимда ўзбеклар жуда болажон халқ эканига кўп гувоҳ бўлдим. Болаларни хурсанд қилиш учун ҳеч нарсадан қайтишмайди. Кўча-кўйда эрталабдан кечгача фарзандини етаклаган ота-оналар қўлларида ҳар хил ўйинчоқлар, турфа рангли шарлар билан кулишиб ёнингиздан ўтиб қолади.

Суҳбат пайтида мен ўзбекча гапиришга ҳаракат қиламан, улар эса туркманча. Бу ўзбекларнинг ҳожатбарор, меҳмонсеварлигининг яна бир белгисидир, балки. Ва яна ўзбеклар ҳазил-мутойибани жуда яхши кўради. Кўплаб мамлакатларни кездим, турли миллат вакиллари билан суҳбатлашдим. Лекин ўзбекларчалик ҳангомани хуш кўрадиган одамларни учратмадим. Деярли ҳар сўзида бирорта «гап тагида гап яширин» латифа айтишади, кулдиришади, кулишади. Ўзбеклар елкаси қуёшда куйган миллат. Меҳнатсевар одамлар барчаси. Ўз уйини, юртини озода сақлайдилар.

 

 

Азиз БEЙМИРЗО ЎҒЛИ,

бахши (Қирғизистон):

– Туркий миллатларнинг бари санъатсевар. Ижодий сафарлар билан кўплаб мамлакатларни кездим, дунё кўрдим, лекин ўзбекларчалик санъатга, айниқса, шеъру қўшиққа ошно, шинаванда одамларни кўрмадим. Ўтган йили бир йўлим тушиб Тошкентда меҳмон бўлдим. Уч кунлик муддатнинг лаззатию завқини тасвирлаб беришим қийин.

Қўлимда тор, миллий либосимизда таксига чиқдим. Ёши чамаси элликлардаги ҳайдовчи кулимсираб сўради: «Ҳа, ука, тадбирга йўл олдингизми? Қани, жонли ижродан бир бўлсин!» Сўзларини бир амаллаб англадим. Сўнгра меҳмонлигимни, Қирғизистондан келганимни ярим рус, ярим қирғизчалаб тушунтирдим. Йўл бўйи машина радиосидан бир-биридан ажойиб ўзбек мақомлари янгради, ора-орада Қирғизистон ҳақида сўради, чойхонага олиб боришини, меҳмон қилишини айтди.

 

Дарвоқе, ўзбек чойхонаси. Уни бизда ҳам яхши билишади. Айниқса, чойхона паловни. Тўрт ўзбекнинг боши бир жойга келса, дарров чойхона қилади, деган гап биз томонларда ҳам машҳур. Чойхонада гурунг бўлади, қорин тўйдирилади, асосийси, бошидан охиригача ашула янграйди. Ҳатто баъзи чойхона йиғинларига атайлаб санъаткор чақирилади.

Афсуски, ҳамма қўшиқлари ҳам дилтортар эмас. Ижтимоий тармоқлардаги айрим ўзбек қўшиқларини эшитиб, кўнглим хижил тортади. Ўзбек мусиқа санъати ўзига хос, айниқса, ҳар ҳудудининг ўз бахшичилик йўналиши, бахшилари бор. Истардимки, тарихий қадрият ва анъаналаримиздан сув ичган ўзбек мусиқа санъати бемазмун, одамни бездирадиган, ёқимсиз асарлар билан тўлиб кетмасин.

 

 

Cитора АЛИХОНЗОДА,

журналист (Туркия):

– Аслида ўзбекман, турмуш ўртоғим ўрта маълумотли, фабрикада уста-пайвандчи бўлиб ишлайдиган оддий турк фуқароси. Биз миллатларимиз ҳақида суҳбатлашишни, аниқроғи, уларнинг ўзига хос жиҳатларини бир-биримизга мақтаниб туришни яхши кўрамиз. Бир куни у Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақида оила қуришимиздан олдинги ва кейинги фикрларини гапириб берди.

Авваллари эрим Ўзбекистоннинг ҳамма эркаклари Россияда қурилишда ишлайди, аёллари эса Туркияда энагалик қилади, деб ўйлаган. Чунки хўжайиним иш сафари билан Россия ва Арабистонда кўп бўлган. Турмуш қуриб бизникиларни яхши билгач, ўзбеклар ўқимишли ва зиёли бўлади, Ўзбекистонда илм ривожланган, шунингдек, улар тил ўрганишга устаси фаранг, деган фикрга келди.

У авваллари Ўзбекистонда иш йўқ, фабрикалар йўқ, шунинг учун бутун халқ четга чиқиб ишлашга мажбур, деб ҳисобларди. Ўзбекистон табиати ҳақидаги қарашлари эса бундай бўлган: Ўзбекистонда дарахт, сув йўқ! Бироқ тўйимиздан сўнг бир неча марта юртимизга бордик. Қарабсизки, Ўзбекистонда заводу корхоналар кўплигига, табиатимиз эса ўзига хос, қуёшли, дарёю ариқларимиз тошқин, шунинг учун ҳам овқатларимиз, айниқса, гўшт, меваю сабзавотлар хуштаъм эканига амин бўлди.

Эрим гоҳида менга ярим ҳазил, ярим чин билан «Ўзбеклар анойи эмас, ухлатишда турклардан қолишмайди», дея сўз қотади. Нимадир дейишим қийин, камчиликларимиз ҳам етарли. «Бу бир миллатга хос жиҳат эмас, тайёрига айёрлар ҳар жойда бор», деб қутиламан.

Ўзбекистонда пайтимиз меҳмоннавозликдан боши чиқмаган эрим «Авваллари ўзбекларни меҳмондўст деб ўйлардим, йўқ, улар ўта-ўта меҳмондўст», дея кулимсирайди ва киноя билан қўшиб қўяди: «Ўзбеклар исрофгар, дабдабага ўч». У аҳён-аҳёнда мендан «Ўзбеклар нега туркларни ёқтирмайди?» деб сўрарди, лекин кўп ўтмай унинг бу қараши ўзгарди, ўзбеклар туркларни қардоши деб билишига, яхши кўришига амин бўлди.

 

 

Эркинбек СEРИКБАЙ,

тележурналист (Қозоғистон):

– Ўзбек спортчилари, айниқса, боксчилари жаҳон ареналарида ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришиб келади. Уларнинг жангларини томоша қилиб, худди ўзим ютгандек қувонаман. Ўзбекистон – паҳлавонлар юрти, ўзбекларнинг бари паҳлавон. Спортга қизиққаним учун ҳам гапни айнан шундан бошладим. Очиғи, ўзбек кураши мухлисиман. Болалигимдан қизиқиб, ўқиб-ўрганганман. Ҳозир бошқа соҳада ишлашимга қарамай, курашга бўлган қизиқишим сўнгани йўқ. Ўғлимни насиб қилса, курашчи қиламан, ўзбек кураш мураббийларидан таълим олади.

Ўзбеклар куйинчак халқ. Бизда ўтган йили баъзи можаролар бўлди, талатўплар ичида қолдик. Энг биринчи ўзбекистонлик дўстларим ҳол-аҳвол сўраб хабар ёзишди. Нимадир ёрдам керак бўлса, ҳамиша ҳозирлигини айтишди. Табиийки, шундай орқадошинг бор экан, ҳар қандай жангдан омон чиқасан киши. Олисдан бўлсада, далда бериб туришгани учун ўзбек қардошларимиздан миннатдорман.

 

Бизда «Ўзбеклар содда халқ» деган гап тез-тез қулоққа чалинади. Қардошларимдан узр сўрайману, ўзбеклар анойи миллат эмас, ушлаган жойини узиб олади. Бир ишга киришдими, эплайди, уддалайди. Ўзбеклар яхши дўст, дўстликни унутмайди. Унутдими, демак, у ўзбек эмас.

 

Раҳмат БОБОЖОН тайёрлади.

Oyina.uz

Oyina.uzни Телеграмда кузатинг!

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси