Эркин нафас олаётган халқ ёхуд муносиб яшаш бахти


Сақлаш
17:11 / 02.11.2023 370 0

 

 

Она тилимизда “яшамоқ” сўзининг маънодошлари кўп. Чунончи, “ҳаёт кечирмоқ”, “тирикчилик қилмоқ”, “турмуш кечирмоқ”, “рўзғор тебратмоқ”, “кун кўрмоқ”, “истиқомат қилмоқ” каби сўз бирикмалари шу ёки шунга яқин маънони ифода этади. Лекин инсон яшаётган шароит, уни ўраб турган ижтимоий муҳит ёки вазиятга қараб, ушбу сўз ва иборалар ўзгача семантик урғуга, яъни маъно қатламларига ҳам эга бўлиши мумкин.Масалан, бундан 8–10 йил олдин ўзимиз яшаётган маҳалла ёки қишлоғимиз аҳолиси билан кундалик ҳаёт ташвишлари ҳақида суҳбатлашсак, “Ҳа, энди амал-тақал қилиб кун кўриб юрибмиз-да, иложимиз қанча”, дегувчилар кўп бўларди. Ўзбекона андиша пардаси билан ҳақиқий ҳолат бироз юмшатиб айтилган бу сўзлар замирида турмушнинг ночорлиги, етишмовчилик ва муаммолар ҳар қадамда учраб туриши билан боғлиқ дарду ҳасрат мужассам эди.

 

Бугунги кунда-чи?

Энди ана шу одамларнинг аксарияти “Э, мана, инсондек яшай бошладик, бўлар экан-ку, бечоранинг ҳам елкасига офтоб тегаркан-ку!” деган фикрни миннатдор бўлиб айтмоқда. Чиндан ҳам ўтган ғоят қисқа даврда оддий юртдошларимиз ҳаётида кескин ижобий ўзгаришлар юз берди. Илгари йўлимиздаги ҳеч қандай куч билан тебратиб, қўпориб бўлмайдигандек туюлган қоядек зил ва оғир ғовлар улкан жасорат билан даст кўтарилиб, узоқ-узоқларга улоқтириб ташланди. Мамлакатимизда бундан етти йил олдин бошланган ўзгаришлар шамоли халқимиз ҳаёти ва тараққиётига халақит бериб турган барча тўсиқларни йўлимиздан супуриб ташламоқда. Ислоҳотлар ҳар бир инсон, оила ва маҳалла ҳаётига жадал кириб бормоқда.

 

Ҳолбуки, илгари ҳам Конституциямиз, қонунларимиз бор эди. Уларда ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик ҳуқуқлари белгилаб қўйилган. Ана шу ҳуқуқларни амалда таъминлаши шарт бўлган давлат ва ҳокимият органлари ҳам мавжуд эди. Лекин, афсуски, одамларнинг оддий фуқаролик ҳуқуқлари таъминланмасди. Чунки халқнинг тийнатидаги янгиликка интилиш ва ташаббус туйғусини эзиб, мажақлаб, одамларни оғзини очишга ҳам қўрқадиган қилиб қўйган эдик. Кўпчилигимиз “Ҳа, энди мустақил давлат қуриш шундай бўлар экан-да”, деб бундай адолатсизликларга кўникиб кетгандик. Нимасини айтасиз, олис шаҳар ёки қишлоқдан пойтахтга келган ўзбек фарзанди ўз юртида эркин юролмас, ҳар қадамда “паспорт назорати” деган таъқибга учрар эди. Минглаб одамлар юртимизда туғилиб ва яшаб, Ўзбекистон фуқароси бўлолмай армонда дунёдан ўтиб кетгани ҳам айни ҳақиқат. Тошкент шаҳрида “прописка”дан ўтиш, уй-жой ёки мол-мулк сотиб олишдан кўра бирор-бир хорижий мамлакатга бориб, одамдек яшаш осонроқ эди. Шунинг учун ўз қадрини билган қанча мардум лаш-лушини йиғиштириб, муҳожирликни афзал билгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

 

Давлат ўз фуқароларига ишонмас, тадбиркорлик ва бошқа қонуний фаолиятлар учун имконият яратиб бериш у ёқда турсин, ҳатто қонуний ишлаб топган пулини банкда чет эл валютасига алмаштириб олишига йўл бермас эди.

Тошкент шаҳрига кириб келишдаги назорат постларини айтинг!

Болалар боғчаси ва уй-жой соҳасидаги муаммоларни айтинг!

Бечора ота-оналарнинг ўғил-қизларини тўққизинчи синфдан сўнг қайси лицей ва коллежга берсам экан деб, дардини кимга айтишни билмасдан, бош чангаллаб, изиллаб юрганларини айтинг!

Ишсизлик, хорижга меҳнат мигранти сифатида бориш йўлидаги тўсиқлар, давлат хизмати кўрсатишдаги сансоларликлар, олий ўқув юртига киришдаги ҳар йили то январь ойига қадар чўзиладиган боши-кети йўқ машмашалар!..

Э, қайси бирини айтасиз! Санайверсангиз, адоғи кўринмайди бу яқин тарихнинг...

Қисқаси, ҳар қадамда адолатсизлик, ҳар эшикда инсон шаънини камситиб, ерга урадиган муҳит ҳукмрон эди.

Наҳотки, шунча муаммолар бир неча йилга қолмасдан ҳал бўлиб кетган бўлса!

Наҳотки, йиллар давомида ҳақиқат излаб овора бўлган одамларнинг кўксига шамол тегиб, орзу-армонлари ушалаётган бўлса!

Тўғриси, одам дафъатан ишонгиси келмайди. Бўлаётган ислоҳот ва янгиликлар бамисоли тушда кечаётгандек. Лекин буларнинг барчаси ҳақиқат, бугунги кунимизнинг реал воқелиги, туш эмас, азиз ватандош, хотиржам бўлинг!

 

Яратганнинг ўзи халқимиз бошига бахт қушини қўндирди. Йиллар давомида чигаллашиб кетган қанча-қанча оғир муаммолар ҳеч қандай ижтимоий ларзаларсиз, жанжал-тўполонларсиз қисқа муддатда шу қадар муваффақиятли ҳал этилгани чиндан ҳам Аллоҳнинг бизга кўрсатган чексиз марҳамати эмасми? Эсингиздадир, яқин-яқингача юрагимизда агар чуқур ислоҳотларни бошласак, одамларга демократия ва эркинлик берсак, жамиятда талатўп бошланиб кетмасмикан, деган қўрқув ва ҳадик бор эди. Қўрқув эса янгилик ва ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ. Хато қилишдан қўрққан одам ҳеч қачон олдинга қараб боролмайди, бирон-бир натижага ҳам эришолмайди. Халқимиз жуда топиб айтганидек, “Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда, жон чекмасанг, жонона қайда?”

 

Кейинги йиллардаги улкан ислоҳотларимиз тажрибаси бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: эл-юрт билан мулоқот ва маслаҳат қилиб, ҳар бир иш чуқур ўйлаб, одамлар манфаатини кўзлаб амалга оширилса, демократик ислоҳотлар жанжал ва талатўпларга эмас, аксинча, тинч ҳаётимизни, жамиятдаги ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилар экан. Эзгу мақсадлар билан дадил олдинга борганни халқ ҳам, Яратган ҳам қўллаб-қувватлаб, мардлиги ва жасоратига яраша ютуқ ва натижалар ато этар экан. Биз бугун янги Ўзбекистон ва Президентимиз мисолида юртимизда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар ҳамда уларнинг ҳаётбахш самараси асосида бу фикрга тўла ишонч ҳосил қилиб турибмиз.

 

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ғоят серқирра ва кенг кўламли бўлиб, улар ҳақида батафсил фикр юритиш, туб моҳиятини очиб бериш учун албатта ўта залварли илмий кузатиш ва тадқиқотлар олиб бориш лозим бўлади. Лекин уларнинг асосий мақсад ва йўналишлари бугунги кунда оддий одамларга ҳам маълум. Булар инсон ва унинг қадрини юксак даражага кўтариш, барча соҳаларда миллий манфаатларимизни таъминлаш, шу асосда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистонни барпо этишдан иборат. Бундай олижаноб мақсадларга эришиш механизмлари ҳам кўпчиликка аён: демократия ва эркинлик сиёсатини, дунёга очиқлик йўлини изчил давом эттириш, барча соҳалар ривожида илм, илм ва яна бир бор илм, янгилик ва инновацияларга таяниш, таълим сифатини ошириш, ислоҳотларни маҳалла даражасига тушириб, халққа янада яқинлаштириш ва ҳоказо.

 

Биз кейинги йилларда турли соҳаларда эришган ютуқ ва натижаларимизни фақат статистик таҳлил асосида қайд этишга ўрганиб қолганмиз. Аслида, ҳар бир рақам ортида инсон ва унинг ҳаёти, халқнинг турмуш даражаси мужассам эканига кўп ҳам эътибор бермаймиз. Келинг, баъзи кўрсаткичларни айнан шу нуқтаи назардан яна бир бор таҳлил чиғириғидан ўтказиб кўрайлик.

 

Агар 2016 йилда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш даражаси 27 фоиз бўлган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам 72 фоизга етди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, боғчага қатнаган бола билан боғчага қатнамаган бола ўртасида, уларнинг жисмоний ва ақлий ривожланиши ўртасида катта фарқ бор. Худди шундай, уларнинг ота-оналари ўртасида ҳам ҳаётга, фарзандлар тарбиясига қарашда, истиқболини белгилашда сезиларли фарқ бўлади. Чунки боғча илмий асосда, аниқ методика бўйича тарбия берадиган, боланинг жамиятга, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга тайёр ҳолда – онгли фуқаро ва керакли мутахассис сифатида интеграция бўлишини таъминлайдиган таълим-тарбия тизимининг бошланғич ва энг муҳим бўғини. Бу тарбия мактаб тизимида янада ривожлантирилади ва олий таълим тизимида такомиллаштирилиб, мантиқий якунига етказилади.

 

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда мактабгача таълим тизими тармоқлари кескин кенгайгани ва улардаги қамров бир неча баробар ортгани туфайли юқорида зикр этилган фарқ болалар ўртасида ҳам, ота-оналар ўртасида ҳам тобора камайиб боради. Бинобарин, жамиятга, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёнига интеграция бўладиганлар сони кўпаяди, халқнинг умумий мақсадлар атрофидаги бирлиги, жипслиги кучаяди. Мана кўряпсизми, биргина мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотларнинг ижтимоий аҳамияти қанчалик беқиёс.

 

“Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган шиор асосида юртимизда мактаб таълими ҳам тубдан янгиланмоқда. Ушбу тизимда қисқа муддатда қўшимча равишда 700 минг ўқувчи ўрни яратилгани, бутунлай янги намунадаги 200 га яқин Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб фаолияти йўлга қўйилгани фарзандларимиз учун ўқувчилик йилларидан бошлаб таълим-тарбия олишда ўзига хос танлаш имкониятлари яратиб берилаётганидан далолатдир. Бундай ранг-баранглик, бир нечта вариантлар мавжудлиги соҳада соғлом рақобат бўлиши, таълим сифатининг ошишида муҳим аҳамиятга эга. Ёшларимиз камолотида алоҳида ўрин тутадиган олий таълим тизимидаги ҳолатни ҳам кечаги кун билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Ўртадаги фарқ осмон билан ерча десак, тўғри бўлади.

 

Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан бугун 38 фоизга етди. Олийгоҳлар сони эса 77 тадан 210 тага, нодавлат институт ва университетлар эса 65 тага етди. Айниқса, олий таълим олиш бўйича қизларга алоҳида шароитлар яратиб берилаётгани халқимиз орзуларининг яна бир рўёбидир. Чунки қизнинг билимли ва маърифатли бўлиши у униб-ўсган, эртага келин бўлиб борадиган оиланинг бахти. Бу – бутун жамиятнинг бахти. Нега деганда, илм-маърифатли она ўз фарзандларини, албатта, жисмоний ва маънавий баркамол қилиб, замон талаблари асосида тарбиялайди, рўзғорини пок, файзли ва баракали сақлайди, ҳаётда бўлиб турадиган қийинчиликлар пайтида ҳам умидсизликка тушмасдан, ҳар қандай масаланинг ҳуқуқий, моддий ва маънавий ечимини топа олади. Молиявий томондан ҳам, маънавий-руҳий жиҳатдан ҳам мустақил бўлиб, аёллик шаъни ва ғурурини асраб яшайди.

 

Яна бир томони шундаки, қизларнинг билим ва касб-ҳунарларни, чет тилларни ўрганишига бундай кенг йўл очаётганимиз биз барпо этаётган жамиятнинг маърифий даражаси ортиб бораётганини кўрсатади. Шунинг ўзи Учинчи Ренессанс пойдеворига қўйилган энг муҳим ва мустаҳкам ғишт десак, муболаға бўлмайди. Бугунги кунда “обод маҳалла”, “обод қишлоқ”, “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “камбағалликни қисқартириш”, “маҳалладаги еттилик” каби тушунчалар халқимизнинг қалби ва онгига чуқур сингиб, янги давр қадриятларига айланиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-маънавий қиёфаси, унинг ғоявий асослари ана шундай қадриятларга таянади.

 

Ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида кейинги йилларда эришган ютуқларни мустаҳкамлаб, кенг кўламли ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш – замон талаби. Шу боис, мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилиниб, унинг доирасида улкан амалий ишлар бошлаб юборилди. Стратегияда 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 4 минг долларга етказишдек юксак марралар белгиланди. Албатта, турли таҳдид ва хатарлар, глобал муаммолар ортиб бораётган ҳозирги ғоят мураккаб даврда ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш осон бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир юртдошимиз Ватанимиз равнақи, халқимиз келажаги йўлида ўз бурчи ва масъулиятини янада чуқур англаб, замон талабларини тушуниб, аввалгидан бир неча ҳисса кўп ва самарали меҳнат қилиши лозим.

 

Энг муҳими, бугунги тарихий бурилиш палласида миллий бирликни, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз”, деган сўзларида ҳам чуқур ҳикмат, ҳам барчамизга қаратилган ўтли даъват, мурожаат мужассамдир. Демак, халқимизнинг бахти, келажаги ва фаровонлиги, Ватанимиз мустақиллиги, унинг дунё майдонида мустаҳкам қўрғондек туриши ва шон-шуҳрати, аввало, бизнинг бирлигимиз, ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ.

 

Бирлик – бу энг катта имконият, бойлик ва ютуқ. Чунки айнан бирлик туфайли тарқоқ кучлар, фикрлар, ресурслар ягона мақсад сари сафарбар этилади. Айнан бирлик туфайли кичик имкониятлар катта имкониятга, кичик натижалар катта натижаларга айланади. Айнан бирлик туфайли ҳар биримизнинг ишимиз ва фаолиятимиздаги айрим хато ва камчиликлар барҳам топади. Хатони тузатиш бу – беҳуда сарфланаётган куч ва имкониятни фойдали ишга йўналтириб, ҳаётбахш ресурсга айлантириш, дегани. Албатта, ҳаётимизда ҳали камчилик ва муаммолар кўп. Энг ташвишли жиҳати – бугунги эркин ва обод ҳаётни, унинг бағридаги улкан имкониятни ҳамма ҳам бирдек қадрлаётгани йўқ. Орамизда ношукурчилик қилиб, боқимандалик кайфиятига берилган, фақат давлатнинг қўлига қараб “Ой чиқса ҳам, кун чиқса ҳам менга бўлсин”, деб ўзининг тор шахсий манфаати билан яшайдиганлар ҳам, афсуски, кам эмас. Миллий бирлик ва жипсликнинг буюк қудрати шундаки, у ана шундай инсофу диёнат манзилидан узоқлашган одамларни ҳам тарбиялаб, соғлом сафга қайтаради.

 

Сўзимиз бошида алоҳида таъкидланган инсондек муносиб яшаш масаласига қайтайлик. Биз кейинги йиллар давомида ана шундай ҳаётга ўргандик.

Энди ташвиш ва муаммоларимизни давлат идораларида кунлаб, ойлаб навбатда туриб, минг азобда битиришдек ачинарли ҳолатлар йўқ.

Энди мактаб ўқувчилари ва талабаларни ўқишдан қолдириб, пахта далаларига мажбуран ҳайдаш йўқ.

Энди тадбиркорлик йўлида, пок орзу-ниятлар йўлида минг хил ҳийла-найранглар йўқ.

Бу йилнинг ўзида мамлакатимизда юзлаб янги уйлар қурилмоқда. Демак, юртдошларимиз учун Ватанда “ватансизлик” муаммоси йўқ ва энди ҳеч қачон бўлмайди ҳам.

Умуман, қайси жабҳани олманг, дунёда озод ва эркин яшаётган мутараққий халқларга хос ҳаёт тарзи, талаб ва мезонлари бизнинг турмушимизга ҳам кириб келаётганини кўрамиз. Барчамизнинг кўксимизни тоғдек кўтарадиган, ғуруримизга ғурур қўшадиган ана шундай умидбахш жараёнлар бардавом бўлиши, янада кучайиб боришини, албатта, ҳар биримиз истаймиз. Демак, ҳеч қачон ортга қайтмасдан, шу йўлдан қатъий олға боришга барчамиз тайёрмиз.

 

Шундай экан, азиз ватандош, келинг, жонажон юртимиз равнақи, буюк мақсадлар ижроси йўлида қўлни қўлга бериб, бирлашайлик! Бирлашган халқ ва жамият ўзининг бунёдкорлик қудрати билан қандай улуғ ишларга қодир эканини амалда яққол намоён этиб, ҳар биримиз келажак авлодларга эзгу ном, ибратли ҳаёт ва мактаб қолдирайлик.

 

Ҳеч қачон унутмайлик: тоғ жилғаларидек бирлашсак, улуғ дарё, улуғ денгиз бўламиз!

Бирлашсак, ютуғимизга ютуқ, имкониятимизга имконият, қудратимизга қудрат қўшилади!

Бирлашсак, миллий иродамиз, куч ва салоҳиятимизни тўла намоён этамиз!

Бирлашсак, эзгу мақсадларимизга албатта етамиз!

Азиз ватандош, келинг, жонажон юртимиз равнақи, буюк мақсадлар ижроси йўлида қўлни қўлга бериб, бирлашайлик! Бирлашган халқ ва жамият ўзининг бунёдкорлик қудрати билан қандай улуғ ишларга қодир эканини амалда яққол намоён этиб, ҳар биримиз келажак авлодларга эзгу ном, ибратли ҳаёт ва мактаб қолдирайлик. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган шиор асосида юртимизда мактаб таълими ҳам тубдан янгиланмоқда. Ушбу тизимда қисқа муддатда қўшимча равишда 700 минг ўқувчи ўрни яратилгани, бутунлай янги намунадаги 200 га яқин Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб фаолияти йўлга қўйилгани фарзандларимиз учун ўқувчилик йилларидан бошлаб таълим-тарбия олишда ўзига хос танлаш имкониятлари яратиб берилаётганидан далолатдир.

 

Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази

раҳбарининг

биринчи ўринбосари

 

Yangi Ozbekiston” газетаси,

2023 йил 12 октябрm, 211-сон.

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси