Реклама, сериал ва севгига ғарқ бўлаётган телеканаллар


Сақлаш
18:10 / 27.10.2023 458 0

Телевидение аҳолига нафақат тезкор ва ишончли ахборот, балки билим ҳамда маънавият улашадиган макон. Шу маънода бугун ўзбек телеканалларининг эфирга узатаётган дастурларининг мавзу, ғоя ва тили қандай эканини билиш мақсадида кичик кузатув олиб борилди. Бунинг учун ўзбек давлат ва нодавлат каналлари орасидаги энг юқори рейтинглилари танлаб олинди. Аммо кузатув натижалари, афсуски, кишини хурсанд қилмайди...

 

Реклама ва севгига ғарқ бўлаётган “Navoтелеканали

 

ЎзМТРКга қарашли “Navo” телеканалида 2023 йил 21 октябрь куни берилган дастурлар орасида бирор марта Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани ҳақида эслаб ўтилмагани ачинарли. Соат 08:00 дан 22:00га қадар телеканалнинг турли номдаги дастурлари давомида 95 та қўшиқ ва мусиқий клиплар эфирга узатилди. Уларнинг 73 таси фақат севги-муҳаббат мавзусида куйланган. Қолган тароналарнинг 5 таси ота-она, 5 таси қиз фарзандлар, 2 таси ўзбек аёл-қизлари, 2 таси лазги мавзусига бағишланган бўлса, оилавий тинчлик, уйланиш, ўйин-кулги, тўй, бўйдоқлик, дунё, кўнгилочар, миллий мавзуларда биттадан қўшиқ эфир юзини кўрди.

 

Ашулалар мавзусига эътибор берилса, уларнинг мутлақ кўп қисми, яъни 76,84%и севги-муҳаббат мавзусига бағишлаб куйланганини кўриш мумкин. Ота-она ва қиз фарзанд ҳақида 5.26%, қолган мавзуларга эса бундан ҳам кам фоиз миқдорида мурожаат этилган. Мазкур кўрсаткичлар “Navo” телеканалининг бугунги кунда асосан “ўлдим-куйдим” йўсинидаги севги-муҳаббат мусиқаси тарғиботи ва айрим ҳолларда баъзи савиясиз санъаткорларнинг бемаза ва бачкана ижодий ишларининг тарғибот майдончасига айланиб қолгани ҳақида хулоса қилишга олиб келади. Санъатимизда, эстрадамизда севгидан бошқа мавзу йўқми? Ёки биз севги-муҳаббатга шунчалик ўч халқмизми? Севгидан бошқа муаммомиз йўқми?

 

Ўрганиш олиб борилган бир кунлик дастур давомида телеканалда биронта ҳам ватан, тинчлик, дўстлик, яхшилик ва миллий менталитетимиз, маънавиятимиз учун муҳим бўлган бошқа мавзуларда куй-қўшиқлар янграмади. 21 октябрь ўзбек тили байрами муносабати билан тил мавзусида бирорта қўшиқ ёки кўрсатув эфирга узатилмади. Аксинча, давлат тилига ҳурматсизлик унсурлари бор бўлган хорижий сўзлар қўлланган баъзи клиплар намойиш этилди. Хусусан, хонанда Умидахоннинг бир қўшиғида ,,любов моя” дейиши ёқади”, “мандай “чёткий қиз”ни ёри бўлса” каби жумлалар бир неча бор такрорланди. Муниса Ризаеванинг эфирга узатилган бир қўшиғида эса “Welcome то ҳаётим”, “everybody dance with us” шаклидаги инглизча сўз ва жумлалар янгради. Шунингдек, Афруз гуруҳи ижро этган “Лейли” қўшиғи “I miss you”, “пинҳона cry” кўринишидаги хорижий сўзлар билан тўла эди. Телеканалнинг тил байрами кунида ўзбек тилига ҳурматсизлик руҳида куйланган мусиқаларни эфирга узатиши ҳеч бир қолипга сиғмайди.

 

 

Телеканалда дастурлар орасида берилаётган рекламалар давомийлиги ҳаддан ташқари кўп. “Реклама хусусиятига эга телеканал” дея ўзига ёрлиқ ёпиштириб олган канал бу борада барча чегаралардан чиқиб улгурган. Ҳар икки-учта қўшиқдан кейин ўн дақиқа реклама берилади. Хусусан, телеканалнинг “Zargarshop” номли дастури тўлиғича рекламага бағишланган. 11:00 дан 13:00 га қадар икки соат(!) давом этувчи мазкур дастур бир дўконнинг заргарлик буюмлари рекламасини эфирга бериш билан шуғулланади. Бу вақт давомида томошабинда “аслида бу мусиқий йўналишга ихтисослашган давлат телеканалими ёки тижорий медиаплатформами?» деган ҳақли савол туғилади. Албатта, бугунги кунда рекламалар медиа соҳасининг ажралмас бир бўлагига айланган. Айниқса, телерадиоканаллар реклама беришнинг энг муҳим майдони саналади. Улардан келадиган даромад телеканалнинг молиявий мустақиллигига ва кўрсатувларнинг сифатли бўлишига хизмат қилади. Бироқ, юқорида тилга олинган каби соатлаб, ҳар соатда ўнлаб дақиқа давом этувчи рекламалар инсоннинг меъдасига тегиши аниқ. Бундай ҳолатнинг давлат телеканалида мунтазам такрорланиши эса унинг обрў-эътиборининг сезиларли пасайишига, томошабиннинг телеканалга бўлган қизиқишининг сўнишига олиб келади. Бизнинг фикримизча, “НАВО ТВ” тижорат майдончаси эмас, балки ўзбек мусиқа санъати ва эстрадасининг энг сара намуналарини халқимизга мунтазам ва сифатли етказиб борувчи маданий минбар бўлиб хизмат қилиши лозим.

 

“Zoʼr ТВ” – шоу-бизнес вакиллари учун энг қулай майдон

 

Телеканаллар рейтинг кўрсаткичларига кўра биринчи ўринда турган “Zoʼr ТВ” каналининг бир кунлик дастурлари сони 10-12 тани ташкил этади. Хусусан, 21 октябрда қуйидаги кўрсатувлар эфирга берилган: “Эрталабдан салом”, “Бу кун” (информацион дастур), “Ошхона қироллари”, “Зинама-зина”, “Ёр-ёр”, “Алдама мени”, “Ўғирланган ниқоб”. 22 октябрда эса “Эрталабдан салом”, “Бу кун” (информацион дастур), “Довуччалар”, “Online 360», “Ёр-ёр”, “Теледуэл”, “Борига барака” номли турли йўналиш ва форматдаги кўрсатувлар намойиш этилган.

 

Душанба-жума кунлари тонгда жонли эфирдаги “Эрталабдан салом”, тунда “Ухламайсизми?» кўрсатувлари мунтазам бериб борилади. Телеканалда ҳар куни “Қора бева”, “Мавсум” номли 2 та миллий сериал, “Ота” номли 1 та турк сериали ҳамда кунлик 2 та теленовелла эфирга берилади. Шунингдек, бир кунда 3-4 та бадиий фильм намойиши дастурга киритилган.

 


 

Ўзбек тилига давлат тили мақомини берилганига 34 йил тўлишига муносабат телеканалнинг 21 октябрги дастурларида акс этмаган. Аксарият кўрсатувлар бошловчиларининг гоҳ Тошкент шеваси, гоҳ хорижий тильдаги сўзларни аралаштирган ҳолда тақдим этадиган “коктейль нутқи” эса эфир маданиятига тўғри келмайди. Хусусан, “Ўғирланган ниқоб” кўрсатувининг 21 октябрь куни намойиш этилган 3-мавсум 1-сонига эксперт сифатида қатнашган шоу-бизнес вакиллари Шароф Муқимов, Дилшод Мирзамуродов, Нилуфар Сотиболдиеваларнинг чиқиши ҳам ёшларга ўрнак бўлгулик дея олмаймиз. Ёки “Ёр-ёр” кўрсатувида эксперт сифатида қатнашадиган Ҳалимахон Ибрагимованинг эфирда ўзини тутиши, иштирокчиларга муомаласи умуман эфир ва этика талабларига тўғри келмайди. Бу кўрсатувлар аудиторияси нисбатан кўплиги, халқ ичида машҳурлигини инобатга оладиган бўлсак, уларнинг томошабин маънавий оламига бирор фойдали томони борлигини айтиш қийин. Аксинча, бепарда сўзлар, одобсиз хатти-ҳаракатлар томошабиннинг кўнглини оздиради. Телеканалда намойиш этиладиган сериаллар ҳам мавзу ва ғоя жиҳатдан сийқаси чиққан, асосан турмушдаги маиший муаммолар – қайнона-келин, эр-хотин ва ҳоказо можароларга қурилган.

 

“ЗўрТв”да ҳар куни “Сабоқ” номли туркум теленовеллалар намойиш этилади. Ушбу теленовеллалар телеканалнинг Ютуб каналига “Эримни деб боламни ўлдирдим”, “Келинини ўлдириб қўйган қайнона”, “Отахонга алданган қиз”, “Қизини ўз уйидан ҳайдаган ота”, “Хўрланган нонвой қиз” каби номлар билан жойланган бўлиб, мавзуси ва йўналишида арзонгаров хайп қўзғайдиган, томошабин ҳиссиётлари билан ўйнашадиган, ҳаётда кам учрайдиган воқеалар акс эттирилишини кўриш мумкин.

 

Ёр-ёр”, “Алдама мени”, “Ўғриланган ниқоб” каби рейтинги баланд кўрсатувларда, афсуски, маънавият сўзидан асар ҳам йўқ десак, адашмаган бўламиз. “Ёр-ёр” кўрсатувида ўзбек йигит-қизларининг ўзига жуфт қидириб, ойинаи жаҳонга чиқиши маънавий қадриятларимизга тўғри келмайди. Эфир маданиятини ҳурмат қилмайдиган, эфир билан кўчани фарқлай олмайдиган Ҳалимахон Ибрагимова каби шоу-бизнес вакилларининг ҳар бир кўрсатувда гоҳ эксперт, гоҳ ҳакам бўлиб чиқавериши томошабинга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланиши ўринли бўлади.

 

Мазкур дастурларни кузата туриб, каналга буткул шоу-бизнес вакилларининг ҳаёт тарзини ёритадиган майдон дея баҳо бериш мумкин. Замон талаблари ва замонавий трендларни илғор ўзлаштирган ва фойдаланаётган телеканал дастурларида одоб-ахлоқ, миллий маънавият масалаларига эътибор қаратилиши лозим. Йўқса, телевизорда кўрганига тақлид қиладиган, унга эргашадиган ёшлар учун бу кони зиёндир. “Зўр Тв” телеканалида “Артист” лойиҳасини айтмаганда, миллий маънавиятимизга алоқадор бошқа кўрсатувлар деярли йўқ. Бу жиҳатларини телеканал мутасаддилари жиддий ўйлаб кўришлари лозим деб ҳисоблаймиз.

 

Кино ва сериалларни севувчи “Севимли” телеканали

 

“Севимли” телеканали 2023 йил 21 октябрь куни қуйидаги кўрсатувлар эфирга берилган: “Севимли кун”, “Замон” (информацион дастур), “Қалпоқ”, “Машҳурлар”, “Илк учрашув”, “Кулдир гуп”. 22 октябрь куни эса “Кулдир гуп”, “Замон”, “Мана, яна биз”, “Шўрданак”, «Эслаб-эслаб”, “Биргаликда”, “Талант шоу” номли турли йўналиш ва форматдаги кўрсатувлар намойиш этилган. Телеканалда айни вақтда “Ёнган юраклар”, “Интиқом алангаси” миллий ва “Оила учун”, “Қўрғон сирлари” турк сериаллари ҳамда “Тақдирлар” туркум теленовелласи эфирга берилади. шунингдек, бир кунда 5 та бадиий ва мультипликацион фильмлар намойиши ҳам дастурга киритилган.

 

Ушбу телеканалда эфирга узатиладиган сериаллар ҳам мавзу ва ғоя жиҳатдан сийқаси чиққан, асосан турмушдаги маиший муаммоларга қурилган. Теленовеллалар телеканалнинг Ютуб каналига “Қайнонасини хор қилган келин”, “Қайнисингилларим дастидан дод!», “Келинимнинг кийимсиз расмлари интернетда тарқалиб кетди”, “Жодуланган келин”, “Пиёниста ота керак эмас”, “Бошлиғини ўқитиб олган аёл” каби номлар билан жойланган бўлиб, воқеалари ҳаёт ҳақиқатига кўп ҳам мос келавермайди. Қолаверса, миллат менталитетига тўғри келмайдиган мавзулар, доимий хиёнат, ота-онага ҳурматсизлик ва баъзи айтиб бўлмайдиган оилавий муносабатлар тилга олинади. Табиийки, ижодкорлар бу билан томошабинларга хулоса чиқариш кераклигини таъкидлашмоқчи бўлишади. Лекин бу ўзбек деган халқнинг наҳот шулардан бошқа муаммоси бўлмаса, деган саволни уйғотади кишида.

 

 

Таъкидлаш керакки, “Севимли” телеканалида жамиятдаги ижтимоий муаммолар ёритиладиган, уларга ечим изланадиган фойдали лойиҳалар ҳам кўп. “Янги ҳаёт” кўрсатуви шундай манфаатли лойиҳалардан бири. Кўрсатувдаги инсонларнинг дарди, ташвишлари, ачинарли тақдирлари томошабинни хулоса чиқаришга ундайди. Аммо бу кўрсатувда ҳам меъёр ва миллий менталитет масалалари ҳисобга олиниши зарур. Зотан, уйдаги гапни кўчага олиб чиқиш, уни элга дастурхон қилиш халқимиз учун ёт хусусият.

Телеканал ижодкорлари ҳар бир кўрсатувни тайёрлаётганда ўз миссиясини унутиб қўймаслиги лозим. Зотан, миллатнинг маънавий қадриятларини ҳурмат қилиши, томошабинга ҳар томонлама фойдали телемаҳсулот тайёрлаши бугунги медиа вакилларининг жамият олдидаги бурчи ҳисобланади.

Бўри Қодиров,

Авазбек Шерматов,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти ходимлари

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси