Буюк аллома билан Учинчи Ренессанс сари


Сақлаш
18:09 / 22.09.2023 510 0

 Бугун шиддат билан олдинга интилаётган янги Ўзбекистон туби теран, ўзанлари мустаҳкам дарёга ўхшайди. Жадал илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси томирларимизда азалдан давом этиб келаётган ирфоний салоҳият, сўнмас заковат, миллий ва маънавий қадриятларимизга тааллуқлидир. Зеро, ҳар қандай Миллий Уйғониш, аввало, тагзаминга таянади. Демак, илк Шарқ Ренессанси даври мутафаккирларининг илмий-фалсафий меросини ҳар томонлама ўрганиш, чуқур тадқиқ этиш бугунги глобаллашув даврида ўта долзарб масаладир. Энг муҳими, бу изланишлар янги Ўзбекистоннинг янги Ренессанси юзага чиқишида муҳим роль ўйнайди.

 

Оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим, илк Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида 2022 йил 25 август куни Ўзбекистон Президентининг “Буюк олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши буюк аждодимизга чуқур эҳтиром сифатида тарихий қадам бўлди.

 

Аждодларимиз қолдирган юксак илмий-маънавий меросни ҳар томонлама тадқиқ қилиш янги Ўзбекистоннинг ирфоний ва руҳий асосларини мустакамлаш, янги тадқиқиотлар ва илмий мактабларни яратиш ва ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

 

Кучли тафаккур эгасининг дунёқараши, илми нафақат ўз элини юксак даражаларга олиб чиқади, керак бўлса, жаҳон тарихини ҳам ўзгартириб юборади. Абу Райҳон Беруний ана шундай беқиёс билим соҳиби сифатида миллатимизнинг улуғ сиймоларидан. Зеро, дунёвий илм ривожига улкан ҳисса қўшган, борлиқ ҳақидаги энг соф ва энг тиниқ ҳақиқатларни тилга киритган аллома бамисли порлаган қуёш каби асрлар оша биз томон нур сочиб турибди. Янги Ўзбекистон ғояси айнан мана шундай нурлардан куч олиб олдинга интилмоқда. Чунки Шарқ Ренессанси даври мутафаккирларининг илмий-фалсафий, ижтимоий-сиёсий меросини мукаммал даражада ўрганиш мамлакатимизда замонавий таълимни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

 

Маънавий-маърифий тараққиёт тарихи таҳлили кўрсатадики, инсоннинг шаклланишида муҳит, ижтимоий-сиёсий шароитлар муҳим роль ўйнайди. Абу Райҳон Беруний 973 йил 4 сентябрда Хоразмнинг қадимги Кот шаҳрида туғилади. Кот шаҳри X асрда африғий хоразмшоҳлар сулоласи пойтахти ва Ўрта Осиёнинг энг йирик савдо марказларидан бири эди. Хоразм билан Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ давлатлари, Кавказ ва Шарқий Европа ўртасида савдо-сотиқ ва маданий алоқалар ривожланганди. Мусулмон Шарқининг машҳур олими Абдулкарим ас-Самъоний “Китоб ал-ансоб” (“Насаблар китоби”) асарида бундай ёзади: “Беруний деган нисба Хоразмнинг ташқари қисмига оиддир. Кимки шаҳардан ташқарида туғилган бўлса, бундай одамни “фалончи беруний” дейдилар. Мунажжим Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир”.

 

Берунийнинг ёшлигиданоқ илм-фанга қизиқиши, қобилияти кучли бўлган. Тарихчиларнинг таъкидлашича, ўша вақтда Хоразмда фаннинг турли соҳаларида шуҳрат қозонган юзлаб олимлар яшаган. Беруний, шубҳасиз, мазкур олимларда ўқиб, таълим олган бўлиши керак. У фаннинг деярли ҳамма соҳалари билан шуғулланган. Она тилидан ташқари яна бир қанча – араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини мукаммал эгаллади. Кейинчалик олимнинг Ҳиндистонда бир муддат ҳаёт кечириши унга ҳинд маданияти билан чуқур танишиш ва санскрит тилини ўрганиб олиш имконини берди. Қадимги юнон классик илми билан танишди. Астрономия, география, ботаника, математика, геология, тарих ва этнография, фалсафа ва филология соҳаларини чуқур билган йирик олим бўлиб етишди. Беруний шоир ва адабиётшунос ҳам эди. У замонасининг машҳур олими Абу Наср Мансур ибн Ироқ қўлида таълим олади. Ибн Ироқ астрономия, геометрия ва математикага оид бир қанча асар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлайди. У Берунийни Евклид геометрияси ва Птолемейнинг астрономик таълимоти билан таништиради. Устоз билан шогирд ўртасидаги дўстлик узоқ вақтларгача давом этади. Беруний устозининг номини ҳамма вақт зўр ҳурмат билан тилга олади. Умуман, Беруний илмий масалалар, тарихий воқеликлар ва замондошларига нисбатан баҳо беришда ўта холислик ва ҳаққонийлик билан фикр юритган. Шу сабаб ҳаётда кўп азиятлар чеккан, оғир турмуш кечирган, аммо нечоғли машаққатли бўлмасин, олий мақсад сари интилишда давом этган, ишонч-эътиқодидан асло чекинмаган.

 

Абу Райҳон Берунийнинг илм уммони нечоғли поёнсиз эканини унинг улкан қомусий олим сифатида яратган асарлари яққол кўрсатиб турибди. Фалсафа илми билимдони бир вақтнинг ўзида астроном, астролог, математик, геолог, географ, биолог, ўлкашунос, ўсимликшунос, маъданшунос, тарихчи, манбашунос, диншунос, адабиётшунос, жамиятшунос, мантиқшунос, илоҳиётчи ва шоир бўлган. Шу боис, академик И.Крачковский сўзи билан айтганда, “Берунийнинг шуғулланган соҳасини санашдан кўра, шуғулланмаган соҳасини санаш осонроқдир”.

 

Манбаларга кўра, олим 150 дан ортиқ асарда жамланган изланишлардан иборат илмий мерос қолдирган. Бугунга қадар унинг қўлёзма кўринишидаги 30 дан ортиқ китоби етиб келган, холос.

 

Улуғ олимнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Сайдана”, “Астрономияга кириш”, “Масъуд қонуни”, “Геодезия”, “Жонни даволовчи қуёш китоби”, “Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида”, “Кўпайтириш асослари”, “Птолемей “Алмагест”ининг санскритчага таржимаси”, “Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар”, “Фарғоний элементларига тузатишлар”, “Оқ кийимлилар ва карматлар ҳақида маълумотлар”, “Ал-Муқанна ҳақидаги маълумотлар таржимаси”, “Ибн Сино билан ёзишмалар” сингари асарлари жаҳон фани ва маданияти юксалишида улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Хусусан, мазкур асарлар мусулмон Шарқ маданиятининг сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Байҳақий, Шаҳризурий, Қифтий, Ёқут Ҳамавий каби машҳур олимларнинг араб ва форс тилларида ёзилган асарларида Беруний ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади.

 

XIII асрда яшаган суриялик тарихчи ва табиб Иоанн Бар Эбрей (1226–1286) Берунийга бундай баҳо беради: “Ўша ўтган йилларда юнон ва ҳинд фалсафаси денгизини кечиб ўтган Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўтмиш илмларда шуҳрат қозонди. У математика илмларида мутахассис бўлиб, бу соҳада қатор муҳим китоблар яратди. Ҳиндистонга бориб, у ерда бир неча йил яшади, ҳинд файласуфларидан уларнинг санъатини ўрганди ва уларга юнон фалсафасини ўргатди. Унинг асарлари ниҳоятда кўп, етук ва ниҳоятда ишончлидир. Ўз давридан то бугунга қадар ҳамкасблари орасида астрономия илмида бундай билимдон ва бу илмнинг асосларини чуқур биладиган бошқа бир олим бўлмаган”.

 

“Ҳиндистон” асари устида ишлаган вақтда Берунийнинг илмий услуби – материалга танқидий ёндашув яққол намоён бўлган. У 45 ёшида санскрит тилини ўргана бошлади, бир неча марта Ҳиндистонда бўлди. Евклиднинг “Элементлар” ҳамда ўзининг астрономик асарини санскрит тилига таржима қилди. У таржимаси муваффақиятсиз чиққан деб ҳисоблаган “Панчатантра”ни араб тилига таржима қилмоқчи бўлади. Унинг Ҳиндистон тўғрисидаги иши XI аср тарихини ўрганишда муҳим манбага айланди.

 

Берунийшунос олимларнинг далолат беришича, аллома “Ҳиндистон” асари устида ишлаётган вақтда санскрит тилидаги юздан ортиқ манбадан фойдаланган. Бу жуда улкан ва машаққатли иш эди. Бугунги нуқтаи назаридан олиб қараганда ҳам “Ҳиндистон”дек асарнинг яратилиши оламшумул воқеа бўлган. Шу боис, “Ҳиндистон” машҳур фундаментал тадқиқот сифатида ҳинд ақл-заковати дурдоналарини дунёга тарғиб қилишда беқиёс манба бўлгани шубҳасиз ҳақиқатдир. Зеро, ҳинд жамоатчилигининг таниқли вакили Ҳамид Ризо эътироф этганидек: “Ўрта аср ва янги замон тадқиқотчиларидан бирортаси ҳам ҳинд маданиятининг чигал масалаларини чуқур илмий руҳда тушунишда Беруний эришган ютуқларни қўлга кирита олмаган. Муаллифнинг “Ҳиндистон” асари шу йўналишдаги тадқиқотлар тарихида классик намуна бўлиб қолиши билан бирга ижодкорнинг ҳинд фани ва маданиятига қилган катта тортиғи ҳамдир”.

 

XIX асрдан бошлаб Европа ва Осиё мамлакатларида Беруний мероси билан қизиқиш янада кенг тус олди. Унинг асарлари, француз, итальян, немис, инглиз, испан, рус, форс, ҳинд, урду, япон турк тилларига таржима қилина бошланди. Европалик олимларнинг Беруний асарларига бағишланган китоблари, таржималари нашр этилди. Дунёнинг етакчи олимлари Беруний ижодига жуда юқори баҳо бердилар. Америкалик тарихчи олим Ж.Сартон Берунийни ўз даврининг жаҳондаги биринчи донишманди деб баҳолайди ва XI асрни “Беруний асри” деб таърифлайди. Бундай юксак ва ҳақли баҳо, аввало, қомусий тафаккур соҳиби бўлмиш ватандошимизнинг илм-фан тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси билан изоҳланади. Атоқли шарқшунос В.Розен эса унинг “илмий қарашлари таажжуб қоларли даражада кенглиги, ҳозирги маънодаги ҳақиқий фаннинг руҳига хослиги”ни қайд этади.

 

Абу Райҳон Беруний илк асари “ал-Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия” – “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”ни Журжонда муҳожирлик вақтида, яъни 1000 йили 27 ёшга кирган пайтида ёзиб бўлган эди. Бу асарни биринчи марта машҳур немис шарқшунос ва берунийшунос олими Эдуард Захау (1845–1930) ўрганди. У 1876–1878 йилларда Лейпцигда “Осор ал-боқия”нинг арабча нусхасини илк бор нашр этди. Олимларнинг таъкидлашича, Беруний биргина ушбу асари билан номини жаҳон илму фани тарихига абадий муҳрлади. Чунки унинг қийматига тенг келадиган салмоқли асар ҳали яратилмади.

 

Берунийнинг давлат ва жамият ҳақидаги қарашлари диққатга сазовор. Олим “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида маънавий қарашларини бундай ифодалайди: “Яхшилик хислатлари: тақводорлик, тўғрилик, ўзини сақлаш, диндорлик, одиллик, инсоний камтарлик, латофат, собитқадамлик, эҳтиёткорлик, сахийлик, мулойимлик, сиёсат ва бошқариш ишларида билимдонлик, тадбиркорлик, тўғри тахмин қила билиш ва булардан бошқа ақлга сиғмайдиган, киши баён этиб тугата олмайдиган (яхши) сифатлардан иборатдир”.

 

Демак, инсон ўз умри давомида тақво билан тўғри яшаши, ўзини турли фитналардан сақлаши, адолатга таяниши, камтар-камсуқум ва латофатли бўлиши, собитқадамликдан чекинмаслиги, ҳар бир ишда эҳтиёткорликни қўлдан бермаслиги, сахийликни касб этиши, муомалада мулойим бўлмоғи, бошқарув сиёсатида эса билимдон ва тадбирли бўлиб, тахминда тўғри бўлиши шарт.

 

Буюк файласуфнинг назариясига кўра, айнан мана шу хислатлар инсон камолоти даржасини белгилаб беради. Яъни жамият ҳаётида синф ва табақалар асосида бойлик ва насл-насабнинг улуғлиги эмас, балки тегишли вазифа-машғулот ва ҳунар ётмоғи, халқлар дўст, иноқ, иттифоқ бўлиб яшаши лозимлигини уқтиради. Айтиш мумкинки, “Янги Ўзбекистон” тамойили замирида улуғ аждодимиз илгари сурган инсонпарвалик ғоялари мужассам.

 

“…Фахрланиш ҳақиқатда яхши хулқлар ва олий феълларда олдин кетиш, илму ҳикматни эгаллаш ва имконият борича мавжуд (нопокликлардан) тозаланишдир. Кимда шундай (сифатлар) топилса, ҳукм унинг фойдасига ва кимда булар етишмаса, ҳукм унинг зарарига бўлади”, деб ёзади олим “ал-Осор ал-боқия”да. Ушбу қарашларни бугунги кун нуқтаи назаридан таҳлил этадиган бўлсак, юртимиз тараққиёти йўлида барча имкониятларни ишга солишимиз, ўсиб келаётган ёш авлод илму ҳикматни тўла эгаллаши, яхши хулқ эгаси бўлиши, олий феъл – маънавиятимизни янада юксалтиришимиз ва жамиятни зарарли иллатлардан пок тутишимиз шартдир. Ушбу вазифалар нафақат бугунги кунимиз, балки келажагимизни ҳам белгилайди, жадал сураътлардаги ислоҳот ва янгиланиш жараёнларига ижтимоий маъно-мазмун бағишлайди.

 

Дунё олимлари томонидан Ойдаги кратерлардан бирига Абу Райҳон Беруний номи берилиши ҳам беъжиз эмас. 1986 йилда Қуёш тизимида кашф этилган ва Гарвард марказида 9936 рақами билан рўйхатга олинган кичик осмон жисмларидан бирига ҳам Беруний номи берилган. Бу жаҳоний илм-фан марказларининг Беруний даҳосига кўрсатган эҳтироми ва эътирофидан далолатдир.

 

Олимнинг тўйи – оламнинг тўйи, деган нақл бежиз айтилмаган. Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги нафақат юртимизда, балки ЮНЕСКО шафеълигида халқаро миқёсда кенг нишонланмоқда. ЮНEСКО Ижроия кенгашининг 211-сессиясида буюк олим таваллуди санаси ташкилот шафеълигида 2022-2023 йилларда кенг нишонланиши бўйича қарор қабул қилинди ва, ўз навбатида, халқаро юбилейлар рўйхатига киритилди.

 

4–8 сентябрь кунлари Париж шаҳрида “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳатлар” халқаро кўргазмаси ўтказилди. Алломанинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимизда олим ҳаёти ва ижодига тааллуқли китоблар, илмий нашрлар чоп этилди. Унинг асарларидан иборат тўпламлар тайёрланди. Меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориляпти ва уларнинг натижалари эълон қилиняпти.

 

Вашингтондаги Жонс Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр олим фаолиятининг аҳамиятини юқори баҳолади – Берунийнинг мероси ўз миқёси ва кўп жиҳатдан аниқ фанлар ривожланишини олдиндан кўра олгани билан ҳақиқий қизиқиш ва ҳайратга сабаб бўлади. Унинг асарлари табиатшунослик соҳасидаги кейинги кашфиётлар учун кучли туртки ва асос бўлиб хизмат қилди.

 

Америкалик тарихчи Ж.Сартон буюк олим ҳақида: “Астрономия ва математика, астрология ва жуғрофия, антропология ва этнография, археология ва фалсафа, ботаника ва минерология унинг буюк номисиз қашшоқлашиб қолган бўларди”, деган эди.

 

Беруний бобомизнинг илмий ғоялари ва концепциялари ҳозирга келиб ҳам долзарблигини йўқотмаган. Олим кўтарган кўплаб масалалар, улуғ башоратлари ва фаразлари илм-фан ривожида муҳим бўлиб, қатор масалаларга ечим топишда қимматли ҳодиса, дунёни англашда бутун бир даврга тенг, десак ҳам муболаға бўлмайди!

 

“Бугун биз интилаётган янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш – бу шунчаки орзу эмас. Бу – аниқ стратегик мақсад ва умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётган беқиёс амалий жараёндир”, дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат, Шарқда Биринчи Ренессанс асосчиларидан бўлган улуғ аждодимиз Абу Райҳон Беруний асарларида илгари сурилган эзгу ғоялар инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон давлатини барпо этишда, аниқ стратегик мақсадалимизни белгилаб олишимизда муҳим ўрин тутади.

 

Минҳожиддин МИРЗО,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

 

“Yangi O‘zbekiston” газетаси, 2023 йил 22 сентябрь, 194-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси