“Бутун умримни улуғ асарлар таржимасига бағишлаганман. Заҳматимни ёлғиз Худойим билади” – Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров


Сақлаш
18:09 / 08.09.2023 527 0

Очиқ гап, мен Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов билан дўст эдим. Абдулла Орипов билан Зомин мактабини ташкил қилган эдик. Эркин Воҳидов билан эса кечалари ҳам гаплашардик. Эркин аканинг бир гаплари бўлар эди: агар ўзбек тилининг буюклигини билишни хоҳласанг, Иброҳимжондан сўраш керак. Севиб гапирардилар. Иброҳим ака адабиётимизнинг ана шундай забардаст намояндаси. Иброҳим акага ўхшаган ҳалол инсонлар бизга ўрнак бўлиши керак. Ҳаётда, меҳнатда, умрда. Битта столь, ручка ва битта хона. Бошқа бирор нарсани бу инсон ўзи учун эп кўрмаган. Мана шундай инсон, албатта, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишга лойиқ!

 

                                                   Шавкат МИРЗИЁЕВ

(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил, 31 август)

 

Иброҳим Ғафуровни таниганимга салкам қирқ йил бўлди. Ўша машҳур “Матбуотчилар-32”нинг бешинчи қаватида устоз Жаббор Раззоқ “мактаби” ёшлар газетасида (номлари неча марта ўзгариб кетди) ишлаб юрган маҳалларим аҳён-аҳёнда бу одамга рўбару келардим ва зўрға салом берардим. Сабаби, журналист-мухбирлар орасида Иброҳим аканинг ниҳоятда қайсар, қаттиққўл, сиркаси сув кўтармайдиган, тағин денг Одил Ёқубовдай даҳо адиб бош муҳаррир бўлган довруқли “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “замредактор” эканлиги менга ўхшаган “қалдирғоч”ларни чўчитарди. Айниқса, “ЎзАС”да чиқаётган ҳар бир мақолада устознинг ўткир таҳрири, теран нигоҳи сезиларди. Унинг адабий танқид, шеъриятга оид муросасиз мақолалари жиддий шов-шувлар уйғотарди.

 

Хуллас, орадан неча ўн йиллар ўтди. Кўп давраларда кузатдим, дилбар суҳбатларига ошно бўлдим. Лекин ҳеч мавриди келмади юзма-юз гурунглашишга. Яқинда, тўғрироғи, августнинг ўртасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси, давлат ва жамоат арбоби, таниқли сиёсатшунос олим Қудратилла Рафиқовнинг саховатпешалиги туфайли бир гуруҳ ижодкорлар “Севарсой” (номининг гўзаллигини қаранг) деб номланган санаторийда дам олдик. Омадни қарангки, муҳтарам устозларимиз Иброҳим Ғафуров ва Хуршид Дўстмуҳаммад билан ҳамроҳ бўлдим.

 

 

Дунё кўрган, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, адабиётимизнинг забардаст намояндаси, адабиётшунос олим, таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров билан шу баҳонада турли мавзулар хусусида узоқ суҳбатлар қурдик. Чимён тоғлари бағридаги бу сўлим гўшаларни айланиб юрарканмиз, бу мўйсафид, юртпарвар, миллатпарвар инсоннинг юрагида яшаётган қуёш нуридай ёруғ ва тоза туйғулар, жадидона дарду армонлар, адабий кузатувларини ўзига сездирмайгина қоғозга кўчириб қўйдим.

 

Биламан, балки Иброҳим ака бугунги суҳбатимизни ўқиб кўриб, “Нега мени бир оғиз огоҳлантирмадингиз, шундай саволларингиз бор экан, аввалроқ айтганингизда сал ўйлаброқ, мулоҳаза қилиб яна бойитармидим” дейиши ҳам мумкин.

 

Йўқ, мени маъзур тутгайсиз, устоз, кутилмаган бу гурунгимизни сизнинг биллурдай соф юрагингизга тутилган оддий бир ойна деб қабул қиласиз, деган умиддаман.

 

 ***

– Иброҳим ака, келинг, суҳбатимизни Чингиз Айтматов асарлари таржимасидан бошлайлик. Айнан сизнинг Қиёматга қўл уришингиз қандай кечганди?

 

У маҳаллари Абдулла Орипов Ёзувчилар уюшмасида масъул лавозимда ишлар эди. Бир куни мени ҳузурига чақириб қолди. Энди бутун дунёда Қиёмат романи турли шов-шувларга сабаб бўлаётган дамлар эди. Борсам, Абдуллажон Чингиз Айтматовдан хат келганини ва рус тилида босилган Плахани Иброҳим Ғафуров ўзбекчага таржима қилса  дея таклиф билдирганини айтиб қолди. Ўзбек халқига ҳурмат-эҳтироми баландлиги боис оқсоқолнинг ўзлари илтимос қиляптиларми, тезроқ ишга киришмасак бўлмас, Шарқ юлдузи журналиям кетма-кет босади, гаплашдим, деди шоир. Шундоғам бу буюк романни рус тилида ўқиб чиққанимдан бери ҳаяжонланиб юргандим. Бирданига рози бўлдим. Ишхонамдан рухсат олгач, Шарқ нашриёти томонидан ажратилган шинам ва сокин хонада жуда қаттиқ ишладим ва уч ой деганда таржимани тугатдим.

 

– Эсимда, асарнинг биринчи номи Кунда эди-ку, нега ўзгариб қолди?

 

Тўғри, биринчи номи Кунда эди, кейин Қиёматга ўзгартиришни таклиф  этишди. Аслида плаха сўзининг маъноси кунда, лекин дунё миқёсида Қиёмат бўлгани учун шундай номланди ва рамзий маънода оламнинг, қолаверса, инсониятнинг хатарли тақдири шунга мосроқ эди ўша даврда.

 

– Дунёнинг ярмини ўзининг ўткир қалами билан забт эта олган ёзувчи билан қачон кўришгансиз?

 

Менимча, 1987 йиллар эди, Қиёматни ўзбекчага ўгирганимдан кейин Иссиқкўл форумида учрашдик. Таржимамдан кўнгли анча тўлганини айтиб, миннатдорлик билдирди. Чунки аввалги қиссалари ҳам ўзбек китобхонлари орасида жуда машҳур эканидан хурсандчилигини изҳор этганди. Умуман, ўзбек адабиёти ва адибларини ғоят қадрларди. Оддий мисол, Чингиз оғанинг Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тўлепберген Қаипбергенов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Асил Рашидов, Пирмат Шермуҳамедов, Аҳмаджон Мелибоев, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонов, Анвар Жўрабоев ва бошқа ижодкорлар билан салом-алиги, борди-келдиси кучли эди. Кейин етмиш йиллик юбилейида ҳам бир гуруҳ адиблар билан бирга бордик қутлагани.

 

Энди сизга бир гапни айтайми, Чингиз Айтматов Оллоҳнинг нафақат биз туркий халқларга, балки бу дунёдаги барча ҳақсевар, эрксевар ва айтиш мумкинки, маърифатли миллатларга берган гўзал бир инъоми эди, десам хато бўлмаса керак. Ҳали эслаганим, Иссиқкўл форумида кўп бора кузатганман: ҳали у гуруҳ, ҳали бу гуруҳ олдига бориб маслаҳатлашади, ҳар бир иштирокчининг билдирган фикрини эшитиб, хотирасига муҳрлаб қўяр экан.

 

Чингиз ака қўрқмас, жасоратли, ҳақиқатпараст эди. Ўзбеклар иши ўртага чиққанида бизни қандай ҳимоя қилгани ҳали-ҳали кўпчиликнинг ёдида! Ёки атайлаб уюштирилган Ўш воқеалари содир бўлганида адашган, алданган миллатдошларига қарата Ҳой, қирғизларим, кўзларингни очинглар, ўз жигарларинг, туғишганларинг билан низолашасанларми? Ёвларнинг алдов-қутқусига учманглар, тўхтанглар! дея ҳайқирганини раҳматли Одил ака айтиб берганди.

 

– 1997 йил Бишкекда Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеясининг навбатдаги анжуманида бир гуруҳ таниқли ижодкор зиёлилар сафида журналист сифатида мен ҳам қатнашганман. Тақдирни қарангки, она Туркистонимизнинг абадий байроғига айланган Чингиз Айтматов билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. Тўғриси, шундай улуғ адибнинг болалардек содда, дарёқалб эканига, қолаверса, ҳар бир лаҳзаси ҳисобли бўлмиш инсоннинг бир журналист учун икки соатча вақт ажратиб, чин дилдан самимий гурунг қилганидан ҳамон ҳайратга тушаман.

 

Яна таъкидлайман, Чингиз Айтматов авлиё зот эди. Биз тириклигида балки қадрига етмагандирмиз, унинг ўлмас асарлари моҳиятини тўғри англай олмагандирмиз. Бу рост, лекин ҳозир унинг ҳар бир асарини қайта-қайта мутолаа қилиб кўринг, фикрланг-чи, бугунни қўяверинг, ҳатто келажакда инсониятни кутаётган маънавий ва ижтимоий хавф-хатарлардан ҳам огоҳ этганига гувоҳ бўласиз.

 

– Энди яна бир қизиқ воқеани эшитинг: Чингиз Айтматов бундан 26 йил бурунги суҳбатда менга қизиқ бир ҳаёт ҳақиқатини айтиб бергани ҳамон эсимда: 1995 йили таъсис этилган Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеясини тузиш ғояси бежиз ўртага ташланмаганини ва бу эзгу мақсад замирида  улкан ер ости ва усти бойликларига эга ушбу минтақа ҳудудида асрлар бўйи бир-бирига қондош, ён қўшни-жон қўшни, қуда-анда бўлиб яшаб келаётган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик халқлари ўртасида тинчлик, бирдамлик, аҳиллик ётганини қайта-қайта таъкидлаган эди. Ва насиб этса, бу хайрли ишлар давлатлараро ҳамкорлик даражасига кўтарилишини ва бу бешта республика бирлашиб, Марказий Осиё давлатлари иттифоқи тузилишини орзу қилаётганини яширмаганди. Афсуски, матбуотда эълон қилинган суҳбатдан афсонавий адибимизнинг ушбу улуғ ниятлари акс этган донишмандона фикрлари ҳушёрлик билан олиб ташланган эди. Замоннинг эврилишини кўринг, талотумли даврлар ортда қолди ва ниҳоят, 2016 йилдан кейин Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қўшни давлатлар ўртасидаги музликлар даври барҳам топди, ҳатто қушлар учиб ўтолмаётган, шафқатсизларча миналаштириб ташланган чегаралар очилди, ўзаро борди-келдилар бошланди. Бундай тарихий ўзгаришлар қондош ва қардош халқларни бугун яна қайтадан бирлаштиряпти, яқинлаштиряпти, тўғрими?

 

Бу мавзу ниҳоятда нозик ва жумбоқли. Жавобсиз саволлар кўп. Нега шунча асрлар давомида бир-бирига оға-ини бўлиб келган халқлар қисқа давр ичида дарров бегоналашиб, ҳатто ёвлашиб кетди, деган савол мени ҳам қийнайди доим. Тасаввур қилинг, нима учун Ислом Каримовдай ақлли сиёсатчи раҳбар ҳам бу қобиқдан чиқиб кетолмади? Ёки Нурсултон Назарбоев ва бошқаларни олинг. Нима, улардаги манманлик ёки минтақавий лидерлик касали устунлик қилдими? Менимча, йўқ, сабаблари бошқа, яъни ҳамон дунёда гегемонлик даъво қилаётган давлатлар бизнинг бирлашишимизни хоҳламайди! Ўзларига имкони борича қарам бўлмоғимизни истаётганлар йўқ деб ўйлайсизми? Улар отдан тушсаям ҳеч қачон эгардан тушмайди, укажон!

 

Оддий мисол келтираман сизга: 27 давлатни бирлаштирган Европа иттифоқи бор, тўғрими? Уларда лидерлик даъво қилиш энг бемаъни иш саналади. Авторитаризмни хоҳламайди улар. Менинг назаримда, бирлашиш учун, энг аввало, халқларнинг ўзи тайёр бўлиши лозим экан. Европаликлар бу жараёнга узоқ вақт тайёрланганини вақт исботлади. Демак, менинг фикри ожизимча, ўша Айтматов ва бошқа зиёлилар тузган ассамблея ҳам йиллар ўтиб, Марказий Осиё давлатлари иттифоқига айланиши балки пухта ўйланган режа бўлгандир.

 

Шу маънода айнан Ўзбекистон Президентининг кейинги етти йил ичида биринчи навбатда Марказий Осиё ҳудудида жойлашган давлатлар раҳбарлари билан ўзаро самимий мулоқотлари, барча соҳаларда олиб бораётган тинчликсевар ташаббусларини халқларимиз тўла қўллаб-қувватлаётгани тарихий воқеадир. Қувончли жиҳати, давлатлараро босқичма-босқич амалга ошаётган бу каби ижобий ишлар, ким билади, балки сизу биз бугун муборак номини хотирлаётган Чингиз Айтматовнинг азалий орзулари ижобат бўлаётганига ҳам ўзига хос бир ишорадир.

 

– Сир эмас, сиз билан қайси мавзуда суҳбатлашмайлик, барибир гап айланиб яна жаҳон адабиётининг сара асарлари таржимасига келиб тақалаверади. Хўш, айтинг-чи, буюк адиб Достоевский ижодига меҳр-муҳаббатингиз қачон пайдо бўлган?

 

Дунё адабиётида психологик таҳлилда Достоевскийга етадигани кам. Лев Толстой ҳам тан берган. Унинг қаҳрамонлари айримлар назаридаги рус халқигагина хос ҳаётий фожиалар эмас, аксинча, Айтматов тасвирлаганидек, бутун инсониятга тааллуқли бўлган миллионлаб тақдирлардир. Тирикчилик, турли азоб-уқубатларга гирифтор бўлиб яшаш учун ўзини ўтга, чўққа уриб курашаётган одамлар кўз олдингизда намоён бўлади. Достоевскийнинг бошқа асарларини қўяверинг, Иблислар романини бизнинг китобхонларимиз ўқиганида эди, ўзининг қандай миллат, қандай халқ, қандай қавм эканлигини билишдан ташқари ўзининг нималарга қодирлигини ҳам теран англаб етарди.

 

– Айнан бизнинг мамлакатимизда китоб мутолааси ва тарғиботи масаласига давлат даражасида эътибор кўрсатилаётган бир пайтда бундай буюк адиблар асарларини мактабларимизни қўяверинг, ҳатто шу соҳага дахлдор олий ўқув юртларида ҳам ўқитиш жуда абгор аҳволда экани маълум. Ахир ўзимизнинг миллий адабиётимиз вакиллари ижоди ҳам ҳаминқадар ўрганиляпти-да?

 

Биз зиёлилар барибир маънавиятимиз ва маърифатимизнинг ана шундай долзарб, оғриқли муаммолари ҳақида бонг ураверишимиз керак деб ўйлайман. Интернет асри, глобаллашув даври давом этаверсин, бунга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди. Лекин телевидение, радио, оммавий ахборот воситалари, борингки, ижтимоий тармоқлар ҳам даврийликдан, кундалик ахборотлар тарқатишдан ташқари КИТОБХОНЛИК тарғиботи ва рекламасини кучайтириши шарт! Тошкент ёки бошқа шаҳар марказлари асосан инглиз, рус каби ажнабий ном-ёзувлардаги баннер, паннолар билан тўлиб-тошиб ётибди. Нега шуларни ўзбекчалаштириш ҳақида ўйламаяпмиз? Ёки нега бирор жойда машҳур адибларимиз асарлари ё китоблари тарғиб этилмайди?  “Ўзимга керакли китоб ёки бадиий асар, газета-журнални интернетдан, қўлимдаги замонавий планшет, айфонимдан ўқисам қулайроқ”, дейдиганлар хато қилаётганини ҳали вақт кўрсатади. Ривожланган давлатларда одамлар яна оммавий равишда китобхонликка қайтаётир. Сабаби, одамлар ортиқча ахборот, шов-шувлардан толиққан, безиб қолган асабларини, ҳар қандай бойликдан ҳам азизроқ соғлигини асраб қолиш учун тағин китобга мурожаат этаётгани ҳақиқат. Шундай экан, у Достоевский, Абай, Робиндранат Тҳакур бўладими, Қодирий ё Кафка, Чехов ё Абдулла Қаҳҳор, Жойс ё Шукур Холмирзаев, Ҳамза ё Шекспир, Шукшин ё Хайриддин Султонов, Мурод Муҳаммад Дўст ё Набоков, Тоғай Мурод, Хуршид Дўстмуҳаммад ё Назар Эшонқул, Олим Отахон, Исажон Султон…бу рўйхат жуда узун. Мен фақат адибларни санадим холос, шоирлар-чи? Шуларни кенгроқ тарғиб ва ташвиқ қилсак ютқазмаймиз ахир! Уларнинг қайси бирини ўқиш ва уқиш ўзимизга боғлиқ.

 

– Бошқа халқларда билмадим-у, лекин бизнинг адабиётимизда қизиқ бир ҳолат кузатилади: яъни насрда эшитмаганман, аммо шеъриятимизда шоирларни жинсга ажратиш урфга айланган...

 

Эслайлик, бизнинг классик шоираларимиз Нодира, Увайсий, Зебунисо, Маҳзуна ва бошқаларнинг ижод намуналарини раҳматли Тўхтасин Жалолов тўплаб китоб қилган эди. Аксарият аёл ижодкорларни таҳлил қилсангиз, фиғон, алам, армон, изтиробларни бошқача оҳанг, руҳда куйлаганига гувоҳ бўласиз. Қизиғи, бундай таъсир Зулфия опагача келди-ку! Ҳамид Олимжоннинг 1944 йилги фожиали ўлимидан кейинги ёзган шеърларини эслаш кифоя. Шоира ва шоирни ажратиб турадиган энг кучли хусусият, бу ҳиссиётдир!

 

– Ниҳоят гап очилди, Иброҳим ака, келинг, шу баҳонада энди, XX аср ўрталари ва XXI асрнинг ўн йилликларигача ўзбек миллий шеъриятида муносиб ўрин эгаллаб келган икки забардаст шоира – Ҳалима Худойбердиева ва Ойдин Ҳожиева ижодидаги жанговарлик, гўзал лирика, фақат аёлгагина хос латофатли ҳиссиёт, қолаверса, ватанпарварлик каби руҳий ва ижтимоий мавзуларга тўхталиб ўтсангиз.

 

Лиризмни оласизми ёки ҳиссиётларни қандайдир ўзига хос нозик ифодалашда ҳам улар орасида катта фарқ сезилади. Ҳалимада соф маънодаги шиддатли ижтимоийлик, публицистик руҳ ғоятда кучли эди. Унинг сиёсий ёхуд ижтимоий мавзуларда ёзган шеърларида эрк, озодликни соғиниш, миллатпарастлик ҳисси ярқ этиб кўриниб турарди.  Ойдинда эса аёл, онага хос лирика устунлик қиларди. Уларнинг ижодини таҳлил ва тадқиқ қилганда ҳеч қачон бир-бирига қиёслаш ёки қарама-қарши қўйиш мумкин эмас. Негаки, тарихда ҳали бирорта мисол йўқки, иқтидорли ижодкор бир-бирини такрорлаган бўлса. Шу маънода мен ҳар икки бетакрор шоирамизнинг адабиётимиз, нафис шеъриятимизга қилган хизмати ва кўрсатган таъсирини ҳамиша қадрлайман.

 

– Билишимча, сиз раҳматли Ойдин опа билан эллик йиллик унутилмас умр йўлларини босиб ўтдингиз. Агар изн берсангиз, оила муҳити, оналик бахти ҳақида кейин бафуржа тўхталсак-да, ҳозир холис бир мунаққид, олим сифатида шоира ижодига муносабатингизни билдирсангиз.

 

Ҳақиқий шоира сифатида қачон тушуниб, англаб етгансиз демоқчисиз-да. Талабалик маҳалимиз у биздан пастроқ курсда ўқирди. Унинг биринчи китоби “Шабнам” (1970)га бағишлаб мақола ёзганман. Ўқиб кўрганимдаёқ юрагимга шундай тиниқ, самимий туйғулар тўкилганки, қаттиқ таъсирланганман. Тақдирни қарангки, кейинчалик умр йўлларимиз бирлашди. Ойдин умрида ҳар куни шеър ёзмаган, қандайдир дақиқада бир нарса ёприлиб келиб қоладики, ўтириб, бурканиб ёзаверарди. Дафтарлари тўлиб кетарди. Кейин бўшашиб тўхтарди ва бошқа ишларга андармон бўлиб кетарди. Сўнг бир, икки ой жим юрарди. Ҳатто чалғимасдан, ҳафталаб шеър устида ўтирган пайтлари бўлган. Шоша-пиша овқатга уннаб, менга қарашгач, яна столга мукка тушарди.

 

Кейинги пайтларда Ойдиннинг ижодий мероси миқёси, масштабини кўпам тушуниб-тушунмай таҳлил қилинаётган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдим. Бир шоира туппа-тузук ёзган мақоласида унинг ижодини умумлаштириб, “сибизға шеърият” деб атабди. Бу фикрга умуман қўшилмайман. Сибизға оркестрга жўр бўлгувчи битта кичик соз, холос. Ғалати ўхшатиш бу. Ахир Ойдин Ҳожиеванинг бир хил оҳангдаги шеърлари кам-ку! Кенгроқ қараш лозим эди. Масалан, жиззахлик адабиётшунос Насиба Ризаеванинг шоира ижодига бағишланган чуқур таҳлиллари анча пишиқ ва пухта ёзилган. Наим Каримов, Муҳтарама Улуғ, Қутлибеканинг эълон қилган мақолалари ҳам кўпчиликка манзур бўлган.

 

– Ойдин опа хасталикка чалинганидан сўнг ҳам ижоддан тўхтамаган экан...

 

Етти йилча аввал оёқлари қаттиқ оғриб, бир муддат даволаниб юрди. Шундаям ёзаверди. Жасорат дейинми ёки адабиётга фидолик дейинми, барибир соғлиғидан кўра ёзган ва ҳали қоралама ҳолида тугамай қолган асарлари тақдирини кўпроқ ўйларди. Матбуотни тинмай кузатарди. Қандай ўткир мақола ё шеър, достон чиққани билан қизиқарди. Ўзи кўп йиллар бош бўлган “Саодат” ва бошқа жойларда ишлаётган оқибатли шогирдлари дам-бадам ҳолидан хабар олиб туришди. Барчаларини доим дуо қиларди. Ҳеч қачон нолимади, Оллоҳга шукр қилди. Юраги тиниқ ойнадай тоза эди Ойдин опангизнинг!

 

– Энди айтинг-чи, икки улкан ижодкорнинг бир-бирини тушуниб яшаши, оила, рўзғор, ота-оналик вазифалари, устига устак, ижод билан машғул бўлиши осонми?

 

Мушкул десам ношукрлик бўлади. Қайси бир оилада нотинчлик, машаққатли кунлар бўлмаган?! Ҳаммасини мардона енгиб ўтиш осон эмас. Аммо биз, аввало, ижодкор қавмиданмиз, одамлар, эл-улус назаридаги инсонлар эдик. Тўғрими? Шунинг учун имкони борича бошқаларга ибрат бўлмоғимиз лозимлигини билардик. Бизлар иккита дарахтдай бир-биримизга тиргак бўлиб суяниб яшадик. Ишонасизми, ярим аср бирга яшаб, турмушда ҳар нарса бўлади-ку, Ойдин бирор марта менга олайиб, бурнини жийириб ё қовоғини уйиб қараганини эслолмайман. Фарзандларимиз, невараларимизга ҳам умуман қаттиқ гапирмаган. Яна бир нарса мени ҳалигача ҳайрон қолдиради, у ҳеч қачон йиғламаган. Шу даражада иродали, сабрли эканки, беш йилдан кўпроқ тўшакка михланиб, шунча дард, азоб чеккан бўлса-да, кўз ёшини кўрсатмади...

 

– Сўнгги саволим: Иброҳим ака, сиз профессионал ижодкорсиз, бадиий танқидда қанча шов-шувли мақолалар ёзганингиз ҳамон эсланади. Адиб ё шоирлигингиз алоҳида мавзу. Ўзбек таржимашунослигида ўзига хос мактаб яратганингиз ҳам аён. Хўш, умрининг асосий қисмини таржимага бағишлаган инсон сифатида айтинг-чи, бу машаққатли, азоб ва изтиробларга тўла меҳнат сизга нима берди?

 

Кўнглимдаги саволни охири бердингиз-да. Бошқа таржималарни санаб ўтирмайман, “Иблислар”га қўл ураётганимда, азбаройи ўзбек ўқувчилари шу романни ўқиса ақлига ақл, илмига илм, тафаккурига тафаккур қўшилади деган умидда тили, ёзилиши жуда оғир бўлса-да, икки йил мих устида ўтиргандай чидаб, она тилимизга шу асарни ўгирганман. Ишонасизми, беш миллион сўм қалам ҳақи теккан қўлимга. Одамлар Ғафуров жинни бўлибди, ўқиш тугул, ҳатто таржима қилиб бўлмайдиган асарни ўзбекчалаштирибди-я, деган. Майли, русчасини ҳаммаям тушунмас, ахир мен ўз тилимизда содда қилиб ўқийдиган даражада тайёрлаб бердим-ку!

 

Таржимонлик баъзилар ўйлаганидек осон иш эмас. Ўзимдан қиёс, зиёллар қатлами, савобдли ўқувчиларимиз мутолаа қилсин, деб дунё адабиётининг энг улуғ намуналарини рус тилидан ўгирдим. Жеймс Жойснинг Улисс саргузаштлари романи жаҳонда энг машҳур биринчи китоб саналади. Қарийб 900 бетлик ана шу жозибадор асарни бизнинг халқимиз ҳам ўқисин, қалбига сингдирсин, қон томирига олиб кирсин, деган умидда минг азоблар ичра таржима қилдим. Қани энди бу ажойиб романни охиригача ўқиб, таҳлил қилаётган одамни менга топиб беринг, борми?

 

Қолаверса, мен бу нодир китоблар таржимасига қўл ураётиб, виждоним олдида айтаман, айримларга ўхшаб, мўмай даромад топиш ёки бирор нарсаларни таъма қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Аксинча, жадид боболаримиз халқимизни маърифатли қилиш, мамлакатни озод этиш ва мустақил юртнинг муносиб эгаси бўлмоқ учун қандай курашган бўлсалар, мен ҳам бу таржималарни рўёбга чиқаришда худди шундай мақсадларни кўзлаганман. 

 

Сизга яна бир ҳақиқатни айтайми, давлатимизнинг энг олий унвони – Ўзбекистон Қаҳрамони, менинг ўйлашимча, аслида жаҳон адабиётининг буюк намуналарини ўзбек тилига ўгирганим учун берилган бўлса не ажаб? Истаймизми-йўқми, бу дурдона асарлар Ўзбекистон маданияти тарихи учун катта янгилик. Ёки тўрт томлик Ака-ука Карамазовларни олинг, тўрт-беш йиллик умримни сарфладим. Бунинг учун кетган вақтим, асабимни нима билан ўлчаш мумкин? Тағин денг, бўлиб-бўлиб берилган ўн беш миллион атрофидаги “гонорар” шунча йиллик азобли меҳнатимни қоплармикан? Бутун умримни ана шундай улуғ асарларга бағишлаганимни фақат ва фақат ёлғиз Худойим билади. Бундай қора меҳнатни, сизга кафолат бериб айтаман, дўстим, бошқа ҳеч ким ўлгандаям, ўлмагандаям қилмайди, қилолмайдиям! Мана шу гапимни ҳали эслаб юрасиз, Норқобил!

 

Суҳбатимиз ниҳоясига етмай чала қолганини сезяпсизми? Бу табиий эди, албатта. Чунки олдинда ҳали яна қанча очилмаган мавзулар хазиналар турибди. Иброҳим Ғафуров каби донишманд, аллома зотлар ҳар куни туғилавермайди. Демак, гурунгимизнинг яна давом этади!

 

Норқобил ЖАЛИЛ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси