“Ҳар биримизнинг ичимизда бизни ўрмон сари тортқилаётган бир маймун бор” – башариятнинг бугунги маънавий аҳволи ҳақида суҳбат


Сақлаш
22:08 / 23.08.2023 567 0

Алишер НАЗАР: Инсоннинг қалби иймон билан нурланмас экан, у роҳи ростдан тойиб кетади, тўғри яшай олмайди. Иймонгина инсонни Ҳақ чегарасида ушлаб туради. Нурланмаган қалбда мувозанат йўқдир. Мувозанати бузилган инсондан эса эҳтиёт бўлмоқ лозим. Агар бутунбошли жамиятда мувозанат бузилса-чи, бу энди жуда хатарнок!

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ярим йиллик ҳисоботини ўқиб қолдим. Уни варақлаган ҳар бир ақл эгасида ички хавотир уйғонади. Тасаввур қилинг, ўтган йилнинг атиги ярмида давлат бюджетидан 592,5 миллиард сўм талон­торож этилган. Ваҳоланки, биз уч-тўрт йилдан бери коррупцияга қарши кескин уруш олиб боряпмиз. “Уруш” кетаётган бир вақтдаги натижани қаранг! Қизиқ, бундай “журъат”ни қаердан оляпмиз ўзи? Қонунлардан қўрқмаймизми? Балки тизимнинг ўзи порахўрликка шароит яратиб қўйгандир? Одамнинг хаёлидан ўтадиган энг ёмони: наҳотки, порахўрлик миллий қадрият даражасига чиқиб кетган бўлса?..

 

Узоқ ЖЎРАҚУЛ: Суҳбатимизни айни моҳиятдан бошладингиз. Бунинг учун сизга ташаккур айтаман. Илло, илк саволда гап кўп...

 

Ҳазрат Навоий “Ҳайрат ул-аброр”нинг “аввалғи мақолат”ида ёзадилар:

 

Бас, ани инсон демак ўлғай раво

Ким, иши иймон била топқай наво...

 

Инсон ва жамиятнинг ўз номига лойиқ бўлиши учун асос-тамал шу – ИЙМОН. Сиз санаган жиҳатлар аслида сабаб эмас, воситалар, холос. Дарҳақиқат, қалби айниган одамни ҳеч бир қонун эплай олмайди.

 

Мана, коррупцияга қарши эълон қилинган расмий урушдан гап очдингиз. Бу кураш ортида аввало ҳокимият, конституция, қонунлар турибди, шундай эмасми? Айни чоқда, қирғоқнинг бошқа томонини 35 миллионли аҳоли эгаллаган. Энди тасаввур қилинг, кучлар нисбати қанчалик мутаносиб? Бу қонунлар одам томонидан ёзилгани, одам томонидан назорат қилинишини эътиборга олсак-чи?..

 

Яна ҳазрат Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асаридаги бир ривоятни эслашга тўғри келади. Асарда айтилишича, ҳукамо хайлига мансуб ҳурматли зот – Барсисой обид ҳақидаги бу ривоятнинг манбаси ўта ишончли бўлиб, буюк саҳобалардан Ибн Аббосга (р.а.) бориб тақалади.

 

Алқисса, Барсисой обид Исо алайҳиссалом шариатига мансуб руҳоний, иймон-диёнатда замонасининг пешқадами бўлган, етмиш йил тақвою ибодат йўлини мукаммал тутган. Натижада унга нисбатан халқнинг ишонч-ихлоси ҳаддан зиёд кучайган. Обид шу мақомда турган кунларнинг бирида “Шайтон аҳли салоҳ суратида анинг савмаасиға (ибодатхона) келиб, ибодатқа машғул бўлди ва бир йилғача ўзин андоқ тоатқа машғул кўргуздиким, Барсисой анинг ихтиолотиға (яқинлиги) майл кўргузди...”, яъни шайтанат вакили ҳийла билан обиднинг маҳрами, сирдошига айланди...

 

(Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида ёзилишича, иблиси лаъин ҳам аслида жин қавмидан эди. Минг йил чап ва яна минг йил ўнг оёғида ибодат қилди. Натижа ўлароқ ер остидаги маконидан осмонга кўтарилди. Ҳатто фаришталар мударриси даражасига етди. Зотан, иблиснинг Азозилга, яна қайтиб Азозилнинг иблисга айланишида Оллоҳнинг чексиз ҳикмати яширин эди. Навоий ёзган “шайтон аҳли”нинг обид хилватхонаси ва юрагидан жой олишининг ҳикмати шуки, бу – етмиш йиллик тақво эгаси учун зўр синов бўлди.)

 

“Чақирилмаган меҳмон” обидга шундай бир дуони ўргатадики, унинг воситасида обид ҳар қандай беморни тузатади. Барсисой машҳурлиги устига зиёда машҳурлик касб этади, эл ичида бемисл обрўга эришади. Унинг довруғи мамлакат подшоҳи қулоғигача етиб боради. Шоҳ обидга эътиқоди ва эътимоди боис, кўпдан бемор ётган қизини унинг хилватхонасига муолажа учун келтиради. Воқеанинг давомини Навоий бундай тасвирлайди: “Обид муолажаға машғул бўлғонда кўрмаган шакл била кируб, шайтон васваса оғоз қилди. Чун хилват эмин ер эрди ва жамила беҳуш, Обид масх фурсатни ғанимат тутти. Матлуби муяссар бўлғондин сўнгра рафиқи ҳозир бўлуб дедиким, ажаб иш қилдинг. Ва ул иши қабоҳатиға воқиф бўлуб, илож тилади. Дедиким, иложи қатлдурким, бир ерда мадфун бўлғай...” Шайтон васвасасига учиб, зино қилган обид иккинчи бор унинг маслаҳати билан қотилликка қўл уради. Бундан хабар топган подшоҳ обидни қатлга ҳукм этади. “Рафиқ” ўлим ваҳимасида қолган обид ҳузурига яна бир таклиф билан келади: “Бу балодин сени халос қилай, агар манга сажда қилсанг. Ул нодон бу ишни ҳам қилди, дағи мақтул бўлди”. Ҳақ ҳузури ва халқ назарида улуғ мартабага эришган обид шу тариқа уч мудҳиш жиноят (зино, қотиллик ва ширк) содир этди, ботил ичида ўлим топди. Одам учун бундан-да даҳшатли бахтиқаролик йўқки, кейинроқ Лев Толстой “Авлиё Сергий” асари кенгликлари аро айни гуноҳи кабира эмини топишга уринди.

 

Гёте қаҳрамони Фаустни йўлдан оздириш учун Мефистофель ҳам бирйўла учта тузоқ қўяди: бойлик, мартаба, аёл. Обидликда Барсисойдан қолишмайдиган Фауст ҳам адоқсиз изтироблар ичра ўртанса-да, бу “неъмат”ларнинг барчасидан татиб кўришга жазм этади. Асар хотимасида эса осмон ва ерости муаккиллари орасида талаш бўлади.

 

Зимнида обидлик турган бу уч воқеа миф эмас, айни ҳақиқат. Хўш, мардумнинг қай бирини бундай синовлардан эмин дея оламиз? Мана гап қаерда, Алишержон!

 

Алишер НАЗАР: Узоқ ака, жамиятимизнинг кўплаб соҳалари қаторида таълим тизимининг равнақи ҳам коррупцияни йўқотишга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ҳукумат ўқитувчиларнинг маошини минг долларга чиқаришга ваъда берди. Лекин, назаримда, бугунги вазиятда бу чора ўзини оқламаса керак, чунки коррупциялашган тизимда таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик баттар авж олиши мумкин.

 

Биласиз, бизда кадрлар масаласи жиддий муаммога айланган. Биринчидан, мактабларда малакали педагоглар етишмаяпти. Маълумотларга қараганда, ҳозирда уч мингдан зиёд педагогга эҳтиёж бор. Минглаб ўрта махсус маълумотли кадрлар дарс беряпти. Уларнинг билим ва малакаси талаб даражасида эмас.

 

Иккинчидан, мактаб дарсликларининг аҳволи қониқарли эмас. Биттагина мисол. 5-синфнинг “Тарбия” деган дарслиги бор экан. Муаллифларини қаранг: Муҳаммаджон Қуронов, Юлия Рисюкова, Оксана Тигай, Олеся Усманова, Санжар Ҳафизов. Юлия, Оксана, Олеся. Қизиқ, шу опалар бизнинг болаларимизга миллий тарбияни ўргатяптими шунда? Келинг, қуруқ бўлмасин, дарсликнинг 90-бетидан битта жумла келтираман: “Ҳашар бу шунчаки оммавий тозалаш иши бўлмай, балки бу оилада, авлоддан авлодга етказиладиган халқ анъаналарини ҳурмат қилиш ҳамдир...” Жумладан нимани тушуниш мумкин?

 

Мамлакатимиз бўйича мактабларнинг катта қисмида лаборатория хонаси йўқ. Айниқса, қишлоқ мактабларига лаборатория деган тушунчанинг ўзи бегона. Ана шундай ҳолатда фақат ўқитувчилар ойлиги оширилиши билан таълим тизими ўнгланиб кетармикан?

 

Узоқ ЖЎРАҚУЛ: Назаримда, миллий таълим тизимимиз таназзули анча олдинроқ, Абдулла Қодирий ёзган “уч хонлик даврлари”дан бошланган. “Меҳробдан чаён” романининг “Хон кўнгил очмакчи” деган бўлимида маориф тизимидаги таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, миллатчилик каби иллатлар шунчаки асар фабуласи ёки умумбадиий талаблар важидан келтирилмаган. Совет маориф сиёсати эса шундай ҳам нураб тўкила бошлаган минг яшар дарахтни буткул қулатиш пайида бўлди. Мактаб дарсликлари махсус режа асосида ё ўз вакиллари, ё улар йўриғига юрган “миллий кадрлар” томонидан ёзилди. Уларнинг мақсади саводхон, эркин фикрли одамни эмас, ҳазрати Беҳбудий айтмиш “қул-марқуқ”лар авлодини етиштириш эди. Совет сиёсатчиларининг олий таълим тизимига оид шундай махфий кўрсатмаси бўлгани ҳақида бир кекса домладан эшитганман: “Ғайрирус мусулмонлар, хусусан, ўзбеклар учун шундай жўн ва абсурдлаштирилган дарсликлар ижод этилсинки, талаба беш йиллик таълим давомида нима ўрганаётганию кейинчалик ким бўлишини англай олмасин. Шуни ҳам эплаб ўқимаган, ўзлаштириш кўрсаткичи “қониқарли”дан паст бўлган шоввозлардан пора олинишига кенг йўл очилсин”. Ким билсин, эҳтимол, бу гапда андак маҳобат, муболаға ҳам бордир. Аммо бугунги таълим тизимимиздаги сиз санаган ва санашга-да ор қилганингиз аксар ноқисликлар илдизи шунда деб ҳисоблайман.

 

Ўқитувчи маоши оширилишига келсак, таълимни тиклаш йўлидаги бир тадбир бу. Ундан хайр умид қилинганига шубҳа йўқ. Хайрки, порахўрлик даф бўлса, ўқитувчи тарк этган мактабига яна қайтиб борса...

 

Замонавий воизлар айтмоқчи, “Ушбу тадбир ўзининг самарали натижасини берди. Кўплаб тажрибали, иқтидорли ўқитувчилар мактабга қайтди. Хотин-қизлар корхонасига айланиб қолган мактабларда эр мардум овози ҳам баралла янграй бошлади...” Инкор этмайман, мактаблар гавжумлашди, аммо тажрибали, илмли, иқтидорли ўқитувчилар, фидойи йигитлар ҳисобига эмас-да! Узоқ вақт таълим даргоҳидан оёқ узиб, бозор ҳавосини олган, эндиликда иши юришмай қолиб, бугунги мактаб ўқитувчиси олаётган маошни-да топишга қурби келмай қолган чала савдогар, чала муаллим ёки олий ўқув юртига “бункер” ҳисобидан кирган “янги авлод” ҳисобига! Алҳол, уларнинг ўқувчига айтадиган гапи қайга борадию ўтаётган дарслигини ким ёзгани билан неча пуллик иши бор?!

 

Аввало, мактаб дарслигининг савияси ўқитувчи саводи, савияси билан боғлиқ. Шундай экан, дарсликни назорат қиладиган шахс ёки муассаса халқ таълими вазирлиги эмас, мактаб ва ўқитувчи бўлиши керак. Танганинг иккинчи томони ҳам бор: машғулотни қўлидаги дарслигу конспектдан бош кўтармай ўтадиган ўқитувчи босма ҳарфда чоп этилган бундай “тилсим” ҳақида эътироз айтиши мумкинми? Шу савиядаги ўқитувчидан нима кутамизу у ўқитган ўқувчи ким бўлади?..

 

Сабаб нима деб сўрарсиз? Ноқис ақлим етган сабабларнинг сабаби битта – узоқ йиллар олий таълим соҳасини мўр-малахдек эгаллаган порахўрлик балоси. Эҳтимол, ришватпарастларнинг чўнтаги ҳали-ҳамон бўшамагандир. Эркатой фарзандлари чет элларда ўқиб келиб катта одам бўлиб кетгандир. Қурган данғиллама иморатлари яна юз йиллар оша савлат тўкиб турар ҳам. Алам шундаки, “бункер” деган ул балонинг асорати миллат онгини шу иморатлар бузилиб битганда ҳам тарк этмоғи қийиндир. 2016 йилга қадар шундай қабуллар бўлдики, “бункерга кирмаган” талаба аудитория ҳидиниям ҳидламади. “Бункер”да тест ечиб, “холис хизмат” қилган олий маълумотли мутахассисларга туғма гений ҳам бас келолмасди. Ўзимникидан қиёс, мактабда рисоладагидек ўқиган, уйда ўзим махсус илм берган, бунга ҳам қониқмай репетиторга қатнаган қизим тўрт йиллаб имтиҳондан ўтолмади...

 

Тўғри, бугун “бункер” офатидан қутулгандирмиз. Аммо мактаб, олий ўқув юртлари, академик илм масканларида жавлон уриб юрган “бункербою бункеройлар” қутқусидан яқин юз йилда қутулишимизга кўзим етмайди. Улар наинки таълим деган дарахт томирига, ижтимоий майдонда исми дарахт бўлса, ҳаммасига бирдек таҳдид солиб турибди. Бу гапларимни социофобияга йўясизми, пессимизмгами – ихтиёр сизда, иним!

 

Алишер НАЗАР: Албатта, сўнгги йилларда ижтимоий ҳаётимизда бўлаётган янгиланишлардан кўз юмиб бўлмайди. Ҳар бир соҳада ўзига хос ислоҳотлар бошлангани рост. Аммо кишини ўйлантирадиган бир жиҳат бор: ҳануз ишлаш тизими ўзгармай қолаётгандек. Мисол учун, давлатимиз раҳбари вилоят сафари чоғи хароб бир маҳаллага бориб, маҳаллий ҳокимият вакилларига қаттиқ танбеҳ берди. Табиийки, тез орада ўша маҳалла тумандаги намунали ҳудудлардан бирига айланди. Демак, шу ишни қилса бўлар экан! Аммо президентнинг мамлакатдаги ҳар бир қаровсиз маҳаллага кириб-чиқиш имкони йўқ. Қолаверса, ҳар бир маҳаллага давлат раҳбари бориб аҳволни ўнгласа, маҳаллий ҳокимиятнинг нима кераги бор? Нега уларни боқиб ўтирибмиз? Демак, тизим яхши ишламаяпти! Тизим ишламаса, ўзгаришимиз қийин бўлади. Машинангиз янги бўлса-ю, аккумулятор носоз чиқса, барибир юрмайди. Юрса-ю, тормоз ишламаса, фалокат нақд деяверинг!

 

Халқ ва ҳокимият ўртасидаги қарашлар ўзгарсагина тизим ўзгаради. Очиғини айтиш керак, бугунги ҳокимият вакиллари қилаётган аксар ишларнинг тагида “тепа”га ёқиш истаги бор. Агар у “халққа ёқиш” истагига айланса, ҳаммаси бошқача бўлади.

 

Узоқ ЖЎРАҚУЛ: Бу масалада боя қисман фикр билдирдим. Мухтасар жавобим шуки, қалб ўнгланмас, луқмалар ҳалолланмас экан, ҳеч нарса ўзгармайди...

 

Алишер НАЗАР: Ижтимоий тармоқларда бир видео тарқалди. Ёши элликларни қоралаган бир аёл тўшакда ўтирибди. Қаршисида маҳаллий ҳокимият вакилларидан уч-тўрт киши қўл қовуштириб турибди.

 

– Мен касалман, эрим ҳеч қаерда ишламайди, бешта боламни қандай боқаман? – дейди аёл важоҳат билан.

 

– Маҳаллада “темир дафтар”да турасиз, ҳокимият икки-уч марта ёрдам пули ажратди, имтиёзли кредит берамиз деяпмиз, яна нима қилишимиз керак? – дейди ҳокимият вакили. – Вояга етган фарзандларингиз бор экан, иш таклиф қилдик, нега боришмади?

 

– Ҳокимият ажратган икки-уч миллион сўм нима бўлади? Қизимга таклиф қилинган иш узоқда, қатнай олмайди...

 

Сўнгги вақтларда бундай воқеаларга тез-тез дуч келадиган бўлиб қолдик. Энг ёмони, бу ҳол сўз эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилиш, адолат учун кураш дея таърифланадиган бўлди. Аслида эса, халқимизнинг маънавий аҳволи қай даражага келиб қолганидан даракдир бу! Ночор одамнинг ҳадеб нолиши, фақат имтиёз олиш пайида бўлиши, бизнингча, яхшилик аломати эмас. Туппа-тузук одамлар маҳаллада жорий этилган “темир дафтар”га кириб олишни омад санай бошлади. Ғурур ва ҳамият ўлди! Айрим одамлар онгида “керак бўлса давлат мени боқади” деган тушунча ўрнашиб олгандек...

 

Айрим давлат идоралари ҳам “темир дафтар”нинг жорий этилиши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлидаги энг муҳим қадам, дея ҳисобот бермоқда. Ваҳоланки, одамларни “темир дафтар”га киритиш эмас, ундан чиқариш муҳимроқ эмасми? Ҳаммани “дафтар”га солиб боқиб бўлмайди, ахир! Давлатнинг халқ олдидаги вазифаси, ўз навбатида, фуқаронинг давлат олдидаги бурчи мавҳум бўлиб қолаётгандек...

 

Узоқ ЖЎРАҚУЛ: Гап ўзани ўз-ўзидан ҳазрат Навоийга бораётганини қаранг. Мулоҳазаларингиз машҳур Ҳотами Той ҳикоятини эсимга солди. Яқин йилларгача ана шу ҳикоят остида қандай ҳақиқат борлигини ўйлаб юрардим. Тасодифан бир ҳадисни ўқиб қолдим. Унга кўра, бир саҳоба Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қашшоқлиги, ейишга бир бурда нони йўқлигидан шикоят қилиб келади. “Уйингда қўлга илингудек ниманг бор?” деб сўрайдилар ундан Пайғамбаримиз (с.а.в.). “Эски қозону титилиб кетган бўйрадан бошқа ҳеч вақом йўқ”, дея жавоб беради саҳоба. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом саҳобага айтган нарсаларини олиб келишни буюрадилар. Ўзига тўқ асҳобга эса шу матоҳларни икки тангага сотиб олишни таклиф этадилар. Бир саҳоба қозон ва бўйра эвазига икки танга беради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) қашшоққа бундай йўл кўрсатган эканлар: “Бир тангани рўзғор эҳтиёжи учун сарфла, қолган бир тангага эса болта билан арқон сотиб ол. Саҳродан ўтин ташиб бўлса ҳам оиланг таъминотини қилки, бу иш тиланчилик номусидан аълороқдир”. Орадан саккиз аср ўтиб, ҳазрат Навоий ўша ўтинчини жоҳилият арабининг ғанийси ва саховатпешасига қарши қўйдилар:

 

Сен дағи чеккил бу тикан меҳнатин,

Тортмағил Ҳотами Той миннатин.

Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,

Яхшироқ ондинки биров берса ганж...

 

Билмадим энди, бугун мамлакатимизда яшаётган мардум ҳам нон эмас, шон учун йиғлаган Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Навоий, Бобурлар авлоди-ку! Тиланмоқ азобидан ортиқроқ азоб борми ўзи дунёда! Сиз айтган ҳолатга нафс қулига айланиб етти отасини унутиш, манқуртлашувдан ўзга қандай таърифу изоҳ бериш мумкин?!

 

Алишер НАЗАР: Ҳақиқий ижодкор руҳини синдириб бўлмайди. Истеъдод – замон ва макон таъсиридан хорижда. Шунинг учун ҳам ҳақиқий адабиёт ўлмасдир. Зеро, ҳақиқий адабиётни талантлар яратади.

 

Биз миллат ўлароқ XX асрга тушкун руҳиятда кириб келган эдик. Бироқ шунга қарамай адабиёт халқ ҳаётида Ренессанс даврини бошлаб берди. Сўз санъатида янги жанрлар пайдо бўлди, изланишлар бўй кўрсатди. Хива, Қўқон, Тошкент, Бухоро сингари шаҳарларда янгича адабий муҳит юзага келди. Пировардида ана шу муҳитдан миллий истиқлол ғояси ўсиб чиқди.

 

Узоқ ака, сиз янги давр адабиётшунослиги вакилисиз. Бугунги адабиёт ўз вазифасини қай даражада уддалаяпти? Умуман, адабиётга вазифа юклаб бўладими? Айрим адабиётшуносларимиз сўнгги йилларда замонавий ўзбек адабиётида янги тенденциялар, йўналишлар пайдо бўлганини эътироф этмоқда. Бу йўналишлар бугун қай даражада ўз ўқувчисини топяпти?

 

Узоқ ЖЎРАҚУЛ: Камина янги адабиётда Қодирийдан бошқа ўзига оригинал йўл очган ижодкорни билмайман. Чўлпон кашф этган шакллар, Усмон Носирга хос янги оҳанглар хориж адабиётида мавжуд эди. Қодирий йўли эса миллат фожиасини умумисломий маърифат кўламида тасвир этишга қаратилгани билан янги. Кейингиларнинг ҳаммаси менга шу мақомдан қуйида кўринади.

 

Эҳтимол, бошқалар кенг планли тақлидларни янги йўналиш деб билар. Аммо мен жаҳон адабиёти манбаларини озми-кўпми тизимли билганим боис ўзимни алдай олмайман.

 

Зотан, олсак олишга арзигулик анъаналаримиз шу қадар кўпки, бунга жаҳоннинг қадимийлик даъвосида бўлган ҳар бир миллати ҳавас қилади: Навоийни етиштирган Шарқ-ислом адабиёти йўналишлари, бадиий тамойиллари, фольклорча тасвир ва ифода йўллари, халқ тили, идроклаш ва ифода тарзи… Аммо не тонгки, янги адабиётимизнинг мурғак илдизлари муттасил бегона ўзанлардан сув қидиради. Ўз анъаналарини янгилашни оҳорли йўл топишга мункар васваса деб билади. Отаси айтган ҳикоялар йўлидан кўра расмийлашган, қолиплашган ўзбек совет ҳикоялаш йўлини афзал кўради. Момолари, аммаю холалари, онаси бегидир қўллаб юрган сўзлардан ирганиб, луғатдан сўз излайди. Ёзиш – шу аҳволда.

 

Нима ҳақда ёзиш масаласи ҳам бундан пеш эмас. Ёлғизлик, рутубат, уфунат, оғриқ, онгостининг бежилов чирпанишлари, турли эврилишлар дегандек. Фрейдизм, падаркушлик, шатаҳод (мункар туйғулардан қайтиш) чегараларини бузган туйғуларнинг жўн ва яланғоч ифодалари. Биз қачон бу йўсин уялмай ёзишга ўтдик? Қачондан бери ҳатто совет адабиёти ҳаё қилган, айтай деса Худодан қўрққан туйғуларни бозорга соладиган бўлдик?

 

Шеъриятда эса яккаш майдалашув жараёни...

 

Бу ҳақда бошқа жўяли фикр айтолмасам керак.

 

Алишер НАЗАР: Қуёш ботиб, атроф хиралашган. Рутубатли самовотдан тушиб келаётган қоронғилик фонида бесарҳад ўрмон янада ваҳимали кўринади. Ўрмон чеккасида бир маймун нигоҳларида ғамгинлик ва умидсизлик қотиб қолган мўйсафиднинг қўлидан тутиб уни ўрмонга етаклаб кетяпти...

 

Бу – ёзувчи Назар Эшонқул чизган “картина”. Тўғрироғи, ўша “картина”нинг ўқувчи сифатида мендаги таассуроти. Маймун – инсониятнинг бугунги муаммолари, бутунбошли мамлакатлар ва миллатларга дахл қилаётган разолат, ахлоқ мезонларининг емирилиши ўлароқ, Одамни қоронғи ўрмон сари судраб бораётгандек.

 

Башариятнинг бугунги маънавий аҳволига қарасангиз, ҳар биримизнинг ичимизда бизни ўрмон сари тортқилаётган бир маймун борга ўхшайди. Аслида-ку, бу маймун ҳамиша бўлган, кейин ҳам бўлади. Демак, ҳамма гап уни маданийлаштира олишимизда.

 

Узоқ ака, иккимизнинг ҳам ниятимиз пок, порлоқ эканига шубҳам йўқ. Лекин суҳбатимиз хийла тушкун кечгандек. Майли-да, бугун жамиятимизга олқиш-мақтовдан кўра аччиқ-нордон гаплар кўпроқ манфаат келтирса ажаб эмас.

 

Истаймизми-йўқми, ҳар қандай мамлакатнинг юксалиши халқнинг умумий савиясига бориб тақалади. Афсуски, бу борада ҳам мақтанмоққа истиҳола қилади киши. Нима қилсак, кўнглимизда маърифатга эҳтиёж ортар экан?

 

Узоқ ЖЎРАҚУЛ: Рухсат берсангиз, бу саволингизга яна Навоий тилидан жавоб берсам:

 

Бас, ани инсон атағил бериё

Ким, ишидур сабр ила шукру ҳаё.

Бўйла буюрди набийи Ҳошимий

Ким, бу уч иймоннинг эрур лозими...

 

Хўш, сабр, шукр, ҳаё кимларда бўлади деб сўрасангиз, отаси ҳаром луқма едирмаган, онаси шукру ҳаёли бўлган авлодда, дея жавоб берган бўлар эдим.

 

Публицист   Алишер НАЗАР билан

адабиётшунос Узоқ ЖЎРАҚУЛ суҳбати

 

Tafakkurжурнали, 2022 йил 4-сон.

Илдизларимизни излаб” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси