“Бу оилага қарши жиноят”, “Конституциямизда дунёвий давлат деб ёзиб қўйилган” – тармоқда кўпхотинлик ва унинг тарғиботига чек қўйиш муҳокамаси


Сақлаш
20:08 / 14.08.2023 973 0

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида азалий муҳокама мавзуларидан бири – қўшхотинлик. Томонлардан бири Ислом динида 4тагача хотинга уйланиш мумкин деган иддаони пеш қилса, иккинчи тараф Ўзбекистон дунёвий давлатлигини ва қўшхотинлик учун қонунда жавобгарлик борлигини эслатмоқда. Жамиятда эса кундан кун кўпхотинлилик ҳолатлари ошиб, ҳатто реклама, кино ва сериалларда ошкора кўрсатилмоқда.

 

Шу кунларда ушбу мавзу яна кун тартибига чиқди. Дастлаб инстаблогер Гулзода Абдуллаеванинг эрига 2-хотин совға қилгани акс этган видео тарқалди. Интернет фойдаланувчилари, айниқса блогер Шаҳноза Соатованинг ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги постлари муҳокамаларнинг янги тўлқинини бошлаб берди дейиш мумкин. Oyina.uz мазкур мавзу атрофидаги муҳокамаларни бир ерга жойлади.

 

Шаҳноза Соатова,

Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер:

 

 

– Ҳамма нарса чаппасига, остин-устун бўлиб кетаётгандек.

 

Илгари кўпхотинлилик ҳақида “Ўтган кунлар” киносидан билардик. Шунда ҳам фожиа деб кўрсатилган эди.

 

Лекин шу биргина фожиага қарши нечта ижобий намуналар бор эди: “Маҳаллада дув дув гап”, “Мафтунингман”, “Ёр-ёр”, “Севишганлар”, “Чинор остидаги дуэл”. Ҳаммасида ягона севгилиси билан бахтли, муҳаббатли, узоқ йиллар бир-бирига суяниб қўша қариган ота-оналар, илғор аёллар бор эди.

 

Кўпхотинлиликни кўп гапираверишмасди, гапирилганда ҳам, мураккаб, чигал ва фожиали тақдир деб кўрсатиларди. Чунки биз дунёвий давлат сифатида моногамияни ижтимоий норма деб қабул қилганмиз, кўпхотинлиликни жиноят деб Жиноят кодексида белгилаб қўйганмиз.

 

Лекин ҳозир бўлаётган агрессив медиатарғиботга негадир ҳеч ким, айниқса, масъуллар индамаяпти. Телевизорнинг қайси каналига олсанг, қўшхотинлик ҳақида сериал. Инстаграм, ютуб ҳам тўлган шу мавзуга. Миллион аудиторияга эга блогерлар омма олдида эрига иккинчи хотин совға қиляпти (ўтакетган ахлоқсизлик, ғайриинсонийлик).

 

“Интернет домлалар”нинг контентлари, маърузаларида ҳам фақат шу хотинлар, уларнинг кийими, аврат, зино, бирбалолар. Муҳаббат, севгига садоқат, оилани асраш, эр-хотин бир-бирини ҳурмат қилиши, қийинчиликларни биргаликда енгиши ҳақида жуда кам гапириляпти.

 

Гўё бизда оилавий қадриятлар ўзгариб кетгандек. Ҳамма атрофда хотин устига хотин оляпти-ю, бу ижтимоий нормага айланиб бўлгандек... Фақат хотинлар ўртасида адолат қилса бўлдимиш.

 

Аслида унақа эмас. Ота-оналаримиз, буви-боболаримиз бир-бирларига садоқат билан биргаликда яхши-ёмон кунларни яшаб, оила қўрғонини қуришган. Ҳозир ҳам аксар оилалар тирикчилик ташвишида, эр-хотин биргаликда рўзғор юкини кўтариб фарзандларни оёққа қўйишяпти.

 

Лекин медиа, ижтимоий тармоқлар жамиятда ахлоқ нормаларини эмас, айримлар кўришни-эшитишни истаётган нарсаларни кўрсатяпти — аудитория талаби, атрофда бўлаётган ҳаётий ҳолат эмиш!

 

Бу ҳаётий ҳолат эмас, жиноятга тарғибот! Бунга чек қўйиш керак. Ҳатто машина салонлар қўшхотинлилик орқали реклама қиляпти. Бундан бир неча йиллар аввал рекламачилар бу мавзуга тегинишга журъати етмасди. Нари борса қайнона-келин мавзусида реклама қилишарди.

 

Бизнинг медиамиз ва реклама бозоримиз оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш ўрнига тўрт сўм пул топиб “диндор” режимини ёқиб олган “тадбиркор”ларнинг нафси учун ишлаяпти. Пули борлар ёқтириб кўрса, орасида рекламасини ўтказса бўлди.

 

Кўпхотинлиликнинг асосий хавфларидан бири бу жамиятнинг ахлоқий негизларини емириши ҳисобланади. Ушбу жиноят оилага қарши жиноят жумласига киради. Шу боис уни тарғиб қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланиши керак.

 

Қонунга қарши тарғибот қилаётганларга чора кўришмайдими? Конституциямизда дунёвий давлат деб ёзиб қўйилган-ку. Нимага конституцияда белгиланган тузум ва йўналишга қарши борувчи тарғиботга чора кўрилмайди?

 

Тармоқда кескин муҳокама бўлган ушбу постда мавзу қолиб муаллиф шахсиятига ҳақорат-у бўҳтонлар отилди. Шоир Фахриддин Низомов блогерни ҳақорат қилган фойдаланувчилар жавобгарликка тортилиши, қонун устуворлиги таъминланиши лозимлиги ҳақида ёзди.

 

Фахриддин Низомов,

шоир:

 

 

– Неча кундан бери ижтимоий тармоқлар таниқли блогер Шаҳноза Соатованинг кўп хотинлилик Ўзбекистоннинг мавжуд қонунларига зид экани тўғрисидаги постини дин ҳимоячилари чайнаб, ҳар қандай одоб доирасидан чиқиб кетди ва унга ўзи етти ухлаб тушида кўрмаган айбларни ёпиштира бошлади. Нима, улар ўзларининг қонунга зид фикрларини менга ўхшаганлардан ҳимоя қилмоқчими?

 

Мен шу мамлакатнинг ватандоши (ўзимни фуқаро ҳисобламайман, бу сўз мен учун ҳақоратдай туюлади) сифатида ўзимни ҳар қандай тажовузлардан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳимоя қилишини истайман. Чунки солиқ тўловчиман ва ҳимоя қилинишим учун солиқ тўлаб қўйганман. Шаҳноза Соатова ҳам шундай.

 

Биринчидан, ўша фейсбукчиларнинг ҳақоратлари амалдаги қонунлар бўйича – “срок”ка тортадиган жиноят, чунки блогернинг шахси таҳқирланмоқда, сабаби, у давлат қонунларини ҳимоя қилмоқда.

 

Блогерларни тепадаги ҳукумат ҳақидаги арзимаган гаплари учун узоқ муддатга қамаётган ҳокимият мана шунақа ҳақоратлар учун ҳаддидан ошаётган фейсбукчиларга ҳам, ҳеч бўлмаса, қонунларни бузаётганидан огоҳлантириши, бир фикрини билдирган аёлни – бу конституцияда ҳам, бошқа қонунларда ҳам назарда тутилган – бунчалик ҳақорат қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилиши шарт – худди бизни участковойлар чақириб, эсимизни киритмоқчи бўлаётганидай.

 

Иккинчидан, нормал жамиятда қабул қилинган қонун талабларини бажаришга ҳамма мажбур. Ҳатто у дин билан боғлиқ бўлса ҳам.

 

Учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бир давлат идорасида ишлайдиган аёлни ва умуман ҳар қандай ватандошни аллақандай маълум ва номаълум динни байроқ қилиб олганларга талатиб қўймасдан, жазосини бериши шарт.

 

Шунда биз қонун устуворлигига ишонамиз.

 

Раҳимжон Раҳмат,

ёзувчи:

 

 

– Оломоннинг жинсий ҳаётдан бошқа овунчоғи бўлмайди, дейди фаранг адиби.

 

Дарҳақиқат, оломоннинг сўзларига қулоқ солсангиз, қурғурлар иккинчи хотин, аёлларнинг кўйлак-лозими ва шунга ўхшаш пировард мазмуни жимога бориб тақаладиган гапларни кўп гапиришади.

 

Ғофир Ҳамро,

тармоқ фаоли:

 

 

 “Ўткан кунлар” романини ўқимаганимиз, Қодирийни яхши англамаганимиз, тарихни яхши билмаганимиз, адабиётни яхши ўқитмаганимиз учун қўшхотинлиликнинг жамият келажаги олдидаги хавфи қанчалигини ҳали ҳам ҳис қилолмаяпмиз.

 

Бу нафс иши инсонни, оилани ва жамиятни, миллатни таназзулга олиб боришини тарих неча марта кўрсатди, яна қанча исботлаши керак?!

 

Албатта, масалага диний томондан қараб кўпхотинлиликни ёқлаган постлар ҳам бор. Эбрар Ўзбек исмли тармоқ фойдаланувчиси кўпхотинлиликни йўқотиб бўлмайди, деган фикрни билдирди:

 

– Кўп хотинлилик биздан аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, биздан кейин ҳам бўлади. Қамоқ жазоси тугул ўлим жазоси тайинланса ҳам, барибир бўлаверади.

 

Никоҳ масъулият дегани. Бир нечта никоҳ – бир неча карралик масъулият. Шу масъулиятни адо эта олаётган, айни пайтда бир нечта оилани обод қилаётган эркакларни жавобгарликка тортиш эмас, уларга раҳмат айтиш керак.

 

Мусулмон сифатида кўп хотинлиликка кўнглингиз рози бўлмаслиги мумкин, бу сизнинг ҳуқуқингиз. Иккинчи (учинчи, тўртинчи) хотин олишга ёки иккинчи (учинчи, тўртинчи) хотин бўлиб тегишга ҳеч ким сизни мажбуpлай олмайди.

 

Лекин кўп хотинлиликка қарши чиқишга ҳаққингиз йўқ. Кўп хотинлиликни танқид қилиб, уни ёмон кўриб, нотўғри деб ҳисоблашингиз ўзингизни Худодан ҳам ақллиман деб ўйлай бошлаганингизни кўрсатади. Агар фикрингизда собит тураверсангиз, Худонинг ҳузурига борганда “Нима учун нотўғри нарсани ҳалол қилиб қўйгандинг?” деб Ўзидан сўраб оларсиз. Қўлингиздан келса, албатта.

 

Қайсидир фикрим нотўғри бўлса, илтимос, илмлилар тўғрилашсин.

 

Постнинг мусулмон бўлмаганларга умуман алоқаси йўқ!

 

Кейинроқ у унинг фикрига агрессив муносабат билдирганлар учун яна бир пост қўйди.

 

“Аввало, айтишим керакки, мен ҳеч қачон кўп хотинлилик тарафдори бўлмаганман. Хотинни иккита қилиш фикрим эса ҳеч қачон бўлмаган. Чунки, постда ўзим айтганимдек, кўп хотинлиликка кўнглим рози эмас. Қолаверса, бу мен уддалай оладиган масъулият эмас.

 

Ўша постни ғоят очиқ ёздим деб ўйлагандим. Лекин хоҳлаган одам хоҳлаган маънони чиқариб, хоҳлаганча сўкиб, хоҳлаганча ҳақоратлаб ётибди. Ўзим майли, оилам, қизим, аёлимгача тил чўзишяпти. Бу албатта ўша инсонларнинг савиясини кўрсатади.

 

Мен фақат кўп хотинлиликка рухсат берилгани ва ўзини мусулмон деб ҳисоблаган кишининг бунга қарши чиқиши мумкин эмаслиги ҳақида гапирдим. Кўп хотинлиликнинг фақатгина битта шартини биламан – адолат.

 

Бошқа қандайдир шарти бўлса (масалан, иккинчи ёки учинчига фақат бевага уйланиш керак, етимга уйланиш керак ва ҳоказо), Қуръонда, ҳадисларда нима дейилган, аҳли илмлар нима дейишган, марҳамат, ёзинглар. Лекин шахсий фикрларингизни эмас.

 

Ўша постни ёзишимга бир постда "Кўп хотинлилик жамиятнинг ахлоқий негизларини емиради" деган фикр сабаб бўлган эди. Мусулмон киши бу фикрга қўшилади деб ўйламайман. Муҳокама қилиниши керак бўлган нарса кўп хотинлилик эмас, кўп хотинлилар бўлиши керак. Менимча, чегара мана шу”, дейди муаллиф.

 

Хуршидбек Муҳаммадрозиқов,

тадбиркор:

 

 

Бир сафар фейсбукка кирсам, фоҳишаликни легаллаштириш ҳақида баҳс бўляпти экан. Бу ҳақида кимлардир ТВ да ҳам таклиф берганмиш. Яна бир марта кирсам, кўпхонлилик устидан ҳамма нафрат сочиб ётибди. Шундан келган хулосам: Зино қил, лекин қубба ўқитиб қўйма.

 

Одатда ёзган постимга шарҳ ёзишга эринаман. Лекин шу сафар ёзмасам бўлмайдиганга ўхшади. Чунки кўпчилик Шаҳноза опа ва менинг шахсиятимга ўтиб кетишибди. Юқоридаги Зино қил, лекин қубба ўқитиб қўйма изоҳимни Шаҳноза опанинг постига тиркаганим сабаб бунга.

 

Юқоридаги айтган фикримда қоламан. Ростдан ҳам, ҳозирги кунда бир киши билан беникоҳ бир ерда яшаб биргаликда розилик билан ўша иш бажарилса бунга қонунда жазо йўқ. Бу сенинг эркинлигинг. Аммо шу иш турмуши бўла туриб, яна никоҳ ўқитиб бажарилса, бунда қонун олдида жавобгармиз.

 

Энди кўпхотинлилик масаласига келсак, постда келтирилган видео каби намойишкорона эрига хотин совға қилиш манга эриш туюлади. Бунақа ҳолатларни миф деб ўйлайман. Камдан кам аёл ўз эрига бундай қила олади деб ўйлайман. Шу жумладан машина рақамига Иккинчисига деб ёзадиган эркакларни ҳам. Бу халқ орасидаги долзарб ёки тренддаги мавзудан фойдаланиб аудитория йиғиш холос. Авваллари ҳам маиший мавзулар (қўшхотинлилик) бизни чалғитиб қўйганлиги, бу каби масалалар ҳамманинг ўз оиласи доирасида ҳал қилиниши кераклики, олдимизда янада устувор мавзулар турганини кўп ёзганман.

 

Хўш, унда нега юқоридаги изоҳни келтирдим? Чунки бу ерда менинг диний қарашларимга чеклов ўрнатишга чақириляпти. Домлаларнинг шариатда белгиланган гапларни гапиришга чеклов ўрнатишга чақириқ бор. Шаҳноза опанинг ёзганлари ўз шахсий фикридан келиб чиқиб айтаётган гаплари. Блогерларнинг видеолари ҳам шахсий иши. Худди шунингдек менинг кўпхотинлик ҳақидаги фикрим ҳам.

 

Отабек Умар исмли тармоқ фойдаланувчиси эса нимага кўпхотинлик таъқиқлангани ҳақида ёзди:

 

 

– Ўзбек жамиятида тез-тез фаол муҳокама қилинадиган айрим мавзуларни кўриб, инсон ўзини бир-икки аср олдинга тушиб қолгандек ҳис қилиб юборади. Чунончи, кўпхотинлик масаласи Янги йил арчасидаги чироқдек блогосфера кенгликларида бир ўчиб, бир ёниб туради. Унинг ёниши турли тоифаларнинг эҳтиросли тортишувларига йўғрилса-да, супернованинг жилосини эмас, балки маиший комедияни намоён этади. Қўшхотинлик борасидаги ёқа йиртишлар алалоқибат турли-туман ҳазил-у латифалар билан тугаши бунинг тасдиғидир. Бироқ муаммога жиддийлик кўзойнагини тақиб қарасак, моҳиятга ойдинлик киритиш керакмасмикан: нимага ўзи кўп хотинлик тақиқланган? Бу саволга аниқ жавоблар бор. Полигамия чекланиши, айрим диндорлар ўйлаганидек, секуларларнинг инжиқлиги эмас, балки бунинг ортида мутлақо объектив сабаблар мавжуд.

 

1. Кўпхотинлик аёлларнинг қадр-қимматига путур етказади

 

Битта эркак бир вақтнинг ўзида бир нечта аёл билан никоҳда бўла олишининг ўзи аёллар эркаклардан паст кўрилишини англатади, яъни тенглик принципи бузилади. Полигамик никоҳдаги аёл анча заиф бўлади, чунки эри у билан осон ажрашиши мумкин ва бу билан бўйдоқ бўлиб қолмайди, балки бошқа хотинлари билан яшайверади. Бундан ташқари, кундошлар эрининг эътибори ва моддий ресурслар учун ўзаро курашишади, бу эса доимий стрессга сабаб бўлади. Полигамик оиладаги аёлнинг заиф мақоми унинг эркини чеклаб, зўравонлик қурбони бўлиши хавфини оширади. Кўпхотинлик аёлларни қадрсизлантиради, уларни қуйи даражадаги шахсларга айлантириб, хизматкор, қул ёки салкам буюм сифатида кўрилишига олиб келади.

 

2. Кўпхотинлик эркаклар орасида зўравонликни кучайтиради

 

Кимлардадир кўпроқ хотин бўлиши бошқалар учун камроқ аёл қолишини англатади. Натижада ҳайвонларда кўп кузатиладиган “урғочи талашиш” инсонларда ҳам авж олади. Устига-устак, полигамия қонуний бўлган жамиятда уйланган эркаклар ҳам бу рақобатда қатнашишда давом этади, чунки яна иккинчиси, учинчиси ва ҳоказосига уйланиши мумкин. Ваҳоланки, моногамия, яъни бир хотинлик ҳукмрон сурган жамиятда эркак уйланганидан кейин аёллар учун рақобатдан чиқиб кетади.

 

3. Кўпхотинлик ҳуқуқий муаммо ва чалкашликларни келтириб чиқаради

 

Қонуний никоҳ икки инсон ўртасидаги юридик муносабат ҳисобланади. У умумий мулкка эгалик, меросхўрлик, ўзаро мажбуриятлар ва бошқа масалаларни тартибга солади. Битта эрнинг бир нечта рафиқаси бўлса, мажбурият ва ҳуқуқлар қандай тенг ҳамда мутаносиб тақсимланади? Қайси хотин мулкнинг қайси қисмига кўпроқ ҳақлилиги қандай аниқланади? Бу суд-ҳуқуқ тизими самарали ҳал қилолмайдиган, боши берк кўчага қиёсласа бўладиган масалалардир.

 

Бу ҳали қўшхотинликнинг ҳамма салбий оқибатлари эмас. Бундан ташқари, полигамик оилаларда аёлларнинг руҳий ва жисмоний соғлиғи ёмонроқ бўлиши, болалар эътиборсизликдан азият чекиши, психологик қийналиши ҳамда зўравонликка учраши ҳақида маълумотлар бор.

 

Умуман олганда, бугунги дунёда полигамия анча камёб ҳодисадир. Жаҳон аҳолисининг атиги 2 фоизи полигамик оилаларда яшайди. Кўпхотинлик энг кўп тарқалган ҳудуд – Ғарбий ва Марказий Африка: Буркина Фасо, Мали, Гамбия, Нигер, Нигерия. Кўпгина мусулмон давлатларида қўшхотинлик кам учрайди. Масалан, Покистон, Эрон, Бангладеш ва Мисрда биттадан ортиқ рафиқаси бор эркаклар 1 фоиздан ҳам оз.

 

Шундай экан, Ўзбекистонда кўпхотинлик рекламаси билан шуғулланаётганлар кимга ҳавас қилаётгани тушунарсиз: Гамбиядаги фула ёки Нигериядаги канури халқигами?

 

Бу орада инстаблогер Гулзода Абдуллаева ИИБга чақирилганини маълум қилди. У эрига иккинчи хотин совға қилгани ҳақидаги видеоси учун ўзбек халқидан узр сўради ва ўзи ҳам қўшхотинликка қарши эканини маълум қилди.

 

Мафтуна АБДУШУКУРОВА тайёрлади.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси