Ҳоким ва директор тўқнашуви: муҳокамалар ҳали тугагани йўқ


Сақлаш
20:08 / 04.08.2023 667 0

Ижтимоий тармоқ асосан бир хил мазмундаги муносабатлар ёмғири остида қолди. Ҳа, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Сариосиё туманидаги 28 мактабнинг собиқ директори Умида Турсунова ўртасидаги тортишув тафсилотларига айни дамда ҳамма эътибор қаратмоқда.

 

Маълумот учун, бу ижтимоий “дуэль” 26 июл куни Сариосиё туманидаги 12 сонли мактабда умумий ўрта таълим мактабларининг 2023-2024 ўқув йилига тайёргарлиги масаласига бағишланган видеоселектор семинарда юзага келган. Унда директор Умида Турсунова ҳокимдан нима айби сабаб ишдан олинаётганини сўраган. Шу тариқа томонлар ўртасида тортишув бўлган. Персонажларнинг иккиси ҳам бир-бирига қўполлик қилган. Натижада, ҳоким “ғолиб” келиб, собиқ директорга 10 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Кассация тартибига кўра қисқартирилган 7 кунлик жазо муддати тугагач, директор озодликка чиққан. Кейин тафсилотларни қўзғатиб юборган видео тарқалди. Шундан сўнг, Умида Турсуновага нисбатан яна босим пайдо бўлди, вазиятга мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова аралашгандан сўнг маълум бўлдики, собиқ директордан хавотир олишга асос йўқ – У давлат ҳимоясида...

 

 

Жамоатчилик фаоллари ва юртдошларимизнинг аксарияти тафсилотларни ўз позицияси ва эмоцияси орқали изоҳлашга уринаяпти – кимдир айбланаяпти, кимдир оқланаяпти, мансабдорлар таъсири билан қамаш ва озод этиш воқеалари фонида суднинг роли муҳокама қилинаяпти, вазирнинг муносабати таҳлил қилинаяпти ва ҳоказо. Умуман, муносабатлар мазмунан икки гуруҳга бўлинган. Бири ҳоким ва директор тўқнашуви билан боғлиқ бўлса, иккинчиси, вазир Ҳилола Умарова муносабатидан кейин очиқланган ҳақиқатлар билан боғлиқ.

 

Муносабатларнинг биринчи оқимига эътибор қаратамиз. Журналист Шарофиддин Тўлаганов ҳолатни Биринчи президент Ислом Каримов давридаги йиғилиш билан боғлиқ ҳолатга қиёслаган ва бугунги кун ҳокимларини қаттиқ танқид қилган:

 

 

– Ҳокимларга имиджмейкер(лар) керак. “Ўзим хон кўланкам майдон” ўрта асрларга хос. Ҳозир Янги Ўзбекистонда яшаётганимизни унутмайлик.

 

Шунингдек, журналист пост остидаги баъзи эътирозларга жавобан, “У ўз ҳақини ҳимоя қилди. Мард аёл. Мактабда жиноят қилган бўлса, эл олдида эмас, суд орқали исботлаб, шарманда қилиш керак эди” дея позициясини мустаҳкамлайди.

 

Тўқнашувнинг бир томони аёл кишилигини инобатга олсак, вазият янада сентиментал тус олиши табиий эди. Кўпчилик директор аёлни ҳимоя қилишга уринди. Хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев ўз эмоциясини яшириб ўтирмаган:

 

 

– 28 мактаб директори Умида Турсунова тимсолида устозларнинг обрўси бир пул экан. Вилоят ҳокиминиям мактаб ўқитган, осмондан ҳоким бўлиб тушмаган. Шўрлик ўқитувчи, бечора аёл. Агар ноҳақ бўлганида, заррача айби бўлганида бу қадар гапириб ташламаган бўларди. Тўғриси, жудаям раҳмим келди. Кучларинг битта аёл ўқитувчига етган бўлса, майли-да...

 

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам тарқалган видео юзасидан ўз изоҳини билдириб ўтди:

 

 

– Видеони кўриб, вилоят ҳокимлиги вазиятни ўрганмаган еки адолатсиз қарор қабул қилган деган фикр шаклланди. Ҳокимликдан кўпчилик бўлиб шу битта мактаб директорини овозини ўчиришга ҳаракат қилишди. Опа ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқи учун тортишди. Одамлар ҳамма нарсага чиқдаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди.

 

Шунингдек, журналист Ибрат Сафо ҳам ҳокимнинг муносабатидан қаттиқ таъсирланган:

 

 

 – Сурхондарё вилояти ҳокими ва мактаб директори бўлган аёл ўртасидаги тортишувнинг асосида нималар ётганини ўрганмадим, лекин видеосидан менга энг қаттиқ ботгани – ҳокимнинг миршабларга аёлни “йўқот” деб айтгани бўлди. Феодализм замонлари аллақачон қайтгандек – маҳаллий хонлар сени пашшадек кўрмайди, ҳузуримдан йўқот, бошини танасидан жудо қил дейишларига оз қолди, шекилли...

 

Иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санакулова ҳам ҳолат юзасидан ўзининг кескин фикрларини билдириб ўтган:

 

 

– Тушунмадим, нега чиқариб юборишни талаб қилди ҳоким бу аёлни, шахсий фикрини туриб билдиргани учунми? Бу аёл ўз конституцион ҳуқуқидан фойдаланди-ку, нима ҳоким конституцион ҳуқуқни чеклаш ваколатига эга шахсми? Нега саволларига жавоб бермади, масалани ойдинлаштирмади? Ҳокимнинг нима ҳаққи бор ўқитувчига бундай даражада муомала қилишга? Буёқда президент ўқитувчилар мавқейини ошириш керак деб турганда, бу ҳоким куппа кундузи вилоятни ҳамма амалдорлари орасида ўқитувчи халқини бир тийинга илмаганини кўрсатди-ку! Нима ҳоким президент сиёсатига қаршими? Шунча эътирози бор экан ҳокимни нега алоҳида юзма-юз гаплашиб, муаммони очиқлаб олмайди? Ўқитувчини мавқейини оширамиз деб бизга эртак айтишдан олдин, ҳеч ким сайламайдиган ҳокимларингизни савиясини ошириб, ўқитиб олинглар!

 

Вазият ҳақиқатдан ҳам баҳсли тус олди. Умумлаштирганимизда, маълум бўладики, амалда “дуэль” ғолиби бўлган ҳоким кўпроқ айбдор – ҳар қандай ҳолатда ҳам у аёлга бундай муносабатда бўлмаслиги керак эди.

 

Тележурналист Дилшода Матчонова бир оғиз муносабати орқали вазиятни холис баҳолашга уринади:

 

 

Аёл минг бузғинчи, товламачи, шаллақи бўлмасин, ҳокимнинг бундай муомала қилишга ҳаққи йўқ эди.

 

Шу асосда, ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев вазиятга қонуний тус берди:

 

 

– Ҳоким жаноблари қонун олдида жавоб бериши керак. Кейин мактаб директори алоҳида ҳимояга олинмас экан, унга нисбатан ҳар хил асоссиз бўҳтонлар ўйлаб топилиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, бу опага нисбатан маъмурий қамоқ жазоси ҳақида қарор чиқарган судьянинг масаласи судьялар олий кенгаши томонидан албатта кўриб чиқилиши керак.

 

Гап бу ерда судьянинг мустақиллиги ҳақида кетяпти. Катта эҳтимол билан мактаб директорига нисбатан қамоқ жазоси ҳақида қарор чиқарган судья ҳокимлик босими остида мустақил ҳаракат қилмаган бўлиши мумкин. Ҳатто президент судьяларнинг мустақиллиги борасида қатъий талаблар қўяётган бир вақтда, буни истамаётган ва бунга лойиқ бўла олмаётган судьяларга тизимда умуман ўрин йўқ. Бу воқеа таълим ташкилотлари фаолиятига ҳокимларнинг асоссиз аралашувига зудлик билан барҳам берилишини талаб этмоқда.

 Жамоатчилик фаоли Ғофир Ҳамро эса бу вазиятга бироз ўзгачароқ баҳо берган:

 

 

– Ҳақиқатпарварлик билан бетгачопарлик, манфаатпарастлик ўртасидаги фарқни англаб олиш лозим. Директор халқнинг болалари манфаати учун жон койитаяптими ёки ўз манфаати учунми?! Унинг бор гапни айтиб ташлаши кимга фойда? Бундай чиқиш қилишдан мақсад нима ўзи, тизимни ривожлантиришми ёки раҳбарларни обрўсизлантиришми? Манашу муҳим. Бетгачопарлик авж олиб бормоқда. Ҳақиқатни талаб қилишга ҳеч ким қарши эмас, аммо уни маданият билан ҳам тушунтириш мумкин. Тўғри, таълимни ривожлантирмасдан ҳеч бир натижага эришиб бўлмайди, аммо биз қайси йўлдан боряпмиз?! Ривожланган давлатларнинг бу борадаги маданиятини ҳам ўрганишимиз керак. Раҳбар киши ҳам мулоқот маданиятига жиддий риоя қилиши керак, акс ҳолда манашундай изза бўлиб қолиши мумкин. Кишининг муомаласи, гап-сўзидан, ҳатто ғазаблабганда ҳам унинг таълим-тарбия маскани – мактаб раҳбари экани сезилиб туриши керак. Педагоглар бу йўл билан обрў топишини оқламайман! Нутқ маърифат маскани раҳбарига хос бўлиши керак эди. Бировларнинг айбини фош қилиш, ўз айбларини очишга олиб келади.

 

 

Вазиятнинг янада муҳим тус олиши мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг муносабатлари билан ҳам боғлиқ бўлди. Вазирнинг биринчи муносабати мактаб директорининг озод этилиши ва таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахсдаги муомала маданияти ҳақида бўлган эди. Бир муддат ўтиб унинг иккинчи муносабати ҳам эълон қилинди ва маълум бўлдики, мактаб директори ўз иш фаолиятини давом эттиради ва у давлат ҳимоясида. Шунингдек, вазир Умида Турсуновадан хабар олиш учун унинг уйига одам ҳам жўнатган ва телефонда ҳам ўзаро суҳбатлашган.

 

 

Шундан сўнг, муносабатларнинг иккинчи оқими юзага келди. Хусусан, журналист Ботиржон Шермуҳаммад дастлаб вазиятдаги ҳуқуқий чалкашликлар ҳақида фикр билдирди:

 

 

Ҳоким қамаб, вазир қамоқдан қутқарса, суднинг нима кераги бор?

 

Бу фикрга қўшимча сифатида педагог Комил Жалилов ҳам ўз каналида муносабатини билдирган:

 

Бу кейсда энг хавфли нарса – қонунларнинг ишламаслиги. Ҳоким қамайди, вазир озод қилади, кейин ҳоким яна қамайди, вазир телефон қилиб “орқангизда Президент турибди” дейди. Ҳамма нарсани шахслар ҳал қиляпти – шахслар нима деса, нимани хоҳласа, шу бўляпти. Ўзимиз шунча дабдаба билан, “меники, сеники” қилиб қабул қилган Конституциянинг 1-моддасида “Ўзбекистон ҳуқуқий давлат” деб белгилаб қўймадикми? Ҳуқуқий давлатда қонунлар шахсларнинг қош-қовоғига, хоҳиш иродасига қарамасдан ишлаши керак эмасми? Ишламаса, шунча харажат-у ҳаракат билан нега янгиладик?

 

Умуман олганда мансабдор шахслар таъсири билан қамоққа олиш ва озод этиш борасидаги танқидий фикрлар жуда кўпайиб кетди. Бироз муддат ўтиб эса вазиятда бироз янглишиш борлиги очиқланди. Айнан журналист Илёс Сафаров навбатдаги муносабати орқали вазиятни изоҳлади:

 

 

– Мактабгача ва мактаб таълими вазири эълон қилган муносабатдан кейин жамоатчиликда гўёки сариосиёлик мактаб директори Ҳилола Умарова  нинг аралашувидан кейин қамоқдан чиқарилибди, деган хулоса уйғонди. Сал аввал менга келган маълумотга кўра, Умида Турсунованинг қамоқдан озод қилинишига вазирнинг умуман алоқаси йўқ. Мактаб директори Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан 26 июль кунги тортишувдан кейиноқ 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси олган. Ушбу қарор унга нисбатан берилган апелляцияда ҳам ўзгаришсиз қолдирилган. Қамоқ қарори иш фақат кассация тартибида қайта кўрилгандагина 7 кунга қисқартирилган. Яъни, Ҳилола Умарова ишда нимани ва қандай назоратга олган, билмадим-у, у мактаб директорини қамоқдан чиқармади. Директор жазони тўлиқ ўтаб бўлгачгина озодликка чиқди.

 

Шунингдек, вазирнинг муносабатига танқидий фикр билдирувчилар бўлди. Хусусан, журналист Шарифа Мурод муносабатга “муносабат” билдирди:

 

 

– Энг кулгили нарса нима айтайми? Ҳилолахоннинг мана бу гаплари: “Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчиман”. Вазирнинг ўз ходимига бўлган муносабати шу бўлса... Бу гапдан яққол “ҳамма таълим муассасалари директорлари ва ўқитувчи ходимлари жим юрсин” деган маъно келиб чиқмаяптими? Шуми муносабат?

Унинг ўрнига ҳоким ва ички ишлар бошқармаси бошлиқларини саволга тутганида аъло иш бўларди? “Нега менинг директоримга қаттиқ гапирдинг, нега менинг директоримни залдан қўлидан ушлаб, мажбурлаб олиб чиқиб кетдинг” деб. Хафа бўлманглар-у, энг ҳимоясиз ва заиф қатлам таълим тизими ходимлари! Доим шуларга қийин бўлган. Халқ таълими вазирлиги ҳеч қачон директор ва ўқитувчиларнинг ёнини олмаган.

 

Сиёсий фигура сифатида воқеаларнинг гувоҳи бўлиб турган депутат Алишер Қодиров ҳам ўз каналида қисқа мулоҳазасини ёзиб қолдирган:

 

 

Президентнинг вакили педагогларга муносабатда президентдан ўрнак олиши керак. Ҳақоратга рози бўлган педагог фарзандларимизни оёқости бўлишга розиликка ўргатади! Педагогларни беҳурмат қилманг.

 

Фикрлар ва муносабатлар ёмғирида икки томон шахсияти ҳам муҳокама қилинди. Кимдир ҳокимни узоқ йиллик прокурорлик фаолиятида асосан “буйруқбозлик”ка ўрганиб қолгани ҳақида гапирса, кимдир биринчи келганидаёқ ишни дўқ-пўписа қилишдан бошлаганига таъма қилди.

 

Шунингдек, собиқ директор ҳам сўнгги йилларда ўзи фаолият юритган мактабнинг машмашаларига бош сабабчи бўлган. Шу кунгача мактабидаги ўқитувчи-ходимлар ҳамда ОАВ ходимлари билан тўқнашишга ҳам улгурган. Унда ҳам асосан муомала маданияти танқид қилинган.

 

Воқеалар ривожи ҳозирча тугагани йўқ. Тўқнашув атрофидаги муносабатлар оқимини кузатишда давом этамиз.

 

 

Сирожиддин РУСТАМОВ,

Oyina.uz


 


“Oyina.uz”ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси