Одамларга доим қаҳрамон керак. Ўзбек киносига-чи?


Сақлаш
22:07 / 28.07.2023 640 0

Укам “Фейсбук”да ҳар сафар инглизларнинг сеҳргар Мерлин образидан фойдаланади. Кўпинча суратларини илова қилади. “Нега айнан Мерлин?” деб сўрадим. “Мерлиннинг ақли ва муаммога ечим топишга усталиги ёқади” деб жавоб берди у.

 

Сериални қайта-қайта кўрган укам Мерлиннинг ҳар бир ҳаракатидан завқ олар, унинг сеҳргарлигига эмас, қаҳрамонлигига ошиқ эди.

 

Бугун ижтимоий тармоқларда фикр айтиш, турли фото-видео юклаш, ҳар хил бачканаликлар билан омманинг эътиборида бўлиш урфга айланди. Ёшларимиз бу борада анча фаол. Улар машҳурларга – фильм қаҳрамонлари, футболчилар, бойлар, артистлар ва бошқа кишиларга тақлид қилади, шулардан иқтибослар келтиради. Уларнинг суратини виртуал оламга жойлаб боради.

 

Афсуски, ижтимоий тармоқда Беруний ё Форобий асарларидан иқтибос келтирадиган, илмий қарашларини муҳокама қиладиган ёшлар жуда оз. Нега? Дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрсак, кўп йиллар буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодини ёшларга етарли танитиш ўрнига фақат қулоғига уларнинг номини қуйиш билан овора бўлдик. Яна ота-бобомизни танимайди, билмайди деб ўпкалаймиз. Миллат ўз қаҳрамонларини танимас экан, ҳеч қачон қудратли бўлолмайди. Одамларга доим қаҳрамон керак. “Ҳақиқий қаҳрамонлик қўлда эмас, мия ва юракда” деган эди америкалик адиб Ҳерман Мелвилл. Бугун миллий тафаккурни уйғотиш, турли “...парастлик” синдромларидан халос бўлиш учун тарихимизнинг ёрқин саҳифаларини жамиятга юқтириш эҳтиёжи бор. Буюк алломалар, мумтоз шоирлар, довюрак саркарда-ю маърифатли ҳукмдорларимизни халққа қайта танитиш зиёлилар зиммасидаги маънавий бурч.

 

Замонавий киноижодкорлар бир замонлар қабила сардори бўлган, насл-насабининг тайини йўқ кимсани ҳам қаҳрамонга айлантириб юбора олади. Табиийки, бу қаҳрамон нажоткор, қудрат соҳиби ўлароқ миллионлаб ўсмирларнинг кўнглидан жой олади. Жаҳон кино санъати илму тафаккур намояндаларини ҳам унутган эмас. “Google” дастурида бирор тарихий шахсни қидирсангиз, ҳеч қурса, у ҳақида битта киноасар бор. Афсуски, биз – ўзбеклар бу борада мақтана олмаймиз.

 

Буюк аждодларимиз ҳақида ўтган йигирманчи асрда романлар ёзилиб, филмлар ишланди, спектакллар яратилди. Бироқ тарихий-биографик жанрдаги бу асарлар эгиздай бир-бирига ўхшаш. Давр ва ижтимоий муҳит ўхшашлиги табиий. Аммо ҳар бир аждодимизнинг ўз тақдири, ижод йўли, ғояси ва албатта характери бўлган. Ҳозир бир қолипдаги зўрма-зўраки, бадиий талқини битта ўзанга қамалган, бир-бирини такрорлайдиган қаҳрамонлар яратиш урфдан қолган.

 

Дейлик, ёшларимиз Алишер Навоийни қандай тасаввур қилади? Кўпчиликнинг кўз олдида аввало ҳасса тутган, соч-соқоли оқарган, мункиллаб қолган саллали чол қиёфаси гавдаланади. Ваҳоланки, Навоий бобомиз вафот этганда олтмиш, “Хамса”ни ёзганда қирқ ёшда эди. Бир ўзбек ўғлони сифатида Навоийни мункиллаган чол эмас, ҳам жисмонан, ҳам маънан бақувват, руҳан тетик, ғайратли шахс бўлган деб тасаввур этишга уринаман. Не ажабки, ҳар сафар нуроний чол сиймоси хаёлимда гавдаланаверади.

 

Шу кунгача ўзбек адабиётида, киносида яратилган асарларни йўққа чиқариш адолатсизлик бўлади, албатта. Ўтган асрда “Алишер Навоий”, “Абу Райҳон Беруний”, “Улуғбек юлдузи”, “Абу Али ибн Сино”, “Буюк Амир Темур”, яқин йилларда “Ибрат”, “Авлоний”, “Қўқон шамоли”, “Имом Абу Исо Термизий” каби тарихий мавзудаги қатор фильмлар яратилди. Турк ижодкорлари билан ҳамкорликда “Менким, Жалолиддин” сериали суратга олинди. Лекин бу фильмлар кутилганидек самара бергани йўқ.

 

Адабиёт инсон қалбини ифода этса ҳам одамзот кўрганига кўпроқ ишонади. Кинолар асосида эса барибир адабиёт ётади. Тарихий фильмлар албатта бадиий пойдевори бақувват асарга асосланиши лозим. Аждодларимизнинг таржимаи ҳолини битта формулага солиб, асардан асарга кўчириш билан мақсадга эришиш қийин. Бирхилликдан қочиш, тасаввуримизни бир сидра тозалаб олиш, аждодларимиз билан орамизни яқинлаштириш ҳозирги ўзбек адабиёти ва киносининг муҳим вазифаси деб ўйлайман.

 

Ҳақиқий ватанпарварлик қасидаси ўлароқ тилга олинадиган Мел Гибсоннинг “Шерюрак” бадиий фильмини ҳаммамиз яхши биламиз. Шотландия ва Англия ўртасидаги урушларда афсонага айланган Уилям Уоллеснинг ҳаётидан таъсирланиб суратга олинган мазкур фильмда кўп эпизодлар тўқима бўлса ҳам шотланд ўғлонларининг урушдаги матонати, ватанпарварлиги ва жасорати ҳанузгача миллионлаб қалбларни тўлқинлантириб келади. Мазкур фильм ХV асрда Блайнд Ҳарри деган сўқир шоирнинг Уоллес ҳақида ёзган достони асосида яратилган. Фильм ижодкорлари эса битта персонажни бутун дунёга ватанпарварлик тимсоли сифатида тақдим эта билди. Нима, бизнинг тарихимизда Уоллеслар яшамаганми? Ўтмишимизнинг ҳар бир саҳифасида бир эмас, икки эмас, ўнлаб Уоллеслар бор-ку! Шундай экан, нега Спитамен ёки Тўмарис ҳаётини томошабинга профессионал даражада кўрсата олмаймиз? Ўн беш йилча илгари телеэкранларимиз карис тарихий сериаллари билан тўлиб-тошган эди. Оқибатда болаларимиз карис қаҳрамонлари бўлишни орзу қила бошлади. Ўқувчилар Широқ, Тўмарис, Спитамен, Маҳмуд Торобий, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро каби буюк ватанпарварларимиз ҳақида фақат дарсликларда ўқиши етарли эмас.

 

Дунёда мотивлар тугамаган, лекин сюжет ва ғоя тақчиллиги бор. Шунга қарамай яқин йигирма йилда қанчадан қанча қаҳрамонлар ўйлаб топилмади дейсиз? Ўргимчак одам, Чумоли одам, Кўршапалак одам (Бетмен), Терминатор, Темир одам... Санайверсак, рўйхатнинг адоғи йўқ. Энг қизиғи,  улар ўйлаб топилган, бор-йўғи фантазия маҳсули, холос. Бизнинг тарихимиз ва фольклоримиз эса Ҳолливудни йигирма-ўттиз йил тарихий қаҳрамон билан таъминлашга етиб ортади.

 

Ёзувчи тарихий қаҳрамоннинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирмоқчи экан, энг аввало индивидуал маҳоратга таянади. Узоқ асрлар сукунат ичра ётган қўлёзмалар билан суҳбатлашади, тарих қабристонидаги тошбитикларни холис ўқийди. Бадиият ила тарихни ҳикоя қилиш санъати эса осон эмас. Бадиий асарнинг ғояси – илдизи бақувват бўлиши керак. Ғояси бўш асарнинг на бадиий қиймати, на эстетик завқи бўлади. Тарихий қаҳрамоннинг ғояси муҳим! Бирор катта ғоя билан бугунги одамларнинг қалбига таъсир кўрсатиши шарт. Рус ёзувчиси Сигизмунд Кржижановскийнинг бир гапи бор: “Ватан тарихини ёзишингиз учун иккита нарса бўлиши керак: ҳам ватан, ҳам тарих. Ўтмишингизни севишингиз, қадимги замоннинг энг ёмон фактларидан ҳам яхшилик излашни ўрганишингиз лозим. Тарих ҳақида бадиий асар ёзишдан олдин мамлакатингиз тарихини билишингиз, тўлиқ материал тўплашингиз ва шундан кейингина тарихий асарда кетма-кет бўлиб ўтадиган воқеаларни кўриб чиқишингиз мумкин”.

 

Жаҳон адабиётида буюк шахсларга бағишланган биографик асарлар талайгина. Оддий мисол: Шекспир ҳаётига бағишланган ўндан ортиқ роман бор. Италян халқининг буюк шоири Данте Алигери ҳақида бешта роман ёзилган. Бу асарларда Шекспир ва Данте шахси турлича талқин қилинган. Мазкур асарлар асосида бир нечта бадиий фильм ишланган. Масалан, Уилям Шекспир ҳақида ўн учта кино суратга олинган бўлиб, уларда адибнинг бутун умри тасвирланмаган, ҳаётининг муайян бир даври бадиий таҳлил этилган. Фильм ижодкорларининг мақсади Шекспир ёки Дантенинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб бериш эмас, уларнинг ғояларини жамиятга етказиш бўлган. Ўзбек адабиётида эса тарихий образлар кўпинча нуқсондан холи қилиб тасвирланади. Муаллиф асарда қаҳрамонини тўла ҳимояга олиб, бирор хато қилишига изн бермайди.

 

Болалигимда рус ёзувчиси Клара Моисееванинг Абу Райҳон Беруний ҳақидаги “Беруний юлдузлари” қиссасини ўқигандим. Асар бобомизнинг фалакиёт илми билан боғлиқ фаолияти, Маъмун академиясидаги муҳит ҳақида тасаввур беради. Қизиғи, асар бош қаҳрамони Беруний эмас, балки Ёқуб исмли шогирди эди. Бу ёндашув ҳам муаллифнинг ўзига хос талқини десак хато бўлмайди.

 

Робин Ҳуд ҳақида билмаган одам йўқ ҳисоби. Бойларнинг мулкини ўмариб, камбағалларга улашадиган бу тўқима қаҳрамоннинг ўзимизда ҳам муқобили бор – Намоз Пиримқул ўғли. Худойберди Тўхтабоев у ҳақида “Қасоскорнинг олтин боши” романини ёзган. Лекин бу асар асосида фильм ишланмаган. Ҳатто яхшироқ тарғиб ҳам қилинмаган. Аслида бундай асарлар юз минглаб нусхада чоп этилиши, барча мактабларга тарқатилиши, жамоатчилик орасида кўпроқ муҳокама қилиниши зарур.

 

Бугун ҳар бир зиёли миллат тафаккурининг ўсиши учун қайғуриши – давр талаби. Буюк аждодларимизнинг ғояларини жамиятга сингдириш – зиммамиздаги бурч. Бу вазифани шараф билан адо этиш – катта саодат. Токи ёшлар қалбида Темур Малик ва Жалолиддин Мангуберди каби саркарда, Беруний ва Хоразмий каби олим, Навоий каби шоир, Мирзо Улуғбек каби астроном бўлиш истаги туғилсин. Фақат номини санашни бас қилиб, улардан қолган маънавий хазина эшикларини очайлик, улардан қолган асл ганж билан таништирайлик. Тарихий шахсларнинг юксак бадиий талқини бугунги миллат ёшларида аждодларга нисбатан фақат фахр туйғусини эмас, уларга эргашиш, жоиз бўлса тақлид қилиш истагини уйғотсин.

 

Фарзандларимизни тарихимиз билан росмана таништирмас эканмиз, улар кўнгли дунёнинг тўқима қаҳрамонларига маҳлиё бўлиб қолаверади.

 

“Нафъинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур”.

 

Хуршид АБДУРАШИД,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти илмий ходими

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 2-сон.

“Ўзбек ўз қаҳрамонларини танисин” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси