“Уч кун ухламасангиз, бир йил мазза қилиб ишлайсиз” – Бўстонлиқ тумани ўқув семинарида ўтаётган муҳим дақиқалар


Сақлаш
17:07 / 19.07.2023 417 0

Иккинчи кун

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар учун мўлжалланган “Маърифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар” мавзусидаги ўқув-семинарнинг иккинчи куни (18 июль) ҳам ўтди. Шубҳасиз, семинар иштирокчилари учун иккинчи кун ҳам манфаатли бўлди. Секундомерни ишга туширамиз ва кун таассуротларини сизларга ҳам илинамиз.

 

9.35

Бугун ҳамма деярли бир хил кўринишда. Семинар иштирокчилари оромгоҳ амфитеатрига тўпланишган. Ўқув семинарининг расмий очилишида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудири Абдуҳалил Маврулов соҳанинг тарихи ва бугунги кунига хос ҳақиқатлар ҳақида гапириб ўтишди. Минҳожиддин Ҳожиматовнинг фикрлари эса кўпчиликда шукрона ҳиссиётини уйғотди:

– Шундай даврлар бўлганки, соҳа эгаларининг бир сўм пули бўлмаган... Керак бўлса ойликсиз ишлаганмиз. Бугун эса ундай эмас... Бугун пулимиз ҳам бор, руҳимиз ҳам баланд.

 

 

10.05

Семинар иштирокчилари учун кутилмаган жараён бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири   Мансур Бекмуродов ҳамда Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи Муҳаммаджон Қуронов “Социологик сўровномалар ўтказиш, натижаларини олиш ва таҳлил қилиш технологиялари” хусусида дарс олиб бордилар. Қизиғи, менторлар бу дарсни дебат тарзида биргаликда олиб бордилар. Бир-бирларини тўлдиришди, бир-бирларига саволлар беришди, ўрни келса баҳслашишди... Муҳими, дарс жараёни ва турли қизиқарли фикрлар ҳаммага манзур бўлди:

– Бир нарсага ўхшатиб бўлмайдиган нарсани тушунтириб бўлмайди!

– Одамларни ёмонлик осонроқ бирлаштиради – агар маънавият заиф бўлса...

– Оч одамга маънавият керак эмас дейишади... Лекин оч одам косадаги шўрва қаердалигини билиши керак – бунинг учун ҳам билим яъни, маънавият керак бўлади.

 

 

 

11.20

Вилоят мутахассислари тўрт гуруҳга ажралишган. Ҳар бир гуруҳда узоқ йиллардан бери шу соҳада фаолият юритаётган тажрибали раҳбарлар тажрибаси муҳокама қилиняпти. Бу жараён бўйича Самарқанд шаҳар бўлинмаси раҳбари Нигора Садинова ўз фикрини билдирди:

– Бу семинар биз учун ҳақиқий мулоқот майдонига айланди. Шахсан менга маъқул бўлган энг муҳим жараёнлардан бири соҳадаги ҳамкасбларимиз тажрибаси билан танишаяпмиз. Албатта, бу тажрибаларни биз ўз фаолиятимизда қўллаб кўрамиз.

 

 

13.02

Тушлик дастурхонида палов. Бугун семинар иштирокчилари ўзаро танишишга улгурган. Дастурхон атрофидаги дўстона ҳазиллар ва самимий суҳбатдан сўнг ҳамма “маънавиятчилар” бир манзилда тўпланишди. 

 

13.32

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев семинар иштирокчилари билан дилдан суҳбатлашаяпти. Суҳбат аввалида улар томонидан икки таклиф билдирилди.

Биринчи таклиф, ҳар бир туман бўлинмасининг раҳбарлари ўқув семинарида ўзлаштирган билимларини ўз ҳудудларидаги таълим муассасалари вакиллари билан бўлишиши керак.

Иккинчи таклиф, бўлинмалар бундан кейин ҳар бир маҳалла етакчиси билан ҳамкорликда ишлайди. Бу таклифлар тизим ходимлари томонидан илиқ қабул қилинди.

Президент маслаҳатчиси семинар иштирокчилари зиммасига янгидан янги вазифаларни юклар экан, оромгоҳдаги кун тартиби бўйича ҳазиломус фикрни ҳам ўртага ташлади:

– Оромгоҳда яна уч кун бўласиз. Мана шу уч кун давомида ухламасангиз, бир йил мазза қилиб ишлайсиз.

Суҳбат давомида семинар иштирокчилари ҳам соҳа ривожига оид таклиф ва тавсияларини билдириб ўтишди.

 

 

15.15

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Мунира Қаҳҳорованинг машғулотларига старт берилди. Аввалига семинар иштирокчилари жамият ижтимоий маънавий муҳитини баҳолаш ва уни соғломлаштириш технологиясини ишлаб чиқишга оид сўровномани тўлдиришди. Бу жараёнда сўровнома шакли ва унинг эффектив таъсири хусусида қўшимча билимлар берилди. Менторимиз аудитория таҳлили хусусида гапирар экан, бугунги кун учун оғриқли бўлган бир масалани ўртага ташлади:

– Ижтимоий тармоқлардаги бемаъни ва ахлоқсиз контентларга “лайк” босаётганлар асосан ёшлар. Мана кимлар билан ишлаш керак!?

 

 

16.00

Биз семинар иштирокчиларининг фикрларини ўрганишга киришдик. Навоий вилояти Хатирчи тумани бўлинмаси раҳбари Зоҳиджон Неъматов кун таассуротлари ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев билан бўлиб ўтган суҳбатни ижобий баҳолади:

– Бу суҳбатдан кейин ўзимизга ишончимиз янада ортди, мотивация олдик, келажак учун масъулият пайдо бўлди. Президент маслаҳатчиси билан бу қадар эркин мулоқот бўлади деб сира ўйламагандим...

 

16.10

“Тарғиботчининг нотиқлик маҳорати ва тарғибот жараёнида ўзини тута билиш қобилиятини шакллантириш” мавзусида “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзовнинг машғулоти бўлиб ўтяпти. Нотиқликка оид қизиқарли маълумотлар ва интерактив кейслар семинар иштирокчиларини хурсанд қилмоқда.

Бухоро вилояти Шофиркон тумани бўлинмаси раҳбари Дилором Ғаффорованинг фикрига кўра, дарс ҳамма учун жуда манфаатли бўлди. Айниқса, ушбу фикр унга жуда маъқул бўлибди:

– Нутқ орқали ҳатто ёмонлик улашувчи негатив одамларни ҳам ўзгартириш мумкин.

 

 

17.40

Оромгоҳнинг ҳамма бурчагида тизим ходимларини кўрамиз. Ходимлар тасаввурида маънавият тушунчаси янгиланмоқда. Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов ўз фикрларини билдириб ўтди:

– “Маънавият керак эмас” деган мазмундаги ақлга сиғмас фикрлар қулоққа чалинади, кимдир айтадики, маънавият йўқ нарса, уни қўл билан тутиб бўлмайди. Яна шундай одамлар борки, ҳамма кўнгилсизликда маънавиятни айбдорга чиқаради. Ҳамма ўз билганича талқин қилмаслиги учун ҳам маънавият тушунчасининг мезонларини ишлаб чиқиш керак. Семинар орқали хулоса қилаяпманки, бу тушунчанинг моҳиятини янада аниқлаштириш лозим.

 

20.20

Оромгоҳ амфитеатрида 14 хил овоз ва талқиндаги алла жаранглади. “Онам айтган аллалар” республика танлови семинар иштирокчилари учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Бешикларга қўшилиб тебранган миллий ғурур ва анъаналар сабаб вақт ўтиб кетгани ҳам билинмади. Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳоларига кўра қизғин танловнинг натижалари қуйидаги кетма-кетликни ҳосил қилди:

1-ўрин – Фарғона вилояти;

2-ўрин – Қорақалпоғистон Республикаси;

3-ўрин – Навоий вилояти;

4-ўрин – Сурхондарё вилояти;

5-ўрин – Андижон вилояти.

 

 

21.20

Кечки овқатдан сўнг семинар иштирокчилари фаолиятларига оид тақдимотлар, мақолалар ва дастурлар тайёрлаш учун яна бир манзилда тўпланишди. Уйқуга қадар ҳар бир тизим ходими вақтдан унумли фойдаланди. Шу тариқа манфаатли яна бир кун якунланди.

 

Яна икки кун давомида бизни кузатишингиз мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси